Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:12

Исроил зарба беришда давом этишини, Эрон ҲАМАСни қўллашини билдирди. Жаҳонда Исроилга қарши норозилик намойишлари ўтказилмоқда


Фаластиннинг Ғазо минтақаси. Исроил бомбардимонидан кейинги манзара.
Фаластиннинг Ғазо минтақаси. Исроил бомбардимонидан кейинги манзара.

Исроил ва Фаластин можароси 15 май куни янада кескинлашди. Исроил ҲАМАСга қарши Ғазо минтақасига зарбалар беришда давом этишдан қайтмаслигини билдирди. Эрон эса ҲАМАСни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Айни пайтда Европа ва Америка давлатларида Фаластин тарафдорлари норозилик намойишлари ўтказилмоқда. Масалан, Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида ўтказилган акцияда «Озод, эркин Фаластин» шиори остида икки мингга яқин одам иштирок этди.

Нью-Йоркда намойишда «Менинг номимдан эмас» ва «Фаластин билан бирдамлик» деган плакатларни кўтариб олган бир неча яҳудий ҳам қатнашди.

Ироил ҲАМАСга зарба беришда давом этишини билдирди

15 май куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Вашингтон ва БМТнинг ўт очишни тўхтатиш талабларига қарамай, Фаластин жангариларига қарши давом этаётган ҳарбий кампания «қанча лозим бўлса, шунча давом этишини» айтди.

Нетаняҳунинг ушбу баёнотидан олдин Исроил Ғазони назорат қилувчи ҲАМАС исломий гуруҳи қўмондонларига қарши қатор ҳаво ҳужумларини амалга оширди.

«Яширинолмайсиз – на ер устида, на остида», - деди Нетаняҳу.

Исроил ҳарбийлари 15 май куни амалга оширган ҳаво ҳужумларида ҲАМАСнинг юқори мартабали сиёсий арбоби уйи нишонга олинди. Ҳужумда Ғазо шаҳридаги халқаро оммавий ахборот воситалари офислари жойлашган кўп қаватли иморат вайрон бўлди.

Фаластинликларнинг сўзларига кўра, Ғазода 10 май куни бошланган тўқнашувларда бугунга қадар 145 дан зиёд киши, шу жумладан, 41 ёш бола нобуд бўлган, 1 100 нафар киши яраланган. Исроил эса 10 киши, шу жумладан, икки ёш бола ҳалок бўлганини хабар қилди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш тинч аҳоли қурбон бўлаётганидан кескин хавотир изҳор қилди ва Исроил оммавий ахборот идоралари жойлашган бинога зарба берганидан «қаттиқ ташвишланаётганини» айтди.

15 май куни АҚШ президенти Жо Байден Нетаняҳу ва Фаластин президенти Маҳмуд Аббос билан суҳбатлашиб, тарафларни ўт очишни тўхтатишга чорлади.

Эрон ҲАМАСни қўллаб-қувватлайди

15 май куни Эрондаги Ислом инқилоби посбонлари корпуси «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси қўмондони Исмоил Қааний Исроил кучлари билан тўқнашаётган ҲАМАС ҳаракати раҳбари билан суҳбатлашиб, Теҳрон гуруҳни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини айтган.

Бу ҳақда Эрон давлат оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

Қааний ҲАМАС раҳбари Исмоил Ҳания билан телефон орқали суҳбатда Исроилга қарши кураш нафақат ҲАМАС, балки бутун ислом олами кураши эканини айтган.

Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа мамлакатлар томонидан террористик ташкилот деб топилган ҲАМАС 16 май куни Исроилга қарата минглаб ракета отди.

Исроил полицияси билан тўқнашувлар 90 минг мусулмон Қуддусдаги Ал Ақсо масжидига Лайлатул қадр тунини нишонлашга йиғилгани ортидан бошланиб кетди. Ислом динидаги муқаддас жойлардан бири ҳисобланадиган Ал Ақсо масжиди ҳудудида жойлашган тепаликни яҳудийлар ҳам ўзларига тегишли муқаддас жой ҳисоблашади.

Ўша куни Ал Ақсо масжиди яқинидаги мавзедан ўнлаб фаластинликлар ўзларини уйларидан қувиб чиқмоқчи бўлган яҳудийларга қаршилик кўрсата бошлаган.

Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги шиддатли жанг етти кундан бери тинчимаяпти.

Европа шаҳарларида Фаластин тарафдорлари намойишга чиқди

15 май куни Европа шаҳарларида Фаластин тарафдорлари Исроилнинг Ғазо секторига қарши ҳарбий ҳаракатларини қоралаб намойишга чиқди.

Лондон марказида минглаб намойишчи тўпланиб, Буюк Британия ҳукуматини етти кундан бери давом этаётган қонли жангларни тўхтатиш учун «тезкор чора кўришга» чақирди. Намойишчилар Лондоннинг Кенсингтон қисмида жойлашган Исроил элчихонаси томон юрдилар.

Парижда намойишчилар кўп кишилик тадбир ўтказишга қўйилган тақиқни менсимагани учун полиция уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солди.

Франциянинг намойиш ўтказишга рухсат берилган бошқа шаҳарларида ўнлаб акция ўтказилди.

Германия пойтахти Берлинда коронавирус тарқалиши олдини олиш учун жорий қилинган чекловлар туфайли бир неча юз кишилик намойиш полиция томонидан тарқатиб юборилди.

Германиянинг бошқа шаҳарларида, шу жумладан, Гамбургда ҳам бир неча юз кишилик тинч юришлар бўлиб ўтди.

Европа давлатларида, шу жумладан, Буюк Британия, Франция ва Германияда мусулмонлар сони жуда кўп. Намойишларнинг айримлари маҳаллий мусулмонлар ва фаластинликлар томонидан уюштирилган.

Шимолий Америка ва Европа бўйлаб Фаластин тарафдорлари намойишга чиқди

15 май куни Фаластин тарафдорлари Европа ва Шимолий Америка шаҳарларида намойишга чиқиб, Исроилни Ғазо секторига ҳужумларни тўхтатишга чорладилар.

Европанинг йирик пойтахтлари, жумладан, Берлин, Париж, Лондон ва Мадрид ҳамда АҚШнинг Нью-Йорк, Вашингтон, Бостон ва Лос-Анжелес шаҳарларида Фаластин тарафдорлари намойишга чиқди.

Лондондаги Фаластин элчиси Ҳусам Зомлот намойишчиларга мурожаат қилиб:

«Бу сафар бизни рад этишолмайди. Биз бирдаммиз. Бизга қилинган зулмга ортиқ тоқат қилмаймиз», - деди.

Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида ўтказилган акцияда «Озод, эркин Фаластин» шиори остида икки мингга яқин одам қатнашди.

Нью-Йоркда намойишда «Менинг номимдан эмас» ва «Фаластин билан бирдамлик» деган плакатларни кўтариб олган бир неча яҳудий ҳам қатнашди.

XS
SM
MD
LG