Линклар

Шошилинч хабар
09 декабр 2019, Тошкент вақти: 02:09

Ленинград вилоятида ўзбек муҳожирини чавақлаб кетган 4 ўсмир ҳибсга олинди


Рус неонацистлари.

Петербургда ўзбекистонлик 38 яшар меҳнат муҳожирини пичоқлаб, ундан қўл телефони ва пулини тортиб олган 3 нафар коллеж талабаси суд қарори билан ҳибсга олинди. Терговчилар ҳужумда иштирок этган ўсмирлар рус неонацисти Максим “Тесак” Марцинкевичнинг издошлари ва “Славяне” миллатчилар гуруҳи аъзоси эканини тахмин қилмоқда.

Беш жойидан пичоқланган, танасининг бошқа қисми лат еган ва мияси чайқалган ўзбекистонлик маҳаллий шифохоналардан бирида ўрта оғирликдаги аҳволда қолмоқда.

14 ноябрь куни Санкт-Петербургнинг Красногвардейский туман суди қарори билан 38 яшар ўзбекистонликка ҳужум қилган Ленинград вилоятилик Иван С., Иван А. ва Филипп П.лар ҳибсга олинди.

Шаҳар судлари бирлашган матбуот хизматидан Озодлик сўровига жавобан маълум қилишларича, ҳужумда иштирок этган яна бир айбланувчи вояга етмагани боис тергов якунига қадар тилхат асосида қўйиб юборилган.

- Красногвардейский туман суди Иван С., Иван А. ва Филипп П.ларга нисбатан ҳибсга олиш чорасини қўллади. Улар Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 162- моддаси 4- қисми, яъни “Талон-торожда” айбланмоқда, деди навбатчи ходим.

Санкт-Петербург Тергов қўмитаси бошқармаси расмий хабарига кўра, миллатчилик кайфиятида бўлган Ленинград вилоятида яшаб келган 2000, 2001, 2003 ва 2004 йилларда туғилган маҳаллий коллеж талабалари 2019 йил, 11 ноябрь соат 21-ларда “Пост Ковалёво” темир йўл станцияси яқинида кўринишидан осиёлик бўлган шахсга ҳужум қилган.

Улар кейинроқ ўзбекистонлик экани аниқланган муҳожир юзига газ баллонидан сепиб, ўлар ҳолатга келтириб калтаклаб, камида 5 жойидан пичоқлаб кетган. Терговчилар жиноятда айбланаётган рус миллатчиларини ўзбек мигрантининг арзон қўл телефони, рюкзаги, кийими ва чўнтагидан чиққан 7850 рублини ўмариб кетганликда гумонланмоқда.

Исми терговчилар томонидан сир тутилаётган ўзбек муҳожири ҳодиса гувоҳлари томонидан чақиртирилган “Тез ёрдам” машинасида Всеволожск шаҳар касалхонасига олиб кетилгани айтилди. Шифохона врачлари унинг аҳволи ўрта оғирликда эканини гапирмоқда.

Санкт-Петербург Тергов қўмитаси кўплаб телефон суҳбатлашувлари ва видеокадрларни ўрганиб чиққан изқуварлар ҳужум қилганларни эртаси куниёқ қўлга олганини маълум қилди.

- Ҳозирда жабрланган шифохонада қолмоқда. Тергов амалиёти пайтида айбланувчилардан газ баллончаси, пичоқ, жабрланувчининг рюкзаги ва қўл телефони мусодара қилинди. Ҳозирда бу шахсларнинг шу каби бошқа жиноятларга, жумладан экстремистик руҳда қилинган ҳужумларга алоқадорлиги текширилмоқда, деди Тергов қўмитаси навбатчи офицери.

Полиция пичоқ билан ўзбекистонликка ташланган 17 яшар ўсмир Шаҳар хўжалигини ободонлаштириш коллежининг 2-курси, 19 яшар ҳужумчи – Аграр-саноат техникумининг 4- курс талабаси экани, яна бири – 16 яшар айбланувчи ўқишни ташлаб ҳеч қаерда ўқимаётгани ва ишламаётгани маълум бўлди.

Ҳужумда қатнашган ва ҳибсга олинмаган 15 яшар ўсмир Всеволожск мактабларидан бирининг 8 синф талабаси экани айтилди.

Тақирбош Максим "Тесак" Марцинкевич Москвадаги охирги суд жараёнида, 29.12.2018
Тақирбош Максим "Тесак" Марцинкевич Москвадаги охирги суд жараёнида, 29.12.2018

Петербурглик журналистлар Ўзбекистон ватандошини чавақлаган 17 яшар шахс таниқли рус миллатчиси “Тесак” лақабли Максим Марцинкевични қўллаб келган ижтимоий гуруҳларга аъзо бўлгани, 19 яшар талаба эса Всеволожск шаҳрининг “Славяне” миллатчилар уюшмасига аъзо бўлганини аниқлади.

Миллатчиликда айбланаётган тақирбош ўсмирлар суд қарори билан 2020 йилнинг 12 январигача тергов изоляторида қолади.

Тақирбошлар орасида “Тесак” лақаби билан машҳур М.Марцинкевич ўта миллатчи ва ҳозирда тарқатиб юборилган “Формат-18” ва “Реструкт” гуруҳларини бошқариб келган. У 2007 йилнинг 22 июнь куни Москвадаги Манеж майдонида миллатчилар ва кавказликлар ўртасидаги оммавий муштлашув ташкилотчиларидан бири бўлгани айтилган эди.

Рус неонацизми ғоялари тарғиботчиси, ўзини “мигрантлар, кавказлик ва наркодилерларга қарши курашчи” деб атаб келган видеоблогер, ирқчи ва скинхед “Тесак” Марцинкевич Россияда 3 марта миллатчилик ғоялари учун судланган ва 2014 йилдан буён қамоқда сақланмоқда.

Шарҳларни кўринг (3)

XS
SM
MD
LG