Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2021, Тошкент вақти: 06:24

Халқаро хабарлар

Европада газ нархи рекорд даражада қимматлади

Европада 6 октябрь куни газ нархи сўнгги 25 йил ичида илк бора рекорд кўрсаткичга етди. Лондондаги ICE биржасида минг кубометр газ 1700 долларга баҳоланди.

Франция, Испания, Чехия, Греция ва Руминия Европада газ нархининг бу қадар кўтарилиши сабабларини тергов қилишга чақирди. Мазкур давлатлар Молия вазирликлари Европа Иттифоқи таркибида энергетика заҳиралари нархининг кўтарилишини ўрганишга қаратилган тузилма ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

Европада газ нархи ёз ойларидан бери қимматлай бошлади. Айни пайтда Европа мамлакатларида тўпланган газ захираси эҳтиёжнинг 70 фоизини ташкил қилади. Охирги марта бундай кўрсаткич 2011 йилда қайд этилган эди. 2020 йилда эса газ захираси 95 фоиз бўлган.

Кун янгиликлари

Қозоғистон: Хитой лагерларидаги яқинлари озод этилишини талаб қилаётганлар яна қўлга олинди

Полициячилар Шинжондаги уч фарзандининг қамоқдан озод этилишини талаб қилаётган Халида Ақитханни автозакка олиб кетишмоқда, Олмаота, 2021 йил 2 декабри

Олмаотада Хитойдаги “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётган қариндошларини озод этиш талаби билан ўтган йилнинг февралидан бери пикет қилаётган бир неча киши 2 декабрь куни қўлга олинди. Блогер Нурали Айтеленов ва журналист Култекин Аспанули бу одамларнинг Республика саройи ёнида ушлангани акс этган видеони эълон қилишди.

Полиция ходими блогерга қўлга олинганлар “ноқонуний йиғин” ўтказганини айтган. Видеодан келиб чиқилса, ушлангунча улар сарой ёнида ўтиришган, қўлларида плакатлар бўлмаган. Шундан сўнг улар “митинг қилаётганимиз йўқ”, дея эътироз билдиришганига қарамай, автозакларга тиқилган.

Полиция воқеа юзасидан расмий изоҳ берганича йўқ.

Журналист Култекин Аспанулига кўра, бир неча ойдан бери Хитой консулхонаси ва элчихонаси олдида пикет қилиб келаётган бу одамлар Республика саройи олдига ОАВларга интервью бериш учун келишган. Сарой Хитой консуллигидан бир неча юз метр нари масофада жойлашган.

Пикетчилар аввал ҳам бир неча бор қўлга олинган, жаримага тортилган, айримларига эса “тинч йиғилишлар ўтказиш тартибини бузиш” айблови билан маъмурий қамоқ муддатлари тайинланган.

Қарийб 300 кунлик норозилик акцияси давомида Хитой дипмиссиясидан ҳеч ким улар билан учрашмаган. Хитойнинг Қозоғистондаги элчиси Чжан Сяо Шинжонда қўлга олинганлар “Хитой фуқаролари” эканини ва “Хитой қонунларини бузишган”ини айтган. Қозоғистон ТИВ эса Шинжондаги вазият “Хитойнинг ички иши” эканини айтган.

Хитой Қозоғистоннинг энг йирик инвестор ва кредиторларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Австриянинг собиқ канцлери Себастьян Курц сиёсатни тарк этмоқда

Себастьян Курц

Австриянинг собиқ канцлери Себастьян Курц иқтидордаги Австрия халқ партияси раиси лавозимидан истеъфога чиқаётганини ва сиёсатдан кетаётганини маълум қилди.

Курц 3 декабрь куни партия президиумини тўплаб, раислик ваколатларини топширмоқчи. Унинг ўрнини ички ишлар вазири Карл Неҳаммер эгаллаши айтилмоқда.

Курц сиёсатдан кетишни режалаётгани ҳақида аввалроқ Kronen Zeitung газетаси хабар қилган эди. Нашр талқинича, собиқ канцлер ноябрь ойида ўғил кўрганидан сўнг шу қарорга келган.

Себастьян Курц 35 ёшда. У октябрь ойида коррупциявий можаро манзарасида канцлерликдан истеъфога чиққан. Ўшанда прокуратура иқтидордаги партияга хайрихоҳ мазмундаги сўровномаларга оид маълумотлар Австриянинг етакчи газетасида чоп этилиши учун давлат ғазнасидан пул тўлангани ҳақидаги маълумотларни тафтиш қилишини билдирган.

Курцнинг ўзи ушбу схемага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган. Унинг истеъфога чиқиши иқтидордаги Халқ партияси билан “Яшиллар” коалициясини парчаланишдан сақлаб қолган.

Австриянинг янги канцлери этиб Курцнинг партиядаги сафдоши Александр Шалленберг сайланган.

Курц ЕИ мамлакатлари етакчилари орасида Кремлга энг мойил раҳбарлардан бири ўлароқ кўрилган.

АҚШ давлат котибининг ўринбосари Лукашенкони “Россиянинг қўғирчоғи” деб атади

АҚШ давлат котибининг ўринбосари Виктория Нуланд

АҚШ давлат котибининг ўринбосари Виктория Нуланд Вашингтон Беларуснинг легитим президенти ўлароқ тан олмаётган Александр Лукашенкони “Москванинг марионеткаси” деб атади.

У Беларусь раҳбарининг куни кеча РИА “Новости” агентлигига берган интервьюсида аннексия қилинган Қримни нафақат де-факто, балки де-юре Россия ҳудуди деб билишига оид гапини шундай изоҳлаган.

Нуланд 1 декабрь куни хавфсизлик бўйича форумда онлайн-режимда нутқ сўзлаган.

“Россия Қримни босиб олганида Лукашенко бетарафликни сақлашга қарор қилган эди. Энди эса у Россиянинг марионеткаси сифатида Қримга бормоқчи ва ўз давлати статусини ўзгартирмоқчи. Лукашенко нафақат демократик ривожланиш йўлидан воз кечиш, балки вазиятни янада чуқурлаштириш билан Беларусни Москванинг қучоғига отаётганига заррача шубҳамиз йўқ”, деган ўз чиқишида АҚШ давлат департаменти мулозими.

Нуланд Беларусдаги вазиятни ушбу мамлакат фуқаролари учун “фожиали” деб атаган. Унинг фикрича, беларуслар “кўп нарса талаб қилишаётгани йўқ – улар ўз етакчиларини ҳалол ва очиқ сайловда сайлашни хоҳлайдилар, холос”.

Виктория Нуландга кўра, АҚШ Лукашенко режимига қарши санкциялар жорий этиш бўйича ҳаракатларини ЕИ билан мувофиқлаштирмоқда.

Украина масаласига тўхталган Нуланд, Россия ушбу мамлакатда вазиятни куч билан ўзгартиришга қарор қилгудек бўлса, “шу пайтгача бўлмаган” санкцияларга дучор бўлишини урғулаган. 1 декабрь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам айни мазмунда баёнот берган эди.

Бишкекда мухолифатчи Ўмурбек Текебаевга ҳужумда гумонланганлардан бири қўлга олинди

Ўмурбек Текебаев

Қирғизистон пойтахтида криминал милиция ходимлари сиёсатчи Ўмурбек Текебаевга ҳужум қилганликда гумонланган шахсни қўлга олишган. Бу ҳақда 1 декабрь оқшомида Бишкек ШИИБ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномага мувофиқ, қўлга олинган шахс 23 ёшли чуйлик Э.И. бўлиб, ҳозирда у вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойланган. Бундан олдин у ўз ихтиёри билан Ўмурбек Текебаевга қарашли мобил телефонни топширган.

Ҳуқуқ-тартиботчилар жиноят ишининг бошқа иштирокчиларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари ва тезкор тадбирлар давом этаётганини қўшимча қилганлар.

“Ата Мекен” партияси лидери Ўмурбек Текебаев 1 декабрь куни “Парк Отель” меҳмонхонасида номаълум шахслар ҳужумига учраган эди. У ҳужумни ўзининг сиёсий фаолияти билан боғлаб, ҳодисани сиёсий террор деб баҳолаган.

Президент Садир Жапаров ИИВга сиёсатчига ҳужум қилган шахсларни топиб, тегишли чоралар кўришни топширган. Бунинг ортидан ИИВ зудлик билан ҳужум ҳодисаси Жиноятлар ягона реестрида қайд этилиб, “талончилик” моддаси бўйича тергов бошланганини маълум қилган.

Кейинроқ “Ата Мекен” лидерининг тарафдорлари ҳужумчиларни топиш ва жавобгарликка тортиш талаби билан Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноси олдида норозилик акцияси ўтказишган. МХДҚ сиёсатчининг телефони гўё хавфсизлик хизмати яқинида тургани ҳақида тарқатилаётган хабарларни “хафсизлик органларига нисбатан провокация ҳаракати” бўлиб ҳисобланишини билдириб, сиёсатчилар ва уларнинг тарафдорларини провокацион ҳаракатлардан тийилишга чақирган.

Тожикистонлик ўқитувчи “ўғирланган”и ортидан тожик-қирғиз чегарасида ўқ отилди

Қирғизистондаги қишлоқ аҳли Тожикистонга қарашли Сомониён қишлоғи (Исфара тумани) мактаби ўқитувчисини ўғирлаш ва шафқатсизларча калтаклаганликда гумонланмоқда. Мазкур воқеа чегарада ўқ отилишига сабаб бўлган.

Сомониёндаги 64-сонли ўрта мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари 1 декабрь куни эрталаб соат 10 ларда олиб қочилган, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати. Мактаб директори Набихон Набиевга кўра, қирғизистонликлар Собировни куч билан машинага ўтқизиб, номаълум томонга олиб кетганлар.

“Завуч”имизни оқшомгача ушлаб туришди, уни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари озод қилди”, деган Набиев.

Тожик ва қирғиз расмийлари воқеа юзасидан изоҳ беришганича йўқ.

Камолиддин Собировнинг ўғли Нишонбой Озодлик билан суҳбатда отаси шафқатсизларча калтаклангани ва қийноққа солинганини, ҳозирда касалхонада даволанаётганини айтган.

Қирғизистон Чегара хизмати 1 декабрь куни тахминан соат 21:15 ларда Қирғизистоннинг Боткен вилояти, Боткен туманидаги Даҳма деган жойда – шартли давлат чегара чизиғи яқинида Тожикистон томондан номаълум шахслар, муҳтамалан ов милтиғидан етти-саккиз марта ўқ узишганини билдирган.

“Вазиятни ойдинлаштириш мақсадида воқеа жойига Қирғизистон ва Тожикистон чегара заставалари бошлиқлари етиб бориб, ўқ отилишига алоқадор шахсларни қидириб топиш чора-тадбирларини кўришга келишиб олишди”, дейилган хабарномада.

Чегара хизмати давлат чегарасининг ушбу қисмидаги вазиятни “барқарор, аммо таранглик белгилари мавжуд” дея таърифлаган.

Қирғизистон Чегара хизмати хабарномасида тожик қишлоғи ўқитувчисининг ўғирланиши ва калтакланиши ҳақида ҳеч нима дейилган эмас.

Европа Иттифоқи Беларусь ширкатларига қарши галдаги санкцияларни тасдиқлади

Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар вакиллари 1 декабрь куни расмий Минскка қарши навбатдаги – ҳисоб бўйича бешинчи санкциялар туркумини узил-кесил тасдиқлашди.

Бу сафар санкциялар Беларуснинг ЕИ мамлакатлари билан чегарасидаги миграция инқирози муносабати билан жорий этилган. Евроиттифоқ Лукашенко режимини босим ўтказиш воситаси ўлароқ фойдаланиш учун миграция инқирозини сунъий равишда вужудга келтирганликда айблайди.

Озодлик мухбирининг хабар қилишича, рўйхат расман 2 декабрь куни эълон қилинади. Унга 28 жисмоний ва юридик шахс кирган. Рўйхатда Россия фуқаролари ва ширкатлари қайд этилмаган – аввалроқ айрим ОАВлар, хусусан “Аэрофлот” ширкати мигрантларни ташиган авиаташувчи сифатида санкцияларга тутилиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди.

Озодликнинг беларус хизмати хабарига кўра, санкция қўлланганлар орасида Беларуснинг “Белавиа” ширкати бўлиб, ЕИ уни Яқин Шарқ мамлакатларидан Беларусга мигрантларни ташишда иштирок этган, деб ҳисоблайди. Минск халқаро аэропортига нисбатан санкциялар татбиқ этилган эмас.

Шунингдек, рўйхатда сайёҳлик агентликлари ва мигрантларни қабул қилган меҳмонхоналар, Сурияга қарашли Cham Wings Airlines авиаширкати бор. Беларусдаги “Гродно Азот”, “Беларусьнефть” ва “Белшина” сингари бир неча йирик корхона ҳам “қора рўйхат”га тиркалган.

Санкциялар рўйхатидан жисмоний шахслар – Беларусь мулозимлари, чегара хизмати раҳбарлари ва судьялар ҳам жой олган.

Россия расмийлари АҚШ элчихонасининг айрим ходимларидан Москвани тарк этишни талаб қилди

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси (иллюстратив сурат)

Россия расмийлари Москвада ишлаётганига уч йилдан кўп бўлган АҚШ элчихонаси ходимларидан кейинги йилнинг 31 январигача мамлакатни тарк этишни талаб қилди. Бу ҳақда 1 декабрь куни Россия ТИВ расмий вакиласи Мария Захарова маълум қилди.

Москва бу қарорни АҚШ ҳудудидаги россиялик дипломатларнинг юриш муддатини чеклаб қўйган Вашингтон хатти-ҳаракатига жавоб ўлароқ изоҳлаган.

Захаровага кўра, бу Россиянинг танлови эмас – “бу ўйинни АҚШ бошлаган”.

Аввалроқ Вашингтон 2022 йил 30 январигача 27 нафар россиялик дипломатнинг АҚШдан чиқиб кетишини талаб қилган эди. Reuters агентлиги россиялик дипломатлар ва оила аъзоларининг Қўшма Штатлардан чиқиб кетиши ҳақида ўтган ҳафта Россиянинг АҚШдаги элчиси билдирганини эслатган.

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси бу борада ҳали изоҳ берганича йўқ.

АҚШ Давлат департаменти 2020 йили Россиянинг Вашингтондаги элчихонаси ҳамда Россиянинг Нью-Йорк ва Ҳюстондаги бош консулликлари ходимларининг командировка муддатини уч йилдан оширмаслик тўғрисида бир томонлама тартиб жорий қилган эди.

Толибон Навоий, Бобур, Беруний ва Машраб мақбараларини ободонлаштиришга тайёрлигини билдирди

Ҳиротдаги Алишер Навоий мақбараси

Толибон ҳукумати Ўзбекистон билан биргаликда икки мамлакат халқларининг буюк аждодлари – Алишер Навоий (Ҳирот), Заҳириддин Бобур (Кобул), Абу Райҳон Беруний (Ғазна) ва Бобораҳим Машраб (Таҳор) қўним топган масканларда ободонлаштириш ишларини олиб боришга тайёр. Бу ҳақда, ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, Толибон вакиллари жорий йилнинг 30 ноябрида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев бошчилигидаги делегация билан Кобулда ўтказилган учрашувда билдирганлар.

Қайд этилишича, мезбонлар Афғонистон мактаблари ва олий ўқув юртларида ўзбек тилини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилишига ваъда берганлар.

Кобулдаги турли муассасаларда олиб борилган учрашувларда Афғонистондаги мавжуд вазият, афғон халқига инсонпарварлик ва бошқа ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган, Ўзбекистон томонидан Афғонистонга электр энергиясини узлуксиз етказиш, Ўзбекистон-Афғонистон давлат чегараси иш тартибини давом эттириш, Мозори Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклашга кўмаклашиш, инсонпарварлик ёрдамини ўз вақтида кўрсатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо берилган.

Толибон томони Ўзбекистон ташаббуси билан бошланган Сурхон – Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўли қурилиши каби инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни имкон қадар тезроқ бошлашга тайёрлигини тасдиқлаган.

Беларусда журналист ва ҳуқуқ фаолларининг уйларида тинтув ўтказилмоқда

Тинтилган уй (иллюстратив сурат)

Беларусда 1 декабрь куни эрталабдан ҳуқуқбонлар, фаоллар ва журналистларнинг уйларида тинтув ўтказилмоқда. “Весна” инсон ҳуқуқлари маркази маълум қилишича, тинтувлар Минск, Гомель, Гродно, Брест, Витебск, Кричев, Речица, Мозирь ва бошқа ҳудудларда олиб бориляпти.

Хусусан, Мозирда ҳуқуқбон Владимир Телегиннинг квартираси тинтилиб, унинг шахсий компьютери, китоблари ва бошқа буюмлари олиб қўйилган.

Витебскда жамоатчилик фаоллари Владимир Кийко ва Николай Кочурецнинг уйларида тинтув ўтказилган. Кричевда журналист Сергей Неровний “номаълум жиноят иши доирасида” сўроққа чақирилган. Шунингдек, Могилёв вилояти Молиявий тергов департаменти (МТД) журналист Валерия Лепешовани ушлаган.

Гомелда журналист Лариса Ширакова уйида тинтув ўтказилиб, унинг ўзи сўроққа олиб кетилган. Журналистнинг шахсий телефони, компьютери, флешка ва қаттиқ дисклари олиб қўйилган. Сўроқ чоғида у МТД ходимининг саволларига жавоб беришдан бош тортган. Шираковани иш материалларини ошкор қилмаслик ҳақида огоҳлантириб, қўйиб юборганлар.

Гомелда Бирлашган фуқаролик партияси фаоли Василий Поляковнинг уйида ҳам тинтув ўтказилган.

Гроднода Беларусь ҳуқуқ-тартибот идоралари маҳаллий журналист Надежда Витинанинг уйида тинтув ўтказгани айтилмоқда. Журналист “шахсий ёзишмалари билан боғлиқ қандайдир иш бўйича” гувоҳ сифатида сўроққа тутилган.

Бундан ташқари, ҳуқуқбонларга кўра, Минскда камида 10 кишининг уйида тинтув бўляпти. Ушбу кенг кўламли тинтувлар сабаби ҳозирча маълум эмас.

НАТО: Россия Украинага қарши ҳар қандай агрессияси учун “катта товон” тўлайди

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг, Рига, 2021 йил 18 ноябри

Россия Украина чегаралари яқинида ҳарбий қудратини ошираётгани муносабати билан юзага келган таҳлика манзарасида НАТО Москвани қўшни мамлакатга қарши ҳар қандай ҳарбий агрессия учун катта товон тўлаши ҳақида огоҳлантирди.

Ғарбнинг Россияга қаратилган ушбу огоҳлантируви 30 ноябрь куни НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Латвия пойтахти Ригада ўтказилган йиғилишида янграган. Россиядан бўлаётган таҳдидлар йиғилиш кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлган.

Украина жорий йил бошида ўтказилган ҳарбий машқлардан сўнг Россия умумий чегаралар яқинида ўн минглаб аскар ва оғир қуролларни тўплагани, бу Кремлнинг эҳтимолий агрессиясидан дарак беришини таъкидламоқда.

2014 йилда Қримни босиб олган ва Украина шарқидаги айирмачиларни дастаклаб келаётган Россия эса ҳужум қилишни режалаётганини инкор этиб, Украина ва унинг ғарбий иттифоқчиларини вазиятни кескинлаштиришда айблаяпти.

НАТОнинг Украинада ўз ҳарбий инфратузилмасини кенгайтириши Россия учун “қизил чизиқ” бўлиши мумкинки, Москва мазкур таҳдидга жавобан шунга ўхшаш бир нарсаларни яратишга мажбур бўлади, деган Россия президенти Владимир Путин 30 ноябрь куни “Россия чорлайди!” форумидаги чиқишида.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг журналистлар билан мулоқотда “Москванинг ҳужум қилиши эҳтимоли неча фоизлигидан қатъи назар, Ғарб энг ёмон вазиятга тайёр туриши керак”лигини айтган.

Варшава Беларусдан Польшага ўтиш бўйича чеклов муддатини узайтирди

Польша-Беларусь чегарасидаги поляк ҳарбийлари

Польша расмийларга Беларусь ҳудудидан мамлакатга кириб келиш бўйича чекловни давом эттиришга имкон берувчи баҳсли фавқулодда вазият муддатини узайтирди. Бундан фақат чегараолди ҳудудида яшаётган, ишлаётган ёки ўқиётган шахсларгина мустаснодир.

Польша парламентининг қуйи палатаси миграцион инқироз манзарасида чегара тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритишни маъқуллаб овоз бергани ортидан Ички ишлар вазирлиги 30 ноябрдан чеклов жорий қилинишини эълон қилди. Фавқулодда вазият тартиби ИИВга норезидент бўлган барчани, шу жумладан журналистлар ва ноҳукумат ташкилотлари ходимларини минглаб мигрантларнинг Европа Иттифоқига ўтиши тўсиб қўйилган чегараолди ҳудудига киргизмаслик имконини беради.

Польша сейми (парламентнинг қуйи палатаси) журналистларнинг чегарада Польша ҳудудига ўтишига имкон берувчи сенат томонидан киритилган ўзгартишларни рад этган. Қонунчиликка ўзгартишлар рад этилганидан кейин президент Анжей Дуда янги чеклов чораларини имзолади. Мазкур чекловлар ички ишлар вазири Мариуш Каминскига, юзага келажак вазиятга қараб, чегараолди ҳудудига ўтишни тақиқлаб қўйиш имконини беради.

Янги тартиб-қоидаларга мувофиқ, журналистлар чегарада ишлаш учун чегара хизмати бошлиғидан рухсатнома олишлари керак. Мазкур тақиқ 1 декабрдан эътиборан кучга кирди ва у уч ойгача амалда бўлиши мумкин.

Лукашенко аннексия қилинган Қримни Россия ҳудуди ўлароқ эътироф этди

Александр Лукашенко 30 ноябрь куни берган интервьюсида Қрим “ҳуқуқий жиҳатдан” ва “феълан” Россия ҳудуди эканини айтиб, яриморолга сафар қилиш ҳақида Путин билан келишиб олганини билдирди. Халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ, Қрим 2014 йилда Россия томонидан аннексия қилинган.

Дунёдаги кўплаб мамакатлар ҳукуматлари Беларуснинг легитим президенти сифатида тан олмаган Лукашенкога кўра, “референдум ўтказилганидан сўнг Қрим де-юре ва де-факто Россияники бўлган”. Лукашенконинг бу мулоҳазасига расмий тус бериладими, йўқми – бунга ҳали аниқлик киритилгани йўқ.

2021 йил августида Лукашенко “сўнгги рус олигархи” Қримга маҳсулот етказа бошласагина, яриморолни Россия ери деб тан олишини айтган. Россия федерал ширкатлари Ғарб мамлакатлари санкцияларидан чўчиб, ҳануз Қримда расман фаолият олиб бормаяпти.

Ундан аввалроқ эса Беларусь раҳбари аннексия қилинган Қримни Россия ҳудуди ўлароқ тан олишдан уни санкциялар хавфи ҳамда Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко билан келишув тўхтатиб қолганини маълум қилган.

Украинанинг янги президенти Владимир Зеленский Беларусда ўтказилган президент сайлови натижаларини тан олишдан бош тортиб, Киев Ғарбнинг Минскка қарши қўлланган санкцияларига қўшилгач, икки мамлакат алоқалари кескин ёмонлашган.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба “Укринформ” нашрига берган изоҳида Киев Лукашенконинг сўзларини эмас, “хатти-ҳаракатларини баҳолайди”, деб айтган. “Агар Беларусь ноқонуний оккупация қилинган Қримни ростдан ҳам Россия ҳудуди деб тан олса, бу украин-беларус муносабатларига ўнгланмайдиган даражада путур етказади”, деган ТИВ раҳбари.

Қримни БМТнинг 193 аъзосидан атиги еттитаси Россия ери сифатида тан олган, булар Венесуэла, Куба, Никарагуа, Сурия, Судан, КХДР ва Афғонистон каби мамлакатлардир.

Россияда II Жаҳон уруши давридан бери энг кўп кўп ўлим қайд этилди

2020 йил декабридан 2021 йил ноябригача Россияда 2,41 миллиондан зиёд ўлим ҳолати қайд этилди – бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги 75 йил учун рекорд кўрсаткичдир. Аҳолининг табиий камайиши, миграцияни ҳисобга олмаганда, 990 минг кишини ташкил этган. Бу ҳақда “Ведомости” нашри хабар қилди.

Нашрга кўра, аввалги антирекорд 2003 йилда кузатилган, ўшанда 2,37 миллион киши вафот этган. 1941-1945 йилларда эса ўлим ҳар минг нафар аҳолига 30-50 кишини ташкил этган.

Демографлар фикрича, йил якуни бўйича кўрсаткичлар 2020 йилга нисбатан янада ёмонлашади. Бутун 2021 йил давомида ўлимлар сони 2,45 миллиондан кам бўлмаслиги, табиий камайиш эса 1,05 миллион кишини ташкил этиши айтилмоқда.

Ўлим кўпайишининг асосий сабабларидан бири COVID-19 пандемиясидир. Расмий статистикага кўра, 2020 йил октябридан 2021 йил сентябригача коронавирус асоратларидан 406 минг киши вафот этган.

Шунингдек, мутахассислар аномал иссиқ, гиёҳванд моддалар ва алкоголли ичимликлар истеъмолининг ортиши каби омиллар ҳам ўлим кўрсаткичини оширганини урғулашган.

Америкалик генерал: Хитой ва Россия мунтазам равишда АҚШ сунъий йўлдошларига ҳужум қилмоқда

Алоқа сунъий йўлдошлари юкланган Falcon-9 ракетасининг учирилиши (архив сурати)

Хитой ва Россия деярли ҳар куни Ер орбитасидаги Америка сунъий йўлдошларига ҳужум қилади, дея маълум қилган Washington Post газетасига берган интервьюсида АҚШ космик кучлар қўмондони ўринбосари Дэвид Томпсон.

Генералнинг айтишича, гап лазер билан ҳужум қилиш, киберҳужумлар, сунъий йўлдошлар фойдаланадиган радиочастоталарни бўғиб қўйиш ҳолатлари ҳақида бормоқда. Ҳозирча бу ҳужумлар сунъий йўлдошларга “тиклаб бўлмас даражада зарар етказа олгани йўқ”, аммо уларнинг кўлами борган сари кенгайяпти.

“Вазият шундайки, космик тизимларимизга хавф солиш учун кўплаб имкониятлар мавжуд”, деган генерал Томпсон.

У АҚШ сунъий йўлдошини йўқ қилишга уриниш бўлган-бўлмаганига оид саволга жавоб беришдан бош тортган. Хитой ҳам, Россия ҳам бошқа сунъий йўлдошларга ҳужум қилишга мўлжалланган сунъий йўлдошларни яратиш устида иш олиб бормоқда.

2019 йилда Россия ҳарбий сунъий йўлдоши Американинг разведкачи сунъий йўлдошига шу қадар яқин келган эдики, АҚШ Россияга оид аппарат ҳужум қилмоқчи бўлганини истисно этмаганди.

Хитой эса Ерда сунъий йўлдошга қарши тизимлар, жумладан, лазер қуролларини кўпайтирмоқда. АҚШ разведкасига кўра, Хитой бу борада Россияни аллақачон ортда қолдирган. Боз устига Хитой АҚШга нисбатан икки баравар кўп сунъий йўлдош учирмоқда.

Генерал Томпсон фикрича, агар Вашингтон космик фаолиятини кучайтирмаса, Хитой бир неча йилдан сўнг коинотдан фойдаланиш соҳасида АҚШдан ўзиб кетиши мумкин.

АҚШ ҳарбий бюджети “Шимолий оқим-2” газ қувури туфайли Сенатдан ўтмаяпти

“Шимолий оқим-2” газ қувури қисмларидан бири

АҚШ Сенатидаги республикачилар қарийб 770 миллиард долларлик мудофаа бюджетининг “Шимолий оқим-2” газ қувурига қарши санкциялар кучайтирилмасдан қабул қилинишига йўл қўйишмади. Бюджет лойиҳасини 45 киши ёқлаган, 51 киши эса унга қарши овоз берган.

Сенатда ҳарбий бюджет бўйича овоз берилишидан олдинроқ АҚШ матбуоти Оқ уй ва Давлат департаменти сенаторлардан “Шимолий оқим-2”га қарши чекловларни кучайтиришга доир тузатишларни ўтказмасликни илтимос қилгани ҳақида ёзган. Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер республикачилар қароридан ғазабланганини айтган.

“Шимолий оқим-2” мухолифлари лойиҳа ишга тушгач, Россия газни Украина орқали етказиб беришни тўхтатишидан хавфсирашмоқда. Аввалроқ, ОАВ маълумотига кўра, Германия ҳукумати газ қувурига қарши янги санкциялар жорий этмасликни сўраб АҚШ Конгрессига мурожаат қилган.

Axios нашри Бундестагнинг махфий ҳужжатига таянган ҳолда хабар беришича, Берлин “транзит сақланган тақдирда лойиҳа Киевга хавф туғдирмайди”, деган фикрни илгари сурмоқда.

Сенатда демократлар ҳарбий бюджет лойиҳасига тузатиш сифатида киритган яна бир ҳужжат кўрилмоқда: у, Россия Украинага бостириб кирган тақдирда, Москвага қарши санкцияларни кучайтиришни, хусусан, газ қувури ва шахсан президент Владимир Путинга нисбатан санкциялар жорий этишни назарда тутади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG