Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2019, Тошкент вақти: 21:31

Ўзбекистонлик муҳожир 30 000 рублга адвокат ёллаб, Петербург полициячиларига қарши кураш бошлади (ВИДЕО)


Фарғоналик Аброр полициячиларни судга бермоқчи

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 29 яшар фарғоналик Аброр, барча ҳужжатлари жойида бўлганига қарамай, 12 сентябрда маъмурий жавобгарликка тортилди.

Бир сутка совуқ камерада ушлаб турилган ўзбек муҳожири полициячилар устидан Тергов қўмитасига арз қилди.

Аброр 30 минг рублга адвокат ёллади.

Бир неча йилдан буён Санкт-Петербургда ишлаётган фарғоналик Аброр 11 сентябрь куни полиция ходимлари томонидан тўхтатилди. Полициячилар шаҳар ресторанларидан бирида ишловчи мигрантдан ҳужжат талаб қилди.

Аброр ўша кунги воқеа ҳақида гапираркан, деди:

- Мен курьер бўлиб ишлайман. Одамларга буюртма қилган овқатни ташлаб чиқиб, машинамга ўтирсам, ёнимга полиция келиб, ҳужжат сўради. “Қаерда яшайсан?”, деди. Эсимдан чиқиб қолганди яшаш манзилим, чунки яқинда регистрация қилгандим. “Сен билмас экансан!”, деб қўлимни қайриб, бўлимга олиб кетди.

Аброрни полиция ходимлари унга “қайд этилган жойида яшамайди” деган айбни қўйиб, жаримага тортади.

Ўзбекистонлик муҳожир йигит Озодликка уни ҳибсга олган полициячи билан бўлган мулоқот видеотасвирини ҳам тақдим этди. Унда полиция ходими Аброрни нима учун ҳибс этаётгани сабабини тушунтиришдан бош тортаётганини кўриш мумкин.

Ўзбек муҳожири уни ноҳақ ҳибс этган полициячини судга берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:56 0:00

Аброрнинг айтишича, полиция бўлимига у билан бирга олиб келинган бошқа муҳожирларнинг аксари ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай, 5000 рублдан жаримага тортилган:

- Полицияда “Сен регистрация бўлган жойингда юришинг керак”, дейишди. Худди шу “регистрация жойи бўйича юрмаганлик” айблови билан бўлимга яна 10-15 ўзбек олиб келинди ва уларга ҳам жарима солинди.

Жабрланувчининг сўзларича, у бир сутка полиция бўлимида ушлаб турилган ва полициячилар томонидан тақдим этилган ҳужжатларга қўл қўйишга мажбурланган.

Навбатчи офицерлардан бири у билан якка суҳбатда ноқонуний ҳатти-ҳаракатларини “юқоридан буйруқ борлиги” билан изоҳлашга уринган.

Муҳожир йигит полициячиларга улар устидан шикоят қилмоқчилигини айтган. Бунга жавобан Невский туман 23- полиция бўлими навбатчиси “Бу катта механизм - арз қилсанг сени чайнаб, тупурворади!” деган:

- Биласизку, биз ўзбеклар қўрқамиз, гап қайтарсак уриб ташлаши ҳам ҳеч гап эмас. Бундай босим фақат ўзбекларга бўлаётганини кўрдим. Улар менинг камаримни, оёқ кийимдан боғичларни ечиб олиб, совуқ, сийиб ташланган кичкина камерада бошқа 8 ўзбек билан бир сутка ушлашди. “Нега бизни қийнаяпсан?”, деб савол берсам, полициячи “Бу сиёсат! Сенлар тўхтамасдан келяпсан – кўпайиб кетдинг. Шундай қилиб сенларни камайтиришга тепадан буйруқ бўлган”, деди.

Ниҳоят, ҳужжатларга таржимонсиз қўл қўйдириб ва протокол нусхасини бермасдан, полиция Аброрни бўлимдан чиқариб юборган.

Аброр иддаосича, полиция асосан марказий осиёлик ишчилар ҳисобига бюджетни тўлдириш бўйича шу тариқа “план” бажармоқда.

Озодлик 23- полиция бўлимига регистрация баҳонасида ушлаб келтирилаётган муҳожирлар, жумладан фарғоналик Аброр масаласида изоҳ сўраб, мурожаат қилди ва қуйидаги мазмунда жавоб олди.

- Ҳужжатлари жойида бўлмаса олиб келишади бизга. Ҳужжатлари жойида бўлганларни полиция ходимлари олиб келишга ҳақлари йўқ, - деди Аброр иши юзасидан бирор маълумотга эга эмаслигини айтган навбатчи.

Айни дамда, ўзбекистонлик мигрант ички ишлар ходимлари дўқ-пўписаларига қарамасдан 30 минг рублга адвокат ёллади.

Фарғоналик муҳожирнинг петербурглик адвокати Николай Новиковнинг фикрича, Аброрни ушлаб қолган ва жаримага тортган полициячилар ҳатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд:

- Биз полиция ва Тергов қўмитасига шикоят тайёрладик. Арзимиз полиция ходимларининг жабрланувчини ушлашда йўл қўйган “ваколатлар доирасидан четга чиқиш” факти асосида тайёрланди. Биз текширув ўтказилиб, полициячиларга нисбатан 285-286 моддалар асосида жиноят иши очилишини талаб қилмоқдамиз. Шикоятимизни полиция бўлимида қайд этишди, аммо ҳозирча жавоб берганлари йўқ.

Ҳимоячи ариза билан шахсан 23- полиция бўлими бошлиғи Сергей Колонистовдан яна бир ҳафта жавоб кўтиши, текширув бошланмаса, юқори инстанцияларга шикоят билан чиқишини билдирди.

“Левада-марказ” ўтказган тадқиқот натижаларига қараганда, охирги вақтларда меҳнат муҳожирларига нисбатан Россия жамиятида яна салбий кайфиятлар кучайган.

Ижтимоий сўров маркази олиб борган сўнгги тадқиқот натижаларига кўра, 72 фоиз россиялик мамлакатга ишлагани келаётган меҳнат муҳожирлари сонини қисқартириш тарафдори эканини билдирган.

Бундан икки йил олдин мигрантларга қарши чиққан руслар сони 58 фоизни ташкил этган.

“Левада” маркази экспертлари иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечираётган Россия жамиятида миллатлараро ва миграция масалалари яна долзарб мавзуларга айланаётганини қайд этмоқда.

Шарҳларни кўринг (8)

XS
SM
MD
LG