Линклар

13 декабр 2017, Тошкент вақти: 14:12

Россия депортмарказларидаги муҳожирларга судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилди


Кемерово махсус изоляторидан кўриниш

Россия Конституциявий суди хорижлик ва ватандошлиги йўқ шахсларни полициянинг махсус муассасаларида ва депортация лагерларида асоссиз ва чекланмаган муддат ушлаб туришни ғайриқонуний деб топди. Конституциявий Суд Россия қонун чиқарувчиларидан приёмникларда бесабаб узоқ муддат ушлаб турилаётган муҳожирлар масаласида тегишли федерал қонунларга ўзгартиш киритишни талаб қилди.

2017 йилнинг 23 май куни Россия Конституциявий суди мамлакат Ички ишлар вазирлигига қарашли махсус муассасаларда хориж ватандошлари ва апатридларни (ватандошлиги йўқ шахслар) чекланмаган муддат ушлаб туришни давлат Асосий қонунига зид, деб топди.

Конституциявий суд расмий сайтида келтирилган маълумотга биноан, қарор қабул қилинган кундан бошлаб, мигрантлар узоқ ушлаб турилгани тўғрисида шикоят қилишлари мумкин.

“Россия Федерацияси Конституциявий суди эркинлик ва шахсий даҳлсизлик ҳуқуқларининг номаълум муддатга чекланишини конституциявий кафолатларга мувофиқ эмаслигини таъкидлайди. Хорижликлар ва ватандошлиги йўқ шахсларни бадарға қилиш амалиётига баҳо берар эканмиз, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ҳам ҳибсда ушлаб туриш кўзланган мақсадга эришишдан ортиқ муҳлатдан ошмаслигига эътибор қаратади”, дейилади Конституциявий суд қарорида.

СУВСИГда бериладиган тушлик нормаси
СУВСИГда бериладиган тушлик нормаси

Россия Конституциявий суди мамлакатдан чиқариб юборилишини кутиб ётган муҳожирларнинг махсус приёмник ва СУВСИГларда ушлаб турилиши муддати масаласида қонунчиликда мавжуд ноаниқлик сабабли улар бу ҳолат бўйича судга арз-шикоят қилишдан ҳам маҳрум бўлганини алоҳида урғулади.

Конституциявий суднинг бундай қарори қабул қилинишига ҳисса қўшган адвокат Ольга Цейтлина Озодлик билан суҳбатда чет эллик маҳбус илгари икки йилдан кейингина асоссиз ушлаб турилгани тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлганини гапиради.

Ҳимоячи Цейтлина мавжуд рус қонунчилигига мувофиқ, ҳатто шу муддатни ўтириб, озодликка чиқариб юборилган апатридлар полиция томонидан яна ҳибсга олиниши мумкин эди, дейди.

- Бу қарор аҳамиятини баҳолаш жуда мушкул, чунки шу тариқа минглаб одамлар махсус муассасаларда асоссиз сақланишига чек қўйилди. Суд кўрсатмасига кўра, 3 ойдан кўп муҳлат ушлаб туриш - Конституция ва Инсон ҳақлари Конвенцияси бузилишидир! Суд бу муҳлатлар устидан суд назоратини ўрнатиш ва қонунчиликка бу ҳақда ўзгартиш киритилиши мажбурий эканини қайд этди. Илгари суд назорати муҳлати 2 йил билан белгиланганди ва муҳожир бу муддат ичида ҳатто судга мурожаат қилишга қонуний асоси бўлмаган. Мен 2 йил ўтириб чиқиб, яна шу муддатга СУВСИГ ва ЦВСИГларга тушаётган бир қанча хорижлик ишини олиб борганман, деди адвокат Цейтлина.

Ҳимоячи 2 йил давомида депортация марказида ушлаб турилган ва озодликка чиқарилган шахслар кўп ҳолларда соғлиги, она юртида уруш ҳаракатлари бораётгани, депортация қилинаётган давлатда таъқиб остига тушиши хавфи ёки шунчаки ҳужжат расмийлаштириш имкони йўқлиги туфайли Россияни тарк этиш имконидан маҳрум бўлганини эслатди.

У 2015 йилдан буён Санкт-Петербург махсус приёмнигида сақланиб турган ватандошлиги йўқ Ноэ Мсхиладзе шу қарор кўмагида озодликка чиқарилганини билдирди.

Маълум бўлишича, ҳозирда бирор мамлакат апатрид Мсхиладзени қабул қилишга розилик бермаган ва у муайян муҳлат Россияда қолиши ҳамда бошқа СУВСИГга ташланмаслиги қонун билан ҳимояланди.

Ольга Цейтлина 3 ой муддатдан ортиқ депортация лагерлари ёки бошқа муассасаларда беасос ўтирган мигрантлар эндиликда судга ариза билан чиқишлари мумкинлигини таъкидлади.

- Эндиликда 3 ойдан зиёд ўтирган маҳбуслар судга сақлаб турилиши қонунийлигини устидан текширув ўтказиш талаби билан мурожаат қилишга ҳақли. Аммо, бу “улар дарҳол озод қилинади” дегани эмас! Шунчаки, уларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкони пайдо бўлди. Бу ариза кўриб чиқилганидан кейин ҳолат устидан автоматик суд назорати ўрнатилиши ҳам белгиланди, деди Ольга Цейтлина.

Адвокат Конституциявий суд қарори ҳимоясига барча хориж ватандошлари, апатридлар ва ҳатто ҳужжат расмийлаштира олмаётган ДНР-ЛНР қочқинлари ҳам киришини билдирди.

Озодлик Хорижликрни сақлаш приёмникларда ўтирган муҳожирлар аҳволи борасида кўп маротаба хабар берган.

Асосан ўзбекистонлик бўлган тутқунлар ойлардан буён депортация қилинмаётгани ва муассасадаги умумий ҳолатдан арз қилиб келади.

Бугунга келиб Россиянинг 81 минтақасидаги 78 та махсус марказда минглаб муҳожир, қочқин ва ватандошлиги йўқ шахс бемуддат ушлаб турилгани маълум.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG