Линклар

Шошилинч хабар
05 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:12

Отабек Муродов Бош прокурорликдан олинди. Ўз ўрнини Мирзиëевга берган Сенат раиси янги Бош прокурор бўлди (ВИДЕО)


Ўзбекистон Бош прокурорлигига келган - Ниғматилла Йўлдошев(чапда) ва кетган - Отабек Муродов.
Ўзбекистон Бош прокурорлигига келган - Ниғматилла Йўлдошев(чапда) ва кетган - Отабек Муродов.

20 июнь куни президент фармони билан Отабек Муродов Ўзбекистон Бош прокурори лавозимидан озод этилди.

44 яшар Отабек Муродов ўрнига 2015 январидан ҳозирга қадар Олий Мажлис Сенати раиси вазифасини бажариб келаётган 57 яшар Ниғматилла Йўлдошев тайинланди.

20 июнь кунги президент фармони қарийб 6 ойдан бери Бош прокурорнинг ишдан олиниши ҳақидаги тахминларга нуқта қўйди.

Ҳозирча на президент ва на Бош прокуратура Матбуот хизмати мамлакатдаги қудратли идора раҳбарининг нега ишдан олингани ҳақида расмий изоҳ берди.

Озодлик гаплашган Тошкентдаги айрим мулозимлар¸ Отабек Муродовнинг бўшатилишини ҳибсга олинган икки собиқ Бош прокурор – Рашитжон Қодиров¸ хусусан¸ Ихтиëр Абдуллаев ишига алоқадорлигини иддао қилди.

Ҳозирча Сенатга ким раис бўлиши айтилмади.

Президент фармони

20 июнь куни Ўзбекистон президенти расмий сайтида эълон қилинган фармон икки жумладан иборат холос.

"Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 12-бандига мувофиқ: Отабек Бахритдинович Муродов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимидан озод этилсин".

Президент фармонида¸ Муродовнинг ишдан олиниш сабабларига оид маълумот йўқ.

Фармонга айрим ҳолатларда келтириладиган “бошқа ишга ўтгани муносабати билан” деган изоҳ ҳам қўшилмаган.

Ўзбекистон республикасининг "Прокуратура тўғрисида"ги қонунининг 12-моддасига мувофиқ:

"Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 5 йил муддатга тайинланиб, кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тасдиғидан ўтади. У Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олдида ҳисобдордир".

Олий Мажлис томонидан беш йилга тайинланган Муродовнинг бир ярим йилга бормай ишдан олиниш тафсилотлари¸ кузатувчилар ишонишича¸ Ниғматилла Йўлдошевнинг Сенат мажлисида янги Бош прокурор этиб тасдиқланиш жараëнида очиқланиши мумкин.

Маҳаллий матбуотга кўра¸ бу мажлис 21 июнга белгиланган.

"Муродовнинг ишдан кетиши ҳибсдаги ДХХ собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев ишига боғлиқ"

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб гаплашган ҳуқуқ тизимидаги айрим мулозимлар¸ Отабек Муродовнинг ўзидан олдинги Бош прокурор – Ихтиëр Абдуллаев иши билан боғлиқ айбловлар ортидан ишдан олинганини билдирди.

Отабек Муродов аслида 17 июнь куни уч кун муқаддам ишдан бўшатилди. Уни уч кун ўтиб расмийлаштиришди. У ўзи анчадан бери сиртдан кузатувда бўлган. Отабек Муродов қамоққа олинган олдинги Бош прокурор¸ ДХХнинг собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев билан боғлиқ жиноят иши фигуранти”¸ деди Озодлик суҳбатдошларидан бири.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига яқин мулозимлардан яна бири Муродов ишдан олиниши арафасида қатор амалдорлар ва Отабек Муродовни яқиндан таниган шахслардан унга қарши кўрсатмалар олинганини иддао қилди.

Бу иддаоларга кўра¸ олинган кўрсатмалар коррупция айбловлари билан боғлиқ.

Аммо Озодлик ҳозирча бу иддаоларни тасдиқлаш имконига эга эмас.

13 февраль куни Озодлик 53 яшар Ихтиёр Абдуллаевнинг 11 февраль куни ҳибсга олингани ҳақида ўз манбаларига таяниб хабар берган эди.

Орадан тўрт ой ўтиб - 14 июнь куни бу хабарни расман тасдиқлаган Бош прокуратура Матбуот хизмати Ихтиëр Абдуллаев¸ Жаҳонгир Эгамов ва ДХХнинг 10 га яқин бошқа юқори лавозимли амалдорлари устидан "хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш, порахўрлик каби мансаб жиноятларини содир этиш ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари кўзғатилгани ва тергов ҳаракатлари" олиб борилаётганини маълум қилди.

"Жиноят ишида ўтаётган шахсларга нисбатан содир этган жиноий қилмишларига мос равишда эҳтиёт чоралари танланган"¸ дейилган эди айни расмий хабарда.

Муродов ҳокимларнинг президентга қилган "донос"лари қурбони бўлди

Озодлик гаплашган ҳуқуқ тизими мулозимларидан яна бири¸ Муродовнинг Шавкат Мирзиëев “қонундан ташқари” ваколатлар билан сийлаган ҳокимларнинг президeнтга қилган шикоятлари ортидан бўшатилганини иддао қилди.

Мирзиëев¸ прокурорларни ëмон кўраман” деб туриб¸ Муродовни тайинлагандан кейин прокуратурага кенг ваколатлар берди. Тадбиркорларни ҳимоя қилишни¸ агроиспекцияни Бош прокурорга берди. Муродов агроиспекцияга раҳбар бўлган прокурорларга пахта ва ғалла мавсумидаги қўшиб ëзишларни тўхтатишни буюрди. Айрим жойларга агроиснпекция раҳбарлари район ҳокимларини хлопзаводга киргизмай қўйди. Қўшиб ëзиш камайди¸ натижада кўп вилоятларда пахта плани бажарилмади. Президент бунинг учун ҳокимларнинг пўстагини қоқти¸ масалан Тошвилоят ҳокимини ишдан олди. Ишнинг бу кетишидан норози ҳокимлар президентга орқаваротдан Муродовни ëмонлай бошлади. Тадбиркорлар масаласида ҳам прокуратура ва ҳокимлар ўртасида зиддият чиқди. Муродов қонунчиликка амал қилишга уринган бўлса¸ ҳокимлар тескарисига. Бу зиддиятда бугун ким ютганини ўзингиз тушунаверинг”¸ деди прокуратура тизими мулозимларидан бири.

Озодлик гаплашган баъзи мулозимлар¸ табиатан оғир-босиқ ва мўътадил бўлган Отабек Муродовнинг "қамчисидан қон томадиган" прокурор бўлмагани¸ уни Мирзиëев кўзида "заиф"га чиқарганини айтади.

Отабек Муродов қаерда?

Бош прокуратура Матбуот хизмати 20 июнь куни Озодликнинг бу саволига жавоб бермади.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодликнинг бир-биридан мустақил манбаларига кўра, Отабек Муродов 19 июнь куни Мустақиллик майдонидаги собиқ МХХ биноси ертўласига сўроқ учун олиб борилган.

Ҳозирча унинг айнан қайси мақомда – гувоҳ ëки жиноят иши фигуранти сифатида сўроқ қилинаëтганига оид аниқ маълумот йўқ.

Отабек Муродовнинг ишдан олиниш сабаблари расман очиқланмаëтган бир вазиятда унинг кейинги тақдири ҳақида ҳам турли тахминлар билдирилмоқда.

Бундан роппа-роса олти ой муқаддам Озодликка юборилган аудиоëзувдан Шавкат Мирзиëевнинг ўша пайтдаëқ Отабек Муродовни ишдан олиш режасида бўлгани ва ҳатто унинг Бош прокурорликдан кейинги тақдирини ҳам белгилаб қўйгани англашилади.

2019 йилнинг 10 январь куни Хавфсизлик Кенгашининг кенгайтирилган селектор йиғилишида жиноятлар сони кўпайганидан норози бўлиб¸ бевосита Муродов ҳақида икки марта кескин гапирган Шавкат Мирзиëев:

- Эй прокурор, эшит¸ агар жиноят камаймаса, Бойсунга прокурор қилиб юбораман. Юрасан сургунда¸ дейди.

Айни йиғилишда Мирзиëев яна Бош прокурор ҳақида гапириб:

- Муродовга ман айтдим: "тортолмаяпсан. Агар тортсанг¸ мана шу олти ой санга синов. Бўлмаса - кетасан. Кетгандаям¸узоқ бир районга¸ Бойсунгами¸ қаергадир прокурор қилиб юбораман¸ кейин тақдиринг ўзингнинг қўлида бўлади"¸ дейди.

Озодлик гаплашган ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларига кўра, бу огоҳлантиришдан кейин Отабек Муродов “чемодан кайфияти”да ишлаб келган.

Отабек Муродов бошига ўзидан олдинги икки Бош прокурор – қамоқдаги Рашитжон Қодиров (2000 йилдан 2015 йилга қадар) ва Ихтиëр Абдуллаев (2015 йилдан 2018 йил февралига қадар) куни тушиши эҳтимолига тўхталган Тошкент мулозимлари¸ бу савол жавоби президентга етказилаëтган "компроматлар" мазмунига боғлиқ бўлишини айтади.

Муродов Бош прокурор бўлгандан бери¸ тонгги олтидан тунги 2 гача ишлаган одам. Иш кунини даладан бошларди. Мирзиëевга ўта садоқатли эди. Агар Муродовниям қамаса¸ бу - Мирзиëевнинг уч йил ичида учинчи Бош прокурорни қамаши бўлади. Бу - яхши сигнал эмас”¸ дейди Озодлик гаплашган мулозимлардан бири.

Мустақил Ўзбекистон тарихида энг қисқа муддат ўтирган Бош прокурор

Шавкат Мирзиëевнинг 2018 йил 31 кунги фармони билан Ўзбекистон Бош прокурори этиб тайинланган 44 яшар Отабек Муродов бу лавозимда бир ярим йил ишлади.

Бу давр ичида Муродов собиқ Бош прокурор ва ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев¸ у билан бирга собиқ МХХга ўтган ўнлаб прокуратура ходими ҳибсга олинди, Ўзбекистонда Каримов даврида 15 йил бош прокурор бўлган Рашитжон Қодиров ва яна кўплаб собиқ прокуратура ва молия ходимлари иши судга оширилди.

45 яшар Отабек Муродов бу қисқа даврда Бош прокуратурани матбуотга очиб берди.

Прокуратура Матбуот хизмати оммавий ахборот воситалари¸ хусусан¸ Озодлик билан эркин ҳамкорлик қила бошлади.​

Янги Бош прокурор ким?

57 яшар тошкентлик Ниғматилла Йўлдошев¸ асли прокуратурадан чиққан кадрдир.

У Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бошлиғи, Бош прокурор ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Прокуратурадан кейин¸ 2011-2015 йилларда Адлия вазири бўлиб ишлаган.

Ислом Каримов¸ Озодликнинг ҳукуматдаги манбаларига кўра¸ қарийб бир йиллик муҳокама ва суҳбатлардан кейин¸ Йўлдошевни Сенатга раис қилиб тайинлаган.

Бу эса¸ конституцияга кўра¸Йўлдошевни Каримов даврининг 2-раҳбарига айлантирди.

Конституция¸ президентга бирор кори-ҳол бўлганда¸ айнан Сенат раисининг вақтинча президент бўлишини кўзда тутади.

Аммо Каримов ўлгани расман эълон қилинганидан тўрт кун ўтиб - 2016 йилнинг 8 сентябрь кунги Олий Мажлис иккала палатасининг фавқулодда йиғинида Йўлдошев ўзига берилган конституцион ваколатдан воз кечиб¸ уни Шавкат Мирзиëевга тақдим этган эди.

Бу эса, таҳлилчилар фикрича¸ Йўлдошевнинг сиëсий амбициялари катта бўлмаган¸ мустақил сиëсатчи эмаслигини кўрсатади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG