Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:05

“Катта еттилик” Россия пропагандасига қарши курашни муҳокама қилади


G7 ташқи ишлар вазирлари учрашуви Лондонда ўтади.
G7 ташқи ишлар вазирлари учрашуви Лондонда ўтади.

Дунёнинг энг қудратли етти мамлакати Россия пропагандаси ва дезинформациясига қарши тезкор жавоб механизмини яратиш имкониятини кўриб чиқади. Бу ҳақда Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб “Рейтер” агентлигига маълум қилди.

“Катта еттилик” (G7) ташқи ишлар вазирларининг Лондонда бўлиб ўтадиган учрашуви олдидан сўзлаган Рааб Буюк Британия Россиянинг ахборот хуружларига қарши механизмни ишлаб чиқиш устида ишлаётганини айтди.

“Ёлғонлар, ташвиқот ёки сохта янгиликлар тарқатилганида нафақат индивидуал тарзда, балки бирлашган ҳолда қаршилик кўрсатишимиз ва наинки мамлакатимиз аҳолисига, балки Россия, Хитой, умуман, бутун дунё аҳлига ҳақиқатни етказишимиз керак”, – деди Д.Рааб.

Буюк Британия, АҚШ ва Европа хавфсизлик хизматларига кўра, Россия ва Хитой сайловларда дезинформация тарқатиш, COVID-19 вакциналари ҳақида ёлғон тарқатиш орқали Ғарбда ишончсизлик уруғларини экишга уринмоқда.

Кремль бу айбловларни рад этиб, Ғарбни Россияга қарши жазава чулғаб олганини айтиб келади.

“Аввал-бошданоқ ташвиқотга “бошқоронғи” бўлган, қуролли босқинчилик ва ҳукуматларни ағдаришни оқлаш учун пропогандадан бир неча маротаба фойдаланган давлатлар ўз қилмишини нима сабабдан мамлакатимизга ағдараётгани ҳақида ўйлаб кўриш вақти келди”, – деди инглиз вазирининг бу шарҳи ортидан Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова.

Айни чоқда, Хитой ҳам Ғарбни зўравонликда айблаб келади. Пекинга кўра, Ғарб мамлакатлари раҳбарлари постимпериал дунё қарашга эга бўлиб, улар ўзини глобал миршаблардек тутишга уринмоқда.

Буюк Британия Россияни ўз хавфсизлигига энг катта таҳдид деб билади. Лондон учун Хитой ҳам ҳарбий, иқтисодий ва технологик жиҳатдан узоқ муддатли жиддий муаммо ҳисобланади.

Рааб душанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашади.

Инглиз ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарига кўра, юзма-юз учрашув дипломатияни анча осонлаштиради.

“Zoom ёрдамида кўп иш қилишнинг иложи йўқ”, – дейди у.

“Катта еттилик”ка Буюк Британия, АҚШ, Канада, Франция, Германия, Италия ва Япония аъзо бўлиб, уларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 40 триллион долларни ташкил этади. Бу эса глобал иқтисодиётнинг қарийб ярмига тенгдир.

Кейинги ойларда Буюк Британия ва АҚШ расмийлари жуғрофий ҳудуди бўйича сайёрамизнинг энг йирик давлати бўлган Россия ва дунёдаги энг тез ўсиб бораётган иқтисодиётга эга бўлган Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ривожланиб бораётганидан хавотир изҳор қилиб келади.

“Биз учун энг муҳим масала очиқ жамиятлар, инсон ҳуқуқлари, демократия, шаффоф савдо тарафдорлари бўлган ҳамфикр мамлакатларнинг халқаро гуруҳини кенгайтиришдир”, – дейди Рааб ушбу хавотирлар ҳақидаги саволга жавобан.

Қайд этилишича, иттифоқчиларнинг аксари пандемиянинг асл бошланиш сабабини билишни хоҳлайди. 2019 йил охирида Хитойда бошланган коронавирус пандемияси бугунга қадар 3,2 миллион одам умрига зомин бўлди, триллионлаб долларлик йўқотишларга олиб келди.

Д.Раабнинг таъкидлашича, “Катта еттилик” ва бошқа ҳамфикр мамлакатлар ўртасидаги баъзи тўсиқлар олиб ташланиши керак. Ўшанда очиқ бозорлар ва демократия тарафдорлари бўлган иттифоқчилар тармоғи янада кенгаяди.

Буюк Британия Ҳиндистон, Австралия ва Жанубий Кореяни жорий ҳафта душанбадан чоршанбагача давом этадиган учрашувларга ва июнь ойида бўлиб ўтадиган асосий саммитга таклиф қилган.

XS
SM
MD
LG