Линклар

Шошилинч хабар
07 декабр 2021, Тошкент вақти: 20:48

Зеленский: "Скифлар олтини”ни қайтардик - Қримни ҳам қайтариб оламиз


Нидерландияда бўлиб ўтган “Қрим – Қора денгиз олтинлари ва сирлари” кўргазмаси экспонатлари - 21 август, 2014

Амстердам апелляция суди Қрим музейларидан келтирилиб, кўргазмага қўйилган скифлар олтин буюмларини Украинага қайтариш тўғрисида қарор чиқарди. Музейларнинг вакиллари олтин буюмларни аннексия қилинган Қримга беришни талаб қилишганди. Маҳкама қарори ҳақида Нидерландия жамоат телевидениеси хабар қилди.

Нидерландияда бўлиб ўтган “Қрим – Қора денгиз олтинлари ва сирлари” кўргазмаси экспонатлари атрофидаги можаро 2014 йилдан бери давом этиб келаётган эди. Украина ҳукумати скифларнинг олтин буюмлари кўргазмасининг Қрим музейларига оид экспонатларини маданият вазирлиги тасарруфига ўтказиб, уларнинг Украинага қайтарилишини талаб қилган.

Қрим музейлари вакилларининг иддаосига кўра, кўргазмани ўтказиш тўғрисидаги битимга мувофиқ олтин буюмлар Россия анексия қилган яриморол ҳудудига қайтарилиши лозим.

2016 йил декабрда Амстердам округ суди Қрим Россия томонидан аннексия қилинишидан олдин кўргазмага қўйиш учун маҳаллий музейга келтирилган коллекция Украинага тегишлилиги ҳақида қарор чиқарган эди. Қарор устидан берилган шикоятни кўриб чиқиш қарийб беш йилга чўзилди, якуний қарор чиқариш бир неча марта кечиктирилди.

Мавжуд амалиётга кўра, экспонатлар одатда улар кўргазмагача қайси музейда сақланган бўлса, ўша ерга қайтарилади. Аммо Украина маданият вазирлиги олтин буюмларни Қрим музейларидан сиртдан мусодара қилиб, Киевдаги Украина тарихи музейига сақлаш учун топширган.

Суд қарорида фавқулодда ҳолларда Киевнинг бундай йўл тутишга ҳаққи борлиги эътироф этилиб, унга яриморолда “вазият барқарорлашганидан сўнг” коллекцияни Қрим музейларига қайтариш мажбурияти юкланган. “Давлатнинг маданий манфаатлари музейлар манфаатларидан устундир”, дея қарор чиқарган судья (иқтибос “Украинская правда” нашрига тегишли).

Қримнинг Россия томонидан тайинланган маъмурияти раҳбари Сергей Аксёнов маҳкама қарорини “рейдерлик босқини” деб атади. “Скифларнинг олтин буюмлари Қрим тупроғидан топилган, бир неча юз йиллаб шу ер бағрида ётган, ушбу бойликлар Қрим тарихий ва маданий меросининг бир қисми, барча қримликлар мулки ҳисобланади”, деб ёзган у Telegram’да.

Украина президенти Владимир Зеленский эса, ўз навбатида суд қароридан кўнгли тўлганини билдирди. “Биз ўзимизга тегишли нарсани ҳамиша қайтариб оламиз. “Скифлар олтини”ни қайтардик - Қримни ҳам қайтариб оламиз”, деб ёзган у “Твиттер”даги саҳифасида.

Қарор устидан юқори маҳкамага арз қилиш мумкин. Ҳужжат қонуний кучга киргунича олтин буюмлар Нидерландияда қолади.

Украина бош вазири Денис Шмигаль скифларнинг олтин буюмлари “София Киевская” миллий қўриқхонаси ихтиёрига берилиши мумкинлигини айтди.

XS
SM
MD
LG