Линклар

Шошилинч хабар
05 август 2021, Тошкент вақти: 10:11

40 даража жазирамада ишлаш мумкинми?


Гидрометеорология хизматига кўра, 12 июнь куни Ўзбекистонда 40 даражагача иссиқ бўлади.

Деҳқонлардан Озодликка бўлган мурожаатларда, аномал иссиқ пайти далада ишлаш тартиб-қоидалари борасида сўралган.

Ўзбекистон қонунларида жазирама пайти ишчиларга бирон-бир енгиллик кўзда тутилганми?

OzodJavob рукнида ушбу саволга жавоб изланди.

Уч асрда янгиланган рекорд иссиқлик

“Ўзгидромет” жорий йилнинг 3–7 июнь кунлари Тошкентда уч асрнинг максимум ҳарорати кузатилганини маълум қилди.

Шу кунлари Тошкентда ҳаво ҳарорати +44,6 даражага етган бўлиб, бу кўрсатгич 1997 йил 18 июлда кузатилган.

Мамлакат жанубидан олинган хабарларга қараганда, ўтган ҳафта иссиқлик +50 даражадан ошган ҳолатлар ҳам кузатилган.

6 июнь куни ҳарорат +42,6 даражага етган, шу кунги энг юқори ҳарорат 1811 йилда қайд этилган бўлиб, +38,5 даража иссиқ бўлган.

12 июн куни эса ҳаво ҳарорати +40 даражагача кўтарилади.

Жазирама: ўзбекистонликлар аномал иссиқда қандай жон сақламоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:51 0:00

Аномал иссиқда ишлаш мумкинми?

Сурхондарёнинг Денов туманидан Озодликка боғланган деҳқон йигит юқори ҳароратли об-ҳаво шароитида далада ишлаш мумкинми, дея сўради:

“Бунақанги иссиқни 30 ёшимга кириб, биринчи марта кўришим. Иссиқ жуда даҳшат бўляпти. Телевизорда айтган градусдан анча кўп. Обедга яқин далага кириб, ишлаб бўлмаяпти. Одам иссиқдан бўғилиб қоляпти. Обедда дала ўртасида иссиқ 60 градусгача чиқади. Шу каби аномал иссиқда ишлаш мумкинми?”.

Озодликка шу каби мурожаатлар кўп бўлгани сабаб мутахассислар ёрдамида ушбу саволга жавоб изладик.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Озодлик боғланган мутахассисига кўра, баланд ҳароратда даладаги иш соатларини ўзгартириш лозим:

“Йилнинг иссиқ даврида очиқ майдонларда бажариладиган ишлар ҳаво ҳарорати +36 даражадан юқори бўлганда инсон соғлиғи учун ўта хавфли ҳисобланади. Шундай об-ҳаво ўтган ҳафтадан бошлаб, кузатилмоқда. Бундай пайтда белгиланган норматив ҳужжатларга кўра, иш режимини ўзгартириш лозим. Эрталаб кун қизигунга қадар ва кечқурун кун иссиғи пасайгандан кейин ишга чиқиш лозим. Иш берувчилар иш вақтини куннинг салқин вақтларига кўчирган ҳолда ташкил қилишлари лозим”.

Иш вақти ўзгарганидан ташқари, мутахассисга кўра, қурилиш майдонлари ёки далаларда ишловчилар иш берувчи томонидан мавсумга мос бўлган ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.

“Шунингдек, иш берувчи ўз ходимларини бепул минерал сув билан ҳам таъминлаши керак”.

Мутахассиснинг айтишича, баланд ҳарорат сабаб иш вақти ўзгарган ёки қисқарган пайтда ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолинади.

Бино ичкарисида қандай ҳароратда ишлаш мумкин эмас?

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги сайтидаги маълумотга кўра, баланд ҳарорат пайти бино ичкарисида ишлаш учта категорияга қараб белгиланади:

  • Енгил I-категорияли ишлар: Иш жараёни ўтирган ҳолда амалга оширилса, жисмоний оғирлик талаб этилмаса, ҳаво ҳарорати +27 даражадан ошмаслиги керак.
  • Ўрта оғирликдаги II-категорияли ишлар: Иш жараёни ўтирган ва қисман юрган ҳолатда амалга оширилса, ишчи 1 кг.дан 10кг.гача бўлган буюмларни кўтарса, ҳаво ҳарорати +25 даражадан баланд бўлмаслиги лозим.
  • Оғир III-категорияли ишлар: Иш жараёни доимий ҳаракатда амалга оширилса, ишчи 10 кг.дан юқори бўлган юкларни кўтарса, ҳаво ҳарорати +23 даражадан ошмаслиги лозим.

Белгиланган тартибга кўра, ҳаво ҳарорати баланд бўлган тақдирда иш берувчи бино ичкарисида ишловчи ходимларини кондиционер, вентиляция, ишлаб чиқариш майдонларга ўрнатилган қуруқ ҳавони намлаштириш ускуналари билан таъминлаши лозим.

Агар бундай жиҳозлар билан таъминлаш имкони бўлмаган ҳолатда ходимларнинг иш режимини ўзгартириш ва дам олиш вақтларини кўпайтириш ёки иш вақтини қисқартирилиши керак.

Шунингдек, бундай шароитда ишлаётган ишчилар бепул минерал сув билан таъминланиши лозим, дейилади mehnat.uz сайтидаги маълумотда.

Меҳнат кодексининг 211-моддаси ҳамда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги” қонуннинг 23-моддасига мувофиқ, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради.

Агар иш берувчи ушбу талабларни бажармаса, ходим ишлашни рад этиш ҳуқуқига эга. Бу Меҳнат кодексининг 219-моддасида қайд қилинган.

Шифокор: Баланд ҳароратда ишлаш соғлиқ учун зарар

Шифокорларнинг айтишича, баланд ҳарорат пайти ишлашнинг одам соғлигига салбий таъсир қилиш эҳтимоллари жуда кучли:

"Ҳаво ҳароратининг меъёрдан баланд бўлишидан биринчи навбатда қон босими баланд ва юраги хаста кишилар азият чекади. Уларда патологик ҳолатлар кузатилиши мумкин. Меъёрдан баланд ҳароратда ишлаш оқибатида юрак уришининг мароми бузилиши мумкин. Умуман иссиқ ҳароратда юрак-қон томир ва респиратор касалликлар оғирлашиши мумкин", - дейди Тошкент шифохоналаридан бирининг шифокори.

Иссиқдан сақланиш учун mehnat.uz тавсиялари:

  • - тўғридан-тўғри қуёш нурларидан сақланиш, кўпроқ сояда бўлиш;
  • - имкон қадар қўчада ўтказиш вақтини чеклаш;
  • - ёрқин рангли, енгил, табиий матолардан тикилган кийим кийиш;
  • - иссиқдан ҳимояланиш учун, айниқса, ёши 55-дан юқори бўлган одамлар учун бу жуда зарур, бош қийим ёки соябон билан юриш;
  • - жисмоний фаолиятни камайтириш;
  • - автомашинани бошқариш вақтини қисқартириш;
  • - кўпроқ сув ичиш, илиқ чой ёки газланмаган минерал сув;
  • - спиртли (алкоголь) ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилмаслик лозим.
XS
SM
MD
LG