Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:26

Адвокат Тошкентга юриш бошлагани учун қамалган Маҳмуд Ражаб билан учраша олмади


Хоразмлик журналист ва шоир Маҳмуд Ражабни бундан 5 ой олдин очилган жиноят иши бўйича ҳимоя қилиш учун Урганчга борган адвокат у билан учраша олмади. ИИБ ходимлари адвокатга Маҳмуд Ражаб "адвокатдан воз кечган"и ҳақида айтишган.

Сўнгги маълумотга кўра, унга очилган жиноят иши Хоразм вилоят ички ишлар бошқармасидан шу вилоят прокуратурасига ўтказилган. Яқин кунларда айблов хулосаси эълон қилиниши кутилмоқда.

Маҳмуд Ражаб Туркиядан мухолифатчи шоир Муҳаммад Солиҳ китобларини Ўзбекистонга олиб келгани учун контрабандада айбланиб, 5 ойдан бери терговга қатнаётганди.

Хоразмда "топа олмагани адолатни излаб" 22 сентябрда Гурландан Тошкентга пиëда йўлга чиққан Маҳмуд Ражаб ва унинг норозилик юришини Фейсбукда жонли ëритган блогер Шабнам Оллашукурова ҳозирда 10 суткалик қамоқ жазосини ўтамоқда.

Маъмурий иш

56 яшар журналист ва шоир Маҳмуд Ражаб ҳамда Шабнам тахаллуси билан блогерлик қилаётган 32 яшар Нафосат Оллашукуровага нисбатан Урганч шаҳар маъмурий суди чиқарган қарор тафсилотлари Озодликка 26 сентябрь куни маълум бўлди.

Уларнинг иккаласи ҳам Маъмурий жавобгарлик кодексининг учта моддаси бўйича айбдор деб топилган:

  • 183-модда, "Майда безорилик";
  • 192-модда, "Маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш";
  • 202-модда, "Рухсат этилмаган йиғилишлар¸ митинглар¸ кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш".

Айни пайтда ушбу норозилик юриши пайти Шабнам Оллашукурованинг нотаниш аёл томонидан калтаклангани ҳолати очиқ қолди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари Шабнамнинг калтаклаш борасидаги даъволарини инобатга олган ёки олмагани Озодликка маълум эмас.

Жиноят иши

26 сентябрь куни Озодликка маълум бўлишича, Маҳмуд Ражаб устидан очилган жиноят иши якунланган ва иш Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармасидан Хоразм вилоят прокуратурасига ўтказилган. Эндиликда айблов хулосаси эълон қилиниши кутилмоқда.

Сўнгги маълумотга кўра, Маҳмуд Ражаб "адвокатдан воз кечган". Ҳалқаро ташкилотлардан бири томонидан Маҳмуд Ражаб ҳимояси учун ажратилган адвокат 26 сентябрь куни Урганчга бориб, журналист билан учраша олмасдан ортга қайтди.

Адвокат йигитга “Маҳмуд Ражаб ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида ҳимоячидан воз кечгани борасида ариза ёзгани”ни айтишган.

Маҳмуд Ражаб жорий йилнинг март ойида Истанбулдан мухолифатчи шоир Муҳаммад Солиҳ асарларини олиб келаётганида Тошкент аэропортида ушланиб, қўлидаги китоблар тақиқланган адабиётлар сифатида олиб қўйилган эди.

Кейинчалик Маҳмуд Ражабга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми яъни “Контрабанда” моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди.

Бу модда бўйича айбдор деб топилган шахсга беш йилдан ўн йилгача бўлган қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Маҳмуд Ражаб қариндошлари ҳамроҳлигида айнан ана шу иш тўхтатилишини сўраб Тошкентга пиëда йўлга чиққан эди.

Маҳаллий матбуот муносабати

Бармоқ билан санарли Интернет нашрларини айтмаганда, маҳаллий матбуот ушбу воқеани деярли ёритмади.

Айни пайтда Хоразм телеканалида 24 сентябрь куни ушбу норозилик юриши иштирокчиларини қораловчи руҳдаги кўрсатувлар намойиш қилинди. Бу кўрсатувларда оддий аҳоли вакиллари дея тақдим қилинган шахслар юриш иштирокчилари ҳаракатини кескин қоралаб гапирган.

Ижтимоий тармоқларда, жумладан, Фейсбук орқали Шабнам Оллашукуровани сохта блогерга чиқаришга уринишлари ҳам кузатилаяпти.

“Президент блогерларни қўллаб турган бир пайтда, Шабнам Оллашукурованинг норозилик юришини ёритгани аҳмоқгарчилик” дея ёзишди Фейсбукдаги постларда.

Шунингдек, айрим тармоқ фойдаланувчилари Шабнам Оллашукуровани “Ўзбекистон тинчлигини кўраолмаслик”да айблашди.

Жонли чиқишлари билан танилган блогер

Шабнам Оллашукурова блогерлар сафига бир йилча аввал қўшилган. Асосан, Фейсбук тармоғи орқали жонли чиқишлар қилди. Чиқишларида асосий эътиборни ҳуқуқ-тартибот идораларидан азият чеккан шахсларга қаратди. Яна у Тошкентда расмий идоралар олдида бўладиган норозилик пикетларини тармоқлар орқали жонли ёритадиган блогер сифатида танилган.

Икки ой аввал Хотин-қизлар қўмитасининг "ҳуқуқбузарликка мойил" аёллар рўйхатини тузиш қарори кенг муҳокамага сабаб бўлганди. Ўша пайтда Шабнам Оллашукурова Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова билан Фейсбук орқали жонли интервью қилгани билан ҳам танилган эди.

Шабнам Оллашукурованинг уч ёшга тўлмаган икки эгизак фарзанди бор. Ҳозирда болаларга Тошкентда Шабнамнинг онаси қараяпти.

Шабнамнинг яқинлари уни 10 суткага қамалганини ноқонуний дея даъво қилишмоқда. Маъмурий жавобгарлик кодексининг 29-моддасига кўра, маъмурий қамоққа олиш уч ёшгача боласи бўлган аёлларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмас. Бу тартибнинг Шабнам Оллашукуровага нисбатан нима сабабдан қўлланилмагани Озодликка маълум эмас.

XS
SM
MD
LG