Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2020, Тошкент вақти: 07:52

Макрон сурати оëқости қилинган Наманганда меҳмонхона олдидаги Франция байроғи олиб ташланди


28 октябрь куни Наманган марказида жойлашган Grand Sherdor меҳмонхонаси олдидаги Франция байроғининг Макрон баëнотига норозилик сифатида "йиртиб ташлангани" хабар қилинди

28 октябрь куни Наманган марказидаги Grand Sherdor меҳмонхонаси олдида кўтарилган 7 байроқ орасидан Франция байроғи олиб ташланди.

Бу ҳақда Фейсбукда пост қолдирган наманганлик фаол¸ Франция байроғининг "норозилик белгиси сифатида йиртиб ташлангани ва Наманганда Франция байроғига ўрин йўқ”лигини ëзди.

Ушбу ҳодиса арафасида наманганлик Муҳаммад Икром исмли шахснинг Франция президенти Эммануэль Макрон ва унинг рафиқаси суратини оëқости қилаëтгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Наманган вилоят ҳокимлиги¸ Ички ишлар бошқармаси¸ қолаверса¸ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Озодлик боғланган мулозимлари хориж давлати рамзларини ҳақорат қилиш кампанияси юзасидан изоҳ бермади.

Франция президенти Эммануэль Макроннинг мамлакат дунëвий қадриятларига ҳужум қилиб келаëтган террорчи ва сиëсий ислом борасида қилган баёнотлари Яқин Шарқдаги айрим давлатларда Франция ва унинг президентига қарши норозилик кампанияси бошланишига туртки бўлди.

Намангандаги Франция рамзларини ҳақорат қилиш ва ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида Францияга қарши нафрат риторикасининг кучайиши исломий давлатларда бошланган жараëнларнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

"Франция байроғига ўрин йўқ!”

28 октябрь куни наманганлик Фэйсбук фаоли Ибрат хэштеги остида қуйидаги постни қолдирди:

Ҳозир 15 дақиқа аввал шу байроқлар сафининг бошида Франция байроғи турган эди, бир акамиз байроқни тушуриб йиртиб ташладилар. Бизни Наманганимизда Франция байроғига ўрин йўқ!”

Наманганда Франция байроғининг "йиртиб ташлангани" ҳақидаги постга илова қилинган сурат
Наманганда Франция байроғининг "йиртиб ташлангани" ҳақидаги постга илова қилинган сурат

Бу постга қатор байроқлар саф қилиб терилган темир устунлардан бирининг байроқсиз қолгани акс этган сурат ҳам илова қилинди. Пост эгаси олиб ташланган Франция байроғи ўрнига Қозоғистон байроғи тикилганини қўшимча қилди.

Айни пайтда пост эгаси Франция байроғининг айнан қайси жойдан¸ ким томонидан олиб ташланганига аниқлик киритмади.

Озодликнинг Намангандаги манбалари кўп ўтмай воқеанинг шаҳар марказидаги Grand Sherdor меҳмонхонаси олдида рўй берганини маълум қилди.

Намангандаги энг қиммат меҳмонхона бўлган бу бутик отелнинг Озодлик боғланган бошқарувчиси 28 октябрь куни “байроқлар алмаштирилгани”ни билдирди.

- Ҳамма байроқни алмаштирдик. Еттита байроқни ҳам алмаштирдик ҳозиргина. Ювилутти-да! Ҳозир Қозоғистон бор¸ Америка бор¸ Россия бор.

Меҳмонхона бошқарувчиси "Франция байроғи ҳам борми ҳозир?"¸ деган саволга жавоб бермасдан телефонини ўчириб қўйди.

Бу суратдаги байроқлар қаторида чапдан биринчиси Франция байроғи бўлган
Бу суратдаги байроқлар қаторида чапдан биринчиси Франция байроғи бўлган

Grand Sherdor меҳмонхонасининг сайëҳлар учун тақдим этилган суратларидан отель биноси олдида кўтарилган байроқлар сафида Ўзбекистон¸ Жанубий Корея¸ Туркия¸ АҚШ¸ Буюк Британия¸ Россия ва Франция давлат рамзлари борлиги кўрилади.

Озодликка 28 октябрь куннинг иккинчи ярмида Намангандан юборилган видеотасвирда байроқ устунларининг яланғоч қилингани¸ барча байроқларнинг ечиб олингани кўрилади.

Куннинг иккинчи ярмида Grand Sherzod меҳмонхонаси олдида кўтарилган байроқларнинг ҳаммаси ечиб олинди.
Куннинг иккинчи ярмида Grand Sherzod меҳмонхонаси олдида кўтарилган байроқларнинг ҳаммаси ечиб олинди.

Воқеадан саноқли соат ўтиб¸ “байроқнинг йиртилгани” ҳақида Фэйсбукка пост қўйган наманганлик фаол ўз постини олиб ташлади.

Унинг ўрнида қолдирилган янги постдан¸ аввалги ëзув ва суратнинг босим остида олиб ташлангани англашилади.

"Наманганда Франция байроғига ўрин йўқлиги" ҳақидаги пост олиб ташлангандан кейинги пост
"Наманганда Франция байроғига ўрин йўқлиги" ҳақидаги пост олиб ташлангандан кейинги пост

Пост муаллифи бу босимнинг ким тарафидан бўлгани ҳақида маълумот бермади. Grand Sherdor меҳмонхонаси олдидан Франция байроғи олиниб¸ ўрнига Қозоғистонники қўйилгани ҳақидаги хабардан кўп ўтмай¸ қолган байроқлар кимнинг топшириғи билан олиб ташлангани ҳақида ҳам Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.

Макрон ва исломчилар зиддияти

Франция президенти Эммануэль Макроннинг мамлакат сўз эркинлиги, шу жумладан, карикатуралардан воз кечмайди, деган баëнотлари ортидан Яқин Шарқ ва Форс кўрфази давлатларида Францияга қарши норозилик кампанияси бошланди.

Макрон исломчиларни жазавага солаëтган бу баëнотларини ўқувчиларига Муҳаммад пайғамбар карикатурасини кўрсатиши ортидан 18 яшар чечен террорчиси Абдуллоҳ Анзоров томонидан ўлдирилган тарих ўқитувчисининг дафн маросимида айтди.

Макроннинг сиëсий ислом – исломчилар ҳақидаги баëноти сиëсатчилар¸ хусусан¸ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон томонидан “Исломга қарши ҳақорат” сифатида талқин қилиниши ортидан, асосан Яқин Шарқдаги айрим мамлакатларда француз маҳсулотларини бойкот қилиш бошланди.

Ҳукуматлари Ғарб билан зиддиятли муносабатда бўлган давлатларда Франция байроғини ëқиш ҳолатлари кузатилди.

Ғарбга қарши нафрат риторикаси¸ хусусан¸ пайғамбар шаънини ҳимоя қилиш учун террорга даъват этувчи чақириқлар ижтимоий тармоқлардаги ўзбек каналларида очиқча ëйинланиши ортидан¸ ўзбек сегмантида Франция¸ унинг дунëвийлик тамойилларига қарши ҳозиргача мисли кўрилмаган “ғазаб кампанияси” бошланди.

Ўзбекистон ичкарисида фаолият юритаëтган айрим диний фаоллар бу кампанияни “ор ва номус масаласи” деб атаб¸ ўзбекистонлик мусулмонларни унга қўшилишга даъват қилди.

Бундай чақириқлар ортидан наманганлик Муҳаммад Икром исмли шахснинг Франция президенти Эммануэль Макрон ва рафиқаси суратларини оëқости қилаëтгани видеоси тарқади.

Ўз машинасининг оëқ қўядиган жойига Макронлар суратини тўшаб¸ уни топтаган шахс¸ бошқаларни ҳам ўз сафига қўшилишга чорлади.

Ҳозирча бу шахс¸ у бошлаган кампаниянинг Наманган ëки Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида қанчалик кенг ëйилгани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

27 октябрь куни Озодлик Наманган вилоят ҳокимининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Жамолиддин Алойдинов қабулхонаси билан боғланди. Ўзини Алойдинов ëрдамчиси, деб таништирган мулозим¸ Намангандаги бу воқеаларга оид изоҳ олиш учун махсус мактуб билан мурожаат қилишни айтиб¸ саволларга жавоб бермади.

Наманган вилоят ва шаҳар ИИБ расмийлари Франция давлат рамзларига қарши бошланган кампаниядан бехабарликларини билдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозими эса¸ вазирликнинг бу жараëнларни кузатиб бораëтганини айтди. Айни пайтда мулозим вазирлик томонидан бу воқеаларга бирор муносабат билдириш-билдирилмаслиги бўйича маълумот бера олмаслигини айтиш билан чекланди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг “Давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш” деб номланган 203-моддасига мувофиқ Ўзбекистон ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш учун жарима белгиланган. Бу жазонинг хорижий давлат рамзларини оëқости қилиш учун татбиқ этилиш-этилмаслиги ҳақида маълумот йўқ.

Макрон суратини оëқости қилганларга челленж

Наманганлик диндорнинг Франция президенти суратларини топташига ижтимоий тармоқда жавоб акциялари ҳам кўзга ташланди.

Тошкент Давлат Аграр университети ва Жаҳон иқтисодиëти ва Дипломатия университети қошидаги Бошқарув институти¸ сўнгра Жанубий Кореядаги нуфузли Йонсей университетида ўқиб¸ иқтисод бўйича магистрлик даражасини олган Ғолиббек Холназаров YouTube порталида ўзбекистонликларга ўз ғазаб кампаниясини маҳаллий муаммоларга қаратишни тавсия қилди.

- Сизларга таклифим¸ "мард бўлиб"¸ Франция президенти Эммануэль Макронни шунақа қипсизлар¸ тасвирини¸ ўзларингизча. Ўзбекистонликларнинг деярли ҳаммаси мусулмон. Қани мард бўлиб охиригача Ўзбекистонда мусулмонларни хўрлаëтган ўз ëнингиздаги ҳокимларлардан бирортасини суратини распечатка қилиб¸ шунақа қилингларчи! Худодан бошқасидан қўрқмайдиган бўлсангизлар¸ сўконғич ҳокимларни суратини оëғингларнинг тагига босиб¸ шуни видеосини қўйинглар¸бир кўрайлик¸ деди исломчиларга қарата видеомурожаатида Холназаров.

Бу видеочелленжга ҳозирча бирорта ўзбекистонлик жавоб бергани йўқ. Бунинг ўрнига тармоқларда Холназаровни ҳам виртуал сазойи қилиш бошланганини кўриш мумкин.

Мирзиёев ҳукуматининг экстремизм хавотирлари

Озодлик 2019 йил октябрь ойида президент Шавкат Мирзиëевнинг 2019 йил 4 сентябрь кунги махфий қарори матнини эълон қилган эди.

Ҳозиргача жамоатчиликка расман тақдим этилмаган бу махфий қарорда “диний соҳада яратилаëтган эркинлик ва шароитларни суиистеъмол қилиб¸ улардан сиëсий мақсадларда фойдаланишнинг кўпайиши; кечаëтган ижтимоий-сиëсий жараëнларга диний тус бераëтган¸ ўз шахсий қарашларини мажбурий диний қоида сифатида талқин қилиб¸ уларни аҳоли орасида кенг ëйишга ҳаракат қилаëтган гуруҳлар фаолиятининг кучайиши ва ахборот майдонида диний масалаларни ëритишнинг назорат механизмлари сустлиги¸ Интернет ва мобил мессенжерлардаги маълумотларни қамраб олиш имкониятининг мавжуд эмаслиги оқибатида уларда диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарғиб қилувчи контентнинг кўпайиши” таъкидланган эди.

Айни пайтда¸ Бош прокурор номидан Ўзбекистон президенти администрациясига жорий йил январида жўнатилган хатнинг Озодликка келиб тушган нусхасида "UZ" доменида "носоғлом фикр"ларга таянилган диний материаллар кўпайганидан хавотир билдирилган эди.

Сўнгги 2 йилда Интернетдаги ахборот нашларидан фойдаланувчилар сони 20 миллионга етган. Диний материаллар тарқатувчи мустақил сайтларга кирувчилар кунлик сони эса 35 минг нафардан 66,5 минг кишига ошган. Айтилишича, бу кўрсаткич Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий сайтига кирувчилар сонига нисбатан беш бараварни ташкил этади.

Мазкур манбаларда жамиятни исломлаштириш, исломий ҳаёт тарзи ва кийинишга ўтиш, болаларга мажбурий исломий таълим бериш, мусиқа тўгаракларини тақиқлаш, шариат қоидаларини расмий қонунлардан устун қўйиш каби носоғлом фикрларни илгари суриш ҳоллари ҳам кузатилмоқда", дейилади Бош прокурор 2 январь куни имзолаган хатда.

Мазкур хатда Вазирлар Маҳкамасига махсус Ишчи гуруҳи тузиш ва бу гуруҳга бир ой ичида Интернетдаги "диний ахборот хуружларига тезкорлик билан таъсирчан чора кўришнинг самарали механизмини яратиш, қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш, тақиқланган сайтларга эркин кириш йўлларини тамомила ёпишни мукаммаллаштириш чорасини ишлаб чиқиш "вазифасини юклаш топширилган эди.

Ҳозирча бу таклиф¸ қолаверса¸ президент махфий қарорига илова қилинган “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг қанчалик амалга оширилаëтгани ҳақида Озодлик маълумотга эга эмас.

Наманган - сиëсий ислом ўчоғи

Фарғона водийси¸жумладан¸Наманган тарихан анъанадор ва собиқ иттифоқ қулаши арафасида Марказий Осиëда сиёсий ислом биринчи бўй кўрсатган минтақалардан ҳисобланади.

1980-йиллар охири, 1990-йиллар бошида Наманганда "Ислом лашкарлари" ва "Адолат" сингари диний-сиёсий ташкилотлар фаолият олиб борган.

“Ўзбекистон исломий ҳаракати” асосчилари Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний 1990-йиллар бошида ўз фаолиятларини Наманганда бошлаб¸ сўнгра бир муддат Тожикистон¸ кейинроқ Афғонистон ва Покистонда давом эттирганди.

Шу ой бошида Афғонистондаги ўзбек маршали Абдул Рашид Дўстум “Ўзбекистон исломий ҳаракати”нинг ўлдирилган раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг қизи Мукаррамахон Афғонистоннинг Тоғли Бадахшон вилоятида террорчи гуруҳларни бошқараётганини иддао қилди.

Ўзбекистон расмийлари Дўстумнинг баёнотига ҳозирча муносабат билдирмади.

XS
SM
MD
LG