Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:07

Лоланинг цензурани "фош қилувчи" клипи тармоқни портлатди


Лоланинг цензурани «фош қилган» клипидан олинган кадр.
Лоланинг цензурани «фош қилган» клипидан олинган кадр.

Ўзбекистонлик 34 яшар қўшиқчи, ижоди тез-тез баҳс-мунозаралар келтириб чиқаруви Лола Йўлдошеванинг «Севгингни менга айт-2» клипи Youtube ва Instagramга 13 ноябрь куни қўйилганидан бир соат ўтар-ўтмас камида 100 минг марта томоша қилинди.

Ўзбекистонлик блогер Нурбек Алимов бу клипни “Лола инқилоби” деб атади.

Лола Йўлдошеванинг ўзи режиссерлик қилган бу клип Озодлик суҳбатлашган санъатшунослар назарида санъатнинг “ижтимоий протест” жанридаги асардир.

Ўзбек поп қўшиқчиси Лола Йўлдошеванинг «Севгингни менга айт-2» клипида замонавий мусиқа гуруҳининг “давлатнинг маънавият посбони” бўлган "бадиий кенгаш назоратидан ўтиш жараëни" акс этади.

7 минут давом этадиган клипда “мусиқага изн берувчи мулозимлар”, ҳар қандай янгиликни “менталитетга зид бачканалик” дея танқид қиладиган “Ойша холалар” ва қўшиқчини “Ғарб оммавий маданиятига кўр-кўрона тақлидда” айблайдиган “Хейтер” образлари бор. Шунингдек, клипда жамиятнинг барча қатламлари вакиллари, хусусан “соқол қўйган”лар гуруҳи ҳам акс эттирилади.

Эскилик ва оммавийлик тўқнашуви?

Ўзбекистонлик режиссер Абдулазиз Маҳмудов, клипни томоша қилгач, Озодликка бу клип “Оммавий маданиятнинг ибтидоий ғор зеҳнияти билан тўқнашуви” ҳақида эканлигидан фикр юритар экан, деди:

- Яхши ва маъноли клип. Бу клипнинг бадиий-ижтимоий аҳамияти ва албатта, чуқур фалсафаси бор. Клип жамиятимизда бугун юз бераëтган оммавий маданият билан ибтидоий ғор зеҳниятининг тўқнашувини акс эттиради. Ҳукумат одамлар миясига ўзи истаган нарсани жойламоқчи. Аммо менталитетни зўравонлик ва цензура орқали жорий этиб бўлмайди. Ўзбек жамиятининг барча бўғинлари, хусусан “Ўзбекконцерт” ва “Ўзбеккино”да ҳам "маънавият посбонлари" бор. Мен ҳам улар билан тўқнашганман. Маънавият посбони деганимиз аслида цензуранинг кўринишидир.

Журналист Евгения Гранденинг Озодликка айтишича¸ минглаб изоҳларда Лола Йўлдошева клипи жамиятнинг турли қатламлари тарафидан олқишланмоқда.

Шу кунларда Италияда фильм олаëтган ўзбек киноси отахонларидан бири Али Ҳамроев Озодлик илтимосига кўра¸ клипни томоша қилди.

- Лоланинг режиссёрлик маҳоратига ва сарказмига баҳо қўйиш керак бўлса мен 5+ қўяман. Бу шунчаки ҳушомад эмас, ишонаверинг. Гап ва мақтовни ҳавога совурадиган одам эмасман. Кеча туғилмадим. Зўр киноларнинг минглаб километрини томоша қилган мендай банд одам шу клипни охиригача мазза қилиб кўрдим. Буни Лолага етказинг.

"Лола инқилоби"ми ëки цензура томорқасига отилган тош?

Ўзбекистонлик таниқли блогер Нурбек Алимов ўзининг Телеграмдаги саҳифасида бу клипни “Лола инқилоби” деб атади.

“Лоланинг жасоратига қойил қолмай иложимиз йўқ. Олдин унга ҳам шунчаки «поп-қўғирчоқлар» категорияси призмаси орқали қарайдиган халқ унга нисбатан бошқача кўз билан қарай бошлади. Лоланинг мақсади жамиятда ҳамма қонунда тақиқланмаган хоҳлаган ишини қилишга, хоҳлаган кийимини кийишга, имижини ўзи белгилашга ва мустақил эркин танлов ҳуқуқига эга эканликларини кўрсатиш бўлди”.

Тошкентлик санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ клип совет давридан қолган “худсовет” ҳақида памфлетдир:

- Клип бугунги шоу-бизнес кўргуликларини фош қилади. Ўзбек шоу бизнеси Ғарб мусиқий оқимларидан илҳомланган ëш санъаткорлар ва уларни баҳолаш юклатилган “нафталин ифорли” мулозимлардан иборат. Бу диссонанс клипда яққол плакат каби кўрсатиб берилади. Ўзбек мусиқасида жонли ижро йўқлиги¸ бутун мусиқа фонограммага асосланганини клипда сими розеткага тиқилмаган гитара тасвири билан фош қилинади. Мен бу клипни инқилоб демаган бўлардим. Аммо “Республика маънавият маркази” ва “Ўзбекконцерт” боғчасига отилган тош дердим. Қани кўрайликчи, мулозимлар зарбани қандай қабул қилди экан?

Лола ҳаëтда ҳам “маънавият посбонлари” билан тўқнашган

Саҳнага қизил кўйлакда чиққан Лола Йўлдошева ярим яланғочликда айбланган эди.
Саҳнага қизил кўйлакда чиққан Лола Йўлдошева ярим яланғочликда айбланган эди.

Лола Йўлдошева 2015 йилда “ярим-яланғоч” кийиниб, саҳнага чиққани учун мулозимларнинг жиддий танқидига учраган эди.

Лола Йўлдошева ўшанда Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова тарафидан танқид қилинган эди.

Йўлдошевани танқид қилган Боситхонова “Ўзбекистон Робинзон яшайдиган орол эмас, агар кимки, бугун демократия, истаганимни қиламан, деб ўйласа, халқ, жамият фикри билан ҳисоблашмаса, қаттиқ адашади”, дея қўшиқчи шаънига танқид ëғдирган эди.

Бунинг ортидан Йўлдошеванинг лицензияси бекор қилинган эди.

Яшовчан "Қўшиқчилар вазирлиги"

Хонандалар орасида “Қўшиқчилар вазирлиги” деб аталадиган “Ўзбекнаво” қўли билан Каримов даврида Ўзбекистондаги таниқли санъаткорлар Фарруҳ Зокиров, Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Обид Асомов, Севара Назархон, Шаҳзода Матчонова, Шоҳруҳ рэп, Феруза Жуманиёзова, Отабек Мадраҳимов, Озода Нурсаидова,Фарруҳ Соиповларга тақиқ қўйилган эди.

“Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси президент Шавкат Мирзиёев 2017 йили имзолаган “Маданият ва спорт соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан тугатилган эди.

Аммо Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2017 йил, 19 майдаги “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси фаолиятини йўлга қўйишни ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан қўшиқчилар ва концерт фаолиятини назорат қиладиган янги идора ташкил қилинди.

XS
SM
MD
LG