Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:40

Ер юзидаги энг қадимий метеорит кратери аниқланди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Австралия ғарбида жойлашган Яррабубба кратери Ер юзидаги зарба натижасида ҳосил бўлган энг қадимий кратер, деб топилди. Олимлар ҳисобларига кўра, Яррабубба бундан 2,2 миллиард йил олдин Ерга метеорит келиб урилиши натижасида ҳосил бўлган.

Nature Communications журналида чоп этилган илмий мақолада ёзилишича, кратернинг аниқ ёши 2,229 миллиард йил бўлиб, бу бизга маълум бўлган бошқа ўхшаш кратерлардан 200 миллион йилга эскироқдир.

Олимлар узоқ йиллардан бери Яррабубба жуда қадимий кратер эканлиги тахмин қилиб келган, аммо бугунга қадар унинг аниқ ёши ҳисоблаб чиқилмаган эди.

Қадимий кратерлар ёшини аниқлаш осон эмас, чунки эрозия ва зилзила каби тектоник ҳодисалар уларнинг тарихини ўчиради.

Яррабубба ёшини аниқлаш учун олимлар “шок қайта кристалланиш”, яъни зарба натижасида циркон ва моназит каби минераллар структурасида содир бўлган ўзгаришлар изларини топишга уринишган.

Бунинг учун “Юқори резолюцияли сезгир ион микро тадқиқот” (Sensitive High Resolution Ion Micro Probe, SHRIMP) деб номланувчи аппарат орқали микроскопик зарраларни излашган. Бундай зарралар топилганидан кейин, улардаги уран ёрдамида кратернинг аниқ ёши ҳисоблаб чиқилган.

Изланиш муаллифларининг айтишича, Яррабубба ёши Ерда глобал совуқлик тугаган муддатга тўғри келади.

Куртин университетининг Ер ва сайёра фанлари мактаби профессори Крис Кирклэнд:

- Яррабубба зарбасидан кейинги 400 миллион йил даврда тошларда музлик депозитлари кузатилмади, — деди.

Киркленднинг сўзларига кўра, Яррабубба ёши Ерда совуқ давр ўз якунига ета бошлаган пайтга мос келади.

Олимларнинг тахмин қилишича, метеорит Яррабубба келиб урилган ҳудудни ўша пайтда музлик қоплаган бўлган.

Ҳозирча ҳудудни зарба пайтида муз қоплаб тургани тўлиқ исботлангани йўқ. Қолаверса, аксар ҳолатларда йирик метеорит тушиши ортидан атмосфера совий бошлаганига ишонилади.

Шу сабаб Куртин университети ходимларининг кратер ёшини аниқлагани олқишга сазовор бўлди, аммо зарба натижасида иқлим ўзгаргани ҳақидаги тахминлари танқидга учради.

XS
SM
MD
LG