Линклар

Шошилинч хабар
13 май 2021, Тошкент вақти: 11:18

Камала Ҳаррис АҚШнинг илк аёл вице-президенти бўлди (ВИДЕО)


Камала Ҳаррис Демократик партиянинг мўътадил ва прогрессив қанотларини бирлаштиришни истайди.

АҚШ вице-президенти этиб сайланган Камала Ҳаррис карьераси давомида Калифорнияда жиноятчиларни жавобгарликка тортиш билан шуғулланган. Президентлик сайловида ғолиб чиққан Жо Байден тўрт йилдан кейин лавозимини тарк этишга қарор қилса, Ҳаррис президентликка ўз номзодини кўрсатиши мумкин бўлади.

Камала Ҳаррис: Штат сенаторлиги ва Бош прокурорлигидан вице-президентликка
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:10 0:00

Жо Байденнинг Калифорния сенатори Камала Ҳаррисни вице-президентликка номзод этиб тайинлаши кўпчиликни ҳайратга солди.

Демократик партия номидан президентликка номзодликни қўлга киритиш учун Байден билан беллашган Ҳаррис Байденнинг ирқий ва этник озчилик вакиллари фарзандларини оқ танлилар мактабларга автобусларда ташиш бўйича қарашларини кескин танқид қилган эди.

Байден 1970 йилларда Делавэр штати сенатори ўлароқ ишлаётган пайтида ҳукуматнинг мактабларда турли халқлар ва ирқлар бирга ўқишини таъминлаш мақсадида уларни мактаб автобуслари билан таъминлаш қарорини «аҳмоқона» дея таърифлаб, унга қарши чиққан эди.

Ҳаррис қора танли бўлиб, 2019 йилнинг июнида бўлиб ўтган дебат давомида Байденга гапга тўн кийдириб:

«Калифорнияда давлат мактабларини интеграция қилиш дастури қатнашчилари орасида иккинчи синф қизалоқ бор эди. Уни ҳар куни мактабга автобусда олиб боришарди. Ўша қизалоқ мен эдим», - деди.

Бунга қарамасдан, бир неча ой давомида вице-президентликка номзод излаган Байден Ҳаррисни танлади. Байден вице-президент ўлароқ аёл кишини танлашни истаган эди. Ҳаррис президентлик пойгасида қатнашган илк қора танли аёлдир.

56 ёшдаги Ҳаррис Калифорния штатининг собиқ бош прокурори бўлиб, Демократик партиянинг мўътадил қанотига хуш келувчи кўплаб сиёсатларни қўллаб келади. Аммо унинг жиноят ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ айрим масалалар бўйича ўтмишдаги қарашлари ҳам либерал, ҳам мўътадил қарашларга эга америкаликлар ғазабига учради.

Ҳарриснинг оқ танли эмаслиги унга қўл келган бўлиши мумкин. Миннесотада қора танли шахснинг полиция қўлида ҳалок бўлиши ортидан мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетди ва ирқчилик 2020 йилги сайлов кампаниясининг энг муҳим масалаларидан бирига айланди.

Жорий ойда 78 ёшга тўладиган Байден 2024 йилда ўз номзодлигини кўрсатмаса, Ҳаррис Демократик партия номидан президентликка номзод бўла олади. Байден АҚШ тарихида сайланган энг кекса президентдир.


Иммигрантлар қизи

Камала Ҳаррис 1964 йилнинг 20 октябрида – АҚШда ирқий тартибсизликлар содир бўлаётган бир пайтда Калифорниянинг Окленд шаҳрида зиёли оилада туғилган.

Унинг онаси Шамала Гопалан биолог бўлиб, Камала туғилишидан бир неча йил олдин Берклидаги Калифорния университетида таҳсил олиш учун АҚШга кўчиб ўтган бўлган.

Отаси Дональд Ҳаррис эса 1961 йил Бэрклидаги Калифорния университетида иқтисодиёт бўйича таҳсил олиш учун Ямайкадан Калифорнияга кўчиб ўтган бўлган. Дональд Ҳаррис кейинчалик яна бир нуфузли АҚШ университети бўлмиш Стэнфордда профессор бўлиб ишлаган.

Гопалан ва Ҳаррис сиёсий фаоллиги билан танилган Берклида ҳуқуқ фаоллари ўлароқ учрашган. Улар Мая исмли яна бир қиз кўришган ва ажрашишган. Ҳаррис оқ танлилар яшайдиган маҳалладаги мактабга автобусда қатнаган. Кўп ўтмай онаси ва синглиси билан Канаданинг Квебек шаҳрига кўчиб кетган.

Ҳаррис Говард университетида таҳсил олиш учун АҚШга қайтган. Тарихан қора танлилар университети бўлган ушбу олийгоҳ Вашингтонда жойлашган. Ҳаррис у ерда сиёсатшунослик ва иқтисод бўйича таҳсил олган. Бунинг ортидан Берклидаги Калифорния университетида ҳуқуқшуносликни ўрганган ва 1989 йил университетни тамомлаган.

Ҳаррис Калифорниядаги ҳуқуқшунослар орасида тез орада танилди. 2003 йилги сайловда ғолиб чиқиб, Сан-Франциско шаҳрида округ прокурори бўлди. Орадан бир йил ўтиб, полициячини ўлдиришда айбланган жиноий тўда аъзоси учун ўлим жазосини талаб қилмагани учун танқидга учради.

Ҳаррис 2004–2011 йилларда Сан-Франциско округ прокурори ўлароқ ишлади. Бу даврда у жиноятчиликка қарши қатъий курашиб, оғир жиноятлар ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун судланиш даражасини оширди.

Жиноятчиликка қарши қаттиқ курашиб танилган Ҳаррис 2010 йилда Калифорния штатининг бош прокурори этиб сайланди ва 5 000 га яқин ҳуқуқшунос ишини назорат қила бошлади.

Ҳарриснинг демократик рақибларидан бири, намоёнда Тулси Габбард Ҳаррис ўзи марихуанани чекиб кўрганини тан олган бўлишига қарамасдан, кўплаб шахсни ушбу моддани қабул қилгани учун қамаганини айтиб, танқид қилди.

Бу орада Калифорнияда ҳордиқ чиқариш учун марихуана қабул қилиш қонунийлаштирилди. Ҳаррис дастлаб бу қонунга қарши чиқди, аммо кейинчалик нашани декриминаллаштиришни қўллаб-қувватлади.

Рақиблари

АҚШда 2013 ва 2014 йилларда полиция полиция зўравонлиги туфайли келиб чиққан ирқий тартибсизликлар даврида Ҳаррис мамлакатнинг аҳолиси энг кўп бўлган штати – Калифорния бош прокурори эди.

Ҳаррис Калифорниядаги ҳуқуқ тартибот органлари ходимларига ирқчилик масаласида тренинг ўтказа бошлади, аммо полициячилар учун танага ўрнатиладиган камерани олиб юришни мажбурий қилишдан бош тортди.

Шунингдек, Ҳаррис прокуратурани полиция ўқ отган ҳолатларни тергов қилишга мажбурловчи қонунни қўлламай прогрессив қарашга эга америкаликлар ғазабини келтирди.

2020 йилнинг майида Миннесотада содир бўлган отишма ортидан Ҳаррис полицияни ислоҳ қилиш масаласида фикрини ўзгартиришга уринди. Хусусан, у Америка оммавий хавфсизлик масаласини «қайта кўриб чиқиши» кераклигини таъкидлади, аммо Демократик партиянинг прогрессив элементларининг полицияни молиялаштиришни бас қилиш чақириғини очиқчасига қўлламади.


Мураккаб саволлар

Ҳаррис 2016 йилнинг ноябрида АҚШ Сенатига сайланди. Сиёсатчи АҚШ тарихида АҚШ Конгрессининг юқори палатасига сайланган иккинчи қора танли аёлдир.

Ҳаррис сенатор ўлароқ президент Дональд Трамп кабинети аъзоларини, хусусан, бош прокурорлар Жефф Сешнс ва Уильям Барр ҳамда Олий судга номзод Бретт Каванони қаттиқ сўроқ қилиб танилди.

Республикачилар Ҳаррисни Демократик партиянинг «радикал» аъзоси дея таърифлаб, партиянинг мўътадил тарафдорларини ва на республикачиларни, на демократларни қўлловчи «мустақил» америкаликлар эътиборини қозонишга уриндилар. Танқидчилар Ҳаррис фрекинг, яъни ер қатламини гидравлик ёришга қарши эканлигига урғу бердилар. Фрекинг суюқлик ҳайдаш орқали нефть ва табиий газ қазиб олишнинг мунозарали усулидир. Шунингдек, улар ҳеч бир далилсиз Оқ уйни Байден эмас, балки Ҳаррис бошқаришини иддао қилдирлар, чунки улар – бу сақар ҳам ҳеч бир далилсиз – Байденнинг ақлий салоҳиятини шубҳа остига олдилар.

Бунга қарамасдан, 2024 йилда Байден ўз номзодлигини кўрсатмасликка қарор қилса, Ҳаррис Демократик партия номзодлигини қўлга киритишини кутиш мумкин.

1950 йиллардан бери АҚШда беш нафар собиқ-вице президент ўз партияси номидан президентликка номзодликни қўлга киритди. Улар Ричард Никсон, Уолтер Мондейл, тўнғич Жорж Буш, Альберт Гор ва Жо Байдендир. Уларнинг уч нафари – Никсон , Буш ва Байден президентлик сайловида ғолиб чиқди.

Ҳаррис 2014 йилда шоу-бизнес соҳасида фаолият юритувчи ҳуқуқшунос Дуглас Энхоффга турмушга чиқди. Энхоффнинг олдинги турмушидан бир ўғли ва бир қизи бор.

XS
SM
MD
LG