Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 02:29

Манбалар: Ҳибсда қолаëтган собиқ Бош прокурор Муродов иши Ҳарбий судга оширилди


Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Отабек Муродов
Ўзбекистон собиқ Бош прокурори Отабек Муродов

Ўзбекистон Республикаси собиқ Бош прокурори, 44 яшар Отабек Муродовга собиқ ДХХ раиси Ихтиëр Абдуллаев устидан очилган жиноят иши доирасида айблов эълон қилиниб, иш Ҳарбий судга оширилди.

Бу маълумотни матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис, шахси сир қолишини сўраган, бири Президент администрациясида ишлайдиган, иккинчиси прокуратура тизимида ишлайдиган, бир-биридан мустақил икки мулозим Озодликка 16 декабрда маълум қилди.

Мулозимлардан олинган маълумотни, Муродовни ҳимоя қилаëтган адвокатга яқин манба ҳам, Озодлик билан мулоқот чоғида 16 декабрь куни тасдиқлади.

Пора олиш ва беришда айбланмоқда

44 яшар Отабек Муродов Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210- моддаси (Пора олиш) ва 211-моддаси (Пора бериш) да айбланаётгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Муродовни ҳимоя қилаëтган адвокатга яқин манбанинг айтишича¸ прокуратуранинг айблов хулосасида юқорида тилга олинган моддалар бўйича айблов сақланиб қолган.

Ўзбекистон президенти администрациясига яқин мулозим собиқ Бош прокурор иши Харбий суднинг ëпиқ мажлисида кўрилишини билдирди.

Суд жараёни айнан қачон бошланиши аниқ эмас. Озодлик суҳбатлашган мулозимга кўра, суд жорий ҳафта ичида бошланиши мумкин.

Озодлик суҳбатлашган мулозимга кўра¸ “айблов хулосасидан бир нусхаси Ўзбекистон президенти администрациясига тақдим қилинган".

Муродовни ҳимоя қилаëтган адвокатга яқин манбанинг Озодликка айтишича¸ “ижро ҳукумати бўғини бўлган президент администрациясига айблов хулосаси берилгани” мавжуд қоидаларга зиддир. Унинг яна айтишича, Муродовнинг уйидаги тинтув давомида мавжуд процедураларга тўла риоя қилинмаган.

Адвокатга яқин манбанинг Озодликка айтишича, жорий йилнинг 5 ноябрида Отабек Муродовнинг Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Марказ-5 даги хонадони (Озодликда уй ва хонадон манзили мавжуд) ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралар ходимлари томонидан тинтув қилинган.

Шунингдек, Отабек Муродовнинг хавфсизлик идораларидан бирида ишлаб келган жияни М.А. (исм-фамилияси Озодликка маълум) ўз аризасига кўра ишдан бўшаган.

Отабек Муродов жорий йилнинг 18 сентябрь куни терговга чақирилган ва ўша куни тергов изоляторидан қўйиб юборилмаган.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис шахси сир қолишини сўраган бир-биридан мустақил мулозимларга кўра¸ Отабек Муродов 18 сентябрда ДХХ изоляторига ДХХ собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаев иши бўйича сўроққа чақирилган.

Собиқ бош прокурор 19 сентябрга ўтар кечаси ўша изоляторда олиб қолинган ва бугунга қадар чиқарилмаган.

Мулозим иддаосига кўра¸ бунга қадар уй қамоғида сақланган собиқ Бош прокурор Муродовга нисбатан эҳтиëт чораси ўзгартирилган.

Унинг шу кунларда халқ орасида Тошкент шаҳридаги “Зарафшон” деб айтиладиган ДХХ тергов изоляторида сақланаëтгани ҳақида уни яқиндан таниганлардан бири Озодликка маълум қилган эди.

Ўзбекистон президенти администрациясига яқин мулозим бу хабарни тасдиқлади.

Айни пайтда Озодлик ихтиëрида бу иддаоларнинг расмий тасдиқ ëки инкори ҳозирча йўқ. Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Озодликнинг бу ҳақдаги сўровини жавобсиз қолдирди.

Президент фош қилган эди

Жорий йил 21 июнь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 20-ялпи мажлисида чиқиш қилган президент Шавкат Мирзиёев 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси Отабек Муродовга нисбатан жиноят иши очилганини маълум қилган эди.

Мазкур чиқишида Мирзиёев собиқ бош прокурор ўз ишончини оқламаганини таъкидлаган эди.

"Бу нима деган гап? Мансаб берса, дарров ўзгариб қолади. Вилоят прокурорларидан 100 минг, 50 минг долларлаб олинади. Прокуратура ва солиқ тизимидагиларнинг ҳаммаси порахўр. Мен буни яхши биламан. Мен Муродовга ишонч билдиргандим" деган эди Шавкат Мирзиёев.

Президент Мирзиëев ўз нутқида устидан жиноят ишлари қўзғатилган раҳбарларнинг барчаси жазоланишини айтган эди.

"Прокуратурада коррупция бўлаверадиган бўлса, мен қандай қилиб инвесторларни жалб қиламан? Инвестор депутат ёки ҳукумат одамидан эмас, тадбиркордан сўрайди давлатдаги ҳолат ҳақида. Тадбиркор нима дейди? Прокурор ҳам, вазир ҳам пул олади дейди-да! Собиқ раҳбарларнинг ҳаммаси, у Абдуллаев бўладими бошқасими, катта муддат билан кетади" деган эди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг бу гапидан кейин собиқ прокурор уйидан терговга конвой ҳамроҳлигида олиб кетилиб, прокуратуранинг ишдан бўшатилган собиқ мулозимлари билан юзлаштирилгани иддао қилинган эди.

Рутбадан маҳрум қилинган эди

20 июнь куни Бош прокуратура биносида ўтказилган мажлисда Бош вазир Абдулла Арипов ва президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов Отабек Муродовни учинчи даражали адлия маслаҳатчиси рутбаси ва барча давлат мукофотларидан маҳрум этган эди.

Бу ҳақда мажлиснинг бевосита қатнашчилари Озодликка ўша куниëқ хабар қилган эди.

Озодлик Отабек Муродов билан боғлиқ тергов жараëни ҳақида унинг яқинларидан маълумот олишга ҳаракат қилди.

Ҳозирча Муродов яқинлари матбуот билан мулоқот қилишдан ўзини олиб қочмоқда.

Ўзбекистон тарихидаги энг ëш бош прокурор бўлган Отабек Муродов бу қудратли ва ëпиқ идорани матбуот учун очган раҳбар сифатида эътиборга тушган.

Ихтиёр Абдуллаев иши

Жиноий уюшма тузганликда айбдор топилган Ихтиёр Абдуллаев 18 йилга озодликдан маҳрум қилингани тўғрисида Озодлик 27 сентябрда хабар қилган.

Ўша куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати Ўзбекистон Республикаси Харбий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг (ДХХ) собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан айблов ҳукми эълон қилинини хабар қилган.

Олий суд хабарида бундай дейилган:

Икки ойдан ортиқ давом этган ёпиқ суд мажлисида судланувчиларнинг, уч юздан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланиб таҳлил қилинди, дастлабки тергов органи томонидан тўпланган далилларга баҳо берилиб, судланувчиларнинг важлари текширилди.

Натижада, Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этиб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиб, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олиш, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш, товламачилик, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, жиноятлар мажмуи тариқасида 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

XS
SM
MD
LG