Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:38

Ўзбекистоннинг "Тож Маҳали" хавф остида: уни евроремонт қилишмоқчи


Абдулазизхон мадрасаси (ички кўриниши)
Абдулазизхон мадрасаси (ички кўриниши)

Бухорода 1652 йилда қурилган, 1997 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига кирган Абдулазизхон мадрасаси таъмирлана бошлангани мутахассислар ташвишига сабаб бўлди.

Озодликка маълум бўлишича, таъмирчи усталар мадраса деворидаги ëриқларни суваб, ўчиб кетган нақшларни қайта чизмоқчи.

Қадимшунос меъморнинг айтишича, бундай “реставрация” оқибатида дунë меъморчилиги мўъжизаси ўз бадиий қийматини йўқотиши мумкин.

Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда шу вазирлик қошидаги Ёдгорликларни сақлаш бош бошқармасининг Озодлик 9 январь куни суҳбатлашган мутахассислари “Мадраса таъмири ўта эҳтиëтлик билан олиб борилиши ва обида ичидаги нақшлар консервация қилинишини” айтишди.

Тошкентлик қадимшунос меъмор Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ “Марказий Осиë меъморчилигида илк бора сариқ ранг қўлланган бу мураккаб меъморлик ансамблини таъмир қиладиган мутахассислар ва бу муракккаб таъмирни амалга ошириш учун астрономик катта маблағ” мавжуд эмас:

- Мадрасани шу ҳолида сақлаш керак. Ўзи 1997 йили бу мадрасани таъмир қиламиз деб, анчайин зарар етказишган эди. Бинони ёриқлари¸ синган ва кўчган жойлари билан сақлаш керак. Аштархонийлар даврида қурилган бу меъморлик асари ложувард кошин¸ қабариқли майолика¸ мармарга ўйиб ишланган нақш¸ ганч ўймакорлиги ва қабариқ фактура устига юпқа олтин варақлар қопланиб безалган ўта мураккаб ансамблдир. Семурғ¸ аждарҳо¸ тўрғай ва дарахтларнинг кошинга туширилган тасвири ўта мураккаб. Буни таъмир қилиш узоқ вақт¸ малакали усталар ва ўта катта маблағни талаб қилади. Масалан, олтин қисмини таъмирлаш учун Германия ëки Италиядан саноат роботи келтириш керак. Ложувард кошин ишлаб чиқарадиган ягона устахона Машҳад (Эрон) шаҳрида бор. Мармар лавҳларни махсус эпоксид ва балиқ суягидан бўлган қоришма билан мустҳкамлайдиган мутахассислар Италиянинг ўзида саноқли.

Бухоро дунëдаги қадимий шаҳарлардан бири
Бухоро дунëдаги қадимий шаҳарлардан бири

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини истаган мулозими Озодлик билан 9 январь кунги суҳбатда республикада обидалар таъмири учун ажратилаëтган маблағнинг ўта камлигини тан олди ва бутун куч, нима қилиб бўлса ҳам, обидани нурашдан сақлашга қаратилганини таъкидлади:

- Абдулазизхон мадрасасининг меъморий қийматини биламиз. Бино ЮНЕСКО рўйхатида 602- рақам билан турибди. Бинони сақлаш Маданият вазирлиги зиммасига юкланган. Иложи бор қадар борини сақлашга ҳаракат қиламиз. Вазир ўринбосари Камола Оқилова барча ташкилотларга мактуб юбориб, обидаларни реставрация эмас¸ балки консеврвация қилиш кераклигини уқтирган. Реставрация қилиш қиммат нарса. Юзлаб обидалар таъмирталаб бўлган Ўзбекистонда йилига тўртта обьектни таъмир қилишга етадиган бюджет бор холос.

Мулозим Шаҳрисабз ва Самарқандда яқин ўтмишда (5 йил олдин) қилинган таъмир ишларининг ЮНЕСКО экспертлари тарафидан танқид қилинганидан хулоса чиқарилганига эътибор қаратди.

- Малакасиз реставрация оқибатида Шаҳрисабз шахрининг тарихийлигига путур етгани биз учун жиддий дарс бўлди. Бундан буëн таъмир жараëнида обидаларнинг оригиналлигини сақлаб қолишга алоҳида эътибор беряпмиз,- деди мулозим.

Гулдасталар қайта чизиладими?

Озодликнинг Бухородаги мобил мухбири Абдулазизхон мадрасасини 9 январь куни бориб кўрди. Таъмирчи усталар Озодлик мобил мухбирига мадраса деворидаги ëриқлар сувалиб, ўчиб кетган нақшлар қайта чизилиши ҳақида маълумот берган.

Қадимшунос меъмор Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ мадраса ички деворидаги ўчиб кетган “гулдаста” ва “ҳаëт дарахти” нақшларини қайта чизишга зарурат йўқ:

- Мен 2 январда бориб кўрдим охирги марта. Гулдасталар тасвири ўчиб кетган. Аммо ўчган излари қолган. Бу худди Туриндаги (Италия) Исои Масиҳ ўралган кафанлик бўзга Исо расмини чизган билан баробар. Туриндаги бўзда Исои Масиҳнинг мавҳум излари қолган. Шу изни кўраман деб миллонлаб турист Туринга боради. Мен сизга Абдулазизхон мадрасаси ичидаги гулдаста излари қолган лавҳлар суратини юборай. Ўзингиз кўринг. Шу қадимий лавҳ устига замонавий рассом ислимий нақшларни чизиб қўйса ярашадими? Худди Англия музейидаги қадимий викинглар қайиғи ўрнига моторли лодка қўйгандай бўлмайдими?

Мадраса ичидаги "гулдаста" ўрни
Мадраса ичидаги "гулдаста" ўрни

Меъмор Абдумалик Турдиев Конимех туманидаги ўн биринчи асрга оид қадимий “Работи Малик” ансамбли реставрация оқибатида таниб бўлмас ҳолга келгани ва бу ансамбль номи зикр қилинган халқаро туризм маршрутларида “новодел-фейк” деган ном олганини хавотир билан айтди:

- Бухородаги қадимий мадрасани таъмирлайман деб бузишмасин. Илтимос. “Работи Малик”ни расво қилишди. Хивадаги “Қўй дарвоза”ни евроремонт қилиб, ëнига замонавий вокзал қуриб горизонтал манзарани бузишди. Бухородаги “Чор минорнинг” битта минорасини темир бетондан ясаб қўйишди. Етар энди! Булар чарчамаса ҳам биз чарчадик!

Таниқли рассом ва санъат жонкуяри Ғайрат Қўзибоев¸ бухоролик рассом ва фотосуратчи Шавкат Болтабоевлар ҳам ижтимоий тармоқда Марказий Осиë архитектурасининг “Тож Маҳали “ бўлган Абдулазизхон мадрасасини “қандай бўлса, шундайлигича сақлаб қолиш” зарурлигини таъкидлашди.

Балхлик хоннинг Бухорода қурган мадрасаси

Абдулазизхон мадрасаси Бухородаги Улуғбек мадрасаси қаршисида қурилган.

Унинг қурилишига ҳомийлик қилган Бухоро хони Абдулазизхон (1614-йил Балх – 1681-йил Макка) Нодир Муҳаммадхоннинг катта ўғли бўлган. 1645-йилдаги фитна натижасида Бухоро хонлиги тахтини эгаллаган Абдулазизхон кўпгина муҳташам бинолар қурдирган.

Мадраса тузилиши оддий ва ҳужралари икки бўлмали. Катта пештоқ нафис ва нодир кошинкори нақшлар билан зийнатланган. Ислимий нақшлар қаторида афсонавий жониворлар тасвири ҳам берилган. Мадраса ҳужралари, айниқса, жанубий айвон пештоқи турли-туман нақшлар билан безатилган. Гумбаз шипининг ганчли муқарнаслари орасида ислимий нақшлар ва олтин япроғи ëпиштирилган безаги бор.

Бугунги кунда мадраса ҳовлисида сайёҳлар учун миллий мусиқа ва фольклор томошалари кўрсатилади. Шимоли-шарқий бурчагидаги миёнсаройда Бухоро ёғоч ўймакорлиги намуналаридан иборат кўргазма ташкил этилган.

1997 йилда Абдулазизхон мадрасаси ЮНEСКО ташкилотининг Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган.

XS
SM
MD
LG