Линклар

Шошилинч хабар
11 апрел 2021, Тошкент вақти: 03:00

Ирқ, рутба ва изтироб: Меган ва Ҳарри қироллик оиласидан нега воз кечганини изоҳлади


Ҳарри ва Меганнинг тўйлари 2018 йил майида Уиндсор қасрида ўтказилган.

Якшанба куни эълон қилинган интервьюсида Ҳарри ва Меган ўз ўғиллари терисининг ранги борасида Британия қироллик саройида ёқимсиз муҳокамалар бўлгани, ўзларининг қироллик ҳимоясидан маҳрум бўлишлари ва босимнинг зўридан Сассекс герцогиняси ҳатто ўзини ўлдириш хаёлига ҳам боргани ҳақида гапириб беришди.

Ҳарри ва Меган Қирол оиласи аъзолари мақомидан воз кечганларидан сўнг биринчи марта АҚШнинг машҳур журналистларидан бири Опра Уинфрига интервью берди.

Ҳарри ўзининг қироллик оиласи тузоғида бўлгани, ўтган йили ўзига бериладиган молиявий маблағлар узиб қўйилгани ва хавфсизлигини йўқотганини гапирди.

Унинг айтишича, қироллик оиласи Меганни қўллаб қувватламаган, Меган эса Ҳаррига турмушга чиқишдан аввал қироллик оиласи ҳаёти ҳақида содда ўйлагани, тўйдан кейин сариқ матбуот ҳужумлари ва ўзи ҳақида ёлғон хабарлар кўпайганини гапирди.

Қўш ирққа мансуб бўлган Меган ўғли Арчига ҳомиладорлигида “бола туғилганда териси ранги қанчалик тўқ ранг бўлиши ҳақида гап сўзлар ва хавотирлар” пайдо бўлган.

Меган қироллик оиласи нега ўғлининг тери ранги ҳақида бунчалик хавотир олаётганини тушунишга қийналган.

Аввал Меган Маркл номи билан танилган актёр бўлмиш Меган ўғлига қироллик оиласи вакили рутбаси берилмаслиги, бу эса уни хавфсизликдан маҳрум қилиши мумкинлигидан қўрқа бошлаган.

Унинг айтишича, ҳомиладорлик даври “жуда оғир” ўтган. У ўғлининг “шаҳзода” рутбасидан ҳам кўра, хавфсизлигидан қайғурган.

“У хавфдан холи бўлиши лозим, – дейди Меган кўзи ёшланиб. – Биз унинг шаҳзодаликдан маҳрум қилманг демаяпмиз. Аммо агар рутба унинг ҳимоясига таъсир қилади десангиз, кликбейт ва сариқ матбуот учун ўлжа бўладиган атрофимиздаги бу даҳшатли машинани биз яратганимиз йўқ. Бунга сиз йўл қўйиб бердингиз, энди эса ўғлим ҳимояга муҳтож бўлиб қолди.”

Ҳарри ва Меган иккинчи фарзандлари қиз бўлишини айтишди.

Меган руҳий саломатлиги ҳақида сўралганда, ўзини ўлдириш хаёлига боргани, сўнг сарой HR бўлимидан ёрдам сўрагани, аммо улар ҳеч нарса қила олмаймиз деб жавоб берганини гапириб берди.

“Ўша вақтда бу ҳақда уларга гапиришга ҳам, Ҳаррига тан олишга ҳам уялдим. Чунки Ҳарри шундоғам кўп йўқотишга учраган эди, – дейди у. – Аммо бу ҳақда гапирмасам, суицидгача боришим мумкинлигини билардим. Айтмадим, шунчаки бошқа яшашни истамаётган эдим.”

Ҳарри ҳам Меганга бўлган муносабат ва ўзининг оиласи билан муносабатлари узоқ муддатли из қолдирганини айтди.

“Қилинадиган ишлар кўп, – деб гап бошлади Ҳарри отаси билан муносабатлари ҳақида. – Ҳақиқатда ўзимни камситилгандек ҳис қиляпман. У ҳам шунга ўхшаш кунларни бошдан кечирган. У бунинг нақадар оғир эканини яхши билади. Арчи эса унинг набираси. Мен уни бундан кейин ҳам жуда яхши кўраман, аммо ўртада азият берувчи кўп ишлар бўлди.”

Ҳарри 2020 йил бошларида зиммасидаги масъулиятлардан халос бўлмоқчилигини айтганида қироллик оиласи уни молиявий таъминлашни тўхтатиб қўйган. Аммо у онаси – малика Диана қолдириб кетган пуллар ҳисобига оиласини таъминлай олган.

Ҳарри хотини Меган бўлмаганда қироллик оиласини тарк этмаган бўлишини, унинг Меган билан муносабати қироллик оиласидаги ҳаёт қанчалик чекланганини кўрсатганини гапирди.

“Мен тузоқда эдим, аммо тузоқдалигимни ўзим билмасдим. Отам ҳам, акам ҳам тузоқда”, - деди у.

Ҳарри акаси Уильям билан яқин муносабати йўқлигини тан олди. Шаҳзода Уильям отаси шаҳзода Чарльздан кейин тахтга ворис ҳисобланади.

Ҳарри ўзининг бувиси қиролича Елизавета II дан юз ўгиргани ҳақидаги миш-мишларни инкор қилди.

“Мен ҳеч қачон бувимдан юз ўгирмаганман, уни қаттиқ ҳурмат қиламан”, - деди у.

Меган ҳам қироличани ҳурмат қилишини, қиролича ажойиб инсон эканини айтди.

Ҳарри ва Меганнинг тўйлари 2018 йил майида Уиндсор қасрида ўтказилган, ўғиллари Арчи бир йил ўтиб туғилди. Улар 2020 йил мартидан қироллик оиласи талабларидан узоқлаша бошлади, чунки, ўзларининг айтишича, бунга Британия медиасининг герцогиняга нисбатан ирқчи муносабати сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG