Линклар

Шошилинч хабар
15 май 2021, Тошкент вақти: 19:09

Билл ва Мелинда Гейтс ажрашмоқда. Аммо жамғарма фаолиятини давом эттиради


Билл ва Мелинда Гейтс Мозамбикда болаларни безгакка қарши эмлаш кампанияси тақдимотида - 21 сентябрь, 2003 йил.

Дунёдаги энг йирик хусусий хайрия жамғармаларидан бири асосчилари, миллиардер филантроплар Билл ва Мелинда Гейтс 27 йиллик турмушдан сўнг ажрашишга қарор қилишди. Аммо жуфтлик хайрия ишларини биргаликда давом эттиришни ваъда қилмоқда. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.

Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси (The Bill & Melinda Gates) соғлиқни сақлаш йўналишида глобал миқёсда иш олиб борадиган энг қудратли ташкилотларнинг бирига айланган. Қашшоқлик ва касалликларга қарши курашда ишбилармонликка урғу берадиган жамғарма сўнгги йигирма йил ичида 50 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфлаган.

Гейтслар безгак ва полиомиелитни йўқ қилиш, болаларни озиқлантириш ва эмлаш бўйича олқишга сазовор бўлган қатор дастурларни амалга ошириб келади. Ўтган йили жамғарма COVID-19 пандемиясидан зарар кўрганларга ёрдам кўрсатиш учун 1.75 миллиард доллар ажратди.

Эр-хотин никоҳлари бекор қилинаётгани тўғрисида қўшма баёнот эълон қилиб, муносабатлари издан чиққани, оилавий бойликларини тақсимлаш масаласида бир қарорга келишганини маълум қилдилар.

“Microsoft” компаниясига асосчиси Билл Гейтс Мелинда Френч Гейтс ширкатда дастур менежери сифатида ишлай бошлаганида танишган. Бир неча йил учрашиб юрган жуфтликнинг тўйи 1994 йилда Гавайида бўлган.

Жуфтлик “Twitter”да ўзаро муносабатлари ҳақида узоқ ўйлаганларидан кейин ажрашиш қарорига келганлари ҳақида баёнот эълон қилди.

“Сўнгги 27 йил давомида биз ажойиб фарзандларни вояга етказдик ва бутун дунё бўйлаб одамларнинг соғлом ва самарали турмуш кечиришига кўмаклашаётган жамғармани барпо этдик. Бизни миссиямизга бўлган ишонч бирлаштириб тураверади ва биз жамғармада биргаликда ишлашни давом эттирамиз. Аммо биз оилани сақлаб қолиш ҳар биримизнинг ўсишимизга ёрдам беришига ишонмаймиз. Янги йўлга чиқаркан, биз шахсий ҳаётимизга ҳурмат билан ёндашилишини сўраб қоламиз. – Мелинда Гейтс ва Билл Гейтс”, дейилади постда.

Биргаликда турмуш кечирган пайтларида жуфтлик уч фарзандни вояга етказган – Женнифер Катарин 1996 йили, Рори Жон 1999 йили, Фиби Адель эса 2002 йили туғилган.

2000 йилда асос солинган нотижорий Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси АҚШдаги энг йирик хусусий хайрия фонди ва дунёдаги энг йирик жамғармалардан биридир. 2019 йил охирида ташкилот активлари қиймати 43.3 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.

Ташкилот сайтида ёзилишича, 1994 йилдан 2018 йилгача эр-хотин жамғармага 36 миллиард доллардан кўпроқ маблағ берган.

Ўтган йили инвестор Уоррен Баффет ўзининг “Berkshire Hathaway” холдинг компаниясидан Гейтс фондига 2 миллиард доллардан зиёд акцияларни ўтказиб берганини маълум қилган эди. Баффет ўлимидан олдин бутун бойлигини тарқатиб юборишини маълум қилган.

Билл Гейтс шу кунда бойлиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. “Forbes” журнали унинг бойлигини 124 миллиард долларга баҳолаган.

Гейтс жамғармаси алоҳида баёнот эълон қилиб, эр-хотин ташкилотнинг ҳамраиси ва кенгаши аъзоси бўлиб қолишини билдирди.

“Улар фонд стратегиясини шакллантириш ва тасдиқлаш, жамғарма учун муҳим масалаларни ҳимоя қилиш ва ташкилотнинг умумий йўналишини белгилаш борасида биргаликда ишлашда давом этадилар”, дейилади фонд баёнотида.

Гейтс 1975 йилда Ҳарвард университетини ташлаб, дўсти Пол Аллен билан бирга “Microsoft” ширкатига асос солган. “Microsoft” ширкати дунёда энг оммалашган “Windows” операцион тизимини ишлаб чиққан. “Microsoft” чақмоқ тезлигида ўсар экан, Гейтс дунёдаги энг бадавлат шахслардан бирига айланди.

Гейтс раҳбарлигида компания дунёдаги етакчи технологик фирмалардан бири бўлиб етишди. Гейтс 2000 йилда хайрия ишларига эътибор қаратиш учун “Microsoft” бош директори лавозимидан кетди. У 2014 йилгача директорлар кенгаши раиси бўлиб қолди. 2020 йил март ойида кенгашдан кетди.

XS
SM
MD
LG