Линклар

Шошилинч хабар
21 сентябр 2021, Тошкент вақти: 19:32

Жо Байден: АҚШ ўзга давлатнинг фуқаролар урушида иштирок этмаслиги керак


Президент Жо Байден видеоалоқа воситасида ўз ҳарбий маслаҳатчилари билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилмоқда. 2021 йилнинг 15 августи, Кэмп-Дэвид.

АҚШ президенти Жо Байден Оқ Уйда ўтган матбуот анжуманида 15 августда Кобул Толибон томонидан эгалланганига муносабат билдирар экан, Афғонистондан Америка ҳарбийларини чиқариш тўғрисидаги қароридан афсусланмаслигини билдирди.

Унга кўра “орадан 20 йил ўтгач ҳарбийларни чиқариш учун бундан қулай фурсат бўлмаслиги аён бўлди”.

-Мен Афғонистонда уруш олиб боришга мажбур бўлган АҚШнинг тўртинчи президентиман. Сўнгги 20 йил давомида икки республикачи ва икки демократ президент бу уруш билан машғул бўлди. Мен бу оғир юкни бешинчи президентга мерос сифатида ташлаб кетмоқчи эмасман,-деди Байден.

Президент унинг маъмурияти Толибон ҳокимиятни бу қадар тез босиб олиши мумкинлигини кутмаганини тан олди. Унга кўра, Вашингтон Афғонистон ҳукумат кучлари Толибонга қарши туриш салоҳиятига эга бўлиши учун барча имкониятларни ишга солган.

Байденга кўра, АҚШнинг Афғонистондаги миссияси учун 1 триллион доллар сарфланган. Афғонистон аскарлари қурол, техника, кийим-кечак, ойлик маош билан таъминланган.

-Америка ҳарбийлари афғонлар ўзи учун жанг қилишни истамаган урушда иштирок этиши ва ҳалок бўлиши керак эмас,-деди Байден.

Баёнот давомида Жо Байден АҚШ миллий манфаатлари доим устувор бўлганини, “Афғонистондаги миссиянинг мақсади афғон миллатини шакллантиришда иштирок этиш эмас, балки АҚШ ҳудудига террор ҳужумлари уюштиришга йўл қўймаслик бўлганини” айтди.

Толибон томонидан Кобулнинг кутилмаганда эгаллаб олиниши ортидан жаҳонда АҚШ сиёсати кескин танқидга учрамоқда.

Таҳлилчилар йигирма йил давомида Вашингтон Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун миллиардлаб доллар маблағ ва катта ҳарбий куч сарфлаганига қарамай, бу мамлакатда исёнчиларга қарши кураша олиш салоҳиятига эга бўлган демократик ҳукуматни шакллантира олмаганини танқид қилмоқда.

Байден маъмуриятидаги етакчи шахслар эса Афғонистон ҳукуматининг бу қадар тез мағлуб бўлиши кутилмаган ҳолат бўлганини айтмоқда.

Толибон бу қадар тез ғалаба қилиши мумкинлигини бир неча ой мобайнида эҳтимолдан соқит қилиб келган президент Байден танқидларнинг асосий нишонига айланди.

Байденни, айниқса, Конгрессдаги республикачилар қаттиқ танқид қилмоқда. Уларга кўра, Байден сиёсати оқибатида АҚШнинг жаҳондаги энг кучли давлат сифатидаги обрўси кескин тушиб кетди.

XS
SM
MD
LG