Линклар

Шошилинч хабар
09 май 2021, Тошкент вақти: 18:30

Ўзбекистон хабарлари

Петербургда ўзбекистонликка ҳужум қилган миллатчи ўсмирлар қамоққа олинди

Россиялик миллатчилар.

Россиянинг Петербург шаҳрида ўзбекистонлик 38 ёшли меҳнат муҳожирига ҳужум қилган уч нафар одам тергов якунлангунига қадар эҳтиёт чораси сифатида 12 январгача қамоққа олинди.

Фонтанка нашрининг 14 ноябрда билдиришича, 15, 16, 17 ва 19 ёшли ҳужумчилар Пост Ковалево темир йўл станциясида қўлга олинган. 15 ёшли ҳужумчини суд қамоққа олган эмас.

Терговчилар улар миллий нафрат асосида ўзбекистонликка ҳужум қилган, деб ҳисобламоқда.

Терговчиларга кўра, 17 ёшли ҳужумчи неонацист Тесак лақабига эга Максим Марцинкевични олқишлайдиган ижтимоий тармоқларда иштирок этади.

19 ёшли ҳужумчи эса ўз ижтимоий саҳифаларида миллатчиларга ҳос кийимларни кийиб тушган суратларини жойлаштирган.

Кун янгиликлари

Ўзбекистонда ўтган йили ишсизлар сони 1,5 миллиондан ошди

Ўзбек-Қирғиз чегарасининг Қирғизистон томонида иш берувчиларни кутаётган ўзбекистонликлар.

Ўзбекистонда 2020 йил якунларига кўра, ишсизлар сони 1 миллион 550 минг кишини ташкил этгани ҳақида Давлат статистика қўмитаси маълум қилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йили Ўзбекистонда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 14 миллион 800 минг кишига етган. Улардан 13 миллион 200 мингги, яъни 89,5 фоизи иш билан таъминланган, 1 миллион 550 минг аҳоли ишсиз. Бу меҳнатга яроқлиларнинг 10,5 фоизини ташкил этади.

2019 йил якунларига қараганда, Ўзбекистонда ишсизлар сони 2020 йилга нисбатан 223 минг 100 кишига оз бўлган ва бу 9 фоизни ташкил қилган.

Давлат статистика қўмитаси ишсизлар сонининг кўпайишига пандемия туфайли жорий этилган чекловлар сабаб бўлганини билдирмоқда.

Ўзбекистон вилоятлари орасида ишсизлик бўйича Самарқанд биринчи ўринни эгалламоқда. Мазкур вилоятда 174,5 минг киши ишсиз. Кейинги 4 ўринда Фарғона (152,2 минг), Андижон (150,6 минг), Қашқадарё (147,5 минг) ва Тошкент вилоятлари (140,9 минг) бормоқда.

Иш билан таъминланган 13 миллион 200 минг аҳолининг 2 миллион 490 мингги давлат секторида, 10 миллион 700 мингги эса хусусий секторда ишлайди.

Айни пайтда 2020 йилда 2019 йилга нисбатан давлат секторида ишлайдиганлар сони 33,7 минг кишига кўпайган, хусусий секторда ишлайдиганлар сони эса 335,3 минг кишига камайган.

Ўзбек киноклассикаси -“Сен етим эмассан” ва “Генерал Раҳимов” Ўзбекистонга қайтарилди

"Сен етим эмассан", "Маҳаллада дув-дув гап", "Тошкент -нон шаҳри" каби фильмлар режиссери Шуҳрат Аббосов 2018 йилнинг 25 апрелида Тошкентда вафот этган эди.

Собиқ СССР пайтида “Ўзбекфильм” томонидан суратга олинган “Сен етим эмассан”, “Жарроҳ”, “Генерал Раҳимов”, “1941 йил олмалари”, “Унутилмаган қўшиқ” каби “дурдона кинофильм”лар 9 майдан бошлаб “илк бора тўлиқ ва асл ҳолатда телевидение орқали намойиш этилиши режалаштирилмоқда”. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлигига таянган ҳолда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Билдирилишича, “Сен етим эмассан”, “Жарроҳ”, “Генерал Раҳимов”, “1941 йил олмалари”, “Унутилмаган қўшиқ” каби ўзбек киносининг ўз вақтида машҳур бўлган 16та кинофильми Маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этиш бўйича бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда чет эл кино фондларидан рақамлаштирилиб, Ўзбекистонга қайтарилган.

Бундан ташқари Ўзбекистон телеканаллларида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Матонат” ҳужжатли фильми, режиссёр Али Ҳамроев раҳбарлиги остида 4 нафар ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган “Унутилмас қаҳрамонлар” туркумидаги 8 та ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилади.

Мазкур туркум доирасидан биринчи ўзбек снайпер аёли Зебо Ғаниева, иккинчи жаҳон уруши жангоҳларини суратга олган илк ўзбек оператори Қудрат Суюнов, қаҳрамон Мамадали Топволдиев тўғрисидаги ҳужжатли фильмлар бор.

Ўзбекистон автомобиль экспортининг 95 фоизи Қозоғистонга тўғри келмоқда

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар.

Ўзбекистон 2021 йилнинг 1-чорагида хориж давлатларига умумий қиймати 87 миллион 400 минг долларлик енгил автомашина экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг 1-чорагига нисбатан 50,9 миллион долларга кўпдир.

Давлат статистика қўмитасининг навбатдаги ҳисоботида қайд этилишича, мазкур экспортнинг 95 фоизи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келган. Мазкур мамлакатга Ўзбекистон умумий қиймати 82 миллион 600 минг долларга тенг бўлган 8 468 дона автомобил сотган.

Экспортнинг қолган қисми Украина (1,5 миллион доллар), Афғонистон (1,3 миллион доллар), Қирғизистон (963,3 минг доллар), Озарбайжон (444,7 минг доллар), Россия (313,0 минг доллар) ва Тожикистон (134,4 минг доллар” тўғри келган.

Ўзбекистоннинг олтин-валюта заҳираси сўнгги 5 ой ичида биринчи марта кўпайди

Беш ойдан бери камайиб бораётган Ўзбекистон халқаро олтин-валюта захираси январь ойидан бири биринчи марта кўпайди, аммо 2021 йилнинг бошидаги миқдорга етгани йўқ.

Марказий банкнинг билдиришича, 7 май ҳолатига кўра, 34 миллиард 191 миллион 200 минг долларга етган. Бу апрель ойига нисбатан 1,5 миллиард долларга кўпроқ, бироқ январь ойидагига қараганда камроқдир.

2021 йилнинг 1 январидаги маълумотларда, олтин-валюта захираси 34 миллиард 904 миллион доллар эди. 1 апрелда эса захира 32 миллиард 600 миллион долларни ташкил қилганди.

Марказий банкнинг билдиришича, май ойида олтин-валюта захирасининг кўпайишига олтин нархи тушишининг тўхтагани сабаб бўлди. Бугунги кунда захирадаги олтин миқдори 9,5 тоннага ошиб, 11,7 миллион унцияга етди.

Коронавирусга қарши эмланганлар 1 миллиондан ошди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони 1 миллион 46 минг 668 нафарга етди. Бу ҳақда 7 май куни кечқурин ССВ хабар қилди.

Эмланганларнинг энг юқори кўрсаткичлари Фарғона, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларида қайд этилган. Тошкентда 80 минг 920 киши коронавирусга қарши эмланган.

Мамлакатда коронавирусга қарши эмлаш 1 апрель куни бошланган эди.

27 апрелдан боғча ходимлари, ўқитувчилар ва сурункали касаллиги бор шахсларни коронавирусга қарши эмлаш бошланди.

Айни пайтда Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси вакилларини COVID-19га қарши эмлаш жараёни бошланди.

Делегация вакиллари Россиянинг Sputnik V вакцинаси билан эмланаётгани хабар қилинди. Режага кўра, жами 250 нафар спортчи ва мураббийлар эмланиши лозим.

Мирзиёев ва Путин бир-бирини Ғалаба байрами билан табриклади

Мирзиёев Бош вазир пайти Путин билан учрашувида олинган сурат.

7 май куни Шавкат Мирзиёев билан Владимир Путин ўртасида ўтган телефон мулоқотида икки давлат раҳбари фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан бир-бирларини табриклади.

Телефон мулоқоти “ҳар доимгидек самимий, дўстона ва ишчан руҳда ўтгани”ни ёзган President.uz хабарига кўра, икки президент бир-бирини “самимий қутлаб, эзгу тилаклар изҳор қилганлар”.

“Елкама-елка туриб бирга қаҳрамонона жанг олиб борган ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган халқларимизнинг буюк жасорати миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолиши алоҳида таъкидланди”, дейилади расмий хабарда.

Айни пайтда хабарда Мирзиёевнинг Москвада ўтадиган Ғалабанинг 76 йиллигига бағишланган парадга бориш-бормаслиги очиқланмаган.

Ўтган йили пандемия сабаб 24 июнга қолдирилган Ғалаба парадига Мирзиёев борган эди.

Бу йил Ўзбекистон қўшниларидан Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ғалаба парадига бормаслиги айтилмоқда.

Буни Кремль матбуот котиб Дмитрий Песков матбуотга маълум қилди.

Песковга кўра, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Қизил майдонда бўлиб ўтадиган ҳарбий парадда иштирок этади ва унинг Путин билан учрашувида қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган можаро ҳам муҳокама қилинади.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг ҳам Ғалаба парадига бормаслиги айтилган.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўтган йили Қизил майдондаги парадга боришдан бош тортганди, бу йил унинг бориш-бормаслиги номаълум.

Ўзбекистон Қозоғистон ва Россияга темир йўл қатновини тикламоқчи

“Ўзбекистон темир йўллари” халқаро темир йўл қатновларини босқичма-босқич тиклаш бўйича Қозоғистон ва Россия темир йўл маъмуриятларига мурожаат юборди.

"Ушбу мурожаат ҳар икки давлатнинг ваколатли давлат органлари томонидан ўрганиб чиқилмоқда ва яқин келажакда амалга оширилиши мумкин”, дейилади ширкат хабарида.

Расмий хабарга кўра, темир йўл қатновлари пандемия сабаб 2020 йилнинг мартида тўхтатилган ва кейинги бир йил давомида фақат Москвадаги ватандошларни олиб келиш учун махсус поездлар ташкил қилинган.

Айни пайтда шу давр мобайнида мамлакат ичкарисида янги йўналишлар очилган.

Жумладан, Термиз – Хива – Термиз, Андижон – Нукус – Андижон, Тошкент – Наманган – Андижон, Андижон – Наманган – Тошкент, Андижон – Хива – Андижон, Тошкент – Олот – Тошкент, Тошкент – Шовот йўналишларида поездлар қатнови йўлга қўйилган.

Расмийларга кўра, “Афросиёб” тезюрар поездлари йўналишларини ҳам кўпайтириш режаланган.

Режага кўра, “Бухоро – Мискин” янги темир йўл линиясида электрлаштириш ишлари якунига етгач, ушбу поездлар Хива шаҳрига қатнайди.

Covid-19: Бир кунда яна икки бемор вафот этди, қурбонлар сони 662га етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сўнгги бир кунда коронавирусга чалинган беморлардан икки нафари вафот этган, касалликдан ўлганлар сони 662 нафарга етган.

7 май ҳолатига кўра, 400га яқин янги касалланиш ҳолати қайд этилиб, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 93978ни ташкил этади.

ССВга кўра, касалликдан соғайганлар жами 89703 нафарга етган ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизга тушган.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3648 нафар бемор даволанмоқда.

Ҳиндистон ва Туркиядан келганлардан тилхат олинади

Республика махсус комиссияси қарорига кўра, Ҳиндистон ва Туркиядан Ўзбекистонга учиб келаётган ҳар бир шахс уй ёки меҳмонхона широитида карантинда бўлишлари юзасидан тилхат тўлдиришади.

Шунингдек, улар карантин қоидаларини бузган тақдирда жавобгарликка тортилиши борасида огоҳлантирилади.

Ушбу икки давлатдан келган йўловчилардан аэропортда ПЗР тест олинади ва бу бепул амалга оширилиши белгиланган.

Расмий маълумотга кўра, ПЗР тестлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

ССВга кўра, ПЗР тест таҳлили 18 соат ичида мусбат чиққан тақдирда белгиланган тартибда даволаш ишлари ташкиллаштирилади.

ПЗР тест таҳлили натижаси манфий чиққан тақдирда шахс 14 кунлик карантинда бўлиши давом эттирилади.

ССВ: COVID-19 дан бир кунда уч киши вафот этди, қурбонлар сони 660 нафарга етди

Ўзбекистонда ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан уч нафари вафот этган, шу тариқа COVID-19 қурбонларининг умумий сони 660 нафарга етган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, 2021 йил 6 май ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 93 минг 597 нафарни ташкил этган.

ССВ кеча Ўзбекистоннинг истисносиз барча ҳудудларида 421 киши коронавирус юқтириб олганини билдирган.

Айни пайтда пайшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 363 нафар бемор тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 89 минг 338 нафарни ташкил этган.

Вазирлик тиббиёт муассасаларида ҳозирда муолажа олаётган беморлар сони 3599 нафарга етганини қўшимча қилган.

Мирзиёев келгусида ҳокимлардан ҳам чет тилини билиш талаб қилинишини билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистонда келгуси йилдан бошлаб давлат идораларига ишга қабул қилиш ва янги лавозимга тайинлашда хорижий тилни билиш мажбурий бўлади. Бу ҳақда, Газета.uz хабарига кўра, президент Шавкат Мирзиёев 6 май куни чет тилларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган.

Йиғилишда президент хорижий тилларни ўрганиш бўйича қишлоқ хўжалиги каби кластер тизимини жорий қилиш зарурлигини таъкидлаган.

“Ишга қабул қилишда чет тилини билиш мажбурий бўлади. Ҳокимлар ҳам энди чет тилини билиши керак”, деган Ш. Мирзиёев.

Унга кўра, чет тилини чуқур эгаллаган ходимларнинг иш ҳақига 20 фоизгача қўшимча устама белгилаш тартиби жорий этилади.

Аввалроқ Озодлик президент Мирзиёев 6 май кунги видеоселекторда Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилишини очиқлагани ҳақида хабар қилган эди.

Пойтахт ҳокимлиги: “Ўлмас полк” акциясига ҳеч бир мутасадди ташкилот рухсат бермаган

Тошкентда 2016 йили рухсатсиз ўтказилган "Ўлмас полк" акцияси иштирокчилари

“Ўлмас полк” акцияси ташкилотчилари мурожаат қилган ҳеч бир мутасадди ташкилот мазкур оммавий тадбирни ўтказишга рухсат берган эмас. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда фаолият юритувчи русийзабон сайтларда, хусусан, Podrobno.uz нашрида ҳокимлик мазкур акцияни ўтказиш бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига буйруқ бергани иддао этилмиш хабарлар ёйинланганди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакилларига кўра, аслида Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари М. Муҳитдинов пойтахтда “Ўлмас полк” (хабарномада “Бессмертный полк” деб ёзилган – таҳр.) акциясини ўтказиш бўйича қилинган мурожаатни ўрнатилган тартибда Тошкент шаҳар ИИББ ва ЙҲХБга йўналтирган.

Бироқ Интернетдаги хабарда ёзилганидек, мазкур мурожаатга “Принять к исполнению в установленном порядке” тарзида эмас, балки “Ўрнатилган тартибда кўриб чиқилсин”, яъни “Рассмотреть в установленном порядке” дея имзо чекилган”, дейилган ҳокимлик хабарномасида.

Ҳокимлик матбуот хизмати бу ўринда мутасадди раҳбарнинг топшириғини нотўғри таржима қилиш оқибатида англашилмовчилик юзага келгани, натижада кенг жамоатчиликка “мутасаддилар мазкур акцияни ўтказиш учун рухсат беришган бўлса-да, ҳуқуқ-тартибот идоралари бунга қарши чиқмоқда” деган мазмунда асоссиз хабар тарқатилганига эътибор қаратган.

Пойтахт ҳокимлиги қайдича, “Ўлмас полк” акцияси ташкилотчилари мурожаат қилган ҳеч бир мутасадди ташкилот томонидан бугунги пандемия шароитида мазкур оммавий тадбирни ўтказишга рухсат берилмаган.

Республика махсус комиссияси қарорига асосан жорий йил 1 майидан бошлаб Ўзбекистонда турли оммавий тадбирлар, хусусан, концерт дастурлари, байрам томошалари ва оммавий юришларни ўтказиш вақтинчалик тўхтатилганини урғулаган ҳокимлик “бундай чекловлар юзлаб одамлар иштирок этиши кўзда тутилган “Ўлмас полк” оммавий тадбирига ҳам дахлдор эканини унутмаслик лозим”лигини қўшимча қилган.

“Ўлмас полк” тадбири Ўзбекистон президентининг шу йил 20 апрелидаги қарорига илова қилинмиш “9 май — Хотира ва қадрлаш куни, умумхалқ байрамига бағишланган тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури”дан ҳам ўрин олган эмас. Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ эса Хотира ва қадрлаш кунии билан боғлиқ оммавий тадбирларни карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда амалга ошириш зарур ва бунда байрам дастурида назарда тутилмаган бошқа ҳар қандай оммавий тадбирни ўтказиш тақиқланади.

Аввалроқ Озодлик Россияда бу йил ҳам ўтган йили бўлганидек 9 май - Ғалаба куни “Ўлмас полк” маршисиз нишонланиши, ташкилотчилар буни коронавирус тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари билан изоҳлашгани ҳақида хабар қилган.

Хусусий секторга ҳайдовчилик гувоҳномалари учун имтиҳон ўтказиш ҳуқуқи берилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда жорий йил 1 июнидан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорларга барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилди.

Бу ҳақда ҳукуматнинг 4 майда қабул қилинган “Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтилган.

Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар авваллари Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилиб келинганига эътибор қаратган.

Қайд этилишича, мазкур тартиб троллейбус ва трамвай транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун татбиқ этилмайди.

Наманганда сел туфайли темир йўл изи кўмилиб қолди, Тошкент-Андижон рейси бир кунга бекор қилинди

Намангандаги сел шикаст етказган йўллардан бири (ИИВ ЙҲХББ фотоси)

Наманган вилоятидаги “Поп – Қўшминор 2” темир йўл бекатлари оралиғининг 106 километрида темир йўл изини лой аралашмаси кўмиб ташлагани туфайли темир йўлда поездлар ҳаракати чекланган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси бунга 6 май куни ҳудудда кузатилган сув тошқинини сабаб ўлароқ келтирган.

ЙҲХББ кечаги сел важидан вилоятнинг айрим жойларидаги автомобиль йўлларида ҳам чеклов жорий этилганини билдирган.

Айни пайтда “Ўзтемирйўлйўловчи” акциядорлик жамияти Фарғона водийсида кузатилаётган ноқулай об-ҳаво шароити ҳамда сел туфайли 7 май куни 60-сонли Тошкент – Андижон йўловчи поездининг ҳаракатланиши 1 рейсга бекор қилиниши ҳақида маълум қилган ҳамда йўловчиларга сотиб олинган чипталар пулини тўлиқ қийматда вокзаллар чиптахоналаридан қайтариб олишлари ёки бошқа санага алмаштиришлари мумкинлиги эслатган.

Темирйўлчилар қайдича, мазкур вазият Фарғона водийсига ва у ердан бошқа вилоятларга ҳаракатланаётган барча йўловчи поездларнинг ҳаракат жадвалига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Президент чет тилларни ўрганиш агентлиги ташкил этиш тўғрисида кўрсатма берди

Маҳаллий матбуотнинг хабар беришича, 6 май куни президент ўтказган видеселектор йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилиши ҳақида маълум қилинди.

Шавкат Мирзиёев йиғилишда янги ташкил этиладиган агентлик боғча, мактаб, лицей, олийгоҳ ва ўқув марказларида камида 10 та чет тилини, жумладан, инглиз, рус, немис, француз, хитой, корейс, япон, турк, араб, форс тилларини ўргатишни ташкиллаштириши зарур эканини таъкидлади.

Бундан ташқари агентлик болаликдан хорижий тилларни пухта ўрганиш кўникмаларини шакллантирадиган анимацияларни, видеороликларни, мобиль ўйинларни ва кўнгилочар кўрсатувларни ишлаб чиқариши шарт бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев коллеж ва олийгоҳлар битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билиши шартлиги тўғрисидаги талабни ҳам кун тартибига қўйди.

“Биз рақобатдош давлат қуришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, бундан буён мактаб, лицей, коллеж ва олийгоҳ битирувчилари камида 2 та чет тилини мукаммал билишлари шарт. Бу қатъий талаб ҳар бир таълим муассасаси раҳбари фаолиятининг асосий мезонига айланиши лозим”, — деб иқтибос келтирди Шавкат Мирзиёев сўзларидан “Газета уз”.

Навоийда автоавария оқибатида уч киши ҳалок бўлди

2021 йилнинг дастлабки икки ойида аварияларда 265 киши ўлган.ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати инфографикаси.

Навоий вилоятида автоҳалокат оқибатида уч киши вафот этгани тўғрисида Zamon uz 6 май куни хабар берди.

Билдирилишича, 3 май куни соат 21:00 ларда Қизилтепа тумани ҳудудидан ўтган Когон-Қизилтепа-Тошробод-Янгиқурғон автомобиль йўлида Tracker-2 русумли автомашина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган. Оқибатда автомашина йўл четига ағдарилган.

Авария оқибатида воқеа жойида 2 киши ҳалок бўлди, яна бир киши касалхонада кўз юмди.

Ўзбекистон автоавариялар натижасида ўлим ҳолатлари кўп юз берадиган давлатлар қаторига киради.

Масалан, ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати март ойида 2021 йилнинг январь—февралида содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларида 265 киши ҳалок бўлгани ва 724 киши тан жароҳатлари олганини билдирган.

Ўзбекистонда 2020 йилда авариялар оқибатида жами 1962 киши ҳалок бўлган.

1 майдан “боғча пули” 15 фоизга оширилганининг сабаби маълум қилинди

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошгани муносабати билан болалар боғчаларига ота-оналар тўлайдиган ҳақ миқдори ҳам 15 фоизга кўпайтирилди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги расмийлари АОКАда ўтган брифингда маълум қилди.

Аввалроқ 1 майдан бошлаб давлатга қарашли болалар боғчаларида “боғча пули ўртача 15 фоизга оширилгани” хабар қилинган эди.

Билдирилишича, айни пайтда пойтахт Тошкента “боғча пули” ойига ўртача 246 минг сўмни, вилоятларда эса ўртача 167 минг сўмни ташкил этмоқда.

Давлат статистика қўмитаси 2020 йилда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ўртача 15,3 фоизга ошганинини билдирган эди.

Аввалроқ Озодлик радиоси Молия вазирлигининг UzASBO тизимида рўй берган техник узилиш сабаб мамлакатдаги айрим болалар боғчаларида озиқ-овқат муаммоси юзага келгани ҳақида мақола эълон қилган.

Ички ишлар ходими кийимида рақс тушган йигит қамалди

2 май куни ижтимоий тармоқда тарқатилган видеодан скриншот.

Тошкент вилоятида ички ишлар ходими кийимида рақсга тушган 21 ёшли йигит 7 суткага қамалди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати 5 май куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, йигит сартарош бўлиб ишлаган. У 2 май куни “Янгиобод” бозорида ички ишлар ходими формаси сотилаётганини кўрган ва уни харид қилган. Шундан сўнг у формани кийиб, ўзи ишлайдиган сартарошхонада рақсга тушиб видеога олган ҳамда мазкур видеони танишларига жўнатган.

“Ҳолат бўйича ўтказилган суриштирув давомида ИИО ходими йигитдан вазиятга ойдинлик киритишни сўраганида, у ходимга қаршилик кўрсатган”,-дейилади хабарда.

Хабарда таъкидланишича, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туман суди йигитга 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Коронавирусга чалинганлар сони 93 мингдан ошди, эмланганлар сони 1 миллионга яқинлашди

Ўзбекистонда шу кунгача коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнида 1 миллион 9 минг 510 доза вакцинадан фойдаланилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 5 май куни мамлакат бўйлаб жами 45 минг 616 доза вакцина қўлланилган, улардан биринчи босқич эмланганлар 34 минг 89 нафарни, иккинчи босқичда эмланганлар эса 11 минг 527 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтгача фойдаланилган 1 миллион 9 минг 510 доза вакцинадан 32 минг 533 дозаси иккинчи босқичда қўлланилгани эътиборга олинса, биринчи босқичда эмланган сони 976 минг 977 нафар экани маълум бўлади.

Бу орада Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 5 май ҳолатига кўра, 93 минг 176 нафарга етган.

ССВ қайдича, ўтган кеча-кундузда мамлакатнинг истисносиз барча ҳудудларида 452 киши коронавирус юқтириб олган, бу рақам эса жорий йил ҳисобидан янги аксилрекорд бўлиб ҳисобланади.

Айни пайтда чоршанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 440 нафар бемор тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 88 минг 975 нафарни ташкил этган.

Вазирлик тиббиёт муассасаларида ҳозирда 3544 нафар бемор муолажа олаётганини билдирган, қурбонларнинг умумий сони эса, сўнгги расмий маълумотларга кўра, 657 нафарга етган.

МБ Ўзбекистонда ипотека кредитлари ҳажми кескин ошишига сабаб бўлган омилларни санади

Андижонда сўнгги йилларда қурилган кўп қаватли уйлар

Ўзбекистонда кейинги йилларда ипотека кредитлари ҳажмининг кескин ошишига уй-жойга бўлган талабнинг ошиб бориши ҳамда аҳолини уй-жой билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши сабаб бўлган. Бу ҳақда Марказий банк томонидан 5 май куни тақдим этилмиш 2020 йил ва 2021 йилнинг I чораги учун “Ипотека кредитлари таҳлили”да айтилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ипотека кредитлари қолдиғи 2018 йил 1 январь ҳолатига 9,7 триллион сўмни ташкил этган бўлса, 2021 йил 1 январь ҳолатига 3 баробарга кўпайиб, 28,3 триллион сўмга етган. Ипотека шартномалари сони эса 121,7 минг донадан 238,4 минг донага етиб, қарийб 2 баробарга ошган.

МБ ипотека кредитлари ҳажми ва унга бўлган талабнинг ошишига қуйидаги омилларни сабаб ўлароқ келтирган:

  • мамлакатда аҳоли сонининг ўсиб бориши;
  • республикада инвестицион фаоллик ва уй-жой қурилиши суръатларининг ошгани;
  • аҳоли реал даромадларининг (сўнгги 4 йилдаги ўртача йиллик ўсиш 6,9 фоизга тенг) ошиб бораётгани;
  • амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳудудларда урбанизация даражасининг ортиб бориши ва уй-жой қурилиши учун зарур инфратузилмаларнинг кенгайиши;
  • бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш тизимининг жорий этилиши натижасида тижорат банклари ипотека кредитлари ажратиш учун барқарор ресурс манбаи билан таъминланаётгани;
  • якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун ва улушдор жисмоний шахсларга ажратиладиган ипотека кредитларининг соддалаштирилгани.

Марказий банк 2017-2020 йиллар мобайнида жами 220,2 минг нафар фуқарога умумий қиймати 25,8 триллион сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилганига эътибор қаратган.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун қуйи палатада қабул қилинди

Ўзбекистонда бундан буён диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш электрон тизим орқали амалга оширилиши кутилмоқда. Мазкур тартиб Қонунчилик палатаси томонидан сўнгги кунлар ичида кўриб чиқилиб, учинчи ўқишда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасида акс этган.

Палата матбуот хизмати қайдича, янги қонунда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашда мавҳум бўлган айрим диний атамаларга ойдинлик киритиш, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаш орқали уларнинг эркин фаолиятини янада кафолатлаш, диний ташкилотни тузиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, уни давлат рўйхатидан ўтказишда рад этиш асосларини аниқ кўрсатиш, бу соҳада тегишли давлат органларининг ваколатларини белгилаш, диний ташкилотни тугатиш, диний ташкилотларнинг ўтказилиши режалаштирилган тадбирлари ҳақида хабардор қилиш, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш ва уларни давлат диншунослик экспертизасидан ўтказиш тартиблари каби нормалар ўз аксини топган.

Маҳаллий нашрларга кўра, янги қонун лойиҳасида фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслигига оид чеклов ҳам олиб ташланган.

Айни пайтда, kun.uz нашрининг ёзишича, айрим депутатлар ушбу қонунга узвий боғлиқ бўлган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-1-моддаси ўз кучида қолаётганига эътибор қаратганлар. Агар жамоат жойларида ибодат либосида юришга доир чекловлар олиб ташланса, бу модда янги қонунга тескари кучда бўлиб қолади. Шу сабабли депутатлар Дин ишлари бўйича қўмитага МЖтКдаги мазкур моддани бекор қилиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш ва бу борадаги ишларда ташаббускор бўлишлари кераклигини қайд этганлар.

Ҳужжат билан диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш бўйича берилган аризани кўриб чиқиш муддати уч баравар қисқартирилиб, уч ойдан бир ойга туширилган. Бу ва бошқа кўплаб ўзгартишларни ўз ичига олган янги қонун кучга кириши учун эндиликда Сенат томонидан маъқулланиб, президент томонидан имзоланиши лозим. Бу ишлар амалга ошган тақдирда, шу кунда амалда бўлган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти ўтган йил декабрида Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарган. Бироқ АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси (USCIRF) жорий йил апрель ойида Ўзбекистонни махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатига қайтаришни тавсия қилганди. Комиссиянинг бундай хулосага келишига асосан қонунчиликдаги муаммолар, хусусан “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси халқаро стандартларга мос келмаслиги сабаб бўлгани билдирилганди.

ДСҚ ўз ходимларининг даромад ва активларини мажбурий декларациялашни таклиф этди

Давлат солиқ қўмитаси биноси

Давлат солиқ қўмитаси солиқ хизмати ходимлари томонидан ҳар йили даромадлари ва эгалигида бўлган активлар тўғрисида декларация тақдим этиш бўйича мажбурий талабни белгилашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиққан. Бу ҳақда ДСҚ матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, лойиҳада давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари 2020 йилда олган даромадлари ва эгалигида бўлган активлари тўғрисида 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар ҳамда келгуси йилдан бошлаб ҳар йили 1 апрелга қадар декларация тақдим этиши назарда тутиляпти.

Бундан ташқари, “Давлат солиқ хизмати тўғрисида”ги Қонунига давлат солиқ хизмати органларининг барча ходимлари зиммасига декларация топшириш талабини юклаш ва ушбу талабга риоя қилмаганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш киритилади.

“Эндиликда давлат солиқ хизмати органининг ҳар бир ходими кўчар ва кўчмас мулклари, бошқа активлари, шунингдек ҳисобот йилида олган даромадлари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда декларация тақдим этиши шарт бўлади”, дейилган хабарномада.

Декларацияларни қайта ишлаш натижасида олинган ахборотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик талабларидан келиб чиқиб, жамоатчилик учун очиқ ҳолда махсус ochiq.soliq.uz веб-сайтига жойлаштириш таклиф этилган.

Аввалроқ Озодлик бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов амалдорларнинг харажатлари, уйи, машинаси, кийим-кечагу соатигача назорат қилиниши лозимлиги ҳақида гапиргани, ундан кейин адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистонда бюджет пуллари сарфланиши шаффофлиги таъминланиши, шу билан бирга, амалдорларнинг кўчмас мулк ва машиналари тўғрисидаги маълумотлар очиқланиши кераклигидан баҳс этгани хусусида хабар қилганди.

Куздан бошлаб ҳайдовчилардан қоғоз шаклидаги ишончнома талаб қилинмайди

Ўзбекистонда автомототранспортни бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган), техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома электрон шаклга ўтказиш орқали жорий йил 1 сентябридан мазкур ҳужжатларни ҳайдовчидан талаб этиш тартиби бекор қилинади. Янги тартиб ҳукуматнинг шу йил 4 майида қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида акс этган.

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 августидан қуйидаги давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади:

автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;

автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлар ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш.

Айни пайтда 2022 йил 1 августидан ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатлар фақат ЯИДХП орқали тақдим этилиши белгиланган.

АҚШ Оролбўйига 3 миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Орол денгизи ҳудуди.

АҚШнинг Project C.U.R.E ширкати ташаббуси билан Сиэтл шаҳридан Қорақалпоғистон аҳолиси учун хайрия лойиҳаси доирасида биринчи гуманитар ёрдам жўнатилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Дунё” ахборот агентилигининг 4 майда билдиришича, мазкур лойиҳа Boeing ширкати билан ҳамкорликжда амалга оширилмоқда.

Гуманитар ёрдамнинг биринчи партияси 3 миллион долларлик тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, сунъий шамоллатиш мосламаларини ўз ичига олган 40 футлик ўнта контейнер ташкил қилди

“Ушбу юкни Канзас-ситидан Сиэтлга (3 минг километр) Пенсильвания штатидаги ўзбеклар диаспораси фаолларидан бири, логистика компанияси асосчиси Аҳмаджон Одилов беғараз амалга оширди. Бундан ташқари, АҚШдаги ватандошлар томонидан асос солинган «Give to Get International» хайрия ташкилоти кўмагида мустақил экспертларнинг Қорақалпоғистондаги тиббиёт муассасаларининг эҳтиёжларини баҳолаш бўйича харажатлари тўланди”, - дейилади хабарда.

Аввалроқ мазкур юк Ўзбекистон учун Boeing ишлаб чиқарган Dreamliner учоғи орқали Тошкентга етказиб берилиши маълум қилинган эди.

Ис газидан заҳарланиб ўлганлар ҳақида давлат қўмитаси президентга қарши маълумот берди

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси маълумотида ис газидан ўлганлар сони президент айтганидан анча кам.

Ўзбекистонда 2020 йилда ис газидан заҳарланиш бўйича 70 та ҳолат қайд этилди. Заҳарланиш оқибатида 66 кишининг соғлиғига зарар етди, 91 киши вафот этди.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг билдиришича, 2020 йилда ис газидан ўлганлар сони 2019 йилга нисбатан 41 кишига кўп бўлган. 2019 йилда ис газидан заҳарланиш бўйича 31 та ҳолат рўйхатга олинган, 21 киши жароҳат олган, 50 киши ўлган эди.

Мазкур муаммо 2020 йил 16 декабрида президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам қайд этилган эди.

Йиғилишда президент 2020 йилда рўй берган 56 та ис газидан заҳарланиш ва 106 та чақнаш ҳолати оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этгани, 190 нафари заҳарлангани ва куйиш тан жароҳатини олганини таъкидлаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG