Линклар

Шошилинч хабар
18 июн 2021, Тошкент вақти: 02:19

Халқаро хабарлар

БМТ ҳисоботи: Эрон ва Шимолий Корея ракеталар бўйича ҳамкорликни тиклаган

Эроннинг БМТдаги элчиси Мажид Тахт Раванчи.

Шимолий Кореяга қарши халқаро санкцияларни кузатиб келаётган мустақил мутахассислар гуруҳи тайёрлаган ҳисоботда айтилишича, ўтган йилда Эрон ва Шимолий Корея узоқ масофага учувчи ракета лойиҳалари бўйича ҳамкорликни қайта тиклаган.

БМТ Хавфсизлик кенгашига 8 февраль куни топширилган ҳисоботда: «Ҳамкорлик қайта тикланиши ортидан тарафлар муҳим эҳтиёт қисмларни алмашган. Ҳамкорлик доирасида сўнгги марта 2020 йилда юк юборилган», - дейилади.

Декабрь ойида Эроннинг БМТдаги элчиси Мажид Тахт Раванчи кузатувчилар томонидан тақдим этилган ҳисоботнинг илк нусхасини билан танишиб чиқиб, ҳисобот муаллифлари «ёлғон ва тўқима маълумотларни» келтирганини айтган эди.

Америка Қўшма Штатлари узоқ йиллардан бери Шимолий Корея ва Эронни ракета ишлаб чиқариш масаласида ҳамкорлик қилишда айблаб келади.

2018 йилда АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп Эрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувдан Вашингтонни чиқариб олиб, Эронга қарши санкция жорий қила бошлаган эди. Натижада Эрон келишувга биноан ўз бўйнига олган мажбуриятларини буза бошлади.

Кун янгиликлари

Россияда хориж сайтларига оид қонун қабул қилинди

Давлат думаси 17 июнь куни россиялик фойдаланувчилари мажуд бўлган хориж сайтларини Россия ҳудудида ваколатхоналар очишга мажбурловчи қонунни қабул қилди.

Қонунга асосан, Россияда ваколатхона очмаган хоризжий сайтлар мамлакат ҳудудидаги қидирув тизимидан ўчирилади, блок қилинади ва уларга пул ўтказиш таъқиқланади.

Қонунда белгиланишича, кунига 500 минг россиялик фойдаланувчига эга бўлган сайтлар мамлакат ҳудудида ваколатхона очиши лозим. Лекин хорижий сайтлардан қай биридан кунига 500 минг россиялик фойдаланиши қандай усулда аниқланиши тўғрисида қонунда бирор кўрсатма берилмаган.

Мазкур қонун талабини бажармаган хорижий сайтларга бир неча юз миллион рубллик жарималар солинади.

АҚШда илк маротаба 19 июнь - Қуллик тугатилган кун сифатида расман нишонланади

АҚШ Конгресси жойлашган Капитолий биноси.

АҚШ Конгресси кўпчилик овоз билан 19 июнни Қўшма Штатларда қуллиқ тугатилган кун сифатида нишонлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.

1865 йилнинг 19 июнида энг сўнгги афроамерикалик қулликдан озод қилинган. АҚШнинг кўпчилик штатларида 19 июнь расман нишонланади. Лекин Конгресс қабул қилган қонун ортидан бу кун федерал байрам сифатида тан олинади ва АҚШнинг барча штатларида нишонланиши мажбурий бўлади.

Конгресс сўнгги 28 йил ичида биринчи марта федерал байрам тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бундан аввал 1983 йилда Конгресс Кичик Мартин Лютер Кинг кунини нишонлаш тўғрисидаги қонунни тасдиқлаганди.

Конгрессменларнинг айтишларича, 19 июнь тўғрисидаги қонун қабул қилиниши ортидан афроамерикаликларнинг тарихи ва маданиятига эътибор кучаяди, 1861-65 йиллардаги фуқаролар уруши даврида қулликка қарши курашган барча америкаликларнинг хотираси ёдга олинади.

Конгрессменлардан 415 нафари қоннуни қўллаб, 14 нафари қарши овоз берди. Сенат мазкур қонунни 15 июнь куни қабул қилганди.

Қонун президент Жо Байден томонидан имзоланганидан сўнг кучга киради.

Қозоғистон пойтахтида коронавирусга чалинганлар сони кўпайди

Нур-Султондаги коронавирусга қарши эмлаш маркази.

Қозоғистонда 16 июнь куни 1 145 кишида коронавирус аниқланди, улардан 343 киши пойтах Нур-Султонда яшайди. Бу COVID-19га янги чалинганлар сони бўйича республикадаги энг юқори кўрсаткичдир.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг билдиришича, Нур-Султонда коронавирусга чалинганлар сони ўтган ҳафтадаги кўрсаткичга нисбатан 7 фоизга ўсди.

Қозоғистон ҳукумати коронавирус ва ковиднамо зотилжам бўйича алоҳида -алоҳида статистика юритмоқда. Расман билдирилишича, 2020 йилнинг мартидан то шу кунгача Қозоғистонда коронавирус юққанлар сони 405 минг кишига, ковиднамо зотилжамга чалинганлар 56 минг кишига етди.

Расман COVID-19дан 4203 киши, ковиднамо зотилжамдан 3420, коронавируснинг салбий таъсири оқибатида 2 минг киши вафот этган.

Хитой ўзининг коинот станциясига илк фазогирларни жўнатди

Парвоз 17 июнь куни Гоби чўлидаги космодромдан амалга оширилди.

Хитой уч фазогирдан иборат илк коинот кемасини орбитадаги ярми қуриб битказилган станциясига учирди.

“Шэньчжоу-12” коинот кемасини фазога “Чанчжэн-2F ракетаси” олиб чиқди. Парвоз 17 июнь куни Гоби чўлидаги космодромдан амалга оширилди.

56 ёшли Не Хайшэн, 54 ёшли Лю Бомин ва 45 ёшли Тан Хунбо “Тяньгун” (“Осмондаги қаср”) деб номланган станцияда уч ой ишлашади. Уч фазогир орасида фақат Хунбо бундан аввал коинотга парвоз қилган эмас.

“Тяньгун” коинот станциясининг асосий қисмлари жорий йилнинг апрель ойида космосга олиб чиқилган эди. Айни пайтда станцияда фазогирлар яшайдиган хона, станция фаолиятини таъминловчи асбоб-ускуналар ва бошқарув тизими мавжуд.

Кейинги икки йил давомида станцияда икки лаборатория барпо этилиши режалаштирилган. Шундан сўнг Хитой станциясининг оғирлиги юз тоннани ташкил қилади.

Агар Хитой бу лойиҳани тўлиқ амалга ошира олса, бу “Мир” ва Халқаро коинот станциясидан кейин фазода доимий фаолият юритувчи учинчи станцияга айланади.

ОАВ: Европа Иттифоқи “Спутник V”ни маъқуллашни йил охиригача қолдирилиши мумкин

Россияда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши “Спутник V” вакцинасининг Европа Иттифоқи томонидан маъқулланиши кузга ёки ҳатто йил охирига қолдирилиши мумкин. Бу ҳақда жараёндан воқиф манбаларга таянган ҳолда Reuters агентлиги хабар қилган.

Хабарда айтилишича, Россия томони вакцинанинг клиник синовларига оид маълумотларни белгиланган сана — 10 июнгача тақдим этмаган. Аввалроқ қатор мутахассислар маълумотлардаги камчиликлар ёки чалкашликлар важидан “Спутник” ишлаб чиқарувчиларини танқид қилишганди.

Европа дори-дармон препаратлари агентлиги (ЕМА)нинг “Спутник” вакцинасини ЕИ мамлакатларида қўллашга рухсат бериш-бермаслик юзасидан қарори май ёки июнь ойларида қабул қилиниши кутилган эди.

Мазкур вакцинани хорижга етказиб бериш билан шуғулланувчи Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди (РТИФ) Reuters агентлиги талқинини рад этган.

“Процедура ўтказиш муддатлари бўйича қарор қабул қилиш EМА ваколатида бўлса-да, биз “Спутника V” вакцинаси икки ой ичида рўйхатдан ўтказилишига умид қиляпмиз”, дейилган фонд баёнотида. РТИФ барча зарур ҳужжатларни тақдим этганини, вакцинани қўллаш бўйича клиник амалиёт назоратидан сўнг эса у ҳақида ижобий фикрлар билдирилганини ҳам иддао қилган.

Ҳозирда “Спутник”дан фойдаланиш учун ЕИнинг фақат икки мамлакати — Венгрия ва Словакияда расман рухсат берилган. Бутун ЕИ миқёсида қўллашга рухсат ҳозирча йўқ. Вакцина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳам маъқулланган эмас, шунга қарамай Россия томони вакцинани етказиб бериш бўйича ўнлаб мамлакатлар билан шартнома имзолаган.

Қирғизистонда муфтий лавозимига тўққиз киши даъвогарлик қилмоқда

Бишкекдаги муфтият биноси

Қирғизистон Уламолар кенгашининг қайдга олиш ва аттестацион комиссияси мамлакат муфтийси лавозимига танловда иштирок этиш учун ҳужжат қабул қилишни якунлади.

Комиссия маълумотига кўра, мазкур лавозим учун 9 киши ариза топширган бўлиб, улар Нурбек Тўқтўғулов, Султанали Гапуров, Шукур Исмаилов, Нематилла Жээнбеков, Ниязали Арипов, Убайдулла Сарибаев, Шакир Маматов, Сайдамир Жейналиев ва Замир Ракиев каби даъвогарлардир.

Танлов шу йилнинг 24 июнь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. Шу куни Уламолар кенгаши аъзолари ва муфтият марказий ревизия комиссияси раисини ҳам сайлаш керак бўлади.

Қирғизистон мусулмонлари диний идорасининг собиқ раҳбари Мақсатбек Тўқтўмушев муфтиятдаги коррупциявий схемалар юзасидан текширув бошлангани ортидан шу йил 11 февралида истеъфога чиққанди. Ўшандан бери муфтий вазифасини вақтинча унинг ўринбосари Жўрўбай Шергазиев бажариб келмоқда.

Москва шаҳри ва вилоятида хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари мажбуран эмланади

Мужчина во время заполнения информированного согласия на вакцинацию в прививочном пункте в торговом центре "Арена Плаза",

Коронавирус инфекцияси билан касалланиш кескин кўпайиши манзарасида Москва шаҳри ва вилоятида хизмат кўрсатиш, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият соҳалари ходимларининг 60 фоизи, шунингдек давлат мулозимлари мажбурий эмланиши ҳақида эълон қилинди.

Иш берувчиларга вакцинанинг 15 июлгача биринчи, 15 августга қадар иккинчи компоненти билан эмланишни ташкил қилиш вазифаси юклатилган.

Москва мэри Сергей Собянин шаҳардаги COVID-19 билан боғлиқ вазиятни “драматик” деб атаган. “Москва касалхоналарида коронавирусга чалинган 12 мингдан зиёд бемор ётибди. Касалланиш даражасига кўра Москва аллақачон ўтган йилги авж нуқтага тенглашди. Вирусдан ҳимояланиш чораси бу вакцинациядир”, деб ёзган у ўз блогида.

Коронавирус беморлари даволанадиган Коммунаркадаги шифохона бош врачи Денис Проценко пандемиядан фақат аҳолини мажбурий эмлаш йўли билангина чиқиш мумкинлигини айтган. У ўзи раҳбарлик қиладиган муассасада айни пайтда сунъий нафас бериш аппаратига уланган 407 бемор борлиги ва бу ҳар қачонгидан ҳам кўп эканини қўшимча қилган.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков мажбурий эмлашни бутун мамлакат бўйлаб жорий қилиш ҳозирча режаланмаганини маълум қилган. Бу масала ҳар бир минтақадаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб ҳал қилинади.

26 май куни Россия президенти Владимир Путин коронавирусга қарши ёппасига мажбурий эмлов жорий қилиш мумкин эмаслигини билдирганди.

Россиянинг кўплаб ҳудудларида сўнгги икки ҳафтада касалланиш даражаси кескин ошиб, маҳаллий маъмурлар ковидга қарши чекловларни жорий этишган.

Мамлакат аҳолини эмлаш суръати бўйича Европадан тахминан тўрт баравар орқада қолган: аҳолининг атиги ўндан бир қисмигина препаратнинг бор-йўғи бир дозасини олган.

Охирги суткада Россияда коронавирус инфекцияси асоратларидан 396 киши ўлган, шундан 75 нафари Москва шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Литва ва Эстония Россия ҳарбий авиациясини ўз чегараларини бузганликда айблаб чиқди

Су-35 қирувчи учоғи

Литва ва Эстония ўз ҳаво ҳудудлари Россия ҳарбий учоқлари томонидан бузилганини билдирди. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги мазкур икки давлат муассасаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 16 июнь куни Россия элчихонаси вакили Литва Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ва унга расмий норозилик хати топширилган. Ҳужжатда куни кеча Россия ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли икки учоқ Болтиқ денгизи узра Литва ҳаво чегарасини бузиб ўтгани ва мамлакат ҳудудига бир километр ичкарилаганини айтилган. Литва расмийлари Россиядан мазкур инцедент бўйича расмий изоҳ сўраб, бу каби ҳодисалар келажакда такрорланмаслиги учун чора кўришни талаб қилганлар.

Литва мудофаа вазири Арвидас Анушаускас Россия хатти-ҳаракатини Болтиқ денгизида АҚШ томонидан уюштирилган BALTOPS халқаро машқлари билан боғлаган. Мазкур машқларда 18 та мамлакатдан 4 минг чоғли ҳарбий, 60 та учоқ ва 40 та кема иштирок этган.

Ўз навбатида, Эстония Мудофаа кучлари бош штабидан 15 июнь куни Россиянинг иккита Су-35 қирувчи учоғи мамлакат ҳаво ҳудудига рухсатсиз кирганини билдиришган. Эстония Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Россия дипломатини чақириб, унга норозилик нотасини топширган. Россиялик ҳарбийлар қирувчи учоқлар Эстония ҳаво ҳудудини кесиб ўтмагани ва парвоз белгиланган йўналиш бўйлаб амалга оширилганини иддао қилишмоқда.

Табиий офат оқибатида Тожикистоннинг Кулоби 4 миллион доллар зарар кўрди

Кулобдаги сув тошқини.

Тожикистон ҳукумати бундан бир ой олдин Кулобда юз берган табиий офатдан кўрилган зиён миқдорини эълон қилди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, 11 май куни Кулобдаги селда 3 киши ҳалок бўлган, 43та уй бутунлай вайронага айланган ва 102та уйга зиён етган.

Бундан ташқари 4 мактаб ва болалар боғчаси, 6 километр йўл, 10та кўприк, 25 километр электр узатиш линияси, 65та темир-бетон пойдевор, 7 трансформатор, 13,5 километр соҳилни мустаҳкамлаш иншоотлари, 500 метр сув таъминоти қувурлари бузилган.

“Шунингдек, минглаб чорва, 136 гектар ерга экилган қишлоқ хўжалик экинлари вайрон бўлди”,-дейилади билдирувда. Кулобдаги зарар жами 4 миллион доллар экани айтилди.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг билдиришича, 11 май куни Кулобдан ташқари яна 15та туман ва шаҳарда сел юрган. Бу офат оқибатида тўртта шаҳарда 9 киши ҳалок бўлган.

Қозоғистонда яна бир маҳаллий QazCoVac-P вакцинасининг клиник синовлари бошланди

Синовда 18дан 50 ёшгача бўлган кўнгиллилар иштирок этади.

Қозоғистондаги Биологик хавфсизлик муаммолари илмий тадқиқот институтининг билдиришича, мамлакатда коронавирусга қарши маҳаллий QazCoVac-P вакцинасининг клиник синовлари бошланди. Клиник синовнинг биринчи ва иккинчи босқичлари Тараздаги кўп тармоқли шаҳар касалхонасида ўтказилади. Синовда 18дан 50 ёшгача бўлган кўнгиллилар иштирок этади.

Институт синовда қанча киши қатнашиши тўғрисида маълумот бермади. Расмий билдирувда айтилишича, вакцина клиник синовларга қадар бўлган жараёнда “самарали эканини кўрсатган”.

26 апрелда Қозоғистон клиник синовларнинг учинчи босқичи якунланмай туриб, ўзи ишлаб чиққан QazVac (ҳозирда Qaz-Covid-in бренди билан танилган) вакцинаси билан аҳолини оммавий эмлашга рухсат берган эди. Бу вакцина ҳам Биологик хавфсизлик муаммолари илмий тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқарилганди.

Ўшанда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги QazVac 96 фоиз самара кўрсатганини иддао қилган. Бироқ шу кунгача мазкур вакцина синови тўғрисидаги бирорта маълумот илмий журналларда нашр этилмаган.

Қирғизистонда сабзи бир неча кун ичида 1 долларга қимматлади

Бишкек бозоридаги манзара.

Қирғизистонда сўнгги бир неча кун ичида мева-сабзавот нархлари кескин қимматлади. Жумладан, сўнгги кунларда 25 сўм, яъни 30 центдан сотилган сабзи бирданига қимматлади ва бугунги кунда 100-120 сўмдан, яъни тақрибан 1,2-1,5 доллардан сотилмоқда.

Аввалроқ ўсимлик ёғи ҳам кесин кўтарилган ва 1 доллардан сотилаётган ўсимлик мойининг 1 литри нархи 2-2,5 долларга кўтарилган эди. Бундан ташқари бошқа мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ҳам сезиларли даражада қимматлади.

Қирғизистон ҳукумати сабзининг қимматлаши мавсумий ҳолат эканини, бир неча ойдан кейин янги ҳосил олиниши билан нарх аввалги кўрсаткич даражасига тушишини ваъда қилмоқда.

“2020 йилнинг 5 ойида Қирғизистондан хорижга 13 минг тонна сабзи экспорт қилинган. Жорий йилнинг беш ойида эса 31 минг тонна сабзи экспорт қилинди. Шунинг учун сабзи танқислиги юзага келиб, нархлар ўсди. Июлда янги ҳоисил йиғила бошланиши билан сабзи, картошка ва бошқа қимматлашган маҳсулотлар нархи ўз ўрнига қайтади”, дейилади билдирувда.

АҚШ ҳукумати судни Царнаевга ўлим жазосини белгилашга чақирди

Жоҳар Царнаев Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган.

Президент Жо Байден маъмурияти АҚШ Олий судини Бостон марафони пайтида террор ҳужуми содир этганликда айбланаётган Жоҳар Царнаевга ўлим жазосини қўллашга чақирди.

2015 йилда федерал суд маслаҳатчилари ҳайъати Царнаевни унга қўйилган барча 30 айблов бўйича айбдор деб топган, суд эса уни ўлим жазосига ҳукм қилганди.

АҚШ федерал аппеляция судининг Бостондаги биринчи инстанцияси 2020 йилнинг 31 июлда Жоҳар Царнаевга чиқарилган ўлим жазоси ҳукмини бекор қилган.

Президент Дональд Трамп ўшанда: “Бостон ҳужумчиси Жоҳар Царнаевдан кўра ўлим жазосига лойиқроқ бўлган инсон йўқ. Федерал ҳукумат ишни қайта кўриб чиқиш жараёнида унга нисбатан яна қайта ўлим жазоси қўлланилишига эришмоғи лозим”, деб билдирган эди.

Президент Жо Байден маъмурияти ҳам Царнаевга фақат ўлим жазоси белгиланиши лозим, деб ҳисоблайди. Олий суд бу ишни жорий йилнинг кузида кўриб чиқиши режалаштирилмоқда.

Жоҳар ва унинг акаси Тамерлан Царнаев 2013 йилги Бостон марафони пайтида террор ҳаракатини уюштирганликда айбланмоқда. Тамерлан Царнаев қўлга олиш пайтида полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган этник чечен Царнаев акаси Тамерлан билан амалга оширган ҳужумда уч нафар одам ҳалок бўлган, 260 дан ошиқ одам жароҳат олган эди.

Эронда ислоҳотчи номзод президентликка сайловда иштирок этишдан бош тортди

64 ёшли собиқ вице-президент Муҳсин Меҳрализода.

Эронда 18 июнда ўтадиган президентлик сайлови арафасида ислоҳотчи номзодлардан бири сайловда иштирок этишдан бош тортди.

Эрон нашрларининг билдиришича, 64 ёшли собиқ вице-президент Муҳсин Меҳрализода тарғибот-ташвиқот ўтказилувчи охирги кунда, яъни 16 июнь куни бу ҳақда маълум қилди.

Меҳрализода Сайлов комиссиясининг элагидан ўтган икки ислоҳотчи номзоддан бири эди. Амалдаги президент Ҳасан Руҳоний икки муддат бу лавозимда ишлагани ортидан яна бир бор президентликка ўз номзодини кўрсата олмайди.

Меҳрализода сайловда иштирок этишдан бош тортгани ортидан 18 июнда ўтадиган овоз бериш жараёнида 6 номзод курашади. Кузатувчилар мазкур сайловда оятуллоҳ Али Хаманеининг яқин одамларидан бири бўлган консерватор Иброҳим Раисий ғалаба қозонади, деган таҳминни билдирмоқда.

Исроил яна Ғазони бомбардимон қилди

Исроил самолётлари Хон Юнус шаҳри атрофидаги камида битта ҳудудга бомба ташлаган.

Исроил ҳарбий ҳаво кучлари 16 июнь куни эрталаб Ғазо минтақасини бомбардимон қилди. Расман билдирилишича, бомбардимон Ғазодаги жангарилар Исроилга ёнувчи модда тўлдирилган шарларни отганига жавоб бўлди. Ғазодан отилган ёнувчи шарлар Исроилда 20та жойда ёнғин келтириб чиқарган.

Агентликларнинг билдиришича, Исроил самолётлари 2 миллионга яқин аҳоли яшайдиган Хон Юнус шаҳри атрофидаги камида битта ҳудудга бомба ташлаган. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар тўғрисида маълумот йўқ.

Исроил Мудофаа вазирлиги “ҲАМАС террор ташкилотининг ҳарбий объекти бомбардимон қилингани”ни маълум қилди.
15 июнь куни Шарқий Қуддуснинг мусулмонлар яшовчи мавзеларида юриш қилган яҳудий миллатчилари “Арабларга ўлим!” деган ҳайқириқларни айтган эдилар. Фаластин томони Исроил ҳукумати расман рухсат берган бу юришнинг ўтказилишини “фитна қўзғатиш”, деб баҳолаган.

ФАТХ ва ҲАМАС фаластинликларни “Ғазаб куни” уюштириб, Ғазо орқали Қуддусга юриш уюштиришга чақириб, Исроил ҳукуматини яҳудий миллатчиларининг ҳатти-ҳаракатлари “хавфсизликка таҳдид” солишидан огоҳлантирганди.

Май ойида Исроил ва Фаластин ўртасида 11 кунлик қуролли низо бўлган эди. Бу низода Ғазода 260 киши ҳалок бўлган. Исроилда эса 13 киши ўлган.

Ryanair раҳбари Минск аэропортида ширкат учувчиларига босим ўтказилганини маълум қилди

Минскка қўндирилган Ryanair учоғи

Видеокамера кўтарган номаълум одамлар Минск аэропортига қўндирилган Ryanair учоғи учувчиларини гўё ўз ихтиёри билан қўнганини тан олдиришга уринган. Бу ҳақда авиаташувчи бош директори Майл О’Лири билдирди, дея хабар қилди Irish Independent газетаси.

Унга кўра, воқеа 23 май куни мажбурий қўнишдан кейиноқ содир бўлган. Учоқ бортига бир неча киши кўтарилган, уларнинг кимлиги ҳалигача номаълум. Учувчилар улар талаб қилган гапларни айтишдан бош тортганлар.

Йўловчилар ва экипаж аэропортга кўчирилганидан сўнг биринчи учувчи кабинада қолган ва у ердан фақат қуролли соқчи ҳамроҳлигида чиққан, деган О’Лири. У мазкур хатти-ҳаракатни “таҳдидли ва душманона муносабат”, дея баҳолаган.

О'Лири иддаосича, учоқ ҳали ерга қўнмасдан экипаж уни авиаширкатнинг Варшавадаги бошқарув маркази билан боғлаб беришни бир неча марта илтимос қилган, бироқ беларус диспетчери улар қўнғироққа жавоб бермаганини айтган. Аммо топ-менежер аслида бундай бўлмаганини таъкидламоқда. Юз берган бу воқеаларни у “халқаро авиациянинг мавжуд барча қоидаларини қасддан бузиш” деб атаган.

Грециядан Беларусь ҳудуди орқали Литвага учаётган Ryanair учоғи экипажи бортда теракт ҳозирланаётгани тўғрисида беларус диспетчеридан хабар олганидан сўнг Минскка қўндирилганди. Лайнер қўнганидан сўнг шу рейс йўловчиларидан бўлмиш мухолифатчи блогер Роман Протасевич ва унинг қиз ўртоғи, россиялик Софья Сапега қўлга олинган.

Беларусь расмийлари учоққа бомба ўрнатилгани ҳақида чиндан ҳам хабар олишгани, Протасевич ва Сапеганинг бу рейс билан учаётганини эса олдиндан билишмаганини айтмоқда. Бу иддаолар мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ. Евроиттифоқ мамлакатлари воқеани “учоқнинг расмийлар тарафидан босиб олиниши” ўлароқ баҳолаган.

Мажбурий қўнишдан сўнг Протасевич билан Сапегадан ташқари яна уч йўловчи учоқ бортига қайтмаган. Беларусь телевидениеси улар ўз манзилларига етиб олиш учун бошқа йўлни танлаганлари ҳақида лавҳа намойиш этган. Аммо О'Лири мазкур уч киши Беларусь Давлат хавфсизлиги қўмитаси ходимлари бўлганини иддао қилмоқда.

Тихановская номи Россияда қидирилаётганлар рўйхатидан олиб ташланди

Светлана Тихановская

Россия Ички ишлар вазирлиги беларуслик мухолифатчи Светлана Тихановскаяни қидирилаётган шахслар рўйхатидан ўчириб ташлаган. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги хабар қилди.

Reuters агентлиги қайдича, бу иш Беларусь томони ташаббусига кўра амалга оширилган. Бу хабар 15 июнь куни – Россия ва АҚШ президентларининг Женевадаги учрашувидан бир кун олдин пайдо бўлди.

Светлана Тихановская Беларуснинг авторитар раҳбари Александр Лукашенкога 2020 йил августидаги президент сайловида асосий рақиб бўлган эди. У овоз бериш якунланганидан кейиноқ оиласи хавфсизлигидан хавотир олиб, Беларусни тарк этган. Ҳозирда у фарзандлари билан Литвада истиқомат қилиб, президент сайлови натижаларига қарши курашни давом эттирмоқда.

Тихановская ўз тарафдорларини оммавий норозилик намойиши ўтказишга чақирганидан кейин Беларусь расмийлари уни қидирилаётган шахслар рўйхатига киритган.

Европа Иттифоқи ва АҚШ Беларусдаги президент сайлови натижаларини тан олишдан бош тортишган, улар Лукашенкони мамлакатнинг сайланган президенти, деб ҳисобламайдилар.

Беларуснинг асосий иттифоқчиси бўлган Россия ҳам Тихановскаяни қидирувдаги шахслар рўйхатига киритганди. Бу ишни Москва Лукашенко режими билан бирдамлик изҳори ўлароқ амалга оширганди.

Байден ва Путин учрашуви арафасида Женевада Навальнийни дастаклаш акцияси ўтказилди

Алексей Навальний акс этган граффити, Женева, 2021 йил 15 июни

Швейцариянинг Женева шаҳрида 15 июнь оқшомида россиялик мухолифатчи Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш акцияси ўтказилди. Бу шаҳарда чоршанба куни АҚШ президенти Жо Байден билан Россия президенти Владимир Путиннинг музокара ўтказиши режаланган.

Икки президент музокараларида Навальний масаласи ҳам асосий мавзулардан бири бўлиши кутилмоқда. Байден “Катта еттилик” саммитадан кейин журналистлар билан мулоқот чоғида “Навальний вафот этса, дунёнинг барча мамлакатларида Россияга муносабат салбий томонга ўзгаради”, деб айтган ва бу ҳолат ўзининг ҳам Россияга нисбатан муносабати ўзгаришига сабаб бўлишини билдирган.

Кеча Россия нашрларида Москва Жо Байден Владимир Путин билан 16 июнь куни Женевада ўтказилажак учрашув чоғида қамоқдаги мухолифатчи Алексей Навальний ва Беларусдаги вазият мавзуларини кўтаришини кутаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу Путин Навальний ишини муҳокама қилишда иштирок этишга мажбур бўлиши ҳақида Кремль томонидан қилинган илк расмий эътироф бўлди. Сешанба куни Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистларга Навальнийнинг аҳволи бўйича АҚШ томонидан “кўп сигналлар” келаётганини маълум қилган.

Бир неча кун аввал Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Навальний масаласи Байден билан учрашув чоғида муҳокама қилинмаслиги, мухолифатчи Россиядаги колонияда ўтиргани учун бу борада муҳокама қиладиган нарсанинг ўзи йўқлигини билдирганди.

Туркия президенти Эрдўғон Тоғли Қорабоққа борди

Илҳом Алиев ва Эрдўғон (ўнгда) Тоғли-Қорабоғнинг Фузулий туманида. 2021 йил 15 июнь.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15 июнь куни Брюсселда ўтган НАТО саммитидан сўнг Озарбайжон пойтахти Бокуга учиб келди. Бу ердан у Арманистоннинг 30 йиллик назоратидан сўнг яна Озарбайжон бошқарувига ўтган Тоғли Қорабоғдаги Фузулий туманига борди. Туманда уни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев рафиқаси билан кутиб олди.

Икки давлат раҳбарлари Фузулий туманидан Шуша шаҳрига йўл олишди. Ўтган йили Арманистон ва Озарбайжон ўртасида юз берган урушда Шуша шаҳрининг озарбайжон аскарлари томонидан эгалланиши жангларнинг бурулиш нуқтаси бўлган эди. Шушада Эрдўғон шарафига фахрий қоровул саф тортди.

Шуша шаҳридан бир неча километр узоқликда Россия тинчликпарвар кучларининг пости жойлаштирилган. Россия кучлари мазкур ҳудудга 2020 йилнинг 10 ноябрида Арманистон, Озарбайжон ва Россия ўртасида этишилган шартномага асосан киритилган.

16 июнь куни Эрдўғон ва Алиев Бокуда футбол бўйича Европа чемпионати доирасида ўтадиган Туркия-Уэльс мусобақасини томоша қилади.

Туркия Арманистон билан Тоғли Қорабоғ юзасидан келиб чиққан урушда Озарбайжонни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.

2020 йилнинг 27 сентябрида Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бошланиб, 44 кун давом этди. Урушда Боку Тоғли Қорабоғнинг йирик ҳудудини ва унга туташ туманлар устидан назоратни тиклашга муваффақ бўлди.

Канадада покистонлик мусулмон оилани ўлдирган шахсга террорчилик айблови билдирилди

Канадалик 20 ёшли Натаниэл Велтман ҳужумни диний нафрат асосида амалга оширгани билдирилди.

Канада прокуратураси ўз автомашинасида Покистондан кўчиб келган мусулмон оилани босиб кетган ва улардан 4 нафарининг ўлимига сабачи бўлган шахсга террорчилик айблови билдирилиши маълум қилди.

Канадалик 20 ёшли Натаниэл Велтманга бундан ташқари биринчи даражадаги қотилликни амалга ошириш бўйича тўртта айблов ва одам ўлдиришга ҳаракат қилиш бўйича битта айблов қўйилади.

Полициянинг билдиришича, Велтман мусулмон оиласига диний нафрат асосида ҳужум қилган. Мазкур ҳужумни Канада аҳолисининг аоссий қисми қоралади.

Канаданинг Лондон шаҳрида 6 июнь куни 46 ёшли Салмон Афзал, 44 ёшли хотини Мадиҳа Салман, 15 ёшли қизи Юмна ва 74 ёшли онаси Талат Афзал тунги сайр пайтида автомашана воситасида босиб ўлдирилган эди.

Оиланинг 9 ёшли ўғли Файз жиддий жароҳатланган ва касалхонага ётқизилган. Айни пайтда унинг аҳволи барқарор экани билдирилди.

Россияда муҳожирларнинг ноқонуний яшаш муддати 30 сентябргача узайтирилди

Россиядаги меҳнат муҳожирлари.

Президент Владимир Путиннинг фармонига асосан Россияда муҳожирларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг вақтинчалик ёки доимий яшаш муддатлари 2021 йилнинг 30 сентябригача узайтирилди. Бунга коронавирус пандемияси туфайли юзага келган вазият сабаб қилиб кўрсатилди.

Шу кунга қадар Россияда муҳожирларнинг вақтинча яшаш муддати 15 июнгача белгиланган эди. Шу санадан бошлаб Россияни тарк этмаган муҳожирлар ноқонуний яшовчилар сифатида тан олиниши белгиланганди.

Фармонга асосан, 30 сентябргача муҳожирларни Россиядан маъмурий равишда чиқариб юбориш, депортация қилиш, вақтинча қолиш муддатини қисқартириш, қочқинлик мақомидан маҳрум қилиш, вақтинчалик бошпана бериш, илгари берилган визаларни бекор қилиш, ишлашга рухсатнома ва патент бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинмайди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, 16 июндан бошлаб Россияда яшаш учун қонуний асосларга эга бўлмаган шахслар ўзлари бўлиб турган ҳудуддаги полиция бўлимларига 30 сентябрга қадар мурожаат қилишлари шарт бўлади.

Жаҳондаги энг кекса фазогир Владимир Шаталов вафот этди

Владимир Шаталов коинотга парвоз қилиш арафасида тайёргарликдан ўтаётганида олинган сурат.

Космонавт, икки марта Совет Иттифоқи қаҳрамони Владимир Шаталов 15 июнь куни 93 ёшида вафот этди. У айни пайтда яшаётган жаҳондаги барча фазогирлар орасида энг кексаси эди.

Владимир Шаталов уч марта коинотга парвоз қилган. Биринчи марта 1969 йилнинг 14 январида “Союз-4” кемасида парвоз қилган Шаталов ўз кемасини “Союз-5” ракетаси билан улашга муваффақ бўлган ва илк марта космонавтлар Алексей Елисеев ва Евгений Хрунов “Союз-5”дан очиқ коинот орқали “Союз-4”га кўчиб ўтган.

Иккинчи марта Шаталов 1969 йилнинг октябрида “Союз-8” кемаси командири сифатида космосга учди.

1971 йилда амалга оширилган учинчи парвоз пайтида эса Шаталов "Союз-10" кемасининг командири бўлган. Ўшанда космонавтика тарихида илк маротаба коинот кемаси “Салют” орбитал кемаси билан туташтирилган.

Шаталов 1987 йилдан 1991 йилгача Москва вилоятида Гагарин номидаги космонавтларни тайёрлаш марказига раҳбарлик қилган.

Жаҳон банки Туркманистонни ишончсиз статистика ортидан ўз ҳисоботидан чиқариб юборди

Ашхабодда банкоматдан пул ечиб олиш учун навбатда турганлар.

Жаҳон банки Туркманистонни ишончсиз статистик маълумотларни тақдим этгани учун глобал иқтисодий истиқболлар ҳисоботидан чиқариб юборди. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди. Билдирилишича, Венесуэлага ҳам шундай чора қўлланилган.

Апрель ойида Халқаро валюта жамғармаси ҳам Туркманистон ҳукумати тақдим этаётган статистик маълумотлардан фойдаланишдан воз кечган эди.

Халқаро валюта жамғармаси Туркманистонда 2020 йилда иқтисодиёт 0,8 фоизга ўсганини билдирган. Расмий Ашхабод эса иқтисодиёт 5,9 фоизга ўсганини айтмоқда. Айни пайтда Туркманистон ҳукумати халқаро ташкилотлар келтирган статистик маълумотларни тан олмайди.

Туркманистонда бир неча йилдан бери иқтисодий инқироз давом этмоқда. Бунинг оқибатида мамлакатда озиқ-овқат етишмовчилиги юзага келган, қашшоқлар ва ишсизлар сони кўпайган.

Халқаро молия ташкилотлари бир неча маротаба туркман ҳукуматига иқтисодий сиёсатни қайта кўриб чиқишни тавсия қилган.

Исроил миллатчиларининг Шарқий Қуддусдаги юриши вазиятни издан чиқариши мумкин

Май ойида Фаластин-Исроил щртасидаги низода Ғазода вайрон қилинган мавзе.

Исроил миллатчилари 15 июнь куни Шарқий Қуддусда яҳудий байроқлари билан юриш ўтказишга тайёрланаётгани халқаро ҳамжамият ташвишига сабаб бўлмоқда. Экспертлар мазкур юриш ортидан Исроил ва Ғазодаги фаластинлар ўртасидаги низонинг қайта бошланишига туртки бўлишини айтмоқдалар.

Ўта миллатчи яҳудийлар гуруҳи Шарқий Қуддуснинг мусулмонлар яшовчи мавзеларидан Исроил байроғини кўтариб ўтмоқчи. Фаластинликлар бу юришни “фитна қўзиш” деб баҳолади. Фаластинликларнинг икки йирик ташкилоти-ФАТХ ва ҲАМАС бунга жавобан Ғазода ва Исроил томонидан босиб олинган Ғарбий соҳилда “ғазаб куни” ўтказишга чақирди.

ҲАМАС лидерлари агар юриш амалга оширилса “хавфли оқибатлар бўлиши”дан огоҳлантирди. ҲАМАС ва ФАТХ фаластинликларни миллатчилар юришига тўсқинлик қилиш учун Ғазо орқали маҳаллий вақт билан соат 18да (Тошкент вақти билан соат 19да)Шарқий Қуддусга юриш қилишга чақирди.

Исроилнинг 13 июнда ҳокимиятга келган Нафтали Беннет раҳбарлигидаги янги ҳукумати яҳудий миллатчилар юришини ўтказишга 14 июнь куни рухсат берди.

Байден Украинанинг НАТОга қўшилиш шартларини эълон қилди

Президент Жо Байден Брюсселдаги матбуот анжуманида.

Президент Жо Байден 14 июнь куни Брюсселда НАТО саммити якунланганидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Россия агрессияси ортидан Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш эҳтимоли ҳақида гапирди. Байденга кўра, НАТОга аъзо бўлиш учун Украина қатор шартларни бажариши лозим.

“Шартлардан бири Украинада коррупцияга барҳам беришдир. Бундан ташқари Украинани аъзоликка қабул қилиш НАТОга айни пайтда аъзо бўлиб турган давлатлар позициясига ҳам боғлиқ. Мен НАТОга аъзо давлатларни бунга кўндириш лозимлигини биламан, бироқ бу осон иш эмас”,-деди Байден.

НАТО саммити якунлари юзасидан эълон қилинган баёнотда Украина ва Грузия келажакда “НАТОга аъзо бўлиши” айтилган. Бироқ бу иш фақат “эришилган ютуқларга” боғлиқ бўлади.

НАТО баёнотида “Россиянинг агрессив ҳаракатлари хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид” экани ҳам қайд этилган.

Новосибирскдаги АЁҚШда содир бўлган портлашда 35 киши жабрланди

Новосибирскдаги АЁҚШда содир бўлган ёнғиндан лавҳа, 2021 йил 14 июни

Новосибирскдаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида 14 июнь куни содир бўлган кучли портлаш ва унинг ортидан юзага келган ёнғин туфайли 35 нафар киши жабрланди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги шаҳардаги тезкор хизматлардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

“Интерфакс” агентлиги хабарига кўра эса, ёқилғи қуйиш чоғида техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани учун ичида газ тўлдирилган бир неча резервуар портлаб кетган. Аланга 1200 квадрат метр майдонга ёйилган. Ёнғин натижасида АЁҚШда турган бир неча автомобиль ва битта юк машинаси ёниб кетган.

Оқшомга яқин тиббиёт ходимлари жабрланганлардан тўққиз нафарининг аҳволи оғирлиги, яна 12 кишининг аҳволи ўрталигини билдирганлар. Улардан кўпчилиги турли даражада куйган.

Тергов қўмитаси хавфсизлик талабларга жавоб бермаган хизмат кўрсатиш бўйича жиноят иши қўзғатган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG