Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2018, Тошкент вақти: 20:41

Силга чалинган болалар кўрпа-тўшаги теримчи аскарларга бериб юборилди(ВИДЕО)


Тўрткўлдаги 5 санаторий интернат-мактаби ётоқхонаси

Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл туманидаги 5-санатория мактаб-интернати ўқувчиларининг кўрпа-тўшаклари пахта тераётган ҳарбий хизматчиларга бериб юборилди.

Бу интернатда даволаниб ўқиётган сил касаллигига мойил болалар кечаси билан ухлолмай совқотиб чиқаётгани, шамоллаб касал бўлаётгани ҳақида ота-оналар Озодликка 25 октябрда шикоят қилди.

Мактаб маъмурияти юқорининг буйруғи билан 50та кўрпа-тўшак сафарбарлик резервидаги ҳарбийларга бериб юборилганини тасдиқлади.

Тўрткўл туманидаги 5-санатория мактаб-интернатида фарзанди ўқиётган, исми сир қолишини сўраган оналардан бирининг айтишича, у фарзандига уйидан кўрпа-тўшак олиб бориб беришга мажбур бўлган:

"Ўғлимнинг озгина сил касаллиги бор. Шунинг учун шу интернатга берган эдик. Беш кун интернатда, икки кун уйда бўлади. Лекин, охирги марта келганида кечаси билан совқотиб чиқяпмиз, кўрпа-тўшагимизни олиб қўйишган, фақат чойшаб ётиб ётибмиз, деди. Бориб кўрсам, ҳақиқатан шундай. Болалар совуқ хоналарда қалтираб ётибди. Сўрасам, аскарларга бериб юбордик, пахта тугаса қайтариб беришади, агар имкони бўлса уйингиздан кўрпа олиб келинг, дейишди. Кейин, уйдан олиб бориб бердим," - дейди оналардан бири.

Озодлик болаларнинг фақат чойшаб ёпиб ётгани акс этган видеони ҳам қўлга киритди.

Силга чалинган болалар кўрпа-тўшаги теримчи аскарларга бериб юборилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:19 0:00

Видеода болаларнинг кўрпачасиз диванда, чойшаб ёпиб ётгани акс этган.

Озодлик мактаб-интернат тарбиячиларидан бири билан гаплашишга муваффақ бўлди.

Маълумот бергани учун жазоланишидан чўчиб¸ исми очиқланмаслигини сўраган тарбиячи болаларнинг аҳволини кўриб, юраги ачиётганини Озодликка айтди:

50 та кўрпа, 50та тўшакни 28 сентябрда пахта тераётган аскарларга деб, олиб кетишди. Болалар кўрпачасиз, устига пододеялник ёпиб ётадиган бўлишди. Ўша кунлар ҳаво илиқ эди, унчалик сезилмади. Энди эса ёмғир ёғиб, ҳаво совуганидан кейин, болалар шамоллаб, касал бўла бошлади. Кечаси билан айланиб уларнинг простинга ўралиб ғужанак бўлиб ётганини кўрсам, ичим эзилиб кетади. Бунинг устига бу болалар силга мойил. Уларга совуқ, намгарчилик умуман мумкин эмас. Наҳотки, шонли теримчи аскарларимизнинг куни касал болаларнинг кўрпа-тўшагига қолган бўлса”, дейди тарбиячи.

Унинг қўшимча қилишича, бу кўрпаларнинг олиб кетилиши гигиеник томондан ҳам тўғри эмас:

Сил - юқумли касаллик. Бемор болалар ётган кўрпа-тўшакларда ётган аскар болалар бу касалликни юқтириб олмаслигига гарантия йўқ. Энди пахтадан кейин қайтариб олиб келинган, чангу ифлосликларга бўккан бу кўрпалар яна болалар тагига солинишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди”, дейди тарбиячи.

Озодлик суҳбатлашган интернат ўқувчиларидан бири болалар хонада совқотиб касал бўлаётганини айтди:

"Бизнинг мактабда кўрпа етишмай турибди. Кўп болалар грипп бўляпти, кўрпа бермай турибдилар", деди ўқувчилардан бири.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги 5 санатория мактаб-интернати директори Нурилло Рўзимов касалхонада бўлгани боис, уни топишнинг имкони бўлмади.

Кўрпа топширишга масъул қилиб қўйилган мактаб-интернат бухгалтери Гулистон Жабборова Озодлик билан суҳбатда 50 та тўшак ва 50та кўрпа 28 сентябрь куни мактаб директорининг буйруғи билан аскарларга бериб юборилганини айтди:

- Кўрпа-тўшакларни пахта тамом бўлганда қайтариб оламиз. Унинг ўрни таъминланди. Директор буйруғини бажармасдан бошқа иложим йўқ эди. Ҳозир хабарим йўқ, бошқа ишга ўтганман, - деди Гулистон Жабборова.

Тўрткўл туманидаги 5 санатория мактаб-интернатида қарийб 240 нафар ўқувчи бор.

Интернат тарбиячилари сил касалга мойил бўлган болаларни жисмонан бақувват қилишга ихтисослашган интернатда “менюга икки овқат ëзилиб фақат биттаси” берилаётгани ҳақида Озодликка 19 октябрь куни шикоят қилган эди.

Тўрткўл тумани ҳокимлигидан бу воқеага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG