Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2021, Тошкент вақти: 12:33

Матбуот: Шинжон пахтасига бойкот ўзбек “оқ олтини” учун қўл келиши мумкин


Шинжонлик фермер аёл пахта даласида - 14 октябрь, 2018

Жаҳон бўйлаб пахта харидорлари Шинжонда етиштирилган пахтадан юз ўгираркан, ўзбек "оқ олтин"и бозори чаққон бўлиши мумкин. Бу ҳақда Хонконгдаги “The South China Morning Post” нашри ёзмоқда.

Хитой пахта етиштириш бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Шинжондаги пахтани қайта ишлаш заводларида 600 мингдан зиёд одам ишлайди. Ўтган йили Хитойда қарийб 5.9 миллион тонна пахта етиштирилган.

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, пахта саноатидаги мажбурий меҳнат боис танқид ва бойкот қилиб келинган Ўзбекистон “яккамохов"дан харидорлар афзал кўрувчи савдогарга айлангани бошқалар учун, хусусан, Шинжон учун ўрнак бўлиши мумкин.

“The South China Morning Post” мақоласида ўзбек фаоллари мамлакатда пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани тўғрисида узоқ йиллар давомида жар солиб келгани қайд этилган. 2007 йилда Ўзбекистондаги пахта етиштирувчилар тақдирига бутун дунё эътиборини қаратиш учун фаоллар “Cotton Campaign” халқаро компаниясини бошлаган эди.

Ўша пайтда Ўзбекистон бўйлаб миллионлаб одам, шу жумладан, шифокор, ўқитувчива ҳатто ёш болалар пахта теришга сафарбар қилинарди.

Орадан кўп ўтмай, ўзбек пахтаси санкцияларга йўлиқди: 300 дан ортиқ бренд ва чакана савдо корхоналари, шу жумладан, “Zara” ва “Adidas” ўзбек пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларини халқаро миқёсда бойкот қилиш тўғрисидаги аҳдни имзоладилар. Шунингдек, ўзбек пахтаси бойкот қилинаркан, марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова мода шоуларидан четлатилди.

“The South China Morning Post” ўшандан буён Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам беришга қаратилган чоралар кўрилаётганини қайд этган. Нашрнинг ёзишича, ҳукумат пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларини хусусийлаштириш орқали мажбурий меҳнатни чеклашни мақсад қилган.

Айни дамда, мақолада ёзилишча, Ўзбекистондан унча олис бўлмаган Шинжонда Хитой ҳукумати ўхшаш айбловларга юз тутмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Шинжонда бир миллиондан зиёд уйғур ва бошқа этник озчиликлар вакиллари меҳнат ва қамоқ лагерларига жойлаштирилгани ва уларнинг ҳуқуқлари поймол қилинаётгани, шу жумладан, улар мажбурий меҳнатга жалб қилинаётганини даъво қилмоқда. Бу даъволарни тасдиқловчи кўплаб далиллар тўпланган.

Хитой расмийлари эса, ушбу лагерлар бўлгинчилик, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган қайта тарбиялаш марказлари эканини иддао қилиб келади.

Аммо жорий йилнинг январь ойида бу айбловларга жавобан Вашингтон Шинжондан пахта ва помидор маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлаб қўйди. Кўп ўтмай Канада ва Буюк Британияда ҳам ўхшаш чекловлар жорий қилинди. Бир неча халқаро бренд ўз маҳсулотлари Шинжон пахтасидан ишлаб чиқарилмаганини эълон қила бошлади.

Ушбу брендларнинг бири H&M компаниясидир. Ширкат ўтган йилнинг сентябрь ойида “Better Cotton Initiative” – “Яхшироқ пахта ташаббуси” саноатни сертификатлаштириш агентлиги маслаҳати билан Шинжон пахтасидан воз кечганини билдирди. Бунинг ортидан “Nike”, “Ralph Lauren”, “Gap” ва “American Eagle Outfitters” каби маркалар ҳам ўз маҳсулотларида Шинжонда етиштирилган ҳар қандай маҳсулот ёки хомашёдан фойдаланишни тақиқлаб қўйди.

“The South China Morning Post” мақоласига кўра, Ғарб чоралари таъсири кўлами ҳозирча номаълум бўлса-да, АҚШ ширкатлари сиёсий хатарларни бартараф этиш учун Хитой пахтасидан воз кечмоқда.

Хонконг политехника университетининг чакана савдо ва маркетинг бўйича доценти Фан Ди ушбу босим пахтадан бошқа соҳаларга ҳам тарқалишини айтади.

Хитой пахтасидан воз кечаётган харидорлар ўзбек “оқ олтини”га қизиқа бошлашини кутиш мумкин. “The South China Morning Post” нашрига исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган ўзбек расмийси кейинги 18–24 ой очида Ўзбекистон пахта саноатида савдо ва сармоя кўлами кескин ошиши кутилаётганини айтган.

“Ҳозир Шинжонда содир бўлаётган воқеалар аслида Ўзбекистон учун қулай имконият. Йирик трансмиллий брендлар ва чакана сотувчиларнинг Ўзбекистондаги манбаларга қизиқиши тез суръатда ўсаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз, чунки улар Хитойдаги фаолиятларидан хавотирдалар”, дея ўзбек расмийси сўзларидан иқтибос келтирмоқда нашр.

“Мен асосан, Европа ва АҚШда жойлашган камида 10 трансмиллий компания ва саноат ассоциациялари билан гаплашганимда, Шинжондан чиқиб кетмоқчи эканликларини айтишди. Бу сўнгги икки ой ичида биз мунтазам равишда эшитаётган аниқ хабар. Агар Ўзбекистон ўзини хавфсизроқ муқобил манба сифатида кўрсата олса, ширкатлар ўз бизнесларини шу ерга кўчиришга қарор қилади”, деган манба.

“The South China Morning Post” га кўра, Ўзбекистон Хитойга ҳам пахта экспорт қилиши мумкин. Ўтган йили Хитой жами 2.16 миллион тонна пахта импорт қилган. Унинг 45 фоизи АҚШдан олиб келинган.

Ўтган ой шунингдек, “Ecotextile News” саноат нашри Хитой АҚШ ва Австралия билан юзага келган зиддиятлар туфайли Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон каби Марказий Осиё давлатларидан пахта харид қилиш масаласини кўриб чиқаётганини хабар қилди.

“Anti-Slavery International” – Халқаро қулликка қарши ташкилотнинг собиқ директори Айдан Маккуэйд Шинжонда фойдаланилаётгани айтилаётган мажбурий меҳнат Ўзбекистондаги шароитга ўхшашлигини, сабаби иккала ҳолатда ҳам суиистеъмоллар ортида давлат турганини айтади.

“Аммо, Ўзбекистонда бу тизим деярли бутун аҳолини қамраб олганди, хусусий компаниялар ҳам, давлат идоралари ҳам ўз ходимларини пахта теримига юборишлари керак эди, болалар мактабдан олиб кетиларди”, дейди Маккуэйд.

“Шинжонда мажбурий меҳнат тизими ҳар томонлама уйғурларга нисбатан қўлланилаётгани учун халқаро ҳамжамият назарида бу геноцид ва давлат ҳомийлигидаги қуллик ўлароқ кўрилмоқда”, дея қўшимча қилган у “The South China Morning Post” нашрига берган интервьюсида.

Нашр Ўзбекистонда мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазиятга тўхталаркан, Халқаро меҳнат ташкилотининг бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструпнинг сўзларини келтиради. Аструпга кўра, 2013 йилгача Ўзбекистонда пахта йиғим-теримига 2 миллионга яқин ёш бола жалб қилинган.

2015 йилги маълумотларга кўра 3.5 миллион вояга етган ўзбекистонлик, яъни мамлакат аҳолисининг саккиздан бир қисми пахта теримига сафарбар қилинган.

“Бу ҳайратланарли статистика. Болалар меҳнатидан фойдаланиш 2014 йилда тугатилди, натижада 2 миллион мактаб ўқувчиси мактабга таълим олиш учун қайтди. Ўтган йилнинг декабрида пахта териш мавсуми тугаганида 2015 йилга нисбатан мажбурий меҳнат 500 фоизга камайганини кузатдик. Бу жуда муҳим қисқариш”, дейди Аструп.

Аммо айни дамда АҚШ Давлат департаментининг одам савдоси тўғрисида ҳозирлаган охирги ҳисоботида айрим суиистеъмоллар, шу жумладан, мажбурий меҳнат ҳануз давом этаётгани айтилади.

Cotton Campaign халқаро коалицияси 2020 йил пахта йиғим-теримида Ўзбекистон ҳукумати аҳолини мажбурий меҳнатга жалб этмаслик йўналишида сезиларли силжишларга эришганини олқишлади. Баёнотда айтилишича, Cotton Campaign халқаро коалициясининг илғор ҳамкори бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми сўнгги 10 йилликда биринчи марта мамлакатнинг пахта етиштирувчи айрим туманларида бирорта ҳам мажбурий меҳнат ҳолатини аниқламаган.

Айни пайтда 2020 йил ҳосили теримида мажбурий меҳнат ҳолатлари кузатилган. Маҳаллий амалдорлар аҳолини пахта теримига чиқишга ёки иш ҳақининг бир қисмини теримчиларни ёллаш учун ўтказишга мажбурлаган. Кузатувчилар бу каби ўнлаб ҳолатларни ҳужжатлаштирган.

XS
SM
MD
LG