Линклар

Шошилинч хабар
15 июн 2021, Тошкент вақти: 08:32

Исроил – ҲАМАС можаросида ёш болалар энг кўп азият чекмоқда


Фаластинлик болалар Ғазо шаҳридаги Ал-Шежая мавзесида нишонга олинган уй вароналарида- 23 февраль, 2015

Исроил ҳукумати ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи ўртасида ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битим 21 май куни маҳаллий вақт билан 2.00дан кучга кирди. Икки томон орасида 11 кун давом этган сўнгги зиддият 244 инсоннинг умрига зомин бўлди.

Сўнгги 12 йил ичида Исроил ва Ғазода ҳукмронлик қилаётган ҲАМАС гуруҳи тўртинчи марта тўқнашмоқда. Ҳар сафарги урушда Исроил ҲАМАС отган ракеталарга қарши курашар экан, аҳоли зич яшайдиган Ғазо секторига ҳаводан шиддатли зарба берди.

Associated Press агентлиги Ғазо соғлиқни сақлаш расмийларининг сўзларига таяниб, 10 май куни Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги навбатдаги можаро бошланганидан бери Ғазода 217 фаластинлик нобуд бўлгани ҳақида хабар берган. Уларнинг камида 63 нафари ёш боладир. Исроилда нобуд бўлганларнинг бир нафари 5 яшар бола экани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда улашилган видеоларда бутун оиласидан айрилган ғазоликлар фарёдларини кўриш мумкин. Видеоларнинг бирида тўрт нафар боласи нобуд бўлган ота фарёдлари эшитилади. Яна бир видеода эса отаси жасадини дафн этиш учун олиб кетишаётганида «Дада!» дея йиғлаётган бола ҳайқириқлари акс этган.

Ишконтаналар оиласи ўз уйлари вайронаси остида қолди. Исроил ҲАМАС туннел тармоғини нишонга олганини айтаётган ҳужумлар огоҳлантиришсиз амалга оширилди.

Риад Ишконтана Associated Press агентлигига беш соат давомида уйи вайронаси остида қолгани, бетон парчаси остида қолиб, аёли ва беш боласига етолмай азоб чекканини сўзлаб берди.

«Мен вайроналар остида уларнинг овозларини тингладим. Дана ва Зейннинг «Дада! Дада!» деб чақирганини эшитдим. Уларнинг овозлари чиқмай қолганидан кейин, жонлари узилганини англадим», - деди Риад.

Риаднинг уч қизи ва икки ўғлидан фақат битта қизи Сузи тирик қолди. Болалар шифокори Зуҳаир Ал-Жаро еттига тўлган Сузи жиддий жароҳат олмаган бўлса-да, вайроналар остида етти соат қолиб, руҳияти жиддий шикастланганини айтди.

Ишконтаналар ўша куни барбод бўлган оилаларнинг биттаси, холос.

Исроил ҳарбийлари якшанба куни уюштирилган зарбалар ҲАМАС нинг Ғазо остидан ўтувчи туннелларини нишонга олганини айтишган. Ўша куни Исроил самолётлари биринчи қаватларида дўконлар, новвойхоналар, кафелар ва электроника дўконлари жойлашган кўп қаватли уйлар жойлашган ал-Ваҳда кўчасини бомбардимон қилганди. Ҳужумлар ортидан уч бино қулаб тушди ва ҳаммаси бўлиб 42 киши, шу жумладан, 10 нафар ёш бола ва 16 аёл нобуд бўлди.

Исроил армияси матбуот котиби Жонатан Конрикус тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини «ғайритабиий» ҳолат деб атади. Унинг сўзларига кўра, бир ерда ҳаво ҳужумлари натижасида туннель қулаб тушган, натижада туннель устидаги уйлар ҳам қулаган. Бу эса «жуда кўп сонли тинч аҳоли вакиллари нобуд бўлишига сабаб бўлган».

Исроил ва ҲАМАС 2009, 2012 ва 2014 йилларда ҳам тўқнашган эди.

Норвегия Қочқинлар кенгашининг маълум қилишича, бу сафарга урушда ўлдирилган болаларнинг 11 нафари кенгашнинг шикастланган болаларга руҳий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш дастурида қатнашаётган бўлган. Улар орасида Сузининг 8 ёшли опаси Дана ҳам бўлган.

Кенгашнинг маҳаллий ишчиси Ҳузайфа Язжи болаларнинг кўпчилиги тўртинчи маротаба ўз уйлари атрофи бомбардимон қилинаётганига гувоҳ бўлганини айтди.

Associated Press агентлиги мухбирининг ёзишича, ҳаво зарбалари давом этаётган пайт Ғазодаги ота-оналар болаларини бир амаллаб тинчлантиришга ҳаракат қилишган. Улар энг кичкинтой болаларга ҳаво зарбалари шунчаки "мушакбозлик" эканини айтишган ёки улар билан қувноқ муносабатда бўлишга ҳаракат қилишган.

Қочқинлар кенгаши Ғазодаги 118 та мактаб билан ишлайди. Дастур доирасида ўқитувчиларга руҳий шикастланган болалар билан ишлаш ўргатилади ва болаларни даҳшатлардан чалғитиш учун қизиқарли машқлар ташкил этилади.

XS
SM
MD
LG