Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:40

Мирзиёев икки вилоят ҳокими ўринбосарларини ишдан олди, ҳокимларга уч ой муҳлат берди


Мирзиёев вилоят ҳокимларини қўл остидаги амалдорларни "ишлата олмаётганлиги" учун танқид қилган.
Мирзиёев вилоят ҳокимларини қўл остидаги амалдорларни "ишлата олмаётганлиги" учун танқид қилган.

8 апрель кунги видеоселектор мажлисида президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларини қўл остидаги амалдорларни "ишлата олмаётганлиги" учун танқид қилди.

Тадбиркорлик масалаларига бағишланган видеоселектор чоғида Қашқадарё ва Навоий вилоятларида кичик бизнес ишлаб чиқарган саноат маҳсулотлари ҳажми республика кўрсаткичидан икки баробар камлиги айтилди.

Президентга кўра, кейинги 3 ой давомида вазият ўзгармаса, вилоят ҳокимлари ишдан олинади.

«Вилоят ҳокимлари қаттиқ туришмаяпти, ишламаганни ишдан олмаяпти. Агар сизлар ишдан олмасангиз, мен сизларни ишдан оламан. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватламаган раҳбар раҳбар эмас.

Қанча пул бермайлик, шароит яратмайлик, қуйи поғонадаги раҳбарлар вазиятни тушунмас экан, оғир пайтларда, пандемия шароитида қилган шунча ҳаракатларимиз зое кетаверади. Бугун жуда кўп одамни ишдан оламиз, сизлар сиёсатни тушунмаяпсизлар», деди президент.

Мажлисда таъкидланишича, инфратузилмадаги муаммолар туфайли 320 та тадбиркор сўнгги 2 йилда импорт қилган 220 миллион долларлик асбоб-ускуналарини ишга тушира олмаяпти. Электр қуввати паст бўлгани сабабли биргина Янгиҳаёт туманидаги 24 та корхонада 2,5 мингта иш ўрни ва экспортдан йилига 25 миллион доллар зарар кўрилмоқда.

Ана шу муаммоларни ҳал қилиш юзасидан саноат зоналарини инфратузилма билан таъминлашга 2021 йилда 2 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилаётгани таъкидланди. Шу йил охирига қадар 168 та саноат зонаси 405 километр сув, 362 километр газ, 468 километр электр энергияси ва 104 километр йўл билан таъминланиши кўзда тутилган.

“Жуда оғир йилларда яшаяпмиз. Ҳар куни изланиш, интилиш ва пировард мақсадга ишлаш керак. Тадбиркорни қўллаб-қувватламасак, уларга шароит яратмасак, тадбиркорларни кўпайтирмасак, шаҳар ва туманларда маҳаллий бюджет кўпаймайди-ку.

Биз қанчалик кўп маблағ бермайлик, фармон-қарорлар қабул қилиб, шароит яратмайлик, қуйи поғонадаги раҳбарлар дунёқарашини ўзгартириб, тадбиркор билан дўст бўлиб ишламаса, натижа бўлмайди”, деди президент.

Йиғилишда бир неча вилоят раҳбарларининг ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари ишдан бўшатилди, Қашқадарё ва Навоий вилоятлари ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.

Мирзиёев вилоят ҳокимларига вазиятни ўнглаш учун 3 ой муҳлат берди.

XS
SM
MD
LG