Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:44

Юлдузлар ҳам ўлади. Олимлар уларнинг ўлими қандай кечишини ўрганди


Бир гуруҳ олимлар зичлиги қуёш маркази зичлигидан юқори бўлган жисмлар ёрдамида ўртача вазндаги юлдузларда содир бўладиган ядровий жараёнларни ўрганиб чиқди.

Кичик ва йирик вазндаги юлдузлар умри қай йўсинда тугаши бўйича илмий консенсусга келинган.

Аммо янги тадқиқот натижалари ўрта вазндаги юлдузлар ҳақидаги тахминлар хато бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Хусусан, тадқиқот ўрта вазндаги юлдузлар умри аввал ишонилгандек юлдуз ичига қулаши – гравитацион коллапс билан эмас, балки йирик портлаш билан тугашини кўрсатди.

Юлдуз эволюцияси унинг вазнига боғлиқдир. Бизнинг Қуёш каби кичик юлдузлар умри охирида оқ митти деб номланувчи объектга айланади.

Йирик вазнли юлдузлар умри якунида портлаб, нейтрон юлдузига ёки қолдиқ массаси Қуёшникидан 4 ёки ундан кўп марта катта бўлса, қора
туйнукка айланади. Ўрта вазндаги юлдузнинг умри якуни эса мураккаб бўлиб, ҳар хил кечади.

Германиядаги Оғир ионлар институти профессори Габриэль Мартинес-Пинед:

- Ўрта массали юлдузларнинг сўнгги тақдири жуда кичик тафсилотга, хусусан, юлдуз ядросида неон-20 изотопи қанчалик тез электронларни тортишига боғлиқ, — дейди, - электрон тортиш суръатидан келиб чиққан ҳолда, юлдузда термоядровий портлаш содир бўлади ёки у қулаб тушиб, нейтрон юлдузга айланади.

Ядровий лабораторияда ушбу изотопларни ўрганиб чиққан олимлар неон-20 ҳамда фтор-20 ҳолатларидан ўтиш этапи ўрта массали юлдузларда электрон тортиш даражасини белгилашда муҳим ўрин тутишини аниқлашди.

Фтор-20 изотопининг парчаланиш жараёни ҳамда назарий ҳисоблар асосида олимлар электрон тутиш даражасини ҳисоблаб чиқишди.

Электрон тутиш жараёнида электрон атом ядросига тортилади. Натижада протон нейтрон ҳамда нейтринога айланади, ҳосил бўлган нейтрино ташқарига чиқарилади. Элементлар хусусияти улар ядросидаги протонлар сонига боғлиқ бўлгани учун, электрон тутиш жараёни бир элемент иккинчи элементга айланишига олиб келади.

Одатда ушбу жараён ортидан беқарор изотоп барқарор изотопга айланади. Финляндиянинг Йвяскюля университети тезлатиш лабораториясида ўтказилган тажрибалар неон- 20 да электрон тутиш аввал ишонилганидан озроқ зичликларда содир бўлишини кўрсатди. Бу эса ўрта вазнли юлдузларда ушбу жараённинг содир бўлиши эҳтимоли юқори эканлигини кўрсатади.

Яъни, ўрта массали юлдузларнинг нейтрон юлдузга қулашидан кўра термоядровий портлашга учраши эҳтимоли юқорироқ.

- Бир дона ўзгариш юлдуз каби йирик объект эволюциясига шунчалик катта таъсир кўрсатиши ҳайратланарлидир, — деди гуруҳ аъзоларидан бири Даг Фаҳлин Стромберг.

Тадқиқот натижалари галактикамизда айрим кимёвий элементлар мўл-кўллиги ва эволюциясини англашимизда муҳим ўрин тутиши мумкин.

Юлдуз қулаши, яъни гравитацион коллапсга солиштирганда, термоядровий портлашлар жуда кўп элементлар атрофга сочилишига олиб келади.

Агар олимларнинг хулосалари тўғри бўлса, ўрта вазнли юлдузлар умри одатда термоядровий портлаш билан тугашини хулоса қилиш мумкин. Аммо бу тахминни тасдиқлаш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказилиши керак.

XS
SM
MD
LG