Линклар

Шошилинч хабар
18 январ 2022, Тошкент вақти: 09:13

Ўзбекистон хабарлари

Мактабларда дарсдан олдин мадҳия айтилади, танаффусда ватан ҳақидаги шеър ва қўшиқлар эшиттирилади

Расмийларга кўра, мадҳия айтиш ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Мактабларда дарслар бошланиши олдидан ўқувчи ва ўқитувчилар жўр бўлиб Ўзбекистон мадҳиясини куйлайди, танаффус вақтида эса ватан ҳақидаги қўшиқ ва шеърлар эшиттирилади. Бу ҳақда 11 ноябрь куни қатор маҳаллий нашрлар хабар берди.

Хабарларда айтилишича, ижтимоий тармоқларда халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев имзолаган хат матни эълон қилинган. Хатда вазир ўринбосари 14та ҳудуддаги масъул раҳбарларга мактабларда дарслардан олдин жўр бўлиб мадҳия куйланишини ва танаффус пайтида ватанпарварлик руҳидаги қўшиқ ва шеърлар эшиттирилишини уюштиришга кўрсатма берган.

“Шу муносабат билан, Халқ таълими вазирлиги томонидан "Умумтаълим мактабларида "Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш" тарғибот-ташвиқот тадбирларида ўқиладиган шеърлар эшиттирилишини ташкил этиш бўйича тавсиялар" 1-иловага, "Умумтаълим мактабларида ватанпарварлик руҳидаги қўшиқларни ташкил этиш бўйича тавсиялар" 2-иловага ҳамда "Умумтаълим мактабларида фойдаланиш учун тавсия этилган видеороликлар рўйхати" 3-иловага мувофиқ юборилмоқда", – дейилади хатда.

Мазкур хатда айтилишича, бу тартиб Ўзбекистон Президенти Администрациясининг 2020 йил 23 октябрдаги (№ 02-3041, 7-сонли) йиғилиши баёнининг 8-банди ижросини таъминлаш мақсадида киритилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова маҳаллий нашрларга хат ҳақиқий эканини тасдиқлаган.

Дилшод Кенжаев “Kun.uz”га берган суҳбатида мактабларда мадҳияни куйлаш, қўшиқ ва шеърларни эшиттириш “ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши”ни айтган.

Вазир ўринбосарига кўра, танаффус пайтида Чўлпон, Фитрат, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби 50 нафар шоир ва 41 нафар хонанданинг ижодидан олинган намуналар эшиттирилади.

Маҳаллий нашрларнинг билдиришларича, ноябрь ойида Ўзбекистон бўйлаб “Янгича Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар бошланган.

Тарғибот тадбирларини йил давомида ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита ва Республика штаби ташкил этилган. Штаб томонидан маҳаллаларда 7 йўналиш бўйича ишчи гуруҳлар тузилган.

Кун янгиликлари

ХТВ айрим мактабларни Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказиб беради

Кейинги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги вилоят марказларидан, катта шаҳар ва туманлардан иккитадан, туман ва шаҳарлардан биттадан ихтисослашган мактаб Халқ таълими вазирлигидан Президент таълим муассасалари агентлигига ўтказиб берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида “мактабларда, айниқса ихтисослаштирилган мактабларда таълим ва тарбия сифатини тубдан ошириш бўйича устувор вазифалар”га бағишланиб 17 январь куни ўтказилган йиғилишда айтилган.

Селектор мажлисида очиқланган маълумотлардан келиб чиқилса, янги ўқув йилидан мамлакат бўйлаб юзлаб мактаб Президент таълим муассасалари агентлиги назоратига ўтиши ойдинлашади.

Шунингдек, бундан буён ихтисослашган мактаблар мазкур агентлик тизимида ташкил этилади. Бунда туман ва шаҳарлардаги саноат ва қишлоқ хўжалигининг ривожланганлиги, бу ҳудудларда азалдан кучли ўқитилган фанлардан келиб чиқиб, мактаблар ихтисослашиши керак.

Йиғилишда президент ихтисослашган мактаблар фаолиятини тубдан такомиллаштириш учун бу ерда ўқийдиган ўқувчиларнинг халқаро таълим дастурлари асосида замонавий ўқув дарсликлари билан таъминланиши, 9-синфга келиб ўқувчилар камида 1 та хорижий тил бўйича миллий ва халқаро сертификат олишлари таъминланиши, юқори синф ўқувчиларининг бевосита корхоналарда амалиёт ўташи тизими жорий қилиниши, мактабларга ихтисослигидан келиб чиқиб Фанлар Академияси илмий-тадқиқот институтлари ва олийгоҳларнинг кафедралари бириктирилиши лозимлигини айтган.

Президент таълим муассасалари агентлиги Ш. Мирзиёевнинг ўтган йил 19 июлидаги қарорига мувофиқ равишда қайта ташкил этилган бўлиб, аввал у “Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги” деб номланар эди.

Ўзбекистонга Pfizer/BioNTech вакцинасидан яна 310 минг доза олиб келинди

Жорий йилнинг 17 январь куни Ўзбекистонга Pfizer/BioNTech вакцинасидан 310 минг 50 доза олиб келинган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Бир ҳафта муқаддам Озодлик Ўзбекистонга 500 минг дозадан зиёдроқ Moderna вакцинаси келтирилгани, бу 2022 йил ҳисобидан мамлакатга чет элдан олиб келинган вакцинанинг илк партияси экани ҳақида хабар қилган.

Жорий йил ҳисобидан хориждан олиб келинган вакцинанинг иккинчи партияси билан Ўзбекистонда Pfizer/BioNTech вакцинасининг умумий миқдори 2 миллион 626 минг 650 дозага етган (ўтган йили мазкур вакцинадан 2 миллион 316 минг 600 доза олиб келинган эди).

ССВ душанба кунги партия билан мамлакатда фойдаланилаётган вакциналар миқдори 49 миллион 846 минг 818 дозага етганини билдирган. Бундан (Pfizer/BioNTech вакцинасидан ташқари) 2 миллион 404 минг 480 дозасини AstraZeneca, 37 миллион 789 минг 938 дозасини ZF-UZ-VAC2001, 1 миллион 341 минг 790 дозасини “Sputnik V”, 3 миллион 500 минг 460 дозасини Moderna, 1 миллион 976 минг дозасини Sinovac, 207 минг 500 дозасини Sputnik Light вакцинаси ташкил этган.

Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёни ўтган йилнинг апрель ойидан бошланган. Ўтган вақт оралиғида эмлаш тадбирларида, расмий маълумотларга кўра, қарийб 40,6 миллион доза вакцинадан фойдаланилган.

Мусулмонлар идораси Умра сафари нега қимматлаганига изоҳ берди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Умра зиёрати 4 миллион 770 минг сўмга қимматлагани тўғрисидаги маълумотга изоҳ берди.

17 январда тарқатилган расмий билдирувда айтилишича, “коронавирус пандемияси умра хизматлари кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатди”. Жумладан, меҳмонхонада 4 кишилик хонага 2 нафар зиёратчи, 50 ўриндиқли автобусга 25 киши жойлаштириш каби талаблар ўрнатилди.

Бундан ташқари, эпидемиологик меъёрларга асосан озиқ-овқат маҳсулотлари махсус қадоқланган ҳолда тарқатилади, тиббий хизмат кўрсатишда қўшимча шифокорлар ва махсус дори-дармонлар билан таъминланади.

Шунингдек, Саудия Арабистонида 15 фоиз қўшимча қиймат солиғи жорий этилгани, зиёратчиларнинг бевосита Макка ва Мадина шаҳарларида Икки Ҳарамга яқин бўлган меҳмонхоналарга жойлаштирилиши ҳам нархнинг ошишига сабаб бўлган.

Бир неча кун олдин Мусулмонлари идораси Умра зиёрати ўзбекистонликлар учун 22 январдан бошланишини эълон қилган.

Умрага биринчи навбатда пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойи охирига қадар умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилади.

Бироқ улар нарх ошгани сабабали қўшимча равишда 4 миллион 770 минг сўм тўлашлари лозим бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев “Аркадаг”нинг ўғли билан музокара ўтказди

Сердар Бердимуҳамедов 2021 йил февралидан бери Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 январь куни Тошкентга амалий ташриф билан келган “Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари Сердар Бердимуҳамедовни қабул қилди”.

Сердар Бердимуҳамедов Туркманистонда “Аркадаг” (“Суянч тоғи”) сифатида улуғланадиган авторитар президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўғлидир.

Сердар Бердимуҳамедов 2021 йил февралидан бери Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. Мазкур ҳолат Гурбангули Бердимуҳамедов ўғлини ўзининг ҳокимиятдаги вориси ўлароқ кўраётганини англатади.

“Юқори мартабали меҳмон қабул учун самимий миннатдорлик билдириб, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда Туркманистон етакчисининг барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётган Туркманистон-Ўзбекистон алоқаларига юксак баҳо берилган мактубини топширди”, -дейилади расмий хабарда.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, Гурбангули Бердимуҳамедов ўз мактубида “икки мамлакатнинг халқаро сиёсат ва минтақавий муносабатлар борасидаги позициялари яқин ва ўхшашлигини алоҳида қайд этган”.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилди.

IT-танлов ғолибига эски ноутбук берган ҳоким ўринбосари ҳайфсан олди. Ғолибга янги ноутбук берилмади

IT-танлов ғолиби бўлган ўқувчи ўзига совға қилинган эски ноутбукдаги инвентарь ёзувини намойиш қилмоқда (видеоскриншот)

Самарқандда ўтган “Бир миллион ўзбек дастурчилар” танловида ғолиб бўлган 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторовга ишлатилган эски ноутбукни мукофот тарзида берган Нуробод тумани ҳокимининг ўринбосари ҳайфсан олди.

“Газета.uz” ва “Дарё уз”нинг билдиришича, бу ҳақда Нуробод тумани матбуот хизмати хабар берди.

Туман матбуот хизмати ҳоким ўринбосари Наврўз Жалалиддиновга нисбатан “Меҳнат кодексининг 181-моддаси (интизомий жазолар) 1-бандига асосан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган”и ҳақида билдирлган. Аммо расмий хабарда ғолибга берилган эски ноутбук янгисига алиштирилгани ёки алиштирилмагани тўғрисида бирорта маълумот берилмаган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Самарқандга борган Restar жамоаси Сардор Сатторовга янги ноутбук сотиб олгани ва уни ғолибнинг уйига бориб совға қилгани тўғрисидаги видеолар тарқалди.

Аввалроқ Озодлик радиоси “Бир миллион ўзбек дастурчилар” танловида ғолиб бўлган 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторовга ишлатилган эски ноутбук берилгани тўғрисида хабар қилган эди.

Балиқчида авария бўлган Nexiа ичидаги икки йўловчи ёниб кетди (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Андижон вилояти Балиқчи туманида 14 январь куни аварияга учрагани оқибатида ёниб кетган Nexia автомобилининг икки йўловчиси ҳалок бўлди.

Вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг хабар беришича, Куйганёр—Эски Хаққулобод автомобиль йўлининг 23-километрида 1994 йилда туғилган ҳайдовчи А.Н., йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган 12 ва 9 ёшли болаларни уриб юбормаслик учун машина рулини ўнг томонга бурган. Бунининг оқибатида автомобиль йўл четидаги дарахтга урилган ва ёниб кетган.

Тан жароҳатлари олган ҳайдовчи машинадан чиқишга улгурган. Аммо унинг икки йўловчиси Қ.У., ва М.Х., автомашина ичида ёниб кетган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Россиянинг яна 144 ширкатига Ўзбекистонга балиқ ва гўшт сотишга рухсат берилди

Россельхознадзор Ўзбекистон Россиянинг 144 ширкатига балиқ ва гўшт сотишга рухсат бегани ҳақида хабар берди.

Расман билдирилишича, Россельхознадзор бу борада Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан музокаралар олиб борган.

Сўнгги келишувларга мувофиқ Ўзбекистонга балиқ ва гўшт сотиш ҳуқуқини қўлга киритган Россия ширкатлари сони 262тага етди.

Аввалроқ Россельхознадзор Ўзбекистон Россиядан балиқ импортини 2021 йилда 2020 йилдагига нисбатан 89 фоизга кўпайтирганини ва 2,5 минг тоннага етказиганини билдирган эди.

Минск аэропортида Uzbekistan Airways самолёти қўниш йўлакчасидан чиқиб кетди

Иллюстратив сурат.

Минск аэропортида 17 январь куни маҳаллий вақт билан соат 11:45 ларда Тошкент-Минск рейсини амалга ошираётган Uzbekistan Airways самолёти қўниш йўлакчасидан чиқиб кетди.

Минск аэропорти матбуот хизматининг билдиришича, Uzbekistan Airways самолёти Беларус Миллий аэропортига муваффақиятли қўнган. Аммо қўниш йўлакчасидан бурилиш пайтида бошқарув йўқолиб, самолёт йўлакдан чиқиб кетган.

Uzbekistan Airways самолёти бортида 115 йўловчи бўлган. Дастлабки маълумотларга қараганда йўловчилар орасида жабрланганлар йўқ. Самолётга ҳам зиён етмаган.

Минск аэропорти матбуот хизматининг Тошкент вақти билан соат 15:28 даги хабарида таъкидланишича, воқеа содир бўлган жойда авария-қутқарув хизмати ишламоқда.

Мазкур воқеа ортидан Минск аэропортидаги айрим рейсларни қабул қилиш ва учириш вақти ўзгариши мумкинлиги қайд этилган.

Франция Ўзбекистонда чорвачилик ривожи учун 100 миллион евро миқдорида қарз ажратди

Франция тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун 100 миллион евро миқдорида қарз ажратишга қарор қилган. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 13 январида имзоланган “Франция тараққиёт агентлиги иштирокида "Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда билдирилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида имзоланган битимга асосан “Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш” лойиҳасини молиялаштириш учун 100 миллион евро миқдорида қарз ажратиш назарда тутилган.

2022-2026 йиллар мобайнида амалга оширилажак мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 147,07 миллион евро эквивалентида бўлиб, бунинг 100 миллион евроси ФТА кредити, 29,96 миллион евроси бенефициарлар улуши, 17,1 миллион евроси эса Ўзбекистон Республикаси улуши бўлиб ҳисобланади.

Президент қарорида қайд этилишича, лойиҳа дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида амалга оширилади. Лойиҳа доирасида назарда тутилган чора-тадбирлар 50 фоиздан зиёд молиялаштирилганидан кейин республиканинг барча вилоятларида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Кредит линиясини бошқариш, ФТАнинг қарзи ўз вақтида ўзлаштирилиши ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, шунингдек, сублойиҳаларни амалга ошириш бўйича мониторинг ва ҳисоботни юритиш функциялари лойиҳада иштирок этувчи тижорат банклари зиммасига юкланган.

Ҳужжат жорий йилнинг 14 январидан кучга кирган.

Самарқанддаги IT-танловда ғолиб бўлган ўқувчи ўзига ишлатилган ноутбук берилганини иддао қилди

IT-танлов ғолиби бўлган ўқувчи ўзига совға қилинган эски ноутбукдаги инвентарь ёзувини намойиш қилмоқда (видеоскриншот)

Самарқанд вилояти Нуробод тумандаги 41-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Сардор Сатторовга “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси вилоят босқичида ғолиб бўлиши ортидан совға сифатида эски ноутбук берилган. Бу ҳақда Сатторов ўз видеомурожаати орқали баён қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган мазкур видеомурожаатда ўқувчи вилоят танловида 1-ўринни олганига қарамасдан, ўзига 3-даражали диплом берилгани, туҳфа этилган ноутбук эса ишлатилганини иддао қилган ҳамда лептоп ортидаги инвентарь ёзувларини намойиш қилган. Видеода С. Сатторовнинг ёнида турган ёши катта киши эса эски ноутбукнинг ҳатто чанги ҳам артиб қўйилмаганини айтиб, ёзғирган.

Ҳодиса юзасидан муносабат билдирган Нуробод тумани ҳокимлиги ахборот хизмати жорий йил 6 январида ҳақиқатан Нуробод туманидаги умумтаълим мактабларининг 7-11-синф ўқувчилари ўртасида “Бир миллион ўзбек дастурчилари” лойиҳаси асосида “IT-TANLOV”нинг туман босқичи бўлиб ўтгани, унда 8-синф ўқувчиси С.Саттаров фахрли биринчи ўринни олиб, туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда “realme C11” русумли телефон аппарати билан тақдирлангани ҳақида маълумот тарқатган.

Айни пайтда туман мутасаддилари мазкур ҳолат юзасидан Нуробод ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, дастлабки ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдиришиб, ўрганиш натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этишни ваъда қилишган.

COVID-19 га чалиниш бўйича аксилрекорд янгиланди – кунлик кўрсаткич 1000 дан ошди

Ўзбекистонда жорий йилнинг 16 январь куни коронавирус инфекциясини юқиши билан боғлиқ 1037 та ҳолат қайд этилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, бу пандемия бошидан буён кузатилган янги рекорд кўрсаткичдир.

Якшанба кунги ҳолатлар билан қўшиб ҳисоблаганда Ўзбекистон бўйлаб COVID-19 га чалинганларнинг умумий сони 206 минг 122 нафарга етган.

Хасталикка чалиниш бўйича кундалик кўрсаткичнинг шиддат билан ошиб бораётганига мамлакатга Omicron штамми кириб келиши сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

ССВ қайдича, кеча Андижон вилоятидан ташқари барча ҳудудларда 448 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 199 минг 193 нафарга етган.

Вазирлик ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 3 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 518 нафарга етганини қўшимча қилган.

ХТВ қишки таътил баҳоргача узайтирилганига оид маълумотни рад қилди

Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистондаги мактабларда қишки таътил баҳоргача чўздирилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумот юзасидан аниқлик киритди.

Вазирлик матбуот хизмати қайдича, мазкур таътил 1 мартга қадар узайтирилгани тўғрисида тарқатилаётган хабарлар ёлғон.

Айни пайтда ХТВ вакиллари таътил икки ҳафтага узайтирилгани хусусида аввал ёйинланган хабарномаларини тасдиқлаганлар.

Ўзбекистондаги мактабларда қишки таътил жорий йилнинг 24 январига қадар узайтирилгани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта охирида хабар қилган эди. Вазирлик мазкур қарор ўқитувчиларнинг малакаларини ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда “ўқувчилар ўртасида мавсумий грипп касаллиги кескин кўпайишининг олдини олиш мақсадида” қабул қилинганини билдирган.

Кучли шамол Самарқандда янги қурилган кўп қаватли уйнинг томини учирди

Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси мазкур воқеада ҳеч ким жабрланмаганини таъкидлаган.

Кучли шамол 16 январь куни Самарқандда янги қурилган кўп қаватли уйнинг томини учиргани тўғрисида вилоят Ички ишлар бошқармаси маълум қилди.

Расман билдирилишича, 16 январь соат 03:22 атрофида Гагарин кўчасида жойлашган 36-уй томининг “бир қисми эсган кучли шамол сабаб кўтарилиб пастга тушган”.

Ички ишлар бошқармаси мазкур воқеада ҳеч ким жабрланмаганини таъкидлаган.

Ижтимоий тармоқларда бу воқеа акс этган видеолар тарқалди. Видео муаллифларининг айтишларича, тарқалган хабарда айтилишича, томи қулаган кўп қаватли уй янги қурилган уй ҳисобланади.

Аввалроқ Гидрометеорология хизмати 16 январь куни соат 03:17 ларда Самарқанд шаҳрида тезлиги секундига 15 метрни ташкил қилган шамол бўлганини билдирган.

Коронавирус билан касалланишнинг кунлик кўрсаткичи 900 дан ошди, 2 бемор вафот этди

Янги касалланиш ҳолатларининг 456 нафари Тошкент шаҳрида қайд этилди.

Ўзбекистонда 15 январь ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 205 минг 85 кишига етди. 15 январь куни 912 кишида коронавирус аниқланди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 456 нафари Тошкент шаҳрида, 137 нафари Тошкент вилоятида, 51 нафари Жиззах вилоятида қайд этилди.

Бундан ташқари Самарқандда 49, Хоразмда 38, Наманганда 31, Сирдарёда 25, Фарғонада 25, Андижонда 24, Бухорода 24, Қорақалпоғистонда 18, Қашқадарёда 15, Сурхондарёда 12, Навоийда 7 кишида коронавирус анқиланди.

Касалликдан соғайганлар жами 198745 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 97 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, 2 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1515 нафарни ташкил қилди.

Муфтият: Умра сафари 22 январдан бошланади

Ўзбекистондан Саудия Арабистонига Умра зиёрати учун илк рейс 22 январь куни амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати маълум қилди.

Шундан сўнг 25 январь ва 28 январда Умрага яна иккита самолёт учади. Муфтият келгусида Умрага рейслар сони кўпайтирилиши ҳақида билдирди.

“Жорий умра мавсумида биринчи навбатда пандемиядан олдин, яъни 2020 йил февраль ойи охирига қадар умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилади”,-дейилади хабарда.

2020 йил февраль ойига қадар умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 миллион 770 минг сўм тўлашлари лозим бўлади.

Умрага борувчилар коронавирусга қарши Astra-Zeneca, Moderna, Pfizer ёки Jonson & Jonson вакциналари билан тўлиқ эмланиб, сертификатга эга бўлиши лозим.

Агар зиёратчи бундан аввал Россиянинг “Спутник V” ёки Ўзбекистон-Хитой вакцинаси билан тўлиқ эмланган бўлса, у ҳолда юқорида саналган вакциналаридан бири билан 1 марта эмланиши кифоя қилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG