Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2019, Тошкент вақти: 09:44

Кореялик тадбиркор Мирзиёев қарори Попда бажарилмаётганидан нолиди. Ҳокимлик бу иддаоларни рад этди (ВИДЕО)


Поп тумани ҳокимлиги

Ўзбекистонга $200 000 сармоя киритмоқчи бўлганини билдирган кореялик тадбиркор Наманганнинг Поп туманида қўй ва паррандачилик фермаси очишига туман ҳокимлиги тўсқинлик қилаётганидан шикоят қилди.

Жанубий Кореянинг Чончжу (Čchungdžu​) шаҳридан бўлган Хванг Юнг Куангнинг иддаосича, туман ҳокимлиги 0 қийматда ваъда қилган ташландиқ гараж ва унинг бир ярим гектарлик майдонини ажратмаганлиги боис ишлари сустлашган.

Поп туман ҳокими муовини корейс тадбиркорларига гаражни, улар айтаётгандай, 0 қийматда сотиш ваъда қилинмаганини айтди.

Хванг Юнг Куанг Ўзбекистонга илк бор шу йилнинг февралида келганида Поп туман ҳокимлиги расмийлари унга 200 минг долларлик сармоя эвазига бир ярим гектар ер майдонига эга ташландиқ гаражни ферма учун 10 йилга белул ижарага беришга ваъда бергани, ўтган ой бошида Ўзбекистонга яна келганида ваъда қилинган ер берилмаганини айтди.

- Ҳамма ҳужжатларни тайёрлаб ҳокимликка борганимизда бизга ваъда қилинган ерни бошқа одамга бериб юборишибди. Мен Ўзбекистонга иш ўрни яратаман деб келган эдим, энди тушунсам ҳокимлик бизни алдаган бўлиб чиқяпти, - деди кореялик тадбиркор.

Кореялик тадбиркорнинг видео мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:25 0:00

Жанубий Кореялик тадбиркор гапларини унинг Ўзбекистондаги ҳамкори, наманганлик тадбиркор Азиз Холматов ҳам тасдиқлайди.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг чет эл инвесторларига кенг йўл очилсин, деган гапларига ишониб келишган, ташландиқ жойда ферма очиб, одамларни иш билан таъминлаймиз дейишган. Ҳокимлик 16 йилдан буён бекор ётган ташландиқ гараж биносини 0 балансида уларга беришни ваъда қилган. Корейс инвесторлар рози бўлишиб ҳужжатни тайёрлашган, фирмалар очилган. Ҳаммаси рисоладагидай кетаётган эди. Яқинда ҳокимликка боришганида уларга бу жойни 0 қийматда беролмаймиз, ер керак бўлса аукцион орқали сотиб оласизлар дейишяпти. Олдинига 0 қийматда берамиз деб туриб энди ваъдасидан тонишяпти, - дейди Холматов.

Кореялик тадбиркор мурожаати
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:55 0:00
Кореялик тадбиркорлар Поп ҳокимлигидан нега норози?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:05 0:00

Озодлик корейс тадбиркори ва унинг ўзбекистонлик ҳамкори иддаолари юзасидан изоҳ олиш учун Поп туман ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш бўйича ўринбосари Маҳмуджон Исломовга боғланди.

Ҳоким муовини корейс тадбиркорларига 0 қийматда ер ваъда қилинмаганини айтди:

- Колхозни МТПлари, яъни трактор парклари бўларди. Булар ўша жойни сўрашди. Улар 0 балансда беринглар дейишяпти. 2018 йил, октябрдаги 5552-сонли президент қарори бор. Шу қарорга мувофиқ у ер фақат аукцион орқали сотилиши керак. Уларга ҳеч ким 0 қийматда у ерни ваъда қилмаган. Биз ваколатимиз бўлмаса қандай ваъда қиламиз. Улар бизнес қилишмоқчи бўлишса марҳамат у ерни аукцион орқали сотиб олиб, қилишлари мумкин.

Ўзбекистон президентининг Давлат мулки объектларини тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги 2018 йил 11 октябр кунги қарорида камида 1 миллион АҚШ доллари эквивалентида инвестиция киритмоқчи бўлган тадбиркорларга аукцион ўтказмасдан тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш мумнкилиги айтилган.

Поп тумани ҳокими муовини Маҳмуджон Исломов кореялик тадбиркорнинг 200 минг сармоя киритиши иддаосига ҳам бизнес режасига ҳам шубҳа билан қараётганини билдирди:

- Сўраганмиз, ҳеч қанақа лойиҳа беришгани йўқ. Қўшма корхона очишган бўлишса ҳали бир сўм четдан келиб тушмаган. Бу ердаги уларнинг ҳамкори қўй фермаси қиламиз ёки кушхона қиламиз деяпти, лекин бизнес план тақдим қилишгани йўқ. У кореяликларни ҳам ўрганиб кўрдик, улар ҳеч қанақа корхона тасисчиси ҳам эмас, ҳеч қаерда тадбиркор сифатида кўринмаяпти улар. Ўзларини резюмесини ҳам кўрсатишмаган. Лекин, майли бу ўзларига ҳавола, бизда ҳеч қанақа муаммо йўқ, ерни (гараж биноси ва майдонини - таҳр.) керак бўлса аукционга чиқарамиз, олишсин, иш қиламиз дейишса қилишсин.

Жанубий Кореялик тадбиркорнинг Ўзбекистондаги ҳамкори, наманганлик тадбиркор Азиз Холматов улар қўшма корхонасига четдан 10 минг долларлик сармоя йўналтирилиб, 100 та қўй сотиб олинганини айтди:

- Ҳозир юзта қўй олганмиз. Шу ердаги танишларимизнинг фермаларида сақлаб турибмиз, ер ажратишса шу ерга кўчирамиз.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги бизнес муҳитини яхшилаш, имкони борича кўпроқ хориж сармояларини иқтисодиётга жалб қилишга жиддий бел боғлаган.

Президент Шавкат Мирзиёев сармоядорларни Ўзбекистонга жалб қилиш учун энг қулай шароитлар яратилишини ваъда қилган.

Ўтган йилдан Ўзбекистон президентининг Инвестицион муҳитни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида инвесторларга ер участкаларини узоқ муддатга ижарага бериш ёки сотиш механизми жорий этилди.

Бундан ташқари инвесторлар кўчмас мулк объектлари, меҳмонхоналар, савдо объектлари, маданий-кўнгилочар мажмуалар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари, таълим ва тиббиёт ташкилотлари, йўл инфратузилмаси ва бошқаларни қуриш учун ер участкаларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқини аукцион орқали сотиб олиш имкониятига эга бўлдилар.

Шарҳларни кўринг

XS
SM
MD
LG