Линклар

Шошилинч хабар
25 январ 2020, Тошкент вақти: 13:15

Директор ўринбосари ўқувчини иккинчи қават деразасидан итариб юборгани иддао қилинди (ВИДЕО)


Суҳроб Қаршибоев

Самарқанд вилоят, Иштихон туманидаги 3-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Суҳроб Қаршибоевнинг иддао қилишича, директор ўринбосари Адҳам Рўзиев уни мактабда “пақилдоқ” отгани учун калтаклаб, иккинчи қаватнинг деразасидан пастга итариб юборган.

Ўқувчининг ўнг қўли синиб, мияси жароҳатланган ва айни пайтда касалхонада даволанмоқда.

Мактаб директорининг иддао қилишича, ўқувчи ўзини иккинчи қаватдан пастга ташлаган.

Иштихон тумани ички ишлар бўлими мулозими бу воқеа юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтди.

Cуҳроб Қаршибоев касалхонада
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:26 0:00

Воқеа 28 декабрь куни, 3-мактабда Янги йилни нишонлаш тадбиридан сўнг юз берган.

Ўнинчи синф ўқувчиси, 17 яшар Суҳроб Қаршибоевнинг онаси Ёқутой Умрзоқованинг иддао қилишича, унинг ўғлини ўқитувчи иккинчи қават деразасидан пастга итариб юборган:

- Ўқитувчиси ичкарига, синфга олиб кириб, болани урган. Ўғлим ўзини деразадан ташлайдиган бола эмас. Менга йиқилди, қўли сал лат еди деб телефон қилишди. Борсам, ўғлимнинг ўнг кўзи моматалоқ бўлиб, кўкариб кетган, қўли синган, мияси жуда қаттиқ лат еган. Духтурларнинг менга жайдарича тушунтиришича, мияда тўпланган қон бир томонга кетса кўзи кўрмай қолади, бошқа томонга кетса ақли заиф бўлиб қолади. Умуман қимирлатиш мумкин эмас, деяпти. Ўқитувчининг боламни уришга нима ҳаққи бор?

Касалхонага 28 декабрда ётқизилган ўқувчи Суҳроб Қаршибоев, онасининг айтишича, 1 январда бироз ўзига келиб, гапиришни бошлаган. Суҳроб Озодлик билан суҳбатда, ўқитувчи уни қилмаган гуноҳи учун калтаклаганини иддао қилди:

- Янги йил тадбири тугаганидан сўнг, залда тақиллаган бир овоз эшитилди. Нима бўлди экан деб киргандим, орқамдан замдиректор кириб, нима қиляпсан, деди. Мен ҳеч нарса қилганим йўқ, десам, менга гап қайтаряпсанми деди-да, кўзим аралаш юзимга бир шапалоқ солди. Кўзимни очолмай қолдим. Кейин ёқамдан ушлаб, иккинчи қават зинасига судради. Ўртоқларим кўриб қолиб, устоз бунда айб йўқ, деди. Мактабимиз завхози келди. Иккаласи судраб тепага олиб чиқиб кетди.

Суҳроб Қаршибоевнинг айтишича, ўқитувчи уни хонасига олиб кириб калтаклаган:

- Хонага киришда мени ичкарига итариб юборди. Стол ва парталарга урилиб, деразани олдига бориб қолдим. Устоз хонани ичкаридан қулфлаб олдида, келиб мени яна урди. Шок ҳолатга тушиб қолдим. Подоконникни олдига йиқилдим ва уни ушлаб ўрнимдан турдим. Устоз келдида мени итариб юборди. Пастга қулаганимни эслайман, бошқа нарсани эслолмайман. Мен айбсиз айбдор бўлиб қолдим. Қилмаган гуноҳимга ўқитувчи мени калтаклади. Менга алам қилаётгани мана шу. Мен иккинчи қаватдан ўзимни бетон ерга ташлаб, жинни эмасманку?!

Ўқувчи иккинчи қават деразасидан бетон ерга йиқилган.

Директор ўринбосари Адҳам Рўзиевнинг ўзи уни касалхонага олиб борган.

Ўқувчининг онасига кўра, директор ўринбосари касалхонадаги врачларга зинадан йиқилиб шундай бўлди, деб айтган.

Мактаб директорининг маънавий ва маърифий ишлари бўйича ўринбосари, 32 яшар Адҳам Рўзиев Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Мактаб директори Раббана Толлиевнинг иддао қилишича, ўқувчи иккинчи қаватдан ўзини ташлаб юборган:

- Итариб юборди, деган гап нотўғри. Бу мактабда пақилдоқ пақиллатган. Ҳеч ким бўйнига олмаган. Кейин буни хонасига олиб кириб кетаётган пайтда ўқувчи олдинда бўлган. У деразадан ўзини ташламоқчи бўлган, ҳалиям бориб сумкасидан ушлаб қолган. Сўмкасини ремени узилиб кетгандан кейин бола пастга тушиб кетган.

Озодлик исмини ошкор қилмаган Суҳробнинг синфдошларидан бирининг айтишича, мактабда пақиллаган овоз чиқишида Суҳробнинг айби бўлмаган:

“У ерда пақилдоқ деган нарсанинг ўзи йўқ эди. Суҳроб менинг олдимда турган эди. Менга колонка йиғиштиришаётган эди. Отопления бўладику, ўша нарса тушиб кетдида. Суҳроб нима бўлди экан деб залга кирди-да шунга тушиб қолди. Шу ерда тушунмовчилик бўлиб қолди. Ўқитувчи ҳам буни Суҳробдан кўрди ва уриб, судраб тепага олиб чиқиб кетди”

Иштихон тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, бу воқеа бўйича Суҳроб Қаршибоевнинг отаси Дилшод Пирназаров номидан ариза тушганлиги ва айни пайтда терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётганини айтди.

Шарҳларни кўринг (1)

XS
SM
MD
LG