Линклар

Шошилинч хабар
17 октябр 2018, Тошкент вақти: 10:16

Бошига 9-қаватдан бетон парчаси тушган сергелилик аёл комада қолмоқда


Сергели туман, Чароғон МФЙ ҳудудидаги 26- уй йўлакларидан бири.

5 август, якшанба, тушдан кейин кўп қаватли уйнинг 9- қаватидан бошига сувоқ-бетон парчаси тушиб, оғир жароҳат олган 55 яшар Дилбар Юнусова уч кундан буён комада қолмоқда.

Тошкент шаҳар, Сергели туманидаги 9 қаватли 26-уй ёнида содир бўлган бу воқеада жабрланган аёлнинг қўшнилари айбни уйни сифатсиз таъмирлаган қурувчиларга тўнкамоқда.

Аммо, 26-уй жойлашган Чароғон маҳалла фуқаролар йиғини раисининг Озодликка айтишича, мазкур уй, аҳоли айтаётгандай, капитал ремонт қилинмаган, содир бўлган воқеа эса, бахтсиз тасодиф, холос.

Бошига 9- қаватдан бетон парчаси тушган сергелилик аёл комада қолмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:12 0:00
Бевосита линк

Воқеа жойидан олинган суратда домнинг 9-қавати билан уй томи тўсиғи туташган жойдаги ёриқни ёпиш учун ишлатилган сувоқ-бетон парчаси ўрни бўшлигини кўриш мумкин.

Суратда бинонинг ён девори акс этган бўлиб, сувоқ-бетон парчаси кўчган жой билан битта чизиқда, 2 ва 3 қаватларда иккита кондиционер кўриниб турибди.

26- уй. Юқори чап бурчакда қорайиб турган чизиқ сувоқ-бетон парчаси тушган жой.
26- уй. Юқори чап бурчакда қорайиб турган чизиқ сувоқ-бетон парчаси тушган жой.

Бошига сувоқ-бетон парчаси тушган Дилбар Юнусованинг катта қизи Наргизанинг Озодликка айтишича, 9- қаватдан кўчган парча аввал кондиционерлар устига, сўнг онасининг бошига тушган.

- Онамнинг ёнида 6 яшар невараси - менинг ўғлим бор эди. Иккаласи бирга бувимларникига кетишаётганди. Ўтиб кетишаётганда тепадан – домдан кўчиб тушибди. Кондиционерга тушиб, иккига бўлинган. Битта бўлаги онамнинг бошига тушган,- деди Наргиза.

Оғир жароҳат олган Дилбар Юнусова Республика Шошилинч тиббий ёрдам касалхонасида 5 соат атрофида операция қилинган.

Касалхона телефонини кўтарган врач Дилбар Юнусованинг жонлантириш бўлимида қолаётганини айтди.

Дилбар Юнусованинг қўшнилари воқеа тўғрисида Озодликка хабар қиларкан, ўз хатида айбни уйни таъмирлаган қурувчиларга тўнкади.

“Бу уй яқинда капитал таъмирдан чиққан эди. Фасадни пардозлаш ишлари якунланган. Аммо-лекин усталар ишини яхши бажармаган, виждонан ишламаган”, деб ёзди қўшнилар.

Улар, айни пайтда, айбни квартираларига кондицонер ўрнатиш учун перфоратор ишлатаётганларга ҳам тўнкамоқда.

Хўш, уй “капитал таъмирдан чиққан”ми ёки “фасадни пардозлаш ишлари”гина ўтказилганми?

Бу саволни Озодлик 26-уй жойлашган Чароғон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуқодир Аҳадовга берди.

Маҳалла оқсоқоли аввалига якшанба куни ҳам, бугун ҳам касалхонага бориб, Дилбар Юнусованинг ҳолидан хабардор бўлишга уринаётганини писанда қилди.

Аҳадовнинг айтишича, 1992 йилда қурилган дом шу пайтгача капитал таъмир қилинган эмас. 2016 йили фасади – олд тарафи пардоз-таъмир қилинган, холос. Сувоқ-бетон парчаси эса, домнинг ён тарафидан кўчган.

Маҳалла оқсоқолининг фикрича, бу воқеада ҳеч кимни айблаб бўлмайди, Дилбар Юнусова бахтсиз тасодиф қурбони бўлган, холос.

Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти вакили Абдураҳмон Ташанов ҳам 6 август куни воқеа жойига бориб, фожиа тафсилотини ўрганди.

- Сергелида бўлган ҳодиса бошқа домларда ҳам такрорланиши мумкин. Лекин шундай ҳолатларда ким жавобгар бўлади? Бу саволга бугун мен жавоб изладим, бироқ топа олганим йўқ,- деди Абдураҳмон Ташанов.

Сергелидаги воқеани ўрганган журналист Абдураҳмон Ташанов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:26 0:00
Бевосита линк

Сергели туман ҳокими қабулхонаси телефонини кўтарган мулозим Озодликнинг воқеага доир саволига жавобан “ишга янги келганлигини, ҳеч нарсадан хабари йўқлигини” айтиш билан чекланди.

Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармаси мулозими Озодликнинг бинолар хавфсизлигига доир саволига “Бу масалада бизга мурожаат қилишингиз нотўғри. Биз қурилишгача бўлган ҳужжатлар билан шуғулланамиз”, деган жавобни беришдан нарига ўтмади.

1963 йилда туғилган Дилбар Юнусованинг 4 қизидан каттаси Наргиза онасининг соғайиб кетишига умид қилаётганини кўзида ёш билан сўзлаб берди:

- Фарзандларимиз тарбиясими, оддий оилавий келишмовчиликларми – ҳамма масалада онамиз энг биринчи маслаҳатчимиз. Онамизнинг маслаҳатларини ҳали кўп эшитишдан умидвормиз,- деди Наргиза.

Сергелидаги воқеани ўрганиш жараёнида Озодлик Истеъмолчилар жамиятининг шу тумандаги бўлими вакили Шоҳруҳ Эшонхўжаев билан ҳам боғланди.

Бу жамиятга ишга келганига эндигина 3 ой бўлган Эшонхўжаевнинг айтишича, у ишлаётган давр давомида кўп қаватли уйлар билан боғлиқ биронта ҳам шикоят тушмаган.

- Лекин бу уйлар билан боғлиқ шикоят қилишга арзийдиган воқеалар йўқ, дегани эмас. Дилбар Юнусова билан боғлиқ воқеа фикримга далил бўла олади. Агар у бизга мурожаат қилса, албатта, қонун доирасида қўлимиздан келган барча ёрдамни беришга тайёрмиз, - деди Шоҳруҳ Эшонхўжаев.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG