Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2019, Тошкент вақти: 19:26

Ўзбекистон хабарлари

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди

Иллюстратив сурат.

Ташқи савдо вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ташкил этилди. Бу борадаги “Инвестиция ва ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни президент Мирзиёев 28 январь куни имзолади.

Президентнинг 29 январда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида эса янги вазирликнинг устивор вазифалари белгилаб берилди.

Қарорга асосан вазирлик ҳузурида Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Технологик ривожланиш агентлиги ташкил этилади.

Қарорда белгиланишича, 2019 йил 1 июлдан бошлаб инвесторлар билан ўзаро алоқалар “ягона дарча” тамойили асосида амалга оширилади.

Мазкур хизмат доирасида салоҳиятли инвесторларга консультация бериш, уларнинг давлат хизматларидан фойдаланиши, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасига уланишида ёрдамлашиш, шунингдек, инвестиция шартномаларини тузишда кўмаклашиш борасидаги ишлар бажарилади.

Вазирлик икки ой муддатда инвесторлар билан “ягона дарча” тамойили асосидаги ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини ишлаб чиқиши лозим.

Кун янгиликлари

Тошкентда МГИМО филиалини очишга Россия Ташқи ишлар вазири келади

Сергей Лавров 2020 йил январида яна Тошкентга келади.

Январь ойи ўртасида Ўзбекистонга келиши кутилаëтган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тошкентда МГИМО филиалининг тантанали очилишида қатнашади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маълум қилди.

Интерфакс агентлиги келтирган иқтибосида Комилов¸ Халқаро муносабатлар бўйича Москва давлат институти филиалининг Ўзбекистонда очилиши Лавров сафарининг муҳим қисми эканини таъкидлаган.

МГИМОнинг Ўзбекистондаги филиали Россия олийгоҳи ва Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўртасида 2018 йил имзоланган келишув асосида очилган. Бу филиалда ўқиш жорий йил сентябридан бошланган.

МГИМО ректори Торкуновга кўра¸ олийгоҳда Россия ва Ўзбекистон мутахассислари дарс беради ва талабалар ўқишнинг бир қисмини Москвада ўтказади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда очилган Россия олий ўқув юртлари филиаллари сони ошиб бормоқда. Биргина 2019 йили Ўзбекистонда олтита Россия олийгоҳи иш бошлаган.

Оёғига ўқ еган маст ҳайдовчига нисбатан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат.

Тошкент шаҳрида маст аҳволда авария содир этган ва ички ишлар ходимларига пичоқ билан таҳдид қилган, пировардида оёғидан отилган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар прокуратураси ўз Телеграм-канали орқали маълумот тарқатди.

Пойтахтнинг Чилонзор туманида содир бўлган ҳодиса ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси 8 декабрь куни ҳайдовчи Н.К.И.га нисбатан жиноят иши қўзғатган. Унга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) бўйича айблов эълон қилинган. Айбланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Свердловскдаги ёнғинда нобуд бўлган ўзбекистонликларнинг шахси очиқланди

Иллюстратив сурат.

Россия Федерациясининг Свердловск вилояти Тазовск туманида 8 декабрь куни содир бўлган ёнғин чоғида 3 нафар ўзбекистонлик нобуд бўлган, яна бири 35 фоиз куйиш тан жароҳати олиб, туман шифохонасига ётқизилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик маълумотига кўра, ҳодиса чоғида 1972 йилда туғилган Эргашев Абдумалик Яхшиликович, 1998 йилда туғилган Алиқулов Сафарали Суюн ўғли ҳамда 1983 йилда туғилган Джумоев Эргаш Биноевич ҳаётдан кўз юмган, 1966 йилда туғилган Оманов Толибжон Бутаевич эса жароҳат олган.

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг ёнғин чоғида “СТРОЙ ПРОЕКТ СЕРВИС” МЧЖга тегишли бўлган, ишчилар яшаши учун мўлжалланган вагонда бўлгани айтилмоқда.

ФВВ ҳозирда мутасадди ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда марҳумларнинг жасадларини Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ ташкилий тадбирлар амалга оширилаётганини маълум қилган.

Тошкентда МГИМО филиали очилди

МГИМОнинг Тошкентдаги филиалини очишга оид келишувлар ўтган йил октябрида Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган эди.

Тошкентда 9 декабрь куни Москва Давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) филиалининг очилиши маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда олийгоҳ портали маълум қилади.

Қайд этилишича, Тошкент шўъбаси МГИМОнинг хорижда очилган илк филиали бўлиб ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, филиал шу йил сентябрь ойида “бизнес-ахборот” ва “юриспруденция” йўналишлари бўйича 88 нафар талабани ўқишга қабул қилган.

Порталда ёзилишича, кейинги ўқув йилидан филиалда яна уч факультет – “Халқаро хусусий ҳуқуқ”, “Синхрон ва ёзма таржима назарияси ва амалиёти” ҳамда “Ҳодисавий менежмент” каби факультетлар очилади. Контракт тўлови йўналишига қараб $4800 ёки $6400 бўлиши мумкин.

АҚШ визаси учун мурожаат қилган ўзбекистонликларнинг 68 фоизига рад жавоби берилди

Иллюстратив сурат.

2019 йили АҚШ визаси учун ариза ёзган ўзбекистонликларнинг 68,06 фоизига рад жавоби берилди. Бу собиқ иттифоқ давлатлари орасида энг ёмон кўрсаткичдир. Бунга АҚШ Давлат департаментининг Консуллик масалалари бюроси сайтида келтирилган рақамларни солиштириш орқали шоҳид бўлиш мумкин.

Ўтган йили B1 (тадбиркорлик) ва B2 (туризм ва дам олиш ) визаси сўраб мурожаат қилган ўзбекистонликларнинг 62 фоизига рад жавоби берилганди.

Бу орада 2019 йили қирғизистонлик аризачиларнинг 67,8 фоизига, тожикистонликларнинг 61 фоизига, туркманистонликларнинг 56 фоизига ва қозоғистонликларнинг эса 43 фоизига АҚШ визаси берилмаган.

АҚШнинг B1/B2 визасини жаҳон бўйлаб ҳар йили ўртача 6 миллион киши олишга муваффақ бўлади.

Мулозимлар бюрократиядан халос бўлиш учун мажбурий курсларга йўлланади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси давлат идораларида ишлайдиган ходим ва раҳбарлар учун бюрократияни бартараф қилиш бўйича курслар уюштириш бўйича топшириқ олди. Ўқиш пуллик бўлиб, унда қатнашиш мажбурийдир. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 9 декабрда имзоланган қарорда айтилади.

“Ўтказилган таҳлиллар вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа давлат ташкилотларида эскирган бюрократик усулларда иш юритиш, шу жумладан, ҳужжатлар айланмасига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш даражасининг пастлиги, қоғозбозлик ҳажмининг юқорилиги, шунингдек, амалий аҳамиятга эга бўлмаган кўплаб йиғилиш ва мажлислар ўтказиш амалиёти сақланиб қолаётганлигини кўрсатди”, дейилади қарорда.

Курс ўқув дастурини ишлаб чиқиш учун академияга икки ой муҳлат берилган. Курсларда давлат идоралари ходимларига вақтни тўғри ташкил этиш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш технологиялари (time management), бюрократия, қоғозбозлик ва йиғилишлар ўтказиш амалиётини бекор қилиш бўйича сабоқ берилади.

Академия ва унинг филиалларидаги ўқув курсларида ўқиш билан боғлиқ харажатлар, қарорга мувофиқ, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар, шунингдек, ходимлари курс тингловчилари ҳисобланган давлат органлари ва ташкилотларининг маблағлари ҳисобидан қопланиши кўзда тутилган.

ЙПХ инспектори маст ҳайдовчининг оёғидан отди

Иллюстратив сурат.

Тошкентда йўл-патруль хизмати инспектори ўзини агрессив тутган маст ҳайдовчи оёғига қарата ўқ узган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълумот тарқатди.

Ҳодиса 7 декабрдан 8 декабрга ўтар кечаси пойтахтнинг Чилонзор туманида содир бўлган. Қайд этилишича, “Лабо” русумли автомобилни бошқариб борган ҳайдовчи машинани бетон тўсиққа бориб урган, натижада “Лабо” ағдарилиб кетган.

Тахминларга кўра, ҳайдовчи психотроп воситалар ёки спиртли ичимликлар таъсири остида бўлган. Кутилмаганда у воқеа жойига етиб келган ЙПХ инспекторларига қаршилик кўрсата бошлаб,тинчланиш ва жамоат тартибини сақлаш ҳақидаги чақирувларга жавобан тажовузкорона ҳаракатлар қилган - ёнидаги пичоғини чиқариб, кимда ким яқинлашса, унга жароҳат етказиш билан таҳдид қилган.

“Ўтиб кетаётган ҳайдовчи ва пиёдалар тўхтаб томоша қила бошлаганлари сабабли ҳодиса атрофида одам кўпая бошлагач, фуқаролар ва ходимлар ҳаёти ва соғлиғи учун реал хавф юзага келди. Шунда ЙПХ инспектори кичик сержант Т.О. табель қуролини қўллашга қарор қилади. ЙПХ инспектори бир неча марта ҳайдовчини қурол қўллаши ҳақида огоҳлантиришига қарамасдан, ҳайдовчи ўзини агрессив тутишда давом этиб, ходимларга пичоқ санчмоқчи бўлган. Шундан сўнг ЙПХ инспектори йўриқномага мувофиқ ҳаракат қилиб, осмонга ўқ узди, бу ҳам қоидабузарга таъсир қилмаганидан сўнг, унинг оёғига қарата ўқ ўзди. Фақатгина шундан сўнг қоидабузар пичоғини ташлади. Унинг қўллари кишанланиб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага етказилди”, дейилади ИИББ хабарномасида.

Айтилишича, “Лабо” автомобили салонидан очиқ ҳолатдаги ароқ ва коньяк шишалари топилган.

Ҳайдовчининг шахсини аниқлаш бўйича олиб борилган ишлар натижасида унинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи, муқаддам қасддан одам ўлдириш ва қасддан баданга енгил шикаст етказиш моддалари бўйича судланган 43 ёшли Нусрат И. экани маълум бўлган.

Маълумотларга кўра, ҳозирда Чилонзор туман прокуратураси ҳайдовчига нисбатан жинят иши қўзғатилиши масаласи билан шуғулланмоқда.

Чусовитина ХОҚ атлетлар комиссиясига номзод бўлди

Оксана Чусовитина.

Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Халқаро Олимпия қўмитасининг (ХОҚ) атлетлар комиссияси таркибига номзодлик қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси маълумот тарқатди.

“Азизларим, Сизлар билан ажойиб янгиликни баҳам кўрмоқчиман. Бугун мен ХОҚдан ташкилотнинг атлетлар комиссияси аъзолигига номзодлардан бири эканим ҳақида мактуб олдим. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва ХОҚ номзодимни танлашгани учун уларга миннатдорчилик билдираман”, дея иқтибос келтирилади Чусовитина сўзларидан қўмита хабарномасида.

Қайд этилишича, ХОҚ президенти Томас Бах ушбу ўринга 30 нафар номзод кўриб чиқилаётгани ва Токио Олимпиадаси якунида уларнинг 4 нафари комиссиянинг тўлақонли аъзолигига қабул қилиниши ҳақида маълум қилган. Комиссия аъзолигига қачон қабул қилиниши тўғрисида маълумот берилмаган.

Аввалроқ Оксана Чусовитина 2020 йили Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларидан кейин катта спортдан кетиш ниятида эканини билдирган.

Оксана Чусовитина 1992 йил Барселонадаги Олимпиадада олтин, Пекиндаги Олимпиадада эса кумуш медалларини қўлга киритган.

Шунингдек, жаҳон чемпионатларида 3 мартадан олтин ва кумуш медал, 4 марта бронза медални қўлга киритган Чусовитина Осиё ўйинларининг 2 маротаба чемпиони бўлган.

Оксана Чусовитина гимнастика тарихида еттита Ёзги Олимпиадада иштирок этган ягона спортчидир. Унинг номи Гиннес рекордлар китобига киритилган. 2017 йилда унинг номи Гимнастика халқаро шуҳрат саройидан жой олган.

Оксана Чусовитина "Дўстлик", "Меҳнат шуҳрати" ва "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан тақдирланган.

Ўзбекистон билан Эрон ўртасида мунтазам парвозлар тикланди

Иллюстратив сурат.

Эроннинг Zagros Airlines авиаширкати 9 декабрдан Теҳрон-Тошкент-Теҳрон йўналиши бўйлаб мунтазам парвозларни амалга ошира бошлайди.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизматига кўра, дастлабки босқичда авиаширкат мазкур йўналишда парвозларни ҳафтасига бир марта бажаради. Кейинчалик эса парвозлар ҳафтасига икки марта амалга оширилиши режаланган.

“Ўзбекистон ва Эрон ўртасида мунтазам парвозларнинг тикланиши икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга туртки беради”, дейилади вазирлик хабарномасида.

Шоир Абдували Қутбиддин оламдан ўтди

Абдували Қутбиддин (Kun.uz фотоси).

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, истеъдодли шоир Абдували Қутбиддин (Қутбиддинов) 8 декабрь куни 59 ёшида Тошкентда вафот этди.

Кун.уз нашри маълумотларига кўра, шоир бетоблиги сабаб, икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида шифохонада бўлган.

1960 йил 20 июнида Қаршида таваллуд топган Абдували Қутбиддин Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетини (1983 й.) тамомлаган.

Ўз фаолиятини Самарқанд вилоятининг “Зарафшон” газетасида бошлаган шоир кейинчалик Тошкентдаги Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, “Ёзувчи” нашриётида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида ҳамда “Халқ сўзи” газетасида хизмат қилган.

Абдували Қутбиддиннинг “Найсон” (1988), “Ҳумо” (1989), “Бахтли йил” (1991), “Хаёл кечаси” (1994), “Сен ва сен учун” (1996), “Узоқдан олисга” (2007) каби китоблари нашр этилган.

Ўзбекистонда шахсни қўлга олишда видеотасвирга олиш мажбурий қилиб қўйилади

Иллюстратив сурат.

Шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видеотасвирга тушириш тартибини ўрнатиш зарур. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида билдирди.

Аввалроқ тинтув жараёнини, олинган кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видеотасвир орқали қайд этиш шартлиги қонуний асосда белгиланган. Эндиликда бу ҳолат, президентга кўра, шахсни қўлга олиш жараёнига ҳам татбиқ этилиши лозим.

Ўз нутқида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахс махсус бинога олиб келинганидан кейин бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши кераклигини ҳам урғулаган президент буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этди.

Президентнинг таъкидлашича, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарур.

Давлат раҳбари бу борада ўтказилажак ислоҳотлар орасида 2020 йилдан прокурорлар қарори устидан судга шикоят қилиш тартиби ҳам жорий этилишига эътибор қаратди.

Президент Конституция куни муносабати билан 92 фуқарони афв этди

Президент Конституция куни муносабати билан афв этган 92 шахснинг 73 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинади.

19 нафарининг эса қамоқ муддати қисқартирилади.

ЎзА агентлигига кўра, президент Шавкат Мирзиёев «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида"ги фармонни имзолаган.

Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар афв этилади.

Афв этилганларнинг 3 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 3 нафарини аёллар ҳамда 79 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Президент Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган нутқида сўнгги йилларда жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича 8 та фармон қабул қилингани, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинганини айтди.

Тошкентда ИИВ йўлни нотўғри жойдан кесиб ўтган пиёдаларни тўхтатмоқда

Тошкент шаҳар ИИББ Йул ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтганларни тўхтатишни бошлади.

Тошкент шаҳар ИИББ берган хабарга кўра, 5 декабрь куни 2 минг 615 қоидабузарлик қайд этилган.

Бунинг 44 тасида йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтмоқчи бўлган пиёдаларга нисбатан баённома расмийлаштирилган.

Аммо, баённомалар ортидан пиёдага қандай чора кўрилгани ҳақида маълумот берилмади.

ИИББ хабарида, шунингдек, 114 та ҳолатда пиёдалар йўлакчаси бўйлаб йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган одамларни ўтказиб юбормаган ҳайдовчилар ҳам тўхтатилгани айтилган.

Президент Конституцияга бағишланган йиғилишда жамоатчилик назорати муҳимлигини айтди

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда, давлат раҳбари расмий сайтининг хабар қилишича, "қонунийликни қарор топтириш, қонун бузилишига қарши курашиш борасида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари “уйғонгани” қайд этилди".

Йиғилишда президент Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция куни билан табриклади.

Расмий хабарга кўра, Президент ўз нутқида жамоатчилик назорати муҳимлигига алоҳида тўхталган.

"Масалан, Давлат бюджети муҳокамаси пайтида фуқаролар ва депутатлар фикри асосида мактаблар учун 50 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилгани ёки одамларнинг ҳақли эътирози туфайли дарахтларни сабабсиз кесишга қарши мораторий эълон қилингани ижобий баҳоланди. Булар аҳолининг ижтимоий жараёнларга нисбатан масъулият ва дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганини кўрсатади" дейилади president.uz сайти хабарида.

Ўзбекистон президенти 92 фуқарони Конституция куни муносабати билан афв этди

Бу йил қанча пахта етиштирилгани маълум бўлди

Бўка туманилик теримчи аёллар.

Жорий йилда 7 миллион 130 минг тонна ғалла, 2 миллион 845 минг тонна пахта, 19 минг 600 тонна пилла, 21 миллион тонна мева-сабзавот, 400 минг тонна шоли, 2 миллион 600 минг тонна гўшт ва 11 миллион тонна сут маҳсулотлари, 8,1 миллиард дона тухум етиштирилди.

Бу маълумотлар президент Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида келтирилган.

Айтилишича, бу йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан жами 217 триллион 700 миллиард сўм ёки ўтган йилга нисбатан 12 фоиз кўп фойда олинган.

ДТМ: Абитуриентлардан йиғилган пулнинг 763 млн 374 минг 250 сўм сўми тушлик қилишга кетди

Абитуриент кириш имтиҳони топширмоқда

Давлат тест маркази 2019-2020-ўқув йилида абитуриентлардан йиғилган маблағларнинг сарфланиши бўйича ҳисобот эълон қилди.

ДТМ ўз ҳисоботида абитуриентлардан жами қанча маблағ йиғилгани тўғрисида маълумот бермаган, ҳужжатда берилган маълумотлар сарф-ҳаражатларга оид бўлиб, улар қуйидагилардир:

энг тезкор принтерлар хариди 840 млн 870 минг 316 сўм;

китоб тикадиган воситалар хариди - 199 млн 988 минг 154 сўм;

катта қувватли серверлар харид қилиш, уларни ўрнатиш ва ишга тушириш - 1 млрд 204 млн 206 минг 244 сўм;

бинолар ижараси учун - 1 млрд 942 млн 706 минг 950 сўм 18 тийин (Тошкент шаҳридаги бинолар бўйича);

гуруҳ назоратчилари иш ҳақи учун тўлов - 9 млрд 014 млн 745 минг 717 сўм 50 тийин;

гуруҳ назоратчилари учун тушлик сарфи - 763 млн 374 минг 250 сўм;

мобил алоқа воситалари тўлқинларини тўсувчи қурилмалар хариди - 688 млн 121 минг 120 сўм;

ичимлик суви хариди - 880 млн 494 минг 710 сўм;

шарикли ручкалар хариди - 336 млн 357 минг 552 сўм;

хизмат сафарлари учун тўловлар - 13 млн 262 минг 039 сўм 14 тийин;

Жами харажатлар: 15 млрд 884 млн 127 минг 052 сўм 82 тийин.

Билдирилишича, бунда бошқа биноларнинг коммунал ва ижара тўловлари, бир ой мобайнида шартнома асосида жалб этилган ёлланма ишчилар, техник воситаларнинг шу даврда мунтазам ишлаб туришини назорат қилиш бўйича мутахассислар иш ҳақи киритилмаган.

Булардан ташқари, маблағларнинг қолган қисмини қўшимча техника воситалари ва уларга захира қисмлар, тест синови жараёнлари ёзилган видео материалларни сақлаш учун катта хотирага эга қурилмалар, глушителлар хариди, хорижий экспертларни жалб этиш, хорижий мамлакатларда малака ошириш, кейинги ўқув йилида ўтказиладиган тест синовлари тайёргарлиги ва бошқалар учун йўналтириш режалаштирилган, дейилади ДТМ маълумотида.

Лондондан Тошкентга учган самолёт Навоийга қўнишга мажбур бўлди

Лондон-Тошкент HY-202 рейси туман сабабли Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортга қўна олмади. Ҳаво кемаси командири Навоийдаги захира аэропортга мажбурий қўнишни амалга оширишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways авиакомпанияси матбуот хизмати хабар қилди

Туман, кўриш даражасининг ёмонлиги сабабли Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг бир қанча рейслари бир оз ушланиб аэропортда қолиб кетаётганини қайд этди компания матбуот хизмати.

HY-423 Тошкент-Деҳли, HY-533 Тошкент-Бангкок рейслари об-ҳаво шароитлари яхшилангунига қадар кечиктирилди.

Президент 92 фуқарони Конституция куни муносабати билан афв этди

“Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 93-моддаси 23-бандига асосан қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 92 нафар фуқаро афв этилди.

Афв этилган шахсларнинг 20 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 37 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 16 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади.

Шунингдек, 19 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 3 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 3 нафарини аёллар ҳамда 79 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Ўтган йили президент Мирзиёев Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куннинг 26 йиллиги муносабати билан 136 кишини афв қилган эди.

ТИВ ўринбосари: "Журналистлар билан мулоқот қилиш маданиятини кучайтириш зарур"

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов .

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида журналистлар ҳақиқий тўртинчи ҳокимият даражасида. Либерал давлатларда журналистларнинг обрўси жуда баланд. Уларнинг фикри ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда муҳим таъсир кўрсатади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги тадбирида баёнот бергани тўғрисида маҳаллий нашр хабар қилди.

Фикрини давом этар экан, Илҳом Неъматов, шунингдек, бундай деган:

"Журналистларга бўлган муносабат негатив бўлса албатта, қоралайман. Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари журналистлар билан мулоқотни этика, маданият ва ҳурмат томондан тўғрилашимиз керак, деб ҳисоблайди. Журналистлар билан уришиш яхшиликка олиб келмайди. Шуни билиш лозим. Европа давлатларида кимда-ким журналистлар билан алоқани бузса, охири унинг ўзи ишдан кетади ёки давлат обрўсига путур етади. Журналистларга бўлган ҳурматни оширишимиз керак. Улар билан мулоқот қилиш маданиятини кучайтириш зарур".

Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Ўзбекистон тўғрисида самимий мақолалар ёзаётган хориж ОАВ вакиллари, уларнинг позицияси ҳақида ҳам ўз муносабатини билдирди.

"Россияда элчи бўлиб ишлаганимда, деярли ҳар ҳафтада элчихонада турли тадбирлар ўтказардик. Улар шундай журналистки, агар бирор воқеа бўлмаса, уни ҳеч қачон бўлди, деб ёзмайди. Улар мутлақо муаллақ, мустақил журналист. Ҳеч кимга бўйсунмайди. Улар албатта, холисона баҳо беряпти, ўз фикрини айтяпти. Қандайдир тазйиқ орқали фикр бермаяпти, буюртма мақола эмас. Ўзбекистонда ҳақиқатан катта ўзгаришлар бўляпти", деган вазир ўринбосари Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги тадбирида.

Фарғонадан Дўстликкача автобус қатнови очилди

Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасидаги Дўстлик назорат-ўтказиш пунктининг Қирғизистон томони.

6 декабрда “Uzautotrans service” корхонаси Фарғона шағридан Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасидаги Дўстлик назорат-ўтказиш пунктигача синов тариқасида автобус қатновини йўлга қўйди. Қирғизистоннинг Ўш шаҳри икки давлат ўртасидаги чегара чизиғидан 1 км наридан бошланади.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ахборот хизматига кўра, автобуслар “Фарғона шаҳар атрофи” автостанциясидан йўлга чиқиб, Андижон вилоятидаги “Дўстлик” чегара ўтказиш масканига қадар ҳаракатланмоқда.

Ушбу йўналиш масофаси 115 км.га тенг бўлиб, қатновлар Yutong автобусларида амалга ошириляпти. Йўлкира ҳаққи эса 15 000 сўм этиб белгиланган.

Хабарда айтилишича, дастлабки босқичда қатновлар икки томонлама йўналишда кунига жами 8 маротаба амалга оширилади.

ТИВ ўринбосари Ўзбекистоннинг Евроосиё иттифоқига кириш эҳтимоли тўғрисида фикр билдирди

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов .

Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи масалаларида биринчи навбатда миллий манфаатларга таянади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги тадбирида баёнот бергани тўғрисида маҳаллий нашр хабар қилди.

“Евроосиё иқтисодий иттифоқи масалаларида Ўзбекистон биринчи навбатда миллий манфаатларга таянади. Бу борада бизга ташқи босим йўқ”, - деган Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари.

Мамлакатни 2030 йилгача комплекс ривожлантириш концепцияси лойиҳасига кўра, Ўзбекистон 2019-2021 йиллар оралиғида ЕОИИ аъзолари билан эркин савдо келишувини имзолаши, 2022-2025 йилларда эса ЕОИИга аъзо бўлиб кириш бўйича изчил тадқиқотлар ўтказиши кўзда тутилган.

Туризм қўмитаси Умра зиёратини уюштириш ҳуқуқини мустақил операторларга ҳам беришни таклиф қилди

"Умра" зиёратларини бозор муносабатлари ва фуқароларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ташкиллаштириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси баёнот берди.

"2018-2019 йилги мавсумда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қанча фуқароларимиз “Умра” зиёратини амалга оширган бўлсалар, деярли шунча фуқароларимиз Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, БАА каби мамлакатлар орқали “Умра” сафарини амалга оширишган", дейилади баёнотда.

Туризм қўмитаси баёноти Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги сайтида 3 декабрда эълон қилинган номли мақола ортидан пайдо бўлди.

Туризм қўмитаси фикрича, "Умра" зиёратларини уюштириш ҳуқуқини бошқа мустақил операторларга ҳам бериш мақсадга мувофиқ бўлади.

Қўмита маълумотларига кўра, "Туркия (156 та), Индонезия (101 та), Малайзия (71 та) ва қўшни Қозоғистон (30 тага яқин) мамлакатларида қонунчилик билан мустаҳкамланган аниқ тартиб-таомил асосида туризм фаолияти субъектлари томонидан “Умра” сафарлари юқори савияда ташкил этиб келинади. Бунинг натижасида эса, мазкур зиёратни амалга оширишга қодир бўлган кишиларнинг йиллаб навбат кутиши, сафар нархининг асоссиз кўтарилиши, фуқароларнинг айланма йўллар орқали зиёратни амалга ошириши ва тадбиркорлик субъектларининг яширин иқтисодиёт вакиллари сифатида сафарларни ташкил этиши каби нохуш ҳолатларга барҳам берилган".

“Умид”чилар Тошкент анжуманига йиғилади

Иллюстратив сурат.

“Умид” жамғармаси битирувчилари бир ойдан сўнг Тошкентда ўтказиладиган “Янгиланаётган Ўзбекистонга янги авлод кадрлари” халқаро анжуманига йиғилади. Анжуман 2020 йилнинг 3-4 январь кунлари ўтказилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси маълумот тарқатди.

Анжуман иштирокчилари “демократик янгиланиш ва мамлакат модернизацияси”, “таълим – ижтимоий тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи”, “иқтисодий ислоҳотлар марказида инвестициявий иқлимни кучайтириш”, “мамлакатни инновацион ривожлантириш стратегияси ва устувор йўналишлари”, “қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни жорий қилиш” каби секцияларда фаолият юритадилар.

Иштирокчиларга ўз тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда тегишли секцияларда фаол иштирок этиб, бу соҳадаги ютуқ ва нуқсонларни кўрсатиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш имкони берилади. Анжуман чоғида берилган таклиф ва танқидий мулоҳазалар кейинроқ тегишли соҳалардаги ҳокимият идораларига тақдим этилади.

Президент Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йил сентябрида ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси Каримов даврида фаолият юритган “Умид” жамғармасининг маънавий вориси ўлароқ кўрилади.

Мазкур фонд ёрдами билан 1997 йилдан 2003 йилгача ўзбекистонлик 828 нафар ёш чет эллардаги нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқиган. Бу кадрларнинг юртга қайтиб, Ўзбекистон тараққиёти учун хизмат қилиши кутилган. Бироқ хорижда ўқиб, чет эл ҳаёти билан танишган талабалардан бир гуруҳининг Ўзбекистонга қайтишдан бош тортиши "Умид"нинг миссиясини йўққа чиқарган.

Келаси ойдаги анжуманга хорижда яшаб, фаолият юритаётган “умид”чилардан қанчаси келиши ҳозирча маълум эмас.

Бухорода 58 ёшли кишини поезд уриб кетди

Иллюстратив сурат.

Шу йилнинг 5 декабрь куни Бухоро вилоятида темир йўлдан ўтаётган 58 ёшли Г. Х.ни юк электропоезди уриб юборган, натижада у воқеа жойида жон берган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълумот тарқатди.

Айтилишича, ҳодиса “Яккатут” ва “Мурғак” станциялари оралиғида - темир йўлнинг 4012- километрида содир бўлган.

Тергов департаменти воқеа жойида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани ва ҳодиса сабаблари ўрганилаётганини маълум қилган.

Бир неча кун аввал Озодлик Наманганда юк поезди 82 ёшли қарияни босиб кетгани ҳақида хабар қилганди.

Ўзбекистонда 2021 йилдан тотализаторларга рухсат берилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев томонидан 4 декабрь куни имзоланган “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда айтилади.

Фармондан келиб чиқилса, букмекерлик фаолиятига халқаро тажрибадан келиб чиқиб, спорт соҳасини, айниқса, футболни янада ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида рухсат берилган.

2021 йил 1 январидан бошлаб шуғулланиш мумкин букмекерлик фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади.

Букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари даромадларининг бир қисмини спорт турлари, шу жумладан, футболни ривожлантириш учун йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG