Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2021, Тошкент вақти: 05:50

Халқаро хабарлар

Демократлар келгуси ҳафтада Трампга импичмент эълон қилишга тайёрланмоқда

АҚШ Конгресси биноси.

Демократлар ҳукмронлик қилаётган АҚШ Намояндалар палатаси келаси ҳафтада президент Дональд Трампга импичменти эълон қилишни режалаяпти.

АҚШ Капитолийига қилинган ҳужумдаги роли учун бир неча республикачи сиёсатчи Трампни дастаклашдан воз кечди, Twitter платформаси эса президентни бутунлай блоклади.

Демократлар 11 январь куни импичмент жараёнини расман бошлашни режаламоқда.

8 январь куни Намояндалар палатаси спикери Нэнси Пелоси агар вице-президент Майк Пенс ва президент маъмурияти Конституцияга киритилган 25-тузатиш асосида Трампни лавозимидан четлатмаса, бошқа чора кўрилишини айтиб, огоҳлантирган эди.

Трампнинг президентлик муддати бир неча кундан сўнг якунланади. Шунинг учун уни бу қисқа вақт ичида лавозимидан четлатиш мушкул бўлади.

Келаси ҳафтада Намояндалар палатаси Трампга импичмент эълон қилган ҳолатда ҳам, 100 сенатор 19 январгача давом этувчи танаффусдан олдин Сенатда тўпланиши керак бўлади.

Кун янгиликлари

Толибон Тожикистон билан чегарадош Қундуз шаҳрини қамал қилди

Қундуз шаҳри манзараси.

Афғонистонда Толибон Тожикистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган Қундуз шаҳрини қамал қилди. Толибон Афғонистондан Тожикистон ҳудудига ўтувчи йўл назоратини ҳам ўз қўлига киритди.

23 июнь куни АҚШ конгрессида қилган чиқишида Қуролли кучлар қўшма штабининг раҳбари генерал Марк Милли Толибон Афғонистондаги 419 туман марказидан 81тасини назорат қилаётганини билдирди.

Унга кўра, Толибон АҚШ ҳарбийларининг Афғонистондан чиқариш жараёни ҳали бошланмай турибоқ 60та туманни босиб олган.

Афғонистондан АҚШ ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш жараёни 1 майда бошлаган ва 11 сентябрда якунланиши кутилмоқда.

22 июнда Толибон Тожикистон билан асосий чегара -ўтказиш маскани бўлган Шерхон Бандар шаҳрини эгаллаган эди. Бу шаҳар вилоят маркази Қундуздан 50 километр узоқликда жойлашган.

Россиянинг Ленинград вилоятида ўзбекистонлик қурувчи ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Ленинград вилояти Всеволож туманида 22 ёшли ўзбекистонлик қурувчи йигит янги қурилаётган уйнинг юқори қаватидан йиқилиб тушиб, ҳалок бўлди.

78.ru нашрининг полицияга таяниб хабар беришича, ҳодиса 17 июнь куни Старая қишлоғида юз берган. Ўзбекистонлик йигит қурилаётган 12 қаватли уйнинг иккинчи қаватидан йиқилиб тушган.

Йигит Всеволож туман касалхонасига оғир аҳволда олиб келинган. Орадан тўрт кун ўтгач-21 июнь куни йигит касалхонанинг жонлантириш бўлимида хушига келмай вафот этган.

Канада БМТда Хитойни уйғурларни дискриминация қилаётганликда айблади

Шинжондаги қамоқлардан бири.

Канада ва яна бир неча давлат БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашида Хитойдан Шинжонга мустақил кузатувчиларни киритишни талаб қилди ва Пекинни уйғурларни дискриминация қилаётганликда айблади.

Женевада ўтаётган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши сессиясида Канада вакили бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачлет 2018 йилдан бери Хитой ҳукумати унга Шинжонга киришга рухсат бермаётгани ҳақида гапирди.

Канада, шунингдек, Хитойдаги қайта тарбиялаш лагерларида миллионлаган уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларга нисбатан ноинсоний муносабат бўлаётганини таъкидлади ва бундан ташвиш билдирди. Канада позициясини 40 давлат қўллаб-қувватлади.

Хитой вакили бунга жавоб қайтарар экан, Канадада маҳаллий ҳиндулар қирғин қилинганини эслатди ва “Оттава олдин ўзидаги муаммоларни ҳал қилиб олсин” тариқасида гапирди.

АҚШ, Канада, Британия ва Европа Иттифоқи Хитойни уйғурлар ва мусулмонлар ҳуқуқини бузаётганликда айблаб келади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти болаларни коронавирусга қарши эмлаш мумкинлигини билдирди

Айни пайтда болалар учун коронавирусга қарши вакцина синовлари ўтказилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти – ЖССТ болаларни COVID-19га қарши эмлаш мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида билдирилди.

Жорий ҳафта бошида ташкилот болаларни коронавирусга қарши эмлаш мумкин эмас, деган хулосани берган эди. Бунга вакциналарнинг болаларга қандай таъсир кўрсатиши тўлиқ ўрганиб чиқилмагани сабаб қилиб кўрсатилганди.

ЖССТнинг янги хулосасида 12 ёшдан ошган болаларни Pfizer вакцинаси билан эмлашга рухсат берилган. Шунингдек, ташкилот айни пайтда болалар учун коронавирусга қарши вакцина синовлари ўтказилаётганини таъкидлаган.

Аввалроқ Европа дори-дармонни назорат қилиш агентлиги 12-15 ёшдаги ўсмирларга коронавирусга қарши вакцинани қўллашга рухсат берган эди.

Қирғизистон президенти Туркманистон ва Тожикистонга боради

Садир Жапаровнинг Тожикистонга сафари 2 май кунига режалаштирилган эди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 27-28 июнь кунлари расмий сафар билан Туркманистон пойтахти Ашхабодга боради. У ерда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов билан икки томонлама ҳамкорлик, халқаро ва минтақавий долзарб муаммоларни муҳокама қилади.

Шундан сўнг, 28-29 июнь кунлари Жапаровнинг Тожикистонга сафар қилиши режалаштирилган. У ерда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан асосан чегара масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.

28-30 апрель ва 1 май кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли можародан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашган эди.

Қирғизистон Тожикистонни агрессияда айблаган. Тожикистон эса чегарадаги низога қирғиз томони сабаб бўлганини билдирган. Можарода Қирғизистонда 36 киши, Тожикистонда 19 киши ҳалок бўлган.

Садир Жапаровнинг Тожикистонга сафари 2 май кунига режалаштирилган эди. Бироқ чегара жанжали ортидан бу сафар номаълум муддатга қолдирилганди.

Садир Жапаров 6 май куни матбуотга Тожикистон билан чегара масаласи ҳал этилмаганига қадар Душанбега бормаслигини билдирган эди. Қирғизистон ҳукумати ўз ҳудудидан Тожикистонга ўтувчи барча транзит йўлларни тўсиб қўйган.

БМТ: 2020 йилда Афғонистонда 2,6 мингдан зиёд бола ўлдирилган ёки майиб қилинган

Кобул яқинидаги лагерда яшаётган афғонистонлик болалар (архив сурати)

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Афғонистондаги низолашаётган томонларнинг хатти-ҳаракатлари натижасида ўлдирилган ёки майиб қилинган болалар сони кўплигидан ҳануз хавотирда эканини билдирди. Ўтган йили, БМТ маълумотига кўра, бу рақам 2 минг 619 нафарни ташкил этган.

22 июнь куни эълон қилинган “Болалар ва қуролли низолар” ҳисоботида (мазкур ҳисобот ҳар йили тузилади) БМТ 2020 йилда Афғонистонда 760 боланинг ўлдирилгани ва 1859 нафари майиб-мажруҳ қилингани ҳолатлари ташкилот томонидан тасдиқланганини очиқлаган.

Ҳисоботда айтилишича, шундан 1 минг 98 нафари — толиблар ва бошқа қуролли гуруҳлар жангарилари томонидан, 962 нафари эса ҳукумат кучлари ёки ҳукумат тарафдорлари томонидан ўлдирилган ёки майиб қилинган.

Низолашаётган томонлар камида 196 нафар ўғил болани ёллаб, уларни ўз манфаатлари йўлида қўллаганлар, шундан 172 нафари — толиблар тарафидан.

“Болалардан ҳарбий ҳаракатларда, жумладан, қўлбола портловчи қурилмаларни қўллаган ҳолда ҳужум қилиш, разведка маълумотларини тўплаш, назорат-ўтиш масканлари персоналини шакллантиришда фойдаланилган, шунингдек улар жинсий зўрланган”, дейилган ҳисоботда. Яна қайд этилишича, тўққиз нафар бола ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган ёки жароҳат олган.

Ўн уч нафар бола (тўққиз ўғил ва тўрт қиз)га нисбатан жинсий зўравонлик ҳукумат ва унга тарафдор кучлар, шунингдек “Толибон” ҳаракати жангарилари томонидан содир этилганлиги қайд қилинган.

2020 йил 31 декабрь ҳолатига 164 ўғил бола ва бир қиз бола вояга етмаганларни реабилитация қилиш марказларида сақланган — улар мазкур муассасаларга миллий хавфсизликка путур етказиш айблови билан уч ярим йилгача муддатга жўнатилган.

Бундан ташқари, аксарияти Афғонистон фуқаролари бўлмаган 318 нафар бола урушаётган гуруҳларга алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган оналари билан бирга қамоқхоналарда сақланган.

Умуман олганда БМТ 2 минг 863 нафар бола, жумладан 2020 нафар ўғил болага нисбатан уч мингдан ортиқ “жиддий қонунбузарлик” содир этилганини тасдиқлаган.

Ҳисоботда келтирилишича, қонунбузарликлар дунёнинг турли нуқталарида бўлаётган 21 қуролли можарода 19 минг 379 нафар болага нисбатан содир этилган. Шундан энг кўп ҳолатлар Афғонистон, Конго Демократик Республикаси, Сомали, Сурия ва Яманда қайд этилган.

Ҳисоботдаги маълумотларга кўра, 8 минг 521 нафар бола ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга мажбурланган. Қуролли тўқнашувларда жами 2 минг 674 бола ўлдирилган ёки майиб қилинган.

Москва вилоятида COVID-19 га қарши эмланмаганларга транспортдан фойдаланиш тақиқланиши мумкин

Москва вилояти соғлиқни сақлаш вазири Светлана Стригункова 1 июлдан вилоят ҳудудида ковидга қарши эмланмаганларга жамоат транспортидан фойдаланиш ман этилиши мумкинлигини маълум қилди.

Мулозима мазкур чора-тадбирлар аввалроқ қабул қилинган чекловлар, хусусан, вакцина олмаган фуқароларнинг умумий овқатланиш муассасаларига киришини тақиқлаш тез кунларда “кутилган натижа”ни бермаган тақдирда жорий этилишини айтган. “Кутилган натижа” деганда Стригункова айнан нималарни назарда тутганини очиқламаган.

Сўнгги кунларда Москва вилоятида 2300 дан ортиқ коронавирус юқтириш ҳоллари расман қайд қилинган бўлиб, бу бутун пандемия даври учун рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.

Июнь ойи бошларида Россияда коронавирус инфекциясининг янги турини юқтириб олганлар сони кескин кўпая бошлаган. Бу ҳолат мамлакатда эмланганлар сони камлиги ва вируснинг янги – “ҳиндча” штамми тарқалиши манзарасида рўй бермоқда.

Ҳудудларда маъмурият яна карантин талабларини кучайтириб, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаси ходимлари ҳамда давлат хизматчиларини ковидга қарши эмланишга мажбурламоқда.

Россия қонунчилигига кўра, эмланиш ихтиёрий тиббий амалиёт ҳисобланади. Шунга биноан, юристлар мажбурий вакцинация талаби қонунга зидлигини таъкидлашмоқда. Кремль ҳам эмланишнинг мажбурий бўлишига қарши эканини билдирган эди. Бироқ, шу билан бирга, ҳудудлар маъмуриятининг хатти-ҳаракатлари дастакланмоқда. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков эмланмаганлар камситиладиган кунлар “келиши муқаррар”лигини айтган.

Берлинда Ливиядаги вазиятга бағишланган иккинчи конференция иш бошлади

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ливиядаги вазиятга бағишлаб Берлинда ўтказилаётган конференцияда, Берлин, 2021 йил 23 июни

Ливиянинг ўтиш даври ҳукумати яна жорий йилнинг 24 декабрида умумхалқ сайловлари ўтказмоқчи экани ҳақида маълум қилди. Мазкур баёнот 23 июнь куни Германия пойтахтида очилган конференцияда эълон қилинган.

АР агентлиги қайдича, конференциянинг Берлинда ўтказилиши Германиянинг Ливия муаммоси бўйича позициясини эслатиб туради: ушбу мамлакат Ливиядан чет давлатларга қарашли барча қўшинларнинг олиб чиқиб кетилишига эришмоқчи.

Конференцияда Ливияда ўз манфаатларига эга 17 мамлакат вакиллари иштирок этмоқда. Улар орасида Ливия ўтиш даври ҳукумати вазирларидан ташқари, Миср, Туркия, Тунис, Жазоир, Германия, Франция ва Италия ТИВ раҳбарлари, АҚШ Давлат котиби Блинкен, Россия, БАА ва бошқа мамлакатларнинг юқори мартабали вакиллари бор.

Мазкур учрашувда 2020 йил январида Берлинда бошланган муҳокамалар давом эттирилди. Ўшанда Ливияда фуқаролар урушини олиб бораётган иккала томонга нисбатан қурол-аслаҳа эмбаргосини татбиқ этиш ва уларнинг ўт очишни тўхтатишига эришиш юзасидан келишув битими имзоланишига муваффақ бўлинганди.

Германия ташқи ишлар вазири Хейко Маас ушбу конференция тинчлик ўрнатиш йўлларини излашда янги босқич эканини, зеро унинг қатнашчилари Ливия ҳақида эмас, балки Ливия билан мулоқот қилишаётганини урғулади.

Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим Ливиядан барча хорижий қуролли отрядлар олиб чиқиб кетилишини назарда тутади. Мазкур ҳужжат туфайли 2022 йилнинг декабрида мамлакатда сайлов ўтказиш ҳақида битим имзоланишига эришилган. Шунингдек, Ливиянинг ўтиш даври ҳукумати тузилиб, жорий йилнинг февралидан ўз фаолиятини бошлаган.

Ливия ташқи ишлар вазири Наиля Мангушга кўра, Ливиядаги урушга жиддий аралашган Россия ва Туркия ўз қўшинларини мамлакатдан босқичма-босқич олиб чиқиб кетиши лозим ва “токи охирги ажнабий аскар Ливияни тарк этмагунича ҳукумат хотиржам бўла олмайди”.

Навбатдаги қадам эса, вазирнинг сўзларига кўра, Ливиядаги барча қуролли гуруҳларни ягона қўмондонлик қўл остига бирлаштириш бўлади.

Путин Қодировга яна бир бор Чеченистон президенти лавозимига сайланишни тавсия қилди

Владимир Путин ва Рамзан Қодиров (архив сурати)

Россия президенти Владимир Путин Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан 23 июнь куни видеоалоқа орқали ўтказилган мулоқотида Чеченистонни “Россия Федерациясининг энг хавфсиз субъектларидан бири” деб атади. Путинга кўра, бу ҳолатга Қодировнинг “шахсий иштироки” туфайли эришилган.

Мулоқот чоғида Путин Қодировга сентябрь ойидаги сайловга яна ўз номзодини қўйиб, Чеченистон президенти лавозимига сайланишни тавсия қилган.

Бу орада россиялик ҳуқуқ фаоллари, Европа Иттифоқи ва АҚШ сўнгги йилларда Чеченистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўта аянчли эканини бир неча бор қайд этишган. Бу ерда гап, хусусан, республика ҳудудидаги судсиз қатллар ва ЛГБТ вакилларининг таъқиб этилиши ҳақида бормоқда. Рамзан Қодиров ва унинг атрофидаги мулозимлар бу айбловларнинг барчасини рад этиб келадилар.

Шу йил апрелида Қодиров инсон ҳуқуқлари бузилаётганига оид маълумотларни ёйинлаётган журналистлар ва ҳуқуқ фаолларини “ўлдириш” ва “қамоққа ташлаш”га чақирган, куни кеча эса “Грозний” телеканали раҳбари Чингиз Аҳмадов Рамзан Қодировни танқид қилувчиларга ўлим билан таҳдид қилганди.

Британия ҳарбий кемасига Россия томонидан ўқ отилгани инкор қилинди

Британиянинг Defender ҳарбий кемаси.

Британия Қора денгиздаги ўз ҳарбий кемасига Россия томонидан ўқ отилгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

23 июнь куни Россия Мудофаа вазирлиги Қрим яримороли яқинида “чегарани бузган Британия ҳарбий кемаси”га қарата огоҳлантирувчи ўқ отилгани, Су-24 ҳарбий учоғи эса Британия кемасини ортга қайтариш учун бир нечта огоҳлантирувчи бомба ташлаганини билдирган эди. Россия 2014 йилда босиб олган Қримни ўз ҳудуди ўлароқ тақдим этади.

Британия расмийлари Қора денгизнинг Украинага қарашли бўлган қисмида Defender ҳарбий кемаси тинчлик мақсадида сузиб ўтганини тасдиқлади. Айни пайтда Британия кема Россия чегарасини бузиб ўтгани ва унга қарши руслар томонидан ўқ отилгани тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

“Defender ҳарбий кемасига қарши ҳеч ким огоҳлантирувчи ўқ отган эмас. Британия ҳарбий денгиз кучлари халқаро ҳуқуқ меъёрларига амал қилган ҳолда Украина ҳудудий сувлари бўйлаб тинч мақсадлардаги сузиб ўтишни амалга оширди”,-дейилади Британия расмий хабарида.

28 июнь куни Қора денгизда НАТО ва унга иттифоқдош бўлган давлатларнинг ҳарбий денгиз машқлари бошланади.

Машқларда 40та кема ва 30 самолёт иштирок этади. Москва НАТО ва унинг иттифоқчиларини мазкур ҳарбий денгиз машқларидан воз кечишга чақирган.

Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 180 миллионга яқинлашди

Дунё бўйича коронавирусга қарши 2 миллиард 687 миллиондан ортиқ доза вакцина қўлланилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, сўнгги бир кун ичида дунёда камида 281 минг кишида коронавирус аниқланди. Коронавирус юққанлардан 6 349 нафари вафот этди.

Ташкилот ҳисоб-китобича, дунёда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони бу билан 178 миллион 503 мингдан ошган. Ўлганлар сони эса 3 миллион 872 минг кишига етган.

Жаҳондаги коронавирус бўйича статистикани олиб бораётган Жонс Хопкинс университети эса 23 июнь ҳолатига кўра, дунёда касаллик шу кунгача 179 миллион 164 минг кишига юққани ҳақида маълум қилди. Беморлардан 3 миллион 882 мингдан ортиғи вафот этган.

Жонс Хопкинс университетининг ҳозирги маълумотларига кўра, дунё бўйича коронавирусга қарши 2 миллиард 687 миллиондан ортиқ доза вакцина қўлланилган.

Ашхабод хорижликлар учун жаҳондаги энг қиммат, Тошкент ва Бишкек энг арзон шаҳар

Ашхабод манзараси.

Туркманистон пойтахти Ашхабод хорижликлар учун дунёдаги энг қиммат шаҳарлар рейтингида 1-ўринни эгаллади. Ашхабоддан кейинги бешликдан эса Ҳонконг, Байрут, Токио, Цюрих ва Шанхай ўрин олди.

Жаҳондаги энг қиммат ва арзон шаҳарлар рейтингидан 209 давлат жой олган. Мазкур давлатлар орасида Тошкент арзон шаҳарлар ўнлигидан жой олиб 203-ўринда қайд этилди. Бишкек эса дунёдаги энг арзон шаҳар сифатида тан олинди ва 209-ўринни эгаллади.

Жаҳондаги энг қиммат ва арзон шаҳарлар рейтинги 26 йилдан бери АҚШнинг Mercer ширкати томонидан тузилади.

Мазкур рейтинг ширкатлар ва ҳукуматларга хориждаги ўз ходимларига иш ҳақини белгилашда инобатга олинади.

Рейтингни шакллантиришда 209та шаҳардаги турар-жой ижараси, транспорт ва озиқ-овқат ҳаражатлари, 200 турдаги товар ва хизматларнинг нархи эътиборга олинади.

Одатда иқтисодиётнинг ўсиши ортидан шаҳарларда яшаш нархи ҳам ўзгариб боради. Аммо Ашхабодда нарх-наво иқтисодий ўсиш ортидан эмас, балки бир неча йилдан бери давом этаётган чуқур иқтисодий инқироз ортидан юқорилаб кетган.

Қирғизистоннинг айрим ҳудудларида қашшоқлик даражаси 40 фоизга етди

Жаҳон банки 2021 йилнинг март ойида Қирғизистонда қашшоқ аҳоли сони 35 фоизга етганини билдирган.

Қирғизистонда қашшоқлик даражаси 25 фоизга, айрим ҳудудларда эса 40 фоизга етди. Бу ҳақда 23 июнь куни Бишкекда тадбиркорлар билан учрашган мамлакат президенти Садир Жапаров маълум қилди.

Шу муносабат билан Садир Жапаров сўнгги кунларда кўплаб тадбиркорларни турли айбловлар билан қамоққа олаётган ва сўроқларга чақираётган ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фаолиятини танқид қилди. Президент уларни тадбиркорлар фаолиятига ҳалақит бермасликка чақирди.

Садир Жапаров ўз сўзида Қирғизистон иқтисодиётининг 85 фоизи тадбиркорлар қўлида эканини урғулади.

Миллий статистика қўмитаси 2020 йилда Қирғизистонда аҳолининг 25,3 фоизи қашшоқлик даражасида яшаётганини маълум қилган. 2019 йилда бу кўрсаткич 20,1 фоиз даражасида эди.

Жаҳон банки 2021 йилнинг март ойида Қирғизистонда қашшоқ аҳоли сони 35 фоизга етганини билдирган.

АҚШда Эрон ҳукуматига мойил бўлган ўнлаб сайт блок қилинди

Блок қилинган 33 сайт Эрон Радио ва телевидение ислом иттифоқига қарашли.

Қўшма Штатларда Эрон ҳукуматига мойил ёки қарам бўлган ўттиздан ортиқ сайт блок қилинди. АҚШ ҳукумати блок қилинган сайтларни ёлғон маълумотларни тарқатишда айбламоқда.

Расман билдирилишича, блок қилинган 33 сайт Эрон Радио ва телевидение ислом иттифоқига, яна учта сайт Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган Катоиб Ҳизбалла жангари ҳаракатига тегишли.

Эрон расмийлари АҚШ ҳукуматининг бу қарорини танқид қилди ва “ноконструктив” деб баҳолади.

АҚШнинг Хорижий активларни назорат қилиш агентлиги ўтган йили Эрон Радио ва телевидение ислом иттифоқи Ислом инқилоби посбонлари корпуси томонидан назорат қилиниши тўғрисида баёнот тарқатган эди.

Ҳонконгдаги мустақил газета 26 июндан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатишини эълон қилди

Аввалроқ Хитой ҳукумати Apple Daily бош муҳаррири ва газетанинг яна беш раҳбарини ҳибсга олган эди.

Ҳонконгдаги энг йирик мустақил демократик газета Apple Daily 26 июндан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Таҳлилчилар фикрича, бу Ҳонконгдаги сўз ва матбуот эркинлигига берилган энг катта зарба бўлади.

Аввалроқ Хитой ҳукумати Apple Daily бош муҳаррири ва газетанинг яна беш раҳбарини шаҳар миллий хавфсизлигига оид қонунни бузганликда айблаб ҳибсга олган эди. Бундан ташқари ҳоким қарори билан газетанинг 2,3 миллион долларлик активлари музлатиб қўйилди.

Газета асосчиси бўлган миллиардер Жимми Лай 2019 йилда Ҳонконгда Хитой ҳукуматининг босимига қарши ўтказилган норозилик митингларида иштирок этгани учун қамоққа олинган.

Жимми Лай миллий хавфсизлик тўғрисидаги қонун талабларини бузганликда ва хориж давлати билан битим тузганликда ҳам айбланмоқда.

Ҳонконг миллий хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ўтган йили қабул қилинган эди. Шаҳар аҳолиси бу қонунга қарши бир неча миллион киши иштирок этган намойишларни ўтказган. Халқаро ҳамжамият эса мазкур қонунни танқид қилган.

Ҳонконг мухториятни сақлаб қолиш шарти билан 1997 йили Хитойга ўтказиб берилгунига қадар Буюк Британия томонидан бошқариларди.

Москва суди Навальний ҳимоясига митингга чиққанлардан икки нафарини қамоқхонага йўллади

Москвада Навальний ҳимоясига ўтказилган норозилик акцияларининг биридан лавҳа

Москва суди шу йил 23 январида мухолифатчи Алексей Навальнийни дастаклаб митингга чиққан Ольга Бендас ва Александр Глушковни икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Москва судлари матбуот хизмати маълумотига кўра, бу одамлар норозилик намойиши чоғида полициячини калтаклаганликда айбланган.

“ОВД-Инфо” қайдича, Глушков айбини тан олган, Бендас эса тан олган эмас. У иш умумий тартибда кўриб чиқилишини рад этган.

Тергов талқинига кўра, Пушкин майдонидаги митинг чоғида Бендас полициячини бир неча бор урган ва ерда ётган резина тўқмоқни олган. Акциядан олинган видеода Бендас қўлида полициячи тўқмоғи билан қор уюмидан тураётгани, нима бўлганда ҳам бу ўлжани ёнида қолдиришини айтгани акс этган.

Москвага Мурманск вилоятидан келган Александр Глушков февраль ойида ҳибсга олинган. Тергов маълумотига кўра, акция чоғида у полициячининг бошига ва гавдасига урган. Муаллифи номаълум бўлган “Кремлевская прачка” телеграм-канали томонидан ёйинланган видеода у ОМОН ходимининг елкасига икки марта ургани акс этган.

Бендас ва Глушков қўлга олинганидан кейин Тергов қўмитаси уларнинг узр сўраган видеосини ёйинлаган. Бендас муштлашувда “ҳаммада кузатилган агрессив кайфият таъсирида” иштирок этганини айтган. Глушков “ҳамла чақириқлари” таъсири остида полициячини урганини айтган, бу орада Тергов қўмитаси видеосида, “Дождь” телеканали хабарига кўра, монтаж уламалари бор.

Мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ҳибсга олиниши ва қамалишига қарши рухсат этилмаган норозилик акциялари 23 ва 31 январь ҳамда 2 февраль кунлари Россиянинг кўплаб шаҳарларида бўлиб ўтган. Митингларда рекорд даражада кўп одам тутиб кетилган. “ОВД-Инфо” лойиҳаси маълумотига кўра, акциялар чоғида умумий ҳисобда қарийб 11 минг одам полиция бўлимларига олиб кетилган. Норозилик чиқишларидан кейин юздан зиёд жиноят иши қўзғатилган. Акцияларнинг айрим иштирокчилари қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

“Голос” ҳаракати: Россияда сайланиш ҳуқуқидан маҳрум камида 9 миллион фуқаро мавжуд

"Голос" жамоатчилик ҳаракати ҳамраиси Григорий Мельконьянц

Россияда бугунги кунда камида 9 миллион киши сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бу сайланиш ёшидаги фуқаролар умумий сонининг 8 фоизини ташкил қилади, дейилган “Голос” сайловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракатининг таҳлилий ҳисоботида.

Ҳисобот муаллифлари қайдича, сайланиш ҳуқуқидан маҳрум фуқароларнинг аниқ сонини ҳисоблашнинг иложи йўқ, келтирилган рақамлар эса фақат давлат идоралари маълумотларига асосланади.

Экспертларга кўра, экстремистик ташкилотлар фаолиятига алоқадор шахсларнинг сайловларда ўз номзодини қўйишини тақиқловчи янги қонун қабул қилинганидан ва Алексей Навальний тарафдорларига оид тузилмалар экстремистик ташкилотлар деб топилганидан сўнг пассив сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин бўлган фуқаролар бу ҳисобга кирмайди.

Пассив сайланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганларнинг аксари қисми — қўш фуқаролиги ёки чет давлатда яшашга рухсатномаси бор кишилардир. Уларнинг миқдори олти миллиондан ортиқ бўлиши мумкин, дея урғулаган “Голос”.

Бундан ташқари, кўплаб россияликларнинг сайланишига уларнинг судланганлиги халал беради — Жиноят кодексининг 417 та моддаси бўйича судланган кишиларга сайловларда иштирок этиш ман қилинган.

2020 йилда тахминан элликта янги жиноят таркиби жорий қилиндики, уларга кўра фуқаролар судланганлик олиб ташланганидан ёки тугатилганидан сўнг пассив сайланиш ҳуқуқидан вақтинча фойдалана олишмайди, дейилган ҳисоботда.

“Голос” маълумотига мувофиқ, “сиёсий” сабабларга кўра сайлана олмайдиганлар сони ҳозирча унчалик кўп эмас. Бироқ қонунчиликка “аксилэкстремизм” мазмунли тузатишлар киритилгач, бу рақам бир неча бараварга ўсиши мумкин, дея таъкидлашган экспертлар.

Рухсат этилмаган митинглардаги иштироки учун ҳибсга олинган шахслар ҳам сайланиш ҳуқуқидан маҳрум фуқаролар сафини тўлдириши мумкин. Шу билан бирга, митингларда қатнашиш қоидаларини бир неча марта бузиш “Дадин моддаси” бўйича жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлиши мумкинки, бу ҳам пассив сайланиш ҳуқуқидан вақтинча маҳрум бўлишга олиб келади, дея қайд этишган ҳисобот муаллифлари.

Мазкур нормалар амалдаги сиёсатчиларнинг сайловлардаги иштирокини чеклашда аллақачон татбиқ қилинмоқда. Май ойи охирларидан буён олти киши: москвалик муниципал депутат Юлия Галямина, Навальнийнинг Архангельск вилоятидаги тарафдори Андрей Боровиков, вологдалик собиқ депутат Евгений Доможиров, “Янги социализм учун” ҳаракати етакчиси Николай Платошкин, коммунист Юрий Юхневич, ЛДПР аъзоси Антон Мирбалдаев сайланиш имкониятидан шу йўл билан маҳрум этилди.

“Голос” экспертлари фикрича, яна қарийб юз нафар сиёсатчининг пассив сайланиш ҳуқуқидан қилиниши хавфи жуда юқори. Улар орасида амалдаги ва собиқ депутатлар, жумладан Сергей Митрохин, Лев Шлосберг, Максим Резник, Дмитрий Гудков; Алексей Навальнийнинг сафдоши Любовь Соболь, ННТлар раҳбарлари ва бошқалар бор.

Сайловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳаракати экспертлари Россиянинг амалдаги қонунчилиги пассив сайланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун зарур асослар ва ушбу чекловлар дахл қилган шахслар сони бўйича 1961 йилдан кейин қабул қилинган совет қонунларини ортда қолдиради, дея хулоса қилишган.

Беларусь авиаширкатларига қарши санкцияларга яна 7 мамлакат қўшилди

"Белавиа" ширкати учоғи

Европа Иттифоқига кирмайдиган етти Европа давлати Беларусь авиаширкатлари учоқларига ўз аэропортларидан фойдаланишни ҳамда ўзларига қарашли ҳаво ҳудудидан учиб ўтишни тақиқлади.

Албания, Черногория, Шимолий Македония ва Сербия, Исландия, Лихтенштейн ҳамда Норвегия бу қарорлари билан ЕИга аъзо 27 давлатнинг барчаси томонидан 4 июнь куни Лукашенко режимига қарши қабул қилинган санкцияларга қўшилишган.

Санкциялар Александр Лукашенконинг Ирландияга оид Rianair ширкати учоғини мажбурий қўндириш ва босиб олишга буйруқ берганига жавоб тариқасида жорий қилинган. Учоқ бортида 126 нафар йўловчи ва 6 кишилик экипаж бўлган. Учоқ қўндирилгач, Беларусь махсус хизматлари блогер Роман Протасевич ҳамда унинг қиз ўртоғи, Россия фуқароси София Сапегани ҳибсга олганлар.

ЕИнинг ташқи сиёсат бўйича вакили Жозеп Боррель мазкур етти мамлакат ЕИ Кенгаши қабул қилган санкцияларни давом эттиришини билдириб, мазкур қарорни олқишлади.

Бир неча кун олдин ЕИ Лукашенко режимига қарши янги санкцияларни жорий этган — улар мамлакатнинг энг йирик автомобилсозлик корхоналари бўлмиш МАЗ ва БелАЗга дахл қилади. Рўйхатдароссиялик тадбиркор Михаил Гуцериевга алоқадор “Новая нефтяная компания”, “Белаэронавигация” ва яна 4 корхона номлари ҳам тилга олинган.

24-25 июнь кунларига белгиланган ЕИга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида Беларусь экспорти “нишонга олинган” секторал санкциялар қабул қилиниши кутилмоқда.

Афғонистонлик юздан зиёд ҳарбий Тожикистонга қочиб ўтди

Тожикистонга қочиб ўтган афғонистонлик ҳарбийлар (Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари фотоси)

Афғонистоннинг Қундуз вилоятида “Толибон” ҳаракати жангарилари билан тўқнашган ҳукумат кучларининг 100 дан зиёд ҳарбийси Тожикистон ҳудудига қочиб ўтган. Бу ҳақда 22 июнь куни Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси билдирди, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

“22 июнь куни соат 09.00 гача давом этган қуролли тўқнашув натижасида Афғонистон ҳукумат кучларининг ҳужумга дош беролмаган 134 нафар ҳарбийси “Панж” чегара отрядининг 3 ва 4-заставаси орқали Тожикистон Республикаси ҳудудига чекинишга мажбур бўлишган”, дейилган МХДҚ Чегара қўшинлари матбуот маркази томонидан тарқатилган баёнотда.

Хабарномада тожикистонлик чегарачилар “инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда давлат чегарасини кесиб ўтган афғонистонлик ҳарбийларнинг Тожикистон ҳудудига тўсиқсиз киришига рухсат берганлар”, дея қайд этилган.

Тожикистонлик чегарачилар икки мамлакат ўртасидаги чегарада вазиятни “таранг” дея баҳолаганлар ҳамда “Шерхон-Бандар” чегара маскани ҳудудида яраланган, ўлдирилган ва асир олинган афғонистонлик ҳарбийларнинг умумий сони юзга яқин эканини билдирган.

Хабарларга кўра, тожик-афғон чегарасидаги “Шерхон-Бандар” божхона ва савдо ўтиш жойи сешанба куни толиблар қўлига ўтган.

Москвада эмланмаган ёки ПЗР-тести бўлмаганларнинг ресторан ё кафега кириши тақиқланади

Москва мэри Сергей Собянин коронавирусга қарши эмланмаган, хасталикка чалиниш ортидан аксилтаначаларга эга бўлмаган ёки қўлида ПЗР-тести манфий натижа берганига оид ҳужжати бўлмаганларга шу йил 28 июнидан бошлаб шаҳардаги ресторан ва кафеларга киришни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда мулозим ўз блогида маълум қилган.

Кишининг тест топширгани ёки эмланганига оид сертификатлар давлат маълумотлар базасида қайдга олинган бўлиши шарт, ҳужжатлар QR-код орқали текширилади. Айни пайтда қоғоз шаклидаги маълумотномалар қабул қилинмаслиги айтилган.

Бу каби тартиб шу йилнинг 22 июнидан концертлар, спорт тадбирлари ва рақс майдонлари учун ҳам киритилганди. QR-код орқали текширув ўтказишни таъминлай олмаган муассасалар ёпилиши ваъда қилинган. Аммо 500 нафаргача киши иштирок этадиган оммавий тадбирлар учун истисно тариқасида рухсат берилган.

“Биз қабул қилаётган қарорлар мураккаб ва ҳаммага ҳам ёқавермайди, бироқ улар инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур”, дея билдирган Собянин. Аммо мэрия томонидан жорий қилинаётган бу каби чекловларнинг қонунларга нақадар мувофиқ ёки йўқлиги маълум эмас.

Июнь ойида Россияда коронавирусга чалиниш ҳолатлар кескин кўпайиб кетиши қабатида айрим минтақаларда қайтадан карантин чекловлари жорий этилган ҳамда хизмат кўрсатиш, савдо соҳаси ходимлари ва давлат амалдорларининг бир қисми мажбурий равишда эмловдан ўтказилиши эълон қилинган.

Россия қонунларига кўра ҳар қандай тиббий дахл (эмлов ҳам шунинг ичига киради) ихтиёрий бўлиб ҳисобланади. Ҳуқуқшунослар мажбурий эмловдан ўтиш талаби кўп ҳолларда ноқонуний эканини қайд этадилар. Аввалроқ Кремль мажбурий эмловга қарши эканини, бироқ эртами-кечми эмланмаганлар “дискриминацияга учраши муқаррар”лигини билдирган.

Осори атиқа ҳисобланмиш китоблар ва сопол буюмлар Россиядан Ўзбекистонга қайтарилди

Россия божхоначилари томонидан Ўзбекистонга топширилган китоб ва сопол буюмлар (ФБХ фотоси)

Россия Федерал божхона хизмати (ФБХ) XIII-XIX асрларга оид бўлган 29 та китоб ва 16 та сопол буюмни Ўзбекистонга қайтарди.

ФБХ матбуот хизмати маълумотига кўра, маданий бойликларни Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси вакилларига топшириш маросими 21 июнь куни Москвада бўлиб ўтган.

Осори атиқалар ноқонуний олиб кирилган маданий бойликларни тутиб қолиш ва қайтариш бўйича икки мамлакат божхона хизматлари ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ равишда топширилган.

Санъатшунослик экспертизаси хулосасига кўра, ўзбекистонлик божхоначиларга топширилган китоблар орасида XIX асрда кўчирилган арабий, форсий ва туркий тиллардаги диний асарлар, форсий ва туркий тиллардаги назмий тўпламлар бор. Кўза, коса, хум каби сопол буюмлар эса ўрта асрларда самарқандлик кулоллар томонидан ясалгани айтилмоқда.

Қайд этилишича, мазкур маданий бойликлар ноқонуний олиб киришга уриниш чоғида Қрим божхонаси ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган. Китоб ва сопол ашёлар қримлик бир аёлнинг шахсий буюмлари орасидан чиққан.

Аёл Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 226.1-моддаси 1-қисмида (контрабанда) кўзда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, шартли равишда икки йилга озодликдан маҳрум этилган.

Толибон жангарилари Тожикистон билан чегарадош ҳудудини эгаллади

Қундуз вилояти. 22 июнь, 2021 йил.

Толибон жангарилари сўнгги кунларда жанговар ҳаракатларни кучайтирди ва Афғонистон шимолида Тожикистон билан чегарадош ҳудудларни қўлга киритди.

БМТнинг Афғонистон бўйича вакили Дебора Лайнснинг 22 июнда маълум қилишича, Толибон мазкур ҳудуддаги 370 туманнинг 50дан ортиғида назоратни ўз қўлига олди. Дипломат бу билан қўшни давлатларга таҳдид пайдо бўлганини урғулади.

АФП агентлигининг билдиришича, жангарилар Қундуз вилоятидаги Ширхон Бандар шаҳарчасини ҳам босиб олган.

Мазкур шаҳарча вилоят марказидан 50 километр олисликда жойлашган. Қундуз вилояти Тожикистон билан чегарадош бўлган асосий ҳудуд ҳисобланади.

Тожикистон ҳукумати расмий вакилларидан бири 22 июнь куни Афғонистон билан чегарадош ҳудудда ўқ овозлари эшитилганини тасдиқлади ва қўшни давлат чегарачилари Тожикистон ҳудудига қочиб ўтишга мажбур бўлгани тўғрисидаги маълумотларни инкор қилди.

Қирғизистон парламенти қўмитаси Қирғизистон - Ўзбекистон тараққиёт фонди шартномасини маъқуллади

Қирғизистон парламентининг Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси “Қирғизистон- Ўзбекистон тараққиёт фондини ташкил этиш шартномасини ратификациялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади.

Қирғизистон - Ўзбекистон тараққиёт фондини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома 2021 йилнинг 11 март куни Тошкентда икки давлат ҳукуматлари даражасида имзоланган эди.

Мазкур фонд Қирғизистон ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорларга молиявий кўмак кўрсатиш мақсадида ташкил этилади.

Фонднинг низом капитали дастлаб 50 миллион доллар миқдорида бўлади. Кейинроқ бу капитални 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Фонд маблағи Ўзбекистон томонидан шакллантирилади.

Германия армиясида сўнгги юз йил ичида илк бор яҳудий руҳонийси лавозими жорий этилди

Немис армиясининг илк яҳудий раввини Жолт Балл.

Германия Қуролли Кучлари сафида 21 июнь куни яҳудий руҳонийси иш бошлади. Илк яҳудий раввин лавозимига келиб чиқиши венгриялик бўлган Жолт Балл тайинланди.

“Немис жамияти ва Германиядаги яҳудий жамоаси бу тарихий кунга етиб келиш учун жуда катта йўлни босиб ўтди”,-деди Балл Лейпциг синагогасида ўтган маросимда.

2019 йилда Германия ҳукмати немис армияси сафларида хизмат қилаётган 300 нафар яҳудийнинг диний ибодати учун раввин лавозимини таъсис этиш тўғрисида Яҳудийлар марказий кенгаши киритган таклифни тасдиқлаган эди.

Айни пайтда Германияда уч минг мусулмон аскар ибодатини таъминлаш мақсадида имом лавозимини жорий этиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Яҳудийлар Германия армиясида Биринчи жаҳон уриши даврида хизмат қилган. 1933 йилда Германия ҳукумати тепасига Адольф Ҳитлер раҳбарлигидаги фашистлар келганидан сўнг, яҳудийлар жамиятдан ажартиб қўйилди. Фашистлар Германияси томонидан миллионлаб яҳудий ўлдирилди.

Испаниядан мустақиллик эълон қилмоқчи бўлган Каталония миллатчилари қамоқдан озод этилади

Испания Бош вазири Педро Санчес.

Испания Бош вазири Педро Санчес 2017 йилда мустақиллик эълон қилмоқчи бўлгани учун узоқ муддатларга қамалган Каталония сепаратчилари гуруҳи ҳукумат томонидан авф этилиши ва озодликка чиқарилиши тўғрисида баёнот берди.

“Муросага келиш учун кимдир биринчи қадамни ташлаши лозим. Испания ҳукумати бу қадамни ташлади”,-деди Бош вазир Каталония маркази Барселонада 21 июнь куни қилган чиқишида.

Каталония мухтор вилояти ҳокимиятига келган миллатчилар 2017 йилда мухториятнинг Испаниядан мустақиллиги масаласида референдум ўтказган ва минтақани мустақил давлат сифатида эълон қилган эди.

Референдумни ўтказишга рухсат бермаган Испания ҳукумати миллатчиларни қамоққа олган ва мухториятда 7 ой бевосита Мадрид бошқаруви ўрнатилган эди.

2019 йилда Испания Олий суди Каталония ҳукуматининг 12 аъзоси ва миллатчи фаолларни айбдор деб топган ҳамда 9 йилдан 13 йилгача қамоққа ҳукм қилган.

Ижтимоий сўров натижаларига қараганда, Испания аҳолисининг 53 фоизи каталон миллатчиларининг қамоқдан озод этилишига қарши. Айни пайтда каталонияликларнинг 68 фоизи бу қарорни қўллаб-қувватламоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG