Линклар

Шошилинч хабар
21 июл 2019, Тошкент вақти: 15:49

Манбалар: Собиқ Бош прокурор Муродов уй қамоғига ўтказилди


Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Отабек Муродов

Президент Мирзиёевнинг 20 июнь кунги фармони билан Ўзбекистон Бош прокурори лавозимидан олингани ортидан жиноят иши очилиб, ҳибсга олинган Отабек Муродов 28 июндан бошлаб уй қамоғига ўтказилгани иддао қилинди.

Ўзбекистон куч ишлатар тизимларидаги бир-биридан мустақил икки мулозимнинг иддаосига кўра¸ собиқ Бош прокурор "барча айблар бўйича иқрорномага имзо чеккани" ортидан унинг терговга уйидан қатнашига изн берилган:

“Ëзув-чизувларини қилиб¸ барча иқрорномаларга қўл қўйиб бўлгани ва тергов билан ҳамкорлик қилгани учун Муродов уйига қўйиб юборилди”¸ - деди Озодлик суҳбатлашган терговга яқин мулозим.

Худди шу мазмундаги информацияни Отабек Муродовнинг қариндошларидан бири ва унинг собиқ ҳамкасби Озодликка маълум қилди.

Айни пайтда бу иддаонинг расмий тасдиғи Озодликда йўқ.

Озодлик суҳбатлашган мулозимнинг яна билдиришича, собиқ Бош прокурор Муродовга давлат тарафидан адвокат тайинланган. Мулозимнинг қўшимча қилишича, Муродов ҳали адвокат билан учраштирилмаган.

Муродовдан шаҳарни тарк этмаслик¸ Интернет ва мобил телефон тизимларидан фойдаланмаслик ҳақида тилхат олинган.

Озодлик суҳбатлашган мулозим иддаосига кўра¸ собиқ прокурор сешанба, 2 июль куни уйидан терговга конвой ҳамроҳлигида олиб кетилиб, прокуратуранинг ишдан бўшатилган собиқ мулозимлари билан юзлаштирилган.

Прокуратура биносида 20 июнда бўлиб ўтган мажлисда иштирок этган прокуратура ходимларидан икки нафарининг Озодликка мажлис якунланиши биланоқ маълум қилишича , 44 яшар Отабек Муродов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210- моддаси (Пора олиш) ва 211-моддаси (Пора бериш) да айбланмоқда.

Отабек Муродов 20 июнь куни президент фармони билан Ўзбекистон Бош прокурори лавозимидан олингани ортидан тизимдаги ўнлаб юқори лавозимли мулозим ишдан олинган.

Бу мулозимларнинг кўпчилиги¸ гувоҳ ëки жиноят иши фигуранти сифатида сўроқ қилинмоқда.

Озодлик 2 июль куни гаплашган прокуратура мулозими ишдан четлаштирилган прокуратура ходимлари ўз собиқ раҳбари Муродов устидан кўрсатма ëзиб беришганини билдирди.

Суҳбатдош иддаосича¸ бу ходимлар ўз кўрсатмасида Бош прокурорга катта суммада пора беришга мажбурланганини ëзиб берган.

Бошқа информациялари кейинчалик ўз тасдиғини топган бу мулозимдан 2 июль куни олинган информацияни такрорловчи информациялар Озодлик суҳбатлашган яна уч мулозимдан олинди.

Бораëтган тергов¸ шунингдек, собиқ бош прокурор билан боғлиқ иш тўғрисида матбуотга маълумот бериш ваколати йўқлиги боис¸ бу мулозимлар шахси сир қолишини сўради.

Озодлик ҳозирча бу маълумотларнинг расмий тасдиғини Бош прокуратурадан олишга муваффақ бўлмади.

Прокуратурадаги кадр ўзгаришлари боис лавозимидан ажраган амалдорлар ҳақида Озодлик хабар берган эди.

Куч ишлатиш салоҳияти бор вазирликда ишлайдиган Озодлик суҳбатлашган мулозимга кўра¸ собиқ Бош прокурорнинг уйи 24 соатлик назоратга олинган.

Собиқ бош прокурорнинг Озодлик суҳбатлашган яқинларидан бири ҳам Муродовнинг терговга уйидан қатнаëтганлигини тасдиқлади. Унинг иддао қилишича¸ Муродовнинг онаси¸ суд тизимида 20 йил ишлаб нафақага чиққан Дилбар опа Қашқадарëдан Тошкентга етиб келган.

Рутбадан маҳрум қилинган эди

20 июнь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси биносида прокуратура раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган мажлисда мамлакат бош вазири Абдулла Арипов ва президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов вазифасидан бўшатилган бош прокурор Отабек Муродовни учинчи даражали адлия маслаҳатчиси рутбасидан ва барча давлат мукофотларидан маҳрум этган эди.

21 июнь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 20-ялпи мажлисида чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG