Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:35

Бошига 9-қаватдан бетон парчаси тушган сергелилик аёл оламдан ўтди


Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги кўп қаватли уйнинг 9- қаватидан бошига сувоқ-бетон парчаси тушиб, жароҳатлангани боис оғир аҳволда касалхонада ётган 55 яшар Дилбар Юнусова 10 август куни оламдан ўтди.

Яқинларига кўра, 5 август куни касалхонага ётқизилган Дилбар Юнусова олти кун давомида комада ётган ва ўзига келмасдан оламдан ўтган.

Республика Шошилинч тиббий ёрдам касалхонасининг жонлантириш бўлимида олти кун давомида кома ҳолатида ётган сергелилик 55 яшар Дилбар Юнусова 10 август, жума куни тунда оламдан ўтган ва марҳума жасади 11 август куни дафн қилинган.

Бу ҳақда Озодликка марҳуманинг яқинларидан бири маълум қилди:

“Операция қилиниб, томоғидан зонт қўйилди. Операция оддий бўлди, аммо организми кўтара олмади. Жума куни кечаси соат 20ларда операцияни кўтара олмасдан оламдан ўтдилар. Шанба куни соат 2да жанозаси бўлди. "Тешик қопқоқ" қабристонига дафн этилди”, дея Дилбар Юнусованинг яқинларидан бири дафн маросимидан олинган суратларни ҳам Озодликка йўллади.

1963 йилда туғилган Дилбар Юнусова 5 август, якшанба куни, тушдан кейин Тошкентнинг Сергели туманидаги 9 қаватли 26-уй ёнида жароҳатланган эди.

Марҳуманинг яқинларига кўра, ўша куни Дилбар Юнусова 6 яшар невараси билан кетаётган пайти шу воқеа содир бўлган.

Воқеа гувоҳларига кўра, 9-қаватдан кўчиб тушган бетон парчаси аввал кондиционерлар устига тушиб иккига бўлинган ва кейин бир бўлаги Дилбар Юнусованинг бошига тушган.

Воқеа жойидан олиниб, Озодликка йўлланган суратда домнинг 9-қавати билан уй томи тўсиғи туташган жойдаги ёриқни ёпиш учун ишлатилган сувоқ-бетон парчаси ўрни бўшлигини кўриш мумкин.

26- уй. Юқори чап бурчакда қорайиб турган чизиқ сувоқ-бетон парчаси тушган жой.
26- уй. Юқори чап бурчакда қорайиб турган чизиқ сувоқ-бетон парчаси тушган жой.

Суратда бинонинг ён девори акс этган бўлиб, сувоқ-бетон парчаси кўчган жой билан битта чизиқда, 2 ва 3 қаватларда иккита кондиционер кўриниб турибди.

Республика Шошилинч тиббий ёрдам касалхонасига оғир аҳволда етказилган Дилбар Юнусова ўша куни 5 соат атрофида операция қилинган.

7 август куни Озодлик билан суҳбатда шифокорлар Дилбар Юнусова операциядан сўнг кома ҳолатига тушгани ва жонлантириш бўлимида қолаётганини айтганди.

Сергели туманидаги 9 қаватли 26-уй ёнида содир бўлган бу воқеада жабрланган аёлнинг қўшнилари айбни уйни сифатсиз таъмирлаган қурувчиларга тўнкашди.

Сергели туман, Чароғон МФЙ ҳудудидаги 26- уй йўлакларидан бири.
Сергели туман, Чароғон МФЙ ҳудудидаги 26- уй йўлакларидан бири.

Аммо, 26-уй жойлашган Чароғон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуқодир Аҳадов 7 август куни Озодлик билан суҳбатда мазкур уй, аҳоли айтаётгандай, капитал ремонт қилинмаганини таъкидлади.

Аҳадовнинг айтишича, 1992 йилда қурилган дом шу пайтгача капитал таъмир қилинган эмас. 2016 йили фасади – олд тарафи пардоз-таъмир қилинган, холос. Сувоқ-бетон парчаси эса, домнинг ён тарафидан кўчган.

Маҳалла оқсоқолининг фикрича, бу воқеада ҳеч кимни айблаб бўлмайди, Дилбар Юнусова бахтсиз тасодиф қурбони бўлган, холос.

7 август куни Сергелидаги воқеани ўрганиш жараёнида Озодлик Истеъмолчилар жамиятининг шу тумандаги бўлими вакили Шоҳруҳ Эшонхўжаев билан боғланганида, у агар Дилбар Юнусова билан боғлиқ воқеада уларга мурожаат қилинса, қонун доирасида ёрдам беришга тайёрлигини айтган эди.

12 август куни Дилбар Юнусова яқинларидан олинган маълумотга кўра, ушбу воқеа бўйича ҳали бирор жойга шикоят ёки ариза берилмаган.

XS
SM
MD
LG