Линклар

Шошилинч хабар
02 март 2021, Тошкент вақти: 04:33

"Ислом фактори". Нега Шимолий Кавказ Навальнийни қўллаб-қувватламади?


Навальний тарафдорларининг намойиши - Москва, 2 февраль, 2021

Навальнийнинг қамоққа олиниши ҳамда «Путин саройи» фильмининг намойиши ортидан 23 ва 31 январь кунлари бутун Россия бўйлаб норозилик акциялари бўлиб ўтди. Намойишлар авваллари норозилик фаолияти кузатилмаган ҳудудларни ҳам қамраб олган. Шимолий Кавказ бу борада истисно бўлмаса-да, минтақа аҳолиси умуммиллий намойишларни қўллаб-қувватлади, деб бўлмайди.

Шимолий Кавказ федерал округига қарашли шаҳарлардаги намойишларда одам ё кам қатнашган, ё бу акциялар дарҳол ҳибсга олишлар билан яккунланган. Жумладан, январдаги акцияларда ўнлаб инсон қатнашган Ставрополь ва Махачкалада айнан шундай бўлган. Шимолий Осетия ва Ингушетияда намойишлар бўлиб ўтганлиги ҳақида хабар берилмаган.

Зеро, ижтимоий фаоллик потенциали бу минтақаларда ҳам мавжуд. Масалан, 2020 йилнинг баҳорида Владикавказ аҳолиси карантинга қарши акциялар ўтказган, Ингушетиянинг Магас шаҳрида 2018-2019 йилларда маъмурий чегара Чеченистон фойдасига ўзгариши билан боғлиқ оммавий намойишлар бўлиб ўтган эди.

Ўзгача фикрга тоқатсиз Чеченистонда норозилик акцияларини ўтказиш деярли имконсиз бўлиб қолган. Шунинг учун ҳам Грознийда акциялар ўтмаганига асосланиб минтақадаги ижтимоий кайфият ҳақида муайян хулоса чиқариш қийин.

Шимолий Кавказ республикаларида Навальний билан боғлиқ норозилик акцияларида кам одам қатнашганини фаолларга бўлган тазйиқ ва улар қолган Россия аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланмаслиги билан боғлиқ, деб ҳисоблайди доғистонлик сиёсатшунос ва “Дербент” АА бош муҳаррири Милрад Фатуллаев.

“Бизда норозиларни дарҳол экстремизмда айблаб, қамашади. Яъни уларга “исломий фактор” ёпиштирилади, бунинг оқибатлари эса оғир. Бу биринчидан. Иккинчидан эса, биздаги намойишлар бўйича суд жараёнига Россиянинг аксар инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бефарқ бўлади. Навальний ҳам бу минтақада фаоллик юритмайди. Яъни, кавказликлар ўзини бошқа россияликлар томонидан қўллаб-қувватланаётганини сезмайди. Шунинг учун ҳам, бизнинг одамлар январдаги бу акцияларда деярли иштирок этмаган, ич-ичида уларни дастакласа ҳам”, дейди Фатуллаев “Кавказ. Реалии” нашри билан суҳбатда.

Москвада Навальнийнинг юзлаб тарафдори қўлга олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:32 0:00

Аслида норозилик кайфияти Шимолий Кавказда ҳам ўта юқори, норозиликнинг сабаблари эса қолган Россиядаги сабаблар билан айни, деб урғулайди сиёсатшунос.

Давлат пропагандаси Алексей Навальнийнинг «Рус юришлари»даги иштироки ҳамда «Кавказни боқишни бас қилайлик» кампаниясини қўллаб-қувватлашини бот-бот урғулайди. Лекин, Фатуллоевнинг фикрича, мухолифатчини миллатчиликда айблашга уриниш ҳозирда Шимолий Кавказда ҳеч кимни қизиқтирмайди.

Шимолий Кавказда намойишлар нега қолган Россияда кузатилгандек оммавий тус олмади деган саволга узил-кесил жавоб йўқ, деб ҳисоблайди "Кавказский узел" нашрининг бош муҳаррири Григорий Шведов.

Унинг фикрича, ҳозирда Шимолий Кавказда Навальний шахсига қандай муносабатда бўлишмасин, айнан Навальний минтақадаги норозиликларнинг асосий катализаторидир.

"Навальний Шимолий Кавказда унча обрўга эга эмас, деган қараш мавжуд. Мен бу қарашга қўшилмайман. Фикримча, Навальний Шимолий Кавказда ҳам катта обрўга эга мухолифатчидир", дея хулоса қилади Шведов.

Сиёсатшунос ва исломшунос Алексей Малашенко ҳам кавказлик намойишчилар таъқиб қилинса, ҳеч қандай дастак ва ҳимоясиз қолади, деган фикрга қўшилишини билдирган. Унинг айтишича, қолган Россиянинг аҳолиси Кавказ республикаларни қўллаб-қувватлашга тайёр, фақат “ғирт советча усулда, яъни ўз ошхонасида”.

Минтақада оммавий норозиликларнинг бўлиб ўтмагани сабабларидан бири кавказликларда Навальний кун тартибида турган масалалардан фарқли муаммолар қамашиб ётганидир, деб ҳисоблайди Малашенко. Бу муаммолар ҳар бир республикада ўзига хос, дейди сиёсатшунос.

Кавказда намойишлар ўтмагани россиялик мухолифат учун муаммо эмас. Аксинча, сиёсатшуноснинг фикрига кўра, рус мухолифати миллий республикалар аҳолисини ўз тадбирларига оммавий жалб қилишдан ҳадиксирайди, чунки намойишлар исломий тус олишининг хавфи бор.

«Агарда Шимолий Кавказда ҳақиқий ижтимоий норозилик бошлангудек бўлса, у дарҳол исломий тус олади, чунки бу минтақада барибир асосан мусулмонлар яшайди. Шунинг учун ҳам бу ерда мавҳум вазият сақланмоқда. Мухолифатга, жумладан Навальнийга ҳам, норозиликнинг радикаллашиши керак эмас», деб таъкидлайди Малашенко.

Ингушетиялик ҳуқуқбон Магомед Муцольгов Шимолий Кавказда эътироз радикаллашиши эҳтимолини инкор этмайди, лекин бу Ислом дини эмас, балки амалдорларнинг хатти-ҳаракати туфайли бўлиши мумкин.

"Тинч норозилик усуллари муҳимлигини биламиз. Афсус, ҳукумат одамлар қўлига қурол олиб кўчага чиқиши, қон тўкилиши учун барча ишни қиляпти. Ҳукуматни ўзи ёшларни шунга мажбур қиляпти, ҳар қандай тинч намойишлар самарасиз эканлигини кўрсатяпти. Шимолий Кавказда ҳар қандай акцияга чиқиш ўлим билан тенг. Силовиклар митингларни тарқатиш учун автомат, снайпер милтиқлари ва гранаталар билан келишидан аҳир барчамиз хабардормиз-ку", – деб эслатади Муцольгов.

"Навальний шахсига нисбатан иккиланиш мавжуд, одамларда у деб акцияларга чиқиш учун иштиёқ йўқ. Лекин, қандай бўлмасин, Шимолий Кавказ аҳолиси унга сиёсий қатағонлар қурбони сифатида қарайди", дейди ҳуқуқбон.

Унинг сўзларига кўра, "Бугун Навальний – қурбон. Мана шуниси биз учун муҳим, чунки биз ўзимиз ҳам ҳар куни адолатсизлик билан тўқнаш келамиз".

XS
SM
MD
LG