Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:53

Ҳуқуқ фаоли қамоқда кўйлак тикаётган собиқ бош прокурор ва гул босаётган ДХХ раиси ҳақида


5 май куни Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Зангиотадаги қамоқхонада бўлиб, у ерда жазо ўтаётган собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров ва собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевлар билан суҳбатлашди.

Рашитжон Қодиров 2019 йилнинг июнида 10 йилга, Ихтиёр Абдуллаев 2020 йилнинг февралида 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Абдураҳмон Ташановнинг ҳозирда жазо муддатини ўтаётган уч собиқ юқори мартабали мулозим билан қилган мулоқотининг тўлиқ тафсилотларини OzodNazar эшиттиришида тинглашингиз мумкин.

OzodNazar: “Собиқ бош прокурор қамоқхонада аёллар кўйлагини тикяпти, собиқ МХХ раиси косага гул чизяпти”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:30:39 0:00
Бевосита линк

“Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг Озодликка айтишича, у 22-колониядаги шароит билан Инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзоси сифатида танишди.

Комиссия аъзолари ҳуқуқ-тартибот органларининг жиноий жазо ўтаётган собиқ ходимлари сақланадиган бу колонияда 5 май куни биринчи марта бўлди.

Олий Мажлис қарори билан тузилган бу комиссияга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсман раислик қилади.

Абдураҳмон Ташанов OzodNazar эшиттиришида Рашитжон Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаевлар билан ўтказган суҳбати тафсилотларини айтиб берди.

“Аввалига маҳбуслар орасидан Рашитжон Қодировни таниб олишим ҳам қийин бўлди. Чунки ҳаммасининг юзида тиббий ниқоб бор эди. Мен ўзим қамоқхона маъмурларидан илтимос қилдим у киши билан учраштиришни. Кўриниши яхши. “Соғлиғим ҳам, кайфиятим ҳам яхши, бир ойдан кейин манзил колонияга чиқаман” деди. Собиқ бош прокурор билан 10 минут давомида гаплашдим, кўп гаплар бўлди”, деди Абдураҳмон Ташанов.

  • Ўзбекистон Бош прокуратурасини 15 йил бошқарган Рашитжон Қодиров 2018 йил, 22 февралда ҳибсга олиниб, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2019 йил, 26 июндаги ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
  • Қодиров пора олиш, пора беришга воситачилик қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

“Ихтиёр Абдуллаев “менга терговлар давомида қийноқлар қўлланган”, деди. Айни пайтда унинг колония маъмуриятидан шикояти йўқлигини айтди. “Фақат менинг ишим қайта кўрилишини сўрардим. Иложи бўлса, шу илтимосимни президентга етказинглар”, деди. Ихтиёр Абдуллаев билан унинг иш жойида, ёнига ўтириб гаплашдим. Чинни ликобларга гул солаётган экан”, деди Абдураҳмон Ташанов.

  • Ўзбекистон Ҳарбий судининг 2020 йил, 25 февраль кунги ҳукми билан Ўзбекистон собиқ Бош прокурори¸ ДХХ собиқ раиси Ихтиëр Абдуллаевга 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
  • Ихтиёр Абдуллаев жиноий уюшма ташкил этганликда, мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда, уюшган гуруҳ ва жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, жуда кўп миқдорда пора олишда, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузишда, товламачиликда, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишда, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда ва шу каби бир қатор жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилгани айтилган.

Абдураҳмон Ташанов 5 май куни Зангиотадаги 22-колонияда учрашган яна бир “таниқли” маҳбус Жавдат Шарифхўжаевдир.

“Шарифхўжаев билан 1 дақиқа атрофидагина мулоқот қила олдим. У саволларимга жавоб беришни истамади. Жавоблари ўта қисқа бўлди. “Йўқ”, “Шароитлар яхши” деган жавоблар билан чекланди”, деди Абдураҳмон Ташанов.

  • Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи, МХХ собиқ полковниги Жавдат Шарифxўжаев 2016 йил баҳорида қайта судланиб, қамоқ жазоси 16 йилга узайтирилган. 2015 йили қамоққа олинган Шарифхўжаев дастлаб 4 йил қамоқ жазосига маҳкум этилган эди.
  • МХХ собиқ полковниги Жавдат Шарифхўжаев ноқонуний тадбиркорлик, коррупция, тамагирлик ва ўта катта миқдорда давлат маблағларини ўзлаштиришда айбдор, деб топилган.

Тошкент вилоят, Бекобод шаҳридаги УЯ-6421 жазони ижро этиш муассасасининг маҳкумлари 2018 йил декабрида Зангиота туманида янги қурилган 22-жазони ижро этиш муассасасига кўчирилган.

XS
SM
MD
LG