Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 07:14

Ўзбекистон ҳукумати Шаҳрисабзни ЮНЕСКО рўйхатида қолдириш учун тиришмоқда


Dorut Tilovat madrasa 1435 (Shakhrisabz, Uzbekistan)

26 июнь куни Баҳрайн пойтахти Манамада ЮНЕСКО Шаҳрисабз тарихий марказини умумжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўчириш ёки қолдириш масаласини муҳокама қила бошлади. Тарихий обидани умумжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўчириш ҳақидаги қарор лойиҳасини ЮНЕСКО нинг Умумужаҳон маданий мероси маркази ва экспертлар гуруҳи тақдим этди. Бу қарорни Норвегия, Австралия ва қисман Испания вакиллари қўллаб қувватлади.

Айни пайтда умумжаҳон мероси қўмитасидаги 15 давлат вакили бундай қарор лойиҳасига овоз беришдан бош тортди ва президент Мирзиёев ҳукуматига Шаҳрисабздаги қолган обидаларни асраб қолиш режасини ишлаб чиқиши учун яна бир йил муҳлат беришни таклиф қилди.

Ўзбекистон ҳукуматига имкон бериш таклифини Озарбайжон¸ Куба, Зимбабве¸ Ангола¸ Босния – Герцоговина¸ Буркина-Фасо¸ ва Қирғизистон дохил 15 давлат ëқлаб чиқди.

ЮНЕСКО нинг ушбу анжумани YouTube саҳифасида тўғридан-тўғри кўрсатиб борилди.

Ҳозирча Бразилия вакили бошчигида камида 12 давлат намоёндалари билан биргаликда ишлаб чиқиладиган ва Ўзбекистонга яна бир йил имконият беришни кўзда тутган янги қарор лойиҳасини 27 июнь куни тақдим этишга келишилди.

Лойиҳада экспертлар гуруҳи томонидан Шаҳрисабзга берилган “буткул вайрон қилинган”, “қайта тиклаб бўлмайдиган” каби бир қатор “кескин” дея танқид этилган таърифлар юмшатилиши кутилмоқда.

26 июнь кунги қизғин мунозаралардан сўнг ҳеч бир қарор лойиҳаси овозга қўйилмади.

Вайрона кўлами хулосаларда акс этди

Баҳрайн анжуманида Шаҳрисабз муҳокамасини ЮНЕСКО Умумажаҳон мероси маркази котибиятининг Осиë ва тинч океани ҳавзаси бўлими раҳбари Фенг Жинг (Feng Jing) очиб берди ва марказ ва маслаҳат гуруҳининг хулосаларини эълон қилди:

- Энг ачинарлиси, Шаҳрисабз марказида амалга оширилган қурилиш ишлари шаҳарнинг тарихий қиёфасини шу қадар вайрон қилдики¸ энди ҳатто қадимий кўчалар жойлашувини аниқлаш ва тиклаш имконсиздир. Қадимий обидалар ва шаҳар ўртасидаги узвий алоқани қайта тиклаш эришиб бўлмайдиган мақсадга айланди. Алоҳида турган обидаларга келсак, улар шундай кенг кўламли ва батафсил реставрация қилингани боис обидаларнинг асл қиёфаси тиклаб бўлмас даражада зарар кўрган¸ - деди Фенг Жинг.

Умумжаҳон мероси маркази ва унинг маслаҳат гуруҳи қўмитага юзага келган вазият борасида чуқур ташвиш билдириш, Шаҳрисабз ўз олий тарихий қадр қийматини йўқотганини тан олиш ва бу обидани умумжаҳон маданий мероси рўйхатидан чиқаришга қарор беришни маслаҳат қилади:

"Шаҳрисабзда юзага келган муаммоларга бугунги кунда Ўзбекистоннинг бошқа маданий мерос рўйхатидаги обидалар ҳам дуч келмоқда. Булар Бухоро тарихий маркази, Ичан Қалъа ва Самарқанд маданиятлар чорраҳаси обидаларидир. Умумжаҳон мероси маркази ва унинг маслаҳатчи гуруҳлари бу ерда давлат томонидан амалга оширилаётган реставрация ишларидан ўта ташвишдадир. Бу уч обида кенг кўламли туризм ва қурилиш лойиҳалари учун таклиф қилинган. Биз Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан бу ерда ҳам Шаҳрисабзда бўлгани каби талафотлар олдини олиш учун ёрдамимизни қабул қилишларини сўраб қоламиз," дея таъкидланади Умумжаҳон мероси маркази тақдимномасида.

Расмий Тошкент рад қилади

ЮНЕСКО Умумжаҳон Мерос қумитасининг анжуманида Ўзбекистонни тақдим этган ҳукумат вакили Баҳрайн (Июн 26,2018)
ЮНЕСКО Умумжаҳон Мерос қумитасининг анжуманида Ўзбекистонни тақдим этган ҳукумат вакили Баҳрайн (Июн 26,2018)

Аммо Ўзбекистон ҳукумати номидан сўзга чиққан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ЮНЕСКОдаги вакили экспертлар хулосасидаги эътирозларни рад қилди:

- Биз шуни маълум қиламизки, Шаҳрисабз тарихий марказининг юксак тарихий қадр-қиймати ва асл тарихий қиёфаси сақлаб қолинган. Бу ерда сизга кўрсатилган суратлар бор вазиятни акс эттирмайди. Ўрта асрга оид барча тарихий обидалар сақлаб қолингани рост. Қурилиш ишлари фақатгина 10 фоиз ҳуддудда амалга оширилган. Бу ҳудудда бузилишга тушган объектлар авариявий ҳолатда бўлган, сувсиз, газсиз, электрсиз ва санитария ҳолати абгор бўлган уйлардир. Иккинчидан, биз, халқаро экспертлар тавсиясига кўра, ўрта аср обидаларини асраб қолиш учун янги дренаж тизимини қурдик. Ўзбекистон ҳукумати Маданий мерос рўйхатига киритилган обидаларни асрашга қаратилган махсус йўл харитасини қабул қилди. 26 банддан иборат ушбу лойиҳада миллий қонунчилликка ўзгартириш киритиш, янги бошқарув тизимини жорий этиш ва бошқа ишларни амалга оширишни мўлжалланган. Гапимнинг якунида шуни айтаманки, Шаҳрисабзни умумжаҳон мероси рўйхатидан чиқариш каби кескин қарорни қабул қилишдан олдин нафақат маслаҳат гуруҳи экспертлари, балки қўмита аъзолари ҳам бу тарихий обидаларни бориб кўриши керак деб ўйлаймиз, - деди Ўзбекистон ҳукумати вакили.

Айни йиғилишда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Акилова Камола Балтабаевна ҳам иштирок этди.

Баҳсли "реставрация"

Ўзбекистон ҳукумати Шаҳрисабздаги баҳсли реставрацияни 2014 йилда бошлаган эди.

Натижада, ЮНЕСКО маданий мерослари рўйхатига киритилган қадимий маҳаллалар ўрнини кенг хиёбон, автомобиллар тўхтаб туриш жойи ҳамда узун савдо маркази эгаллаган.

​ЮНЕСКО Жаҳон маданий мероси марказининг Осиё ва Тинч океани бўлими етакчиси Фенг Жинг бундан икки йил олдин Озодлик билан суҳбатда Шаҳрисабздаги еттита қадимий маҳалланинг шаҳар тарихий марказида жойлашган иккитаси бутунлай бузиб ташлангани ҳақида маълумот берган эди.

Фенг Жинг 2016 йилнинг март ва декабрь ойларида Шаҳрисабзга сафар қилган ЮНЕСКО кузатув гуруҳига етакчилик қилган эди.

Шаҳрисабзнинг ҳимояланган ёдгорликлари ёнида сайёҳлар учун меҳмонхона қуриш ҳақидаги Ўзбекистон расмийлари режаси 2016 йил ЮНЕСКО расмийлари қистови билан тўхтатилган эди.

Аммо, бу пайтга келиб шаҳарга зиён етиб бўлганди: бир неча қадимий анъанавий маҳалла бузиб ташланган, ЮНЕСКО мақоми берилгани учун ҳимояланиши керак бўлган қадимий ариқлар йўқ қилинганди.

ЮНЕСКО кузатувчилари сўзларига кўра, XIV-XV асрларда қад кўтарган ёдгорликлар "номақбул, асл бўлмаган ҳамда қайта олиб ташлаб бўлмайдиган (темир-бетон) реставрация материллари" ёрдамида ҳамда халқаро консервация услубларига амал қилмаган ҳолда реставрация қилинган.

Уларга кўра, неча асрлар давомида сақланиб қолган ғиштларни тозалаш жараёнида уларга тузатиб бўлмайдиган зарар етказилган.

Замонавий тарашлаш машиналари ёрдамида XIV асрда қурилган “Дорус-Саодат” мажмуаси, ўрта асрларда қурилган ҳаммомлар, XV асрда қурилган Кўк гумбаз масжиди ҳамда XVIII асрда қурилган Чорсу бозорлари тозалаб, ялтиллатилган.

Ўзбекистон Меъморлар уюшмаси аъзоси Абдумалик Турдиев Озодлик билан суҳбатда Шахрисабз эски шаҳар мавзеининг катта қисми йўқ қилинганини айтди:

"Шаҳризсабз шаҳри энг қадимий қисмининг 10 фоиздан ортиғини бузиб ташлашибди. Меъморлар ва соҳа мутахассислари фикрини инобатга олишмади. Барибир бу соҳа меъморлар қўлида эмас, бизнесмен пудратчилар қўлида. Бизда қуришдан бузиш яхши пул турар экан. Шунинг учун булар бузишга ишқибоз. Агар имкон бўлса, Ўзбекистондаги тарихий масканларда ҳар қандай қурилиш-таъмирлаш ишларини номаълум муддатга тўхтатиш керак”, дея таклиф қилди меъмор.

Турдиевга кўра, Шаҳрисабздаги Жаҳонгир мақбараси ва Ҳазрат Имом масжиди ҳам реставрация боис тарихий қийматини йўқотган:

"Ўзбек мулозимлари консервация эмас, реставрация тарафдоридир. Мустақиллик давридаги “Амир Темур мафкураси” туфайли Шаҳрисабзда мисли кўрилмаган таъмирлаш ишлари натижасида шаҳар кўрки қайтиб бўлмас миқёсда бузилди. Амир Тeмурнинг 660 йиллиги мунoсабати билан олиб борилган "тезлаштирилган реставрация" боис Оқсарой қадимий обидадан кўра Диснейленд мультикларидаги Аловиддин саройига ўхшайдиган псевдо обидага айлантирилди", - дейди суҳбатдош.

Самарқанд ва Шаҳрисабз обидалари ҳақидаги туркум мақолалар муаллифи¸ журналист ва ëзувчи Ҳабиб Темиров Озодлик билан суҳбатда қадимий биноларни консервация қилмасдан "ялтиратиб таъмирлаш" ўзини оқлаганини айтади.

Айни пайтда суҳбатдош Амир Темур даврида қад ростлаган Шахрисабзнинг ўн фоизини тиклаб бўлмас ҳолга келтирган мулозимларга чора кўриш керак деган таклифни билдирди. Темировга кўра, ЮНЕСКО Шаҳрисабзни ўз рўйхатидан чиқармаслиги керак.

Шарҳларни кўринг (7)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG