Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:33

Наманганда овоз кучайтиргичда азон айтиш тўхтатилди. Андижон ва Фарғонага ҳам тавсия берилган


Ғози Муҳаммад ҳожи жоме масжиди
Ғози Муҳаммад ҳожи жоме масжиди

Наманган шаҳридаги масжидларда жорий ҳафтада азонни овоз кучайтиргичлар орқали айтиш тўхтатилди. Бу ҳақда наманганлик диний фаол Аббос Асад Озодликка билдирди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ходимининг Озодликка айтишича, идора овоз кучайтиргичлардан фойдаланмасликни тавсия қилган.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь санаси билан расмийлаштирилган махфий қарорида азон овозини чеклаш бўйича вазифалар белгиланган.

Ўзини "диний фаол" атаган наманганлик Аббос Асаднинг Озодликка айтишича, овоз кучайтиргичлардан фойдаланиш тўхтатилганига 30 октябрь куни "3-4 кун бўлди":

- Наманган вилоят имом-хатиби буйруғига асосан шаҳар масжидларидаги ташқи овоз кучайтириш карнайлари ўчириб қўйилди ва натижада 3-4 кундан бери азон товушлари шаҳар узра таралмай қолган. Шаҳардаги масжидлардан биридаги муаззинларидан бири билан дафн маросимида суҳбатлашиб қолиб, нега азон товушлари янграмай қолди, шаҳардаги барча масжидларда аҳвол шунақами, каби саволларни бердим. Унинг айтишича, кимлардир азон овози баланд янграётганидан расмийларга шикоят қилган экан.

Озодлик мухбири диний фаол Аббос Асад айтаётган Наманган вилоят имом-хатиби Абдулҳай Турсуновнинг овоз кучайтиргичлардан фойдаланишни тўхтатиш тўғрисидаги буйруғини ўз кўзи билан кўргани йўқ. Вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсуновдан Озодлик бу борада муносабат ола олмади.

Озодлик мухбири Наманган шаҳридаги Ғози Муҳаммад ҳожи жоме масжидига намоз арафасида бориб, томдаги овоз кучайтиргичлардан азон овози эшитилмаганига шахсан гувоҳ бўлди.

Ғози Мухаммад хожи жоме масжиди томидаги карнай
Ғози Мухаммад хожи жоме масжиди томидаги карнай

Озодлик мухбири билан суҳбатлашган намозхонлар азон овоз кучайтиргич орқали таралмаëтганидан ташвиш билдирди. Аммо улар ўз исми билан Озодлик орқали шикоят қилишдан тийилди.

Наманганлик диний фаол Аббос Асад
Наманганлик диний фаол Аббос Асад

Мусулмонлар идораси тавсия берган

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг мулозимининг (матбуотга гапириш ваколатлари доирасига кирмагани учун исми сир қолишини сўради) айтишича, Наманган¸ Фарғона¸ Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида азон овозидан роҳатсиз бўлганлар шикоят ëзган. Бу шикоят ортидан масжидларга ўта баланд овозда азон чақирмаслик ҳақида тавсия қилинган.

Махфий қарорда азон юзасидан ҳам вазифа белгиланган

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 4 сентябрь санаси билан расмийлаштирилган махфий қарорида азон овозини чеклаш бўйича вазифалар белгиланган.

Озодликда нусхаси бўлган ҳужжатда Соғлиқни сақлаш вазирлигига "Азон шовқини децибелларининг инсон соғлиғига зидлиги борасида аниқ хулоса ва таклифлар бериш" юклатилган.

"Азон-карнай" тарафдорлари ва унга қаршилар

Жорий йил ëзида тармоқда тарқаган видеода Тошкентдаги Юнусобод жоме масжидига кириб келган ўзбек аëл азон овози касал эрига ëмон таъсир қилгани борасида жиддий эътироз билдиргани акс этган эди.

Видеодаги аëл азон овозини пасайтириш учун турли идораларга шикоят ëзганлигини ҳам айтганди.

Наманганлик диний фаол Аббос Асаднинг вилоят имом-хатибидан азон товушларини ўчириш тўғрисидаги буйруқ бекор қилинишини талаб қилганини айтди:

- Каримовнинг ўлимидан сўнг юртимиз мусулмон ўлкасига ўхшаб қолганидан қувониб кетган эдим. Энди бўлса, 3 кун бўлибдики, азон товушлари эшитилмай қолди. Ҳар куни эрта тонгда субҳи-содиқ кириши билан ўзим ҳовлига чиқиб олиб, бор овозимда азон чақириб турибман.

Андижонлик 22 яшар тадбиркор Олим Нурматов азон овози радиокарнайдан чиқмаëтганини Озодлик билан суҳбатда олқишлади:

- Умуман давлатимизда қонун бор, ҳар қандай шовқиннинг ўз чегараси бор. Азоннинг овозидан ухлай олмайдиган беморларни хам ўйлаш керак. Яхши иш бўлибди.

Фарғона шахрида тарих бўйича магистратурада ўқиëтган 26 яшар Дилноза Жамолиддинованинг айтишича, азон овози ëқмайдиганлар бор¸ аммо улар нолисак гуноҳ бўлади, деб эътирозини ичида сақлайди:

- Буни (азон овози чекланишини-таҳр) албатта оқлайман. Ҳар бир диний одат ëки ритуал бошқа дин вакилларига, ёки бошқа аҳоли қатламига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак. Шахсан ўзим азон овозидан ҳам, черков қўнғироқлари сасидан ҳам қўрқаман. Бундай овозлар айниқса, уйида бемори бор ёки ёш болали оилаларга ёқмаслиги табиий. Фақат эътиқод масаласида қўрққанликлари учун ҳеч кимга шикоят қилишмайди, мусулмонча менталитет, худдики нолиса "гуноҳ бўлади".

Бир қадам олға икки қадам орқагами?

Ўзбекистоннинг яқин ўтмиши бўлган "Каримов даври"да масжидлардан овоз кучайтиргичлар олиб ташланган эди. Шавкат Мирзиëев иқтидорга келган 2016 йилдан бошлаб баъзи масжидлар¸ хусусан Тошкент шаҳридаги Кўкча масжидида азон овоз кучайтиргичлар ёрдамида айтила бошлаган эди.

Расмий маълумотга кўра, ҳозир Ўзбекистонда 2037 та масжид бор. Уларда жами 5 мингдан ортиқ имом ва имом ноиблари ишламоқда.

XS
SM
MD
LG