Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:58

Eurasianet: Марказий Осиёда сув муаммоси кескинлашди. Сабаби - Хитой


Марказий Осиё дунёнинг сув энг муаммоли бўлган минтақаларидан бири.
Марказий Осиё дунёнинг сув энг муаммоли бўлган минтақаларидан бири.

Марказий Осиё сайёрамиздаги сув энг муаммоли бўлган жойларнинг биридир. Совет Иттифоқининг чўл ва даштларни ўзлаштириш уринишлари Орол денгизини қуритди. Ўзбекистон ва Туркманистонда пахта монокультура бўлиб қолаётгани эътиборга олинса, бир пайтлар дунёда тўртинчи энг катта чучук кўл бўлган Орол ҳали-бери қайта тикланмаслигини хулоса қилиш мумкин.

Сўнгги ўн йилликлар ичида Марказий Осиё қўшни Хитой учун озиқ-овқат манбасига айланди, натижада минтақада сув муаммоси янада кескинлашди.

Пахта етиштириш учун ҳали ҳам жуда кўп сув сарфланади. Эндиликда буғдой ҳам минтақадаги сув муаммосини оғирлаштирмоқда. Биргина Қозоғистон қишлоқ хўжалигида бир йил ичида 54 миллиард кубометр сув ишлатилади. Солиштириш учун, бу Балхаш кўлига қуйиладиган сув миқдоридан тахминан икки бараварга кўп. Сувнинг асосий қисми буғдой етиштириш учун ишлатилади. Мамлакатда етиштирилган буғдойнинг тобора кўпроқ қисми Хитойга сотилмоқда.

Яқинда Science of the Total Environment журналида чоп этиладиган илмий мақолада ушбу савдо нақадар барқарор эканлиги кўриб чиқилди. Ушбу мавзу тадқиқотга ҳомийлик қилган хитойлик сиёсатчилар учун қизиқ мавзу экани аён. Пекин Австралия каби бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи мамлакатлар билан жанжаллашар экан, аҳоли қорнини тўйғазиш учун тобора кўпроқ Марказий Осиёга назар солмоқда. Ушбу сиёсатчилар Хитойда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун Марказий Осиё каби чекланган ресурсларга бепарво бўлган минтақага таяниш оқил қарор экани ёки йўқлиги ҳақида ўйлаётганини хулоса мумкин.

Хитойнинг Шэньси провинциясида жойлашган Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон хўжалиги университети ходими Юлин Лю ва унинг ҳамкасблари, шу жумладан, Хитой Сув хўжалиги вазирлигида ишлайдиган бир неча тадқиқотчи Марказий Осиё Хитойдан қанча кўп сув ишлатишини ўрганиб чиқди. (Улар Хитойда ҳам исрофгарчилик кузатилишини тан оладилар.) Хитойга таққослаганда, Тожикистонда товуқ етиштириш учун 61 марта кўпроқ ирригация суви ишлатилади; Туркманистонда пахта уруғини етиштириш учун 42 баравар кўпроқ сув сарфланади.

Марказий Осиёда буғдой етиштириш учун шунчалик кўп сув талаб қилинадики, муаллифларнинг фикрича, минтақа буғдойни Хитойдан сотиб олганда яхшироқ бўларди. Аммо Хитой буғдой импорт қилувчи мамлакат бўлгани учун амалда бундай бўлиши амри маҳол. Дарҳақиқат, сўнгги 10 йил ичида Қозоғистон Хитойга экспорт қиладиган буғдой кўлами қарийб нолдан умумий экспорт ҳажмининг 10 фоизигача ўсди.

Юлин ва унинг ҳамкасбларининг ёзишича, виртуал сув ўлароқ ўлчанганда, Марказий Осиёдаги суғориш сувининг 80 фоизи Хитойга экспорт қилинадиган маҳсулотларга сарфланади. Виртуал сув бу – истеъмолчига кўринмайдиган, бирор нарсани ишлаб чиқариш ёки етиштириш учун ишлатилган сув.

Қисқача қилиб айтганда, Марказий Осиё деҳқонлари айни маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун Хитойдаги фермерларга солиштирганда анча кўп сув сарфлайди, сўнгра ушбу маҳсулотларнинг кўп қисмини Хитойга экспорт қилади.

«Бу экотизим деградациясига олиб келади. Бу эса маҳаллий сув хавфсизлиги ва биохилма-хилликка жиддий таҳдид солади», - деб ёзди тадқиқот муаллифлари.

Хитой Фанлар академияси тадқиқотчилари томонидан ёзилган ва чоп этилиши кутилаётган яна бир мақолада Марказий Осиёдаги экин майдонларининг учдан бир қисмидан кўпроғига сув озроқ етиб бораётгани айтилади. Мақола муаллифларига кўра, бунга деҳқончилик «узлуксиз ва тартибсиз кенгайтирилаётгани» ва Хитойнинг юқори ҳудудида қурилган тўғонлар айбдор.

Юлин ва унинг ҳамкасблари, шунингдек, ерлардан самарасиз фойдаланишни ўрганиб чиқдилар. Бу мавзу чет элликларга ер сотилишидан хавотир олаётган қозоғистонлик фаолларни қизиқтиришини кутиш мумкин. Аммо сувга тобора ортиб бораётган талаб ва ундан тежамкорлик билан фойдаланиш чақириқлари энг асосий масаладир.

Олимлар Марказий Осиёнинг салоҳиятини синаб кўриш учун иккита сценарийни кўриб чиқдилар. Биринчи сценарийда ҳосиллар 2014 йил даражасида ушлаб турилади. Суғоришни яхшилаш, яхшироқ уруғлардан фойдаланиш ва бошқа «қишлоқ хўжалиги технологиялари» ёрдамида айни экинларни етиштириш учун сувнинг 56 фоизини тежаш мумкинлиги аниқланди. Бу эса айни дамда сувнинг деярли ярми шунчаки исроф бўлаётганини англатади.

Иккинчи сценарийда олимлар сувдан фойдаланиш ҳозирги даражада қолса, қанча озиқ-овқат ишлаб чиқарилиши мумкинлигини ҳисоблаб чиқдилар. Замонавий технологиялар билан ҳосил деярли икки баравар кўпайиши мумкин экан. Энг катта ўсиш салоҳияти Қозоғистонда, энг кичик салоҳият Ўзбекистонда кузатилган. Иккинчи сценарий амалга ошса, Марказий Осиё қўшимча 387 миллион кишини боқишга қодир бўлади.

Юлин ва унинг ҳамкасблари фикрига кўра, Марказий Осиё айрим экинларни етиштириш учун тўғри жой эмас ва бу мамлакатлар ҳукуматлари «ердан оқилона фойдаланиш, масалан, чўлда пахта экиш учун ишлатиладиган майдонларни камайтириш масалаларини эътиборсиз қолдирмасликлари керак».

Ушбу ҳисоб-китоблар бирор нарсани ўзгартириши мумкинми?

Иқтисодий режалаштирувчилар ҳали ҳам кишини қойил қолдирадиган ваъдаларни хуш кўрадилар. Сўнгги икки йил ичида Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари экспорт ҳажмини кўпайтиришни ваъда қилди. Нур-Султон 350 фоиз кўпроқ Қозоғистон буғдойи, Тошкент эса беш баравар кўп ўзбек озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилмоқчи. Аммо бу ваъдалар ҳақидаги матбуот баёнотларида сув ёки янги қишлоқ хўжалиги технологиялари ҳақида умуман ҳеч нима дейилмади.

XS
SM
MD
LG