Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:30

Кремлнинг йўриғига юрмаган Twitter тармоғи тезлиги пасайтирилди


Россиянинг алоқа, ахборот технологиялари ва коммуникация воситалари бўйича федерал назорат идораси – Роскомнадзор мамлакат бўйлаб Twitter платформасининг тезлигини пасайтирди. Бунга ижтимоий тармоқ маъмуриятининг мамлакат ҳудудида тақиқланган контентни ўчирмагани важ ўлароқ кўрсатилган.

10 март куни Роскомнадзор сайтида эълон қилинган баёнотда ушбу чора “Россия фуқароларини ноқонуний контент таъсиридан ҳимоя қилиш” мақсадида кўрилгани айтилган. Назорат идорасига кўра, Twitter яна ҳамкорлик қилишдан бош тортса, платформа мамлакатда бутунлай блокланади.

Twitter сайтида тақиқланган мазмунга эга 3168 та, шу жумладан, вояга етмаганлар ўртасида ўз жонига қасд қилишни тарғиб этувчи 2500 дан ортиқ пост жойлаштирган, деб ҳисоблайди Роскомнадзор. Баёнотда ноқонуний гиёҳвандлик моддалари ва порнографияга оид контент ҳам тилга олинган.

Роскомнадзор бошлиғининг ўринбосари Вадим Субботин 10 март куни “Интерфакс” ахборот агентлигига берган интервьюсида идора Россия ҳудудида Twitter’ни секинлатиш учун техник имкониятларга эга экани ва бу борада аллақачон чора кўрилаётганини айтган.

Интернетдаги узилишларни кузатиб борувчи Netblocks нашри Россияда Twitter фаолияти секинлашганини тасдиқлади.

Субботин Facebook каби бошқа ижтимоий тармоқлар ҳам миллий қонунларга риоя қилмаса, келажакда уларга қарши муштарак чоралар қўлланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳукумат платформаларни тўсиб қўйишни истамаcлигини таъкидлагани ҳолда, расмийларнинг қонун риоясини талаб этишини “ўта оқилона” ҳаракат деб баҳолаган.

Twitter ширкати эса интернетдаги оммавий суҳбатни блокировка қилиш ва бўғиш ҳаракатлари кўпайганидан хавотир изҳор қилди ва ноқонуний хатти-ҳаракатларни қўллаб-қувватламаслигини билдирди.

“Ички сиёсатимизга мувофиқ, болаларни жинсий эксплуатация қилиш ҳолатларига асло тоқат қилмаймиз”, – дейилади Twitter баёнотида.

Шунингдек, платформа маъмурияти ўз жонига қасд қилиш ва ўзига зарар етказишни тарғиб қилиш ёки рағбатлантириш каби хатти-ҳаракатлар ҳам ширкат қоидаларига зид эканини таъкидлаган.

Сўнгги йилларда расмий Москва аҳоли, айниқса, ёшлар орасида норозилик кучайиб бораётгани ва мухолифат ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланаётгани сабаб уларни жиловлашга уринмоқда.

Жорий йил январь ойида Кремль Алексей Навальний ҳимоясига ўтказилган митингларда қатнашиш чақириқларни ўчиришдан бош тортган хорижий интернет компанияларини мамлакат ички ишларига аралашувда айблади.

Аввалроқ Путин маъмурияти ижтимоий тармоқлардаги россиялик фойдаланувчиларининг шахсий маълумотларини маҳаллий серверларда сақлашни талаб қилган эди. Ушбу талабни бажармай келаётган Facebook ва Twitter бир неча марта жаримага ҳам тортилди.

Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ўтган йил охирида россияликлар ҳисобларини блоклаб қўйгани ва ҳукумат ҳамда давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари аккаунтларига улар бетараф эмасликлари тўғрисида қайд киритиши ортидан мазкур икки йирик ширкатни ошкора цензурада айблаган эди.

Ўтган ой охирида эса Роскомнадзор Twitter ширкатидан нима учун Россияга алоқадор 100 та аккаунт ўчирилгани юзасидан изоҳ талаб қилди. Платформа маъмуриятига кўра, ўчирилган аккаунтлар Россия ҳукуматига алоқадор бўлиб, улар НАТОга қарши ахборот ҳужумларини амалга ошириб келган.

XS
SM
MD
LG