Линклар

Шошилинч хабар
07 апрел 2020, Тошкент вақти: 22:22

Самарқанддаги мактабда ўқитувчининг эҳтиётсизлиги сабабли ўқувчининг икки бармоғи учи узилиб тушди


Самарқандаги 16-мактаб дарвозаси.

Самарқанд шаҳридаги 16- мактаб ўқитувчисининг эҳтиётсизлиги оқибатида 8- синф ўқувчиси Далер Шумилиннинг икки бармоғи учи тирноқлари қўшилиб узилиб тушди. 21 январь куни бўлиб ўтган бу воқеани ўқувчининг онаси Наргиза Шумилина 4 февраль куни Озодликка айтиб берди.

Шу пайтгача бу воқеани мактаб раҳбарияти ҳамда жарроҳлик амалиёти ўтказиб, боланинг бармоқларини қайта тиккан клиника жамоатчиликдан яшириб келган ва бундай ҳолатларда ички ишлар органларига хабар қилиниши шартлигига қарамай, бу ишни қилмаган.

Озодлик суриштируви ортидан 16-мактабга боғланган участка инспектори тиббий экспертиза тайинлади. Инспекторнинг айтишича, экспертиза хулосасидан келиб чиққан ҳолда бу ҳолат юзасидан кейинги ҳаракатлар қандай бўлиши аниқланади.

Далер: Қўлларимдан қон оқаётганини дастлаб сезмадим ҳам

Далер Шумилин физика дарси пайтида партадоши билан гаплашиб ўтирганини кўрган ўқитувчи (исм-фамилияси Озодликка маълум) уларни тартибга чақирган, сўнг Далернинг партадошини синфдан ташқарига олиб чиқиб, алоҳида “гаплашиб қўймоқчи” бўлган.

Далер партадошига ўқитувчи қаттиқроқ тегиб қўйишидан хавотирланиб, уларнинг орқасидан чиқмоқчи бўлади. Шу пайт...

“Бирдан ўқитувчи эшикни жаҳл билан, зарб билан ёпди. Менинг бармоғим эшик орасида қолиб кетди. Бошида қўлимдан қон оқаётганини сезмадим ҳам. Ўқитувчи менинг ҳолатимни кўриб қўрқиб кетди, мени мактаб тиббиёт пунктига олиб борди. Кейин онамга телефон килиб, касалхонага кетдик”, деб эслайди Далер.

Шундан сўнг ўқитувчи ва она Далерни дастлаб худудий поликлиникага ва кейин хусусий клиникага олиб боради. Doctor Aralov Medical клиникасида жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, ўқувчининг икки бармоқ учлари тикилади.

Озодликда мавжуд бўлган қуйидаги фотосуратларда Далер Шумилин жиддий жароҳатланганини кўриш мумкин. (Суратларда Далер Шумилиннинг учи узилиб тушган бармоқлари таҳририят томонидан хиралаштирилди)

Она нега бу воқеани яширди, нега энди ошкор қилмоқда?

Бўлиб ўтган воқеа юзасидан на мактаб раҳбарияти ва на поликлиника ёки хусусий клиника ички ишлар ходимларини огоҳлантирган. Қозон ёпиқлигича қолган.

Наргиза Шумилина ўғлининг икки бармоғининг учлари узилиши билан боғлиқ воқеани жамоатчиликдан нега сир тутганини изоҳлар экан:

"Бошида ўқитувчи тиббий харажатларга кетаётган пулларни бериб келди. Орадан икки-уч кун ўтганидан сўнг, мутлақо қарамай қўйди. Мен бунинг учун ўқитувчи ва директордан норозиман. Директор жуда қўпол муомала қилаяпти. Ўғлимнинг қўли бир йилда тузалар экан, ўшангача уни даволаш, врачлар кўригидан мунтазам ўтказиб туриш керак. Бу жуда катта харажат, бундай пул менда йўқ", деб айтди.

Эҳтиётсизлик оқибатида болага лат етказган ўқитувчи эса Озодлик билан суҳбатда:

“Мен операция учун 400 минг сўм, дори-дармон учун 265 минг сўм, ҳар куни перевязка учун 20 мингдан 200 минг сўмгача, жами 1 миллион 100 минг сўм харажат қилдим. Мен ҳам бой одам эмасман, бунча катта пулни қаердан олишимни билмаяпман”, деб билдирди.

Участка инспектори: Ўқувчи билан бўлган ҳодисани яшириш қонунбузарликдир

16-мактабга боғланган участка инспектори Азиз (фамилиясини айтишни истамади) Озодликнинг мобил мухбирига мактаб, она ва шифокорлар қонун талабларини қўпол бузганини айтди. Унга кўра, шифокорлар бошқа бир одам томонидан иккинчи бир шахсга жароҳат етказилгани тўғрисида биринчи навбатда ички ишлар органларига хабар беришлари лозим эди. Бироқ бу иш қилинмаган.

“Ҳозир тиббий экспертиза тайинладим, экспертиза хулосасидан келиб чиққан ҳолда кейинги жавобгарлик масаласида иш бошланади”, деди Азиз.

Мактаб директори Вафоқул Чаққонов Озодлик мобил мухбири билан суҳбатда бу воқеани нега Халқ таълими бўлими ва ҳуқуқ органларидан яширганига изоҳ бера олмади.

Чаққонов воқеадан сўнг мактабда йиғилиш ўтказилгани, жароҳатланган ўқувчининг ота-онаси билан суҳбатлашганини айтди. Бироқ бу гапларига бирорта ҳужжат келтира олмади.

Мактабларда зўравонлик

Ўзбекистондаги мактабларда ўқувчиларга ўқитувчилар томонидан билиб-билмай тан жароҳати етказиш ҳолатлари бундан аввал ҳам бўлган.

2019 йилнинг 28 декабрида Самарқанд вилоят, Иштихон туманидаги 3-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Суҳроб Қаршибоев директор ўринбосари Адҳам Рўзиев уни мактабда “пақилдоқ” отгани учун калтаклаб, иккинчи қаватнинг деразасидан пастга итариб юборганини иддао қилганди.

Ўша йилнинг ноябрида Фарғона шаҳридаги 3- ўрта мактаб ўқитувчиси дарс пайтида футбол ўйнаган болаларни калтаклаган.

Сурхондарё вилоят маркази Термиз шаҳридаги Ихтисослаштирилган олимпия резервлари мактаб-интернатининг самбо бўйича мураббийси ўқувчиларни ургани учун 2019 йил 14 ноябрда ишдан бўшатилган.

Ўтган йилнинг май ойида эса Озодлик ўқитувчи аёл дарс пайти ўқувчиларни доска олдида қаторасига териб, юзига тарсаки тушираётгани акс этган видеони эълон қилган эди.​

2019 йил февралида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мактабларда зўравонликнинг олдини олишга қаратилган лойиҳа амалга татбиқ қилиш бошланганини билдирган эди.

Вазирлик расмий сайтида айтилишича, “Мактабларда зўравонликнинг олдини олиш ва ижобий психологияни ўқитиш методикаси”, деб номланган лойиҳада асосий эътибор ўқув даргоҳида ижобий психологик муҳитни шакллантириш, хусусан, ўқувчилар ўртасида буллингнинг олдини олишга қаратилиши, шу билан бирга, лойиҳанинг "ўқитувчиларга ҳам стресс ва ишдан “совиш” ҳолатларининг олдини олишда ёрдам бериши" айтилган.

Шарҳларни кўринг (2)

Бу форум ёпилган

Алоқадор

XS
SM
MD
LG