Линклар

Шошилинч хабар
13 май 2021, Тошкент вақти: 23:31

Ўзбекистон хабарлари

Инглиз тилини билиш халқаро рейтингида Ўзбекистон 88-ўринни эгаллади

Аҳоли ўртасида инглиз тилини билиш бўйича EF English Proficiency Index рейтингида Ўзбекистон бу йил 88-ўринни эгаллади. Ўтган йили мазкур рейтингда мамлакат 95-ўринга қўйилганди.

Рўйхатга жами 100 та мамлакат киритилган бўлиб, ундаги ўринлар ёши 18 дан ошган 2,2 миллион кишини тестдан ўтказиш натижаларига кўра белгиланган.

Рейтингда мамлакатлар аҳолисининг инглиз тилини билиш даражасига қараб 5 тоифага (“жуда юқори”, “юқори”, “ўртача”, “паст”, “жуда паст”) бўлинган.

Гарчи Ўзбекистон бу йил EF рейтингида ўтган йилдагига нисбатан 7 поғона юқорилаган бўлса-да, аҳолиси инглиз тилини “жуда паст” ўзлаштирган давлатлар қаторида қолаверган.

Бу йилги рўйхат бошида аҳолиси инглизчани “жуда юқори” даражада ўзлаштирган Ҳолландия, Дания, Финляндия, Швеция ва Норвегия каби давлатлар турибди. Рўйхат охиридан эса Қирғизистон, Саудия Арабистони, Уммон, Ироқ ва Тожикистон каби мамлакатлар ўрин олган.

EF (Education First) томонидан ўтказилган тадқиқот дунёда инглиз тилини ўзлаштириш даражасининг ўртача кўрсаткичи ошиб бораётганини кўрсатган.

Кун янгиликлари

Ўзбекистонда коронавирусдан ўлганлар сони яна биттага кўпайди

Янги касалланиш ҳолатларининг 163 таси Тошкент шаҳрида аниқланди.

Ўзбекистонда 12 май куни коронавирусга чалинган беморлардан яна бири вафот этди. Бу билан мазкур касалликдан ўлганлар сони 667 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 12 май куни яна 359 кишида коронавирус аниқланганини, бугунги кунгача коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 95826 нафарни ташкил этаётганини билдирди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 163 таси Тошкент шаҳрида, 63таси Тошкент вилоятида ва 65 нафари Самарқанд вилоятида аниқланган.

Касалликдан соғайганлар жами 91301 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3858 нафар бемор даволанмоқда.

Мирзиёев Жапаров билан телефон орқали гаплашди. Расмий маълумотда чегарадаги муштлашув эсланмади

Садир Жапаров Шавкат Мирзиёев билан 11-12 март куни Тошкентда музокаралар олиб борган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазиятни барқарорлаштириш масаласида суҳбатлашди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, мулоқот пайтида Марказий Осиё минтақасида дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш масаласи ҳам тилга олинган.

Бироқ расмий маълумотда 13 май куни Ўзбекистоннинг Чашма ва Қирғизистоннинг Сай қишлоғи аҳолиси ўртасида юз берган инцендент ҳақида маълумот берилмади.

Аввалроқ Қирғизистон томони 13 май куни Ўзбекистоннинг Сўх тумани Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Боткен тумани Қиштут қишлоқ ҳукуматига қарашли Сай овули аҳолиси ўртасида “келишмовчилик оқибатида муштлашув содир этилган”и, бунинг ортидан икки қишлоқ аҳолиси чегара атрофига йиғилгани ҳақида маълум қилган эди. Мазкур ҳодиса юзасидан хабарни мана бу жойда ўқишингиз мумкин.

28,29, 30 апрель ва 1 май кунлари Қирғизистон-Тожикистон ҳарбийлари ўртасида отишма бўлган ва унда қирғиз томонидан камида 36 киши, тожик томонидан эса 19 тожикистонлик ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, мулоқот чоғида президентлар муқаддас Рамазон ҳайити муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, “биродар халқларимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаб, эзгу истакларини изҳор қилдилар”.

Қашқадарёда рўй берган ЙҲТ икки гўдак дохил 7 кишининг умрига зомин бўлди

Қашқадарёдаги автоҳалокат иштирокчиси бўлган автомобиллардан бири (Касби туман ҳокимлиги ахборот хизмати фотоси)

Қашқадарё вилояти Касби туман Тошқўрғон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Қарши-Таллиқўрғон-Касби-Жейнов” автомобиль йўлининг 26 километрида 8 май содир бўлган йўл транспорт ҳодисасида 7 киши нобуд бўлган.

Касби туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ўтган ҳафта охирида ҳаракат қоидаларини қўпол равишда бузиб, катта тезликда келаётган ВАЗ-2101 автомашинаси ва йўлнинг қарама-қарши томонидан катта тезликда ҳаракатланаётган Нексия автомашинаси бир-бири билан тўқнашган. Тунги соат 22:10 да содир бўлган бу автоҳалокат бирданига 7 кишининг умрига якун ясаган.

Қайд этилишича, ЙТҲ қурбонларининг бири 1 яшар, яна бири 4 яшар бола бўлган, қолган беш қурбон ҳам ёши қирққа етмаган кишилар бўлгани айтилмоқда.

Биржада чигит нархи арзонлади, бунинг ортидан ёғ баҳоси ҳам пасайди

Жорий йилнинг 6−12 май кунлари Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасида ўтказилган очиқ биржа савдолари якунлари кўра техник пахта чигитининг биржадаги нархи 31,2 фоизга пасайиб, 12 май ҳолатига кўра маҳсулотнинг бир тоннаси учун ўртача 3 миллион 403 минг 900 сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (UzEx) маълумотларига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, ўтган ҳафта ичида биржа савдоларига сотувчи-корхоналар томонидан 7 961 тонна пахта чигити қўйилган ва улардан 5 903 минг тоннаси, яъни 74,1 фоизи сотилган.

“Техник пахта чигитининг биржадаги нархларини пасайишига унинг бошланғич нархларини сотувчи-корхоналар, яъни пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пасайтирилганлиги ўз ижобий таъсирини ўтказди”, дейилган UzEx хабарномасида.

Техник пахта чигити нархининг пасайиши оқибатида пахта ёғининг бошланғич қиймати ва биржадаги нархлари ҳам пасайган. Хусусан, ўтган даврда пахта ёғининг бошланғич нархи ўртача 5,3 фоизга, биржа савдолари натижасида шаклланган нархи эса 11,3 фоизга пасайиб, бугунги кунда маҳсулотнинг бир тоннаси учун 14 миллион 739 минг 300 сўмни ташкил қилмоқда.

Аввалроқ Монополияга қарши курашиш қўмитаси биржада техник чигитнинг бошланғич нархларини келишиб сунъий ошириш аломатлари билан 34 та пахта кластерига нисбатан иш қўзғатгани ҳақида хабар қилган эдик.

Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистонда юз нафар фуқаро афв этилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайитини арафасида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

“Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 100 нафар фуқаро афв этилди”, дейилган ЎзА хабарида.

Афв этилганларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилган, 43 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 10 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган ҳамда 44 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.

Қайд этилишича, афв этилганларнинг 12 нафари чет эл фуқароси, 4 нафари ёши 60 дан ошган эркак, 6 нафари аёл, 52 нафари эса тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслардир.

Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади

Тошкентдаги жомеъларидан бирида ўқилган ҳайит намози (архив сурати)

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон “мўмин-мусулмонлари ва бутун халқини ер юзидаги ислом уммати томонидан кенг нишонланаётган улуғ ва муборак айём – Рамазон ҳайити билан” муборакбод этди.

Ўтган вақт ичида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилганини таъкидлаган президент кўлами ва миқёси тобора кенгайиб бораётган бу каби амалий ишлар “янги Ўзбекистонни барпо этиш, мамлакатда Учинчи ренессанс пойдеворини яратиш, Ватан равнақи, халқ фаровонлигини оширишдек эзгу мақсадларга уйғун ва ҳамоҳанг” эканига эътибор қаратган.

Ўз табригида Мирзиёев ўзбек маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур” деган сўзлари бугун ҳам долзарблигини урғулаб, “диний қадриятларимизни, миллий ўзлигимизни улуғлаб яшаш билан бирга, давр талаби бўлган замонавий илм-фан ютуқлари, ахборот технологияларини эгаллашга алоҳида эътибор қаратишимиз, ёш авлодимизни умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашимиз керак”, дея қайд этган.

Қуддусда сулҳ ўрнатиш чақириқларига расмий Тошкент ҳам қўшилди

Исроил зарбаларидан кейинги Ғазо минтақаси , 2021 йил 12 майи

Ўзбекистон расмийлари Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашганидан чуқур хавотир изҳор қилдилар. Бунга оид баёнот 12 май оқшомида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тарқатилди.

Томонларни зўравонликка чек қўйиш, вазиятни беқарорлаштиришдан сақланиш ва бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ҳамда мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга чақирамиз”, дейилган ТИВ баёнотида.

Ўзбек дипломатлари мулоҳазасича, Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини – статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур.

Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ҳамда “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этилиши лозим”, деб ҳисоблайди ўзбек дипломатлари.

Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар бир неча ҳафтадан бери давом этаётгани ҳақида Озодлик илгарироқ хабар қилган. Бу ердаги тўқнашувларда элликка яқин фаластинлик ва камида 6 нафар исроиллик вафот этгани, 500 чоғли одам жароҳатлангани айтилмоқда.

Аввалроқ БМТ масъуллари, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Россия расмийлари Қуддусда сулҳ ўрнатиш чақириқлари билан чиққан эдилар.

Жиззах шаҳар ҳокими ўринбосари пора билан қўлга тушгани айтилмоқда

Иллюстратив сурат.

Жиззах шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи Ойбек Нурматов 2 минг доллар пора олаётганида қўлга тушгани ҳақида davletovuz телеграм канали 12 май куни хабар қилди.

Амалдорларнинг коррупцияга алоқадорлиги тўғрисидаги маълумотларни тарқатиш орқали танилган канал муаллифининг ёзишича, “Ёшлар” телеканалининг “Янги давр” ахборот дастурида бу борада лавҳа намойиш этилган.

Билдирилишича, Ойбек Нурматов тадбиркорлардан биридан қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ўтказиладиган тендер савдоларини олиб бериш эвазига 2 минг доллар пора талаб қилган.

Gazeta.uz нашрининг билдиришича, Ойбек Нурматовнинг асосий лавозими Жиззах шаҳар молия бўлими бошлиғи бўлган. У ҳокимнинг биринчи ўринбосари лавозимини вақтинча бажариб турган.

Чирчиқда намойишга чиққан ишчиларга ойликлари тўланди, ширкат раҳбари жаримага тортилди

Чирчиқлик ишчилар қурилишларда ишлаган.

Чирчиқдаги “Водий саркор дизайн” ширкати раҳбари Меҳнат Кодексининг 154-161 моддалари бузилганлиги учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми асосида жаримага тортилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги матбуот хизмати расмий маълумотида раҳбар қанча миқдорда жаримага тортилгани аниқ айтилган эмас.

“Тошкент вилояти Пскент туманида жойлашган “Водий саркор дизайн” МЧЖ раҳбари Хусанов Зиёдулла Сурҳондарё ва Фарғоналик фуқароларни, Чирчиқ шаҳар 1-кичик нохия ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг қурилиш ишларига жалб қилгани ва уларнинг ишлаган даврлари учун ойлик иш хаққини ўз вақтида бермаганлиги норозиликка сабаб бўлган”, -дейилади расмий хабарда (Иқтибос Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати матбуотга тақдим этган матндан сўзма-сўз кўчирилган - муҳаррир).

Вазирликнинг билдиришича, Чирчиқ шаҳар ҳокимияти ва Давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори аралашуви билан ишчиларнинг ишлаган даври учун 280 миллион сўм иш хаққи тўлаб берилди ва “Водий саркор дизайн”га маошларнинг қолган қисмини 18 майгача тўлаш мажбурияти юклатилди.

Озодлик радиоси чирчиқлик ўнлаб ишчилар иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганига норозилик билдириб шаҳар ҳокимияти биноси олдига йиғилгани тўғрисидаги видеолар 11 май куни ижтимоий тармоқларда кенг равишда тарқатилгани тўғрисида аввалроқ хабар берган эди.

Таниқли устазода санъаткор Шавкат Мирзаев вафот этди

Шавкат Мирзаев 1942 йилнинг 10 февралида Тошкентда туғилган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, профессор Шавкат Мирзаев 79 ёшида вафот этгани ҳақида Маданият вазирлиги маълум қилди.

Шавкат Мирзаев 1942 йилнинг 10 февралида Тошкентда машшоқ ва бастакор Муҳаммаджон Мирзаев оиласида туғилган.

12-13 ёшидан рубоб чала бошлаган Мирзаев 16 ёшида отаси билан бир ансамблда ишлай бошлагани ҳақида айтган эди.
У 1978 йилдан бошлаб Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиевага устозлик қилиб келган.

Шавкат Мирзаев шогирди Муножот Йўлчиева билан ўзбек мусиқасини жаҳонга танитган санъаткорлардан бири ҳисобланади. У 2011 йилнинг августида Би-Би-Си радиосига берган интервьюсида:

“Дунёда бормаган жойимиз қолмади. Франциянинг ўзида 48 марта бўлибмиз. Концертларимиз доимо олқишлар билан кутиб олинди, биз ҳақимизда ҳужжатли филмлар олишди. Мусиқа албомларимиз чиқди”,- деб айтган эди.

Жорий йилнинг дастлабки 4 ойида Ўзбекистонга хориждан жўнатилган пул миқдори кўпайди

Коронавирус пандемияси туфайли хориждан Ўзбекистонга жўнатилаётган пул жўнатмалари кескин озайиб кетгани хабар қилинган.

Ўзбекистонга хориж давлатларидан жўнатилган пул миқдори 2021 йилнинг январь-апрель ойларида 1 миллиард 990 миллион долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирилганида 663 миллион долларга кўпроқдир.

Марказий банкнинг билдиришича, жорий йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида чет элга Ўзбекистондан 478 миллион доллар пул чиқарилган.

Марказий банк аввалроқ 2021 йилнинг январидан мартигача хориждан Ўзбекистонга 1 миллиард 420 миллион доллар пул жўнатилганини маълум қилган эди. Шундан келиб чиқиладиган бўлса, апрель ойида хорижадан 570 миллион доллар пул келган.

Ўтган йили коронавирус пандемияси туфайли хориждан Ўзбекистонга жўнатилаётган пул жўнатмалари кескин озайиб кетгани хабар қилинган.

Олий Мажлис ижтимоий тармоқлар Ўзбекистон қонунига амал қилмаётганидан норози

Telegram, Facebook, TikTok, Google ва Yandex 16 апрелдан бошлаб Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ичида жойлашган серверларда қайта ишлашга мажбурлиги тўғрисидаги қонунга амал қилмаётганликлари Олий Мажлис норозилигига сабаб бўлди.

“Қонун нормаси кучга кирганига 1 ой бўлган бўлсада ваколатли давлат органи томонидан мазкур соҳа бўйича кўзга кўринадиган натижаларга эришилмаганлиги депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди”, -дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси расмий сайтида.

Ўзбекистонда қабул қилинган “Шахсий маълумотлар тўғрисида"ги Қонуннинг 27−1-моддасига асосан 16 апрелдан бошлаб ижтимоий тармоқлар ва жаҳон интернет компаниялари Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини мамлакат ҳудудидаги серверларда қайта ишлаши шарт экани белгилаб қўйилган.

Давлат персоналлаштириш маркази раҳбари Улуғбек Тошхўжаев 12 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси йиғилишида бу ҳақда маълумот берар экан, Telegram, Facebook, TikTok, Google ва Yandex ширкатларига Ўзбекистон қонунчилиги талабларига риоя қилиш тўғрисида хатлар юборилгани тўғрисида маълумот берган. Расмийга кўра, бу хатларга шу кунгача жавоб олинмаган ва қонун талабига риоя этилиши ортга сурилмоқда.

Қонунга асосан мазкур ижтимоий тармоқларнинг шахсга доир маълумотлар базалари Ўзбекистон давлат реестрида рўйхатдан ўтказиши шарт. Бу талабга амал қилмаган ширкатларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиши мумкин.

Йиғилишда депутатларнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда мазкур ижтимоий тармоқлар ва интернет компанияларга турли киберҳужумлар уюштириб келинмоқда. Натижада Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари ҳам ўғирланган.

HRW Отабек Сатторийнинг қамалишини Ўзбекистондаги сўз эркинлигига зарба ўлароқ баҳолади

Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий

Ўзбекистонда маҳаллий расмийларнинг коррупцияга аралашган-аралашмаганини ўрганган мустақил блогер Отабек Сатторийнинг қамалиши ҳақида суд томонидан чиқарилган ҳукм Ўзбекистонда сўз эркинлигига қарши зарба ва маҳкама хатоси бўлиб ҳисобланади. Бу ҳақда Human Rights Watch халқаро ташкилоти томонидан 11 май куни ёйинланган баёнотда айтилган.

10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир неча моддаларида айбдор деб топилган блогер Отабек Сатторийни олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарганди.

HRW ўз баёнотида блогерга нисбатан очилган жиноят иши, унга нисбатан қўйилган айбловлар шубҳали эканини урғулаган. Ташкилот блогернинг адвокати Умид Давлатовнинг сўзларига таянган ҳолда Сатторий ўзига қўйилган айбловларни тан олмагани ва суд ҳукми юзасидан шикоят аризаси киритмоқчи эканини қайд этган.

HRW вакилларига кўра, Ўзбекистон раҳбарияти, жумладан президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар марказига инсон ҳақларига ҳурмат тамойили қўйилаётганини баралла айтиб келмоқда, аммо бу ўринда амаллар сўзларга зид келмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари қайдича, номақбул блогернинг қамоққа йўлланиши бугунги кунда Ўзбекистонда сўз эркинлиги учун қатағон муҳити мавжудлигига оид ҳақиқатни очиб ташлаган.

Отабек Сатторийнинг қамалиши аввалроқ Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ва Чегара билмас мухбирлар каби халқаро ташкилотларда ҳам норозилик уйғотган эди.

Йирик шаҳарларда одамларга 24 соат хизмат кўрсатадиган кўнгилочар кўчалар ташкил этилади

Шаҳарларда туну кун фаолият юритадиган кўчалар ташкил этилишига оид қарорни президент Ш. Мирзиёев 2021 йилнинг 11 майида имзолаган.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 сентябрига қадар йирик шаҳарлар, вилоят ва туман марказларида савдо ва кўнгилочар кўчалар ташкил этилади. Бу кўрсатма президент Ш. Мирзиёев томонидан 11 май куни имзоланган “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда акс этган.

Ҳужжатда савдо ва кўнгилочар кўчаларда барча тадбиркорлик субъектларига 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритиш ҳуқуқи берилиши ҳамда бу ерда кўчма савдо объектлари учун жойлар тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион асосида сотилиши билдирилган.

Қайд этилишича, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан хизматлар соҳасини ривожлантириш учун тижорат банкларига 300 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит линияси очилади. “Ўзмиллийбанк” 2021 йил якунига қадар халқаро молия институтларининг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини жалб қилади.

Айни пайтда, қарорда айтилишича, 2021-2023 йиллар давомида туман (шаҳар)ларда 15 та деҳқон бозори ва 115 та савдо комплекслари барпо этилади. Янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинади.

Мирзиёев Қозон гимназиясидаги ҳодиса муносабати билан Путинга ҳамдардлик билдирди

Қозондаги 175-гимназия олдида отишма қурбонларини ёдлаш учун қўйилган қўлбола хотира лавҳи, 2021 йил 11 майи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозондаги гимназияда содир бўлган қуролли хуруж муносабати билан россиялик ҳамкасби Владимир Путинга ҳамдардлик мактуби йўллади.

“Фожиали воқеа – Қозон шаҳридаги мактабда содир бўлган отишма оқибатида бегуноҳ болалар ва ёши катталар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар мени чуқур қайғу ва ларзага солди”, деб бошланган президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган хат.

Ўзбекистон президенти мактубда ўз мамлакати “ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайдиган ушбу мудҳиш зўравонлик ҳаракатини қатъий қоралаши”ни билдирган ҳамда Россия президентига, ҳодиса чоғида қурбон бўлганларнинг ота-оналари ва яқинларига ҳамдардлик изҳор этган.

“Ушбу мусибатли дамларда Ўзбекистоннинг кўпмиллатли халқи Россия халқи учраган жудоликка қайғудошдир”, дея якунланган Мирзиёевнинг Путинга мактуби.

Татаристон пойтахти Қозон шаҳридаги Жавдат Файзи кўчасида жойлашган 175-сонли гимназияда 11 май куни отишма юз бериб, унда камида 8 киши нобуд бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Татаристон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳодиса ортидан аксарияти мактаб ўқувчилари бўлган 20 дан ортиқ одам шифохонага ётқизилган. Улардан 6 нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимида ётгани айтилмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Хитойда қирғизистонлик ҳамкасби билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 11 май куни Хитойнинг Сиан шаҳрида қирғизистонлик ҳамкасби Руслан Қазақбаев билан учрашув ўтказган.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув Ўзбекистон делегациясининг “Марказий Осиё – Хитой” форматида иккинчи учрашувидаги иштироки доирасида ўтказилган.

Қайд этилишича, учрашувда Комилов ва Қазақбаев икки томонлама алоқалар ривожланиши билан боғлиқ долзарб масалалар ҳамда минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашганлар. Бироқ вазирлар ўртасида апрель ойи сўнгида қирғиз-тожик чегарасида юз берган можаро муҳокама қилинганми-йўқми – бунга аниқлик киритилган эмас.

“Томонлар Саноат кооперацияси бўйича “Йўл харитаси”ни, мультимодал транспорт коридори ҳамда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасини имкон қадар тез муддатда амалга оширишнинг муҳимлигини қайд этдилар”, дейилган Ўзбекистон ТИВ хабарномасида.

Бу орада Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати тарқатган маълумотга мувофиқ. икки вазир учрашуви чоғида қирғи-тожик чегарасида юзага келган вазиятга алоҳида эътибор қаратгани урғуланган. Томонлар кўплаб қурбонларга олиб келган можаровий вазият сиёсий-дипломатик музокаралар йўли билангина ҳал этилиши лозимлиги хусусида якдил фикр билдирганлар.

Айни пайтда вазирлик Сианга ташриф доирасида Абдулазиз Комилов 11 май куни хитойлик ҳамкасби Ван И билан ҳам учрашган.

Музокаралар чоғида икки вазир Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликнинг ҳозирги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилган.

ТИВ қайдича, томонлар биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликнинг жадал ривожланишини таъминлашга эришилганлигини мамнуният билан эътироф этишиб, ўзаро савдо ҳажмлари ва номенклатурасини янада оширишнинг муҳимлигини таъкидлашган. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” мультимодал транспорт маршрутини ривожлантириш ва “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини биргаликда ҳаётга татбиқ қилиш бўйича тезроқ амалий чоралар кўришнинг долзарблиги қайд этилган.

Вазирлар халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий хавфсизликни таъминлаш, Афғонистонда мустаҳкам тинчликка эришишга ва унинг иқтисодиётини тиклашга кўмаклашиш механизмларига ҳам алоҳида эътибор қаратганлар.

ТИВ вазир А. Комилов сешанба куни Сиан шаҳрида Хитой Халқ Республикаси Шенси провинцияси губернатори Чжао Иде билан ҳам музокаралар ўтказгани ҳақида маълум қилган.

Махсус комиссия қарори ортидан Uzbekistan Airways Японияга қатновни вақтинча тўхтатди

Uzbekistan Airways авиаширкати Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ равишда Японияга авиақатновларни вақтинча бекор қилган ва бу ҳолат мазкур давлатда санитария-эпидемиология ҳолати яхшилангунига қадар давом этади. Икки давлат ўртасидаги қатновлар пандемия туфайли 2020 йили тўхтатилган эди.

Uzbekistan Airways матбуот хизмати қайдича, авиаширкат учун Токио қатновлари устувор ҳисобланиб, Ўзбекистондан Японияга рейслар 20 йилдан ортиқ муддат давомида амалга оширилиб келинган.

“Авиакомпания вакиллари қилган ҳаракатларининг шарофати билан сўров ошиб борган ва мавсумда нафақат мунтазам рейсларни йўлга қўйиш, балки Япониянинг турли шаҳарларига ҳам барқарор йўловчилар юкламасини таъминлашни уддалашди”, дейилган Uzbekistan Airways хабарномасида.

Ўзбекистондан Японияга мунтазам авиақатновлар мамлакатлардаги эпидемиологик вазият барқарор бўлганидан кейин 2022 йилнинг баҳор-ёз навигация даврига режалаштирилгани билдирилган.

Халқаро ташкилотлар Отабек Сатторийни озод қилишга чақирди

Блогер Отабек Сатторий.

Матбуот эркинлигини кузатиб борувчи халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини блогер Отабек Сатторийга суд томонидан чиқарилган ҳукмни бекор қилишга ва уни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирди.

10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди блогер Отабек Сатторийни 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди. Сатторий тухмат қилганлик ва товламачиликда айбдор деб топилган.

Халқаро ташкилотлар Сатторий блогерлик фаолияти ортидан “сохталаштирилган жиноят иши асосида қамалди”, деб ҳисоблайди.

“Ҳукумат Отабек Сатторийни зудликда қамоқдан озод этиши ҳамда барча журналистларга эрикн ва репрессияга учраш таҳдидидан ҳоли бўлган муҳитда ишлаш имкониятини яратиши шарт”,-деб билдирди Нью-Йоркдаги Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти.

Мазкур ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича дастурлари мувофиқлаштирувчиси Гулноза Сайид: “Сатторийнинг қамоққа ташланиши октябрда ўтадиган президент сайловлари арафасида матбуотни долзарб муаммоларни ёритишдан чеклаш ҳаракатидир”,-деб баёнот берди.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти эса Сатторийнинг қамалишини “ҳукуматнинг маҳаллий коррупция ортидан келиб чиқаётган жанжалларни бостириш ва танқидчиларни қўрқитишга интилиши” ўлароқ баҳолади.

Танқидий чиқишлари билан танилган сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий устидан маҳкама жараёни 11 март куни Музработ туман судида бошланган эди.

Каттақўрғонда Навоий ҳайкали олдида “ноўрин ҳаракатлар қилган” тиктокер қамалди

Навоий ҳайкали.

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридаги боққа ўрнатилган Алишер Навоий ҳайкали олдида “ ҳатти-ҳаракатларни амалга ошириб, уни ижтимоий тармоқда тарқатган” тиктокер ва унинг шериги суд ҳукми билан 15 суткага қамалди.

Расмий маълумотда таъкидланишича, йигитнинг ёши 24да бўлган. У қўлга олинганидан сўнг “ноўрин ҳаракатлари” учун Ўзбекистон халқидан узр сўраган.

“Катта хато қилдим. Бутун Ўзбекистон юзини ерга қаратибман. Ҳаммангиздан чин юракдан кечирим сўрайман”, — деб иқтибос келтирди йигитнинг сўзларидан Каттақўрғон шаҳар ҳокимияти.

Мазкур йигит шаҳар ҳокимияти тақдим этган видеода халқдан кечирим сўрар экан “10 май куни Алишер Навоий сиймосини ҳақорат қилгани”ни тан олган.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг энг кам пенсияси 2,5 миллион сўм бўлди

Адлия вазирлигининг 11 май куни хабар беришича, 2021 йил 10 майдан бошлаб 1941–1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларининг энг кам пенсияси миқдори 2,5 миллион сўм этиб белгиланди.

Бу ҳақда "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг моддий таъминотини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга асосан фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахслар ҳам уруш қатнашчиларига тенглаштирилди.

Расман билдирилишича, шу кунгача Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг энг кам пенсия миқдори 800 минг сўмни, ўртача ҳисобда эса 1 миллион 700 минг сўмни ташкил этар эди.

Ижтимоий тармоқда чирчиқлик ишчилар норозилик намойишига чиққани тўғрисидаги видео тарқалди

Ўзбекистондаги сўнгги намойишлардан бири: Нурободда чўпонлар яйлов ерларининг кластерларга бериб юборилаётганига норозилик билдириб, 6 апрелда қўйлар сурувини ҳокимликка ҳайдаб борганди

Чирчиқлик ўнлаб ишчилар иш ҳақи ўз вақтида тўланмаганига норозилик билдириб шаҳар ҳокимияти биноси олдига йиғилгани тўғрисидаги видеолар 11 май куни ижтимоий тармоқларда кенг равишда тарқатилди.

Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати бундай норозилик намойиши бўлиб ўтгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади.

“Ушбу фуқаролар қурилиш ташкилотлари томонидан ишга жалб қилинган бўлиб, ҳақиқатан ҳам уларга ҳақ тўлаш борасида кечикиш юзага келган. Улар эса муаммони бартараф этиш мақсадида ҳокимлик мутасаддиларига мурожаат қилиш учун тўпланишган”, - дейилади расмий хабарда.

Ҳокимиятнинг таъкидлашича, 11 май куни барча ишчиларга “иш ҳақларининг маълум қисми тўлаб берилган. Қолган қисмини эса 18 майга қадар тўлиқ ҳисоб китоб қилишга ўзаро келишилган”.

Ёзёвондаги автоаварияда икки оиланинг олти аъзоси ҳалок бўлди

2021 йилнинг дастлабки икки ойида аварияларда 265 киши ўлган.ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати инфографикаси.

Фарғона вилояти Ёзёвон туманидан ўтган А-373 автотрассасида юз берган автоавария оқибатида икки оиланинг 6 аъзоси ҳалок бўлди. Бу ҳақда 11 май куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда таъкидланишича, ҳалок бўланлардан ташқари яна тўрт киши туман шифохонасининг жонлантириш бўлимида даволанмоқда.

Расмий маълумотдан англанишича, автоаварияга халқаро аҳамиятга эга бўлган А-373 автотрассасида оддий хавфсизлик стандартларига риоя қилинмаган.

“... водий вилоятларини боғловчи А-373 йўналишидаги йўл белгилари, бетон тўсиқлар, йўл ёритгичларини қайта кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, водий вилоятлари тўлиқ ўрганиб чиқилиши таъкидлаб ўтилди”, -дейилади расмий баёнотда.

Ўзбекистон автоавариялар натижасида ўлим ҳолатлари кўп юз берадиган давлатлар қаторига киради.

Масалан, ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати март ойида 2021 йилнинг январь—февралида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларида 265 киши ҳалок бўлгани ва 724 киши тан жароҳатлари олганини билдирган.

Ўзбекистонда 2020 йилда авариялар оқибатида жами 1962 киши ҳалок бўлган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси президент қароридан сўнг ҳайит кунини тасдиқлади

Ўтган йили Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси пандемия муносабати билан ҳайит намозларини ўқишни номозхонлар зиммасидан соқит қилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ҳайитининг биринчи куни 13 майга тўғри келиши ҳақидаги қарорни қабул қилди. Бу ҳақда Диний идора расмий сайти 11 май куни эълон қилди.

10 май кун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилдаги Рамазон ҳайити 13 май-пайшанба куни нишонланиши тўғрисидаги қарорни қабул қилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси 13 май куни ҳайит намози Тошкент вақти билан соат 05:30 да ўқилишини эълон қилди.

Президент қарорига мувофиқ, 2021 йилнинг 14-15 май кунлари қўшимча дам олиш кунлари ҳисобланади.

Ўтган йили Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси пандемия муносабати билан ҳайит намозларини ўқишни номозхонлар зиммасидан соқит қилган эди.

Сурхондарёда сел тошқини туфайли Тошкент-Термиз автомагистрали вақтинча ёпиб қўйилди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 10 май куни тушдан кейин Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳудудидан ўтган М-39 автомагистралининг 1385-километрида кучли ёмғир ёғиши сабабли сел тошқинлари юзага келган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кечаги куннинг ўзида йўлнинг белгиланган қисмига бир нечта махсус техника сафарбар этилганини билдирган.

“Ушбу соатларда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлиги остида йўлни тош ва лой массасидан тозалаш ишлари олиб борилмоқда”, дейилган вазирлик хабарномасида.

ФВВ қайдича, сел ҳодисаси натижасида ҳеч ким жабрланган эмас, йўлнинг сел туфайли тўсилган қисми эса яқин соатларда транспортлар ҳаракати учун очилиши маълум қилинган.

Коронавирус юқтириб олганларнинг умумий сони 95 минг нафардан ошди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 10 май ҳолатига кўра, 95 минг 72 нафарни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг Навоий вилоятидан бошқа барча ҳудудларида жами 313 киши коронавирус юқтириб олган.

Айни пайтда душанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 372 нафар бемор соғайиб, тузалганларнинг жами 90 минг 664 нафарга етган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар сони эса 3 минг 744 нафарни ташкил этмоқда.

ССВ кеча коронавирусга чалинган беморлардан яна икки нафари вафот этгани, шу тариқа хасталикдан вафот этганларнинг умумий сони 664 нафарга етганини билдирган.

Бу орада вазирлик 10 май куни мамлакат ҳудудлари бўйлаб COVID-19 га қарши жами 50 минг 581 доза вакцина қўлланилгани, булардан 1-босқич эмланганлар сони 17020 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони эса 33561 нафарни ташкил қилганини маълум қилган.

Шу тариқа, ССВ маълумотига мувофиқ, бугунги кунгача Ўзбекистонда жами 1 миллион 173 минг 978 доза вакцинадан фойдаланилган бўлиб, 1-босқичда эмланганлар сони 1миллион 57 минг 94 нафарни, 2-босқичда эмланганлар сони эса 116 минг 884 нафарни ташкил қилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG