Линклар

Шошилинч хабар
25 июл 2021, Тошкент вақти: 18:25

Жо Байден АҚШ президенти лавозимига киришиш учун Вашингтонга келди


Капитолий биноси олдида "Байроқлар ҳиёбони" ташкил этилди. Бу байроқлар Байденнинг қасамёд маросимида иштирок эта олмайдиган ва коронавирусдан вафот этган 200 минг кишини англатади.

Сайланган президент Жо Байден 19 январь куни кечқурун Делавэр штатидаги сайловчилари билан хайрлашиб, Вашингтонга учиб келди. Байденни қасамёдга келтириш маросими 20 январь куни пешиндан кейин бошланади.

Жо Байден Делавэр штати сайловчилари билан Миллий гвардиянинг Учинчи марказида хайрлашди. Мазкур марказга Байденнинг катта ўғли Жозеф Байден номи берилган. Жозеф Байден 2007 йилдан 2015 йилгача Делавэр штати бош прокурори бўлган. У тузалмас касаллик оқибатида вафот этган.

Байденнинг хайрлашув маросимида штат губернатори Жон Кэрни ҳам иштирок этди.

Хайрлашувдан сўнг Байден оиласи Делавэрдаги Нью-Кастл аэропорти орқали Мэриленддаги “Эндрюс” ҳарбий базасига учди. Мазкур базадан улар Вашингтонгга олиб келинади. АҚШнинг 46-президенти 20 январь куни қасамёдга келтирилади.

Инаугурация арафасида Байден ва сайланган вице-президент Камала Харрис Вашингтондаги Линкольн мемориалида коронавирусдан вафот этганларни хотирлаш маросимини ўтказдилар.


Associated Press агентлиги ҳокимиятни топшираётган Дональд Трамп инаугурацияда иштирок этмаслиги ҳақида ёзди. Байденнинг самолёти “Эндрю” ҳарбий базасига қўнган пайтда Оқ Уй Трампнинг хайрлашув видеосини эълон қилди.

Трамп янги маъмуриятга муваффақиятлар тилади. Associated Press Дональд Трамп ўзининг 20 дақиқалик нутқида бирон марта ҳам Байден номини тилга олмаганига эътибор қаратди.

Жо Байденни қасамёдга келтириш маросими Вашингтонда хавфсизлик чоралари мисли кўрилмаган даражада кучайтирилган бир вазиятда бўлиб ўтади. Хавфсизлик чораларининг кучайтирилишига Трамп тарафдорлари тартибсизликларни, хатто қуролли қаршиликларни уюштириши мумкинлиги тўғрисидаги хавотирли маълумотлар сабаб бўлди.

78 ёшли Байден АҚШ тарихида қасамёдга келтирилган энг кекса президент бўлади. Сўнгги 152 йилда биринчи марта ҳокимиятни топшираётган президент янги президентнинг инаугурация маросимида иштирок этишдан бош тортмоқда.

Аммо маросимда собиқ президентлар Жорж Буш, Билл Клинтон ва Барак Обама иштирок этади. 96 ёшли собиқ президент Жимми Картер маросимда иштирок эта олмаслигини билдирди.

Трампнинг вице-президенти Майк Пенс бошқа республикачилар қаторида инаугурацияда иштирок этишини тасдиқлади.

Жо Байден билан биргаликда 20 январь куни АҚШ тарихида биринчи марта Камала Харрис аёл ва оқ танли бўлмаган вице-президент сифатида қасамёдга келтирилади.

XS
SM
MD
LG