Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:03

Олимлар шохсиз буқа ва иссиққа чидамли сигир зотларини яратиш устида ишламоқда


Дейвис шаҳридаги Калифорния университети олимлари ҳайвон генетиги Элисон Ван Ининнаам етакчилигида қорамолларнинг шохсиз зотини яратиш устида ишламоқда.

Кўп ҳолатларда чорвадорлар қорамоллар бир-бирига ёки чўпонларга зиён етказиши олдини олиш учун уларнинг шохини олиб ташлайди. Аммо Ангус каби айрим мол зотлари шохсиз туғилади.

Шу сабаб шох йўқ бўлишига масъул генлар аниқланиши ортидан, Миннесотада жойлашган Recombinetics ширкати ходимлари молекуляр “қайчилар” ёрдамида кенг тарқалган Голштин-фриз қорамол зоти ДНКсини ўзгартирди. Хусусан, олимлар TALENs деб номланувчи технологияда фойдаланди. Натижада 2015 йилда икки шохсиз буқача туғилди. Уларнинг биридан бугунга қадар олтида бузоқ туғилди.

Ушбу моллар гўштини истеъмол қилиш хавфсиз эканлигини тасдиқлаш учун Ван Ининнаам АҚШ озиқ-овқат ва дорилар бошқармасига мурожаат қилган. Бошқарма олимлари буқаларнинг ДНКсини ўрганаётиб, уларнинг ДНКсини ўзгартиришда фойдаланилган плазмида кетма-кетлиги буқалар ДНКси таркибига қўшилиб қолганини аниқлашган. ДНКни таҳрир қилиш учун фойдаланиладиган плазмида одатда ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Аммо бу сафар ундай бўлмаган.

АҚШ озиқ-овқат ва дорилар бошқармаси ходимларига кўра, ёт фрагмент ДНКга қўшилиб қолгани ҳайвон ёки уни истеъмол қилганлар учун хавфли, дегани эмас. Шундай бўлса-да, улар ген таҳрирлаш методларидан фойдаланаётиб, ДНКни яқиндан кузатиб бориш муҳимлигини таъкидлашди.

2018 йилда Европа адлия суди ген таҳрирлаш асбоблари ёрдамида туғилган ҳайвонлар гени ўзгартирилган организм (ГМО) ўлароқ кўрилиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди. Яъни, уларни тегишли идоралар маъқуллаши учун узундан-узоқ жараёндан ўтиш керак бўлади.

ДНКда кутилмаган материал аниқланиши ортидан Ван Ининнаам қолган беш буқани йўқ қилишга мажбур бўлди. Тирик қолган ягона ғунажин ҳам бола туғиб, синовлар учун сут берганидан кейин, эвтаназия қилинади.

Ван Ининнаам ген таҳрирлаш ёрдамида яна кўплаб мақсадларда, масалан, тобора исиб бораётган иқлим шароитида иссиққа чидамли молларни яратиш мумкинлигини айтди. Айни дамда Ван Ининнаам фақат эркак молларни кўпайтиришга йўл очувчи тажрибаларни ўтказмоқда. Бундан мақсад фақат кўп гўшт берадиган буқа подаларини ёки фақат сут берадиган сигир подаларини яратишдир.

Аммо бу каби ғояларни ҳамма ҳам маъқулламайди. Хусусан, генетик ўзгартирилган ҳайвонлар инсонлар учун хавфсиз эканлиги тасдиқланиб, улар синов ва маъқуллаш жараёнларидан муваффақиятли ўтган тақдирда ҳам, кўпчилик бундай моллардан олинган маҳсулотларни истеъмол қилишдан бош тортиши айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG