Линклар

Шошилинч хабар
28 январ 2020, Тошкент вақти: 10:23

Мирзиёев олқишлаган “Ойбек-Фаберже" Тошкентда қайта ҳибсга олинди


Президент Шавкат Мирзиёев Ойбек Миралиев билан. Сурат jahon.uz сайтидан олинди.

Ўзбекистондаги паррандачилик бизнесининг асосий иштирокчиларидан бири сифатида кўриладиган 42 яшар Ойбек Миралиев ва унинг укаси Элдор 23 декабрь куни қайта ҳибсга олинди. Озодликда нусхаси бўлган суд ажримига кўра¸ тадбиркорга эҳтиëт чораси сифатида 2 ой қамоқ белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Т. Турсунов раислик қилган 23 декабрдаги маҳкамада тадбиркор Миралиевга нисбатан янги айблов илгари сурилгани боис унга нисбатан қамоқ эҳтиëт чораси қўлланилиши ҳақида ажрим чиқарилди.

Шу тариқа 3 кун олдин жиноят иши туман суд қарори асосида тугатилган Миралиев юқори инстанция суди ажрими билан яна икки ой қамоқда қоладиган бўлди.

Терговни Бош прокуратура олиб борган

Судда иштирок этган Миралиевнинг адвокати Ëқутхон Худоëрованинг Озодликка айтишича¸ ака-укаларга қарши Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси жиноят иши очган. Адвокатга кўра¸ Миралиев устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддасида (Фирибгарлик) кўзда тутилган жиноятларни содир этганлик айби билан жиноят иши очилган.

Яшнобод суди тадбиркорни айбсиз деб топган эди

Ойбек Миралиев яқинларининг Озодликкка айтишича¸ ака-укаларга (Ойбек ва Элдор) нисбатан очилган жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман судининг жорий йилнинг 19 декабрь кунги қарори билан бекор қилинган. (Суд қарори нусхаси Озодликда мавжуд)

Миралиевнинг адвокати Ëқутхон Худоëрова Озодлик билан суҳбатда 19 декабрь кунги суд бу ишда жиноят таркиби йўқлиги боис ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига кўра тугатилганини айтди.

Адвокатнинг Озодликка айтишича¸ жорий йилнинг 19 декабрида жиноят иши тугатилгани ҳамоноқ, ака-ука тадбиркорлар Бош прокуратура томонидан олиб кетилган. ва уларга нисбатан жиноят иши (168-модда - Фирибгарлик) янгидан очилган.

Ойбекнинг яқинлари бу ҳолат ортида "судга амр бера оладиган акахонлар" турганига ишорат қилишди.

- Уч ой ушлади, жиноят аломати топишолмади. Сфабрикованний дело деб топди суд. Лекин прокуратура яна янги иш очди. Шунга суд яна эҳтиëт чораси сифатида 2 ойга қамоқ белгилади. Буюртмачи Олий судга буйруқ берадиган даражада қудратли шекилли, - деди Ойбекнинг яқинларидан бири.

Мухрланиб мусодара қилинди

Яқинларининг айтишича¸ ака-ука тадбиркорлар Ойбек, Элдор, Сардор Миралиевларга тегишли Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги МЧЖ ҳужжатлари олиб кетилган.

Тергов ҳужжатлари билан танишган яна бир мулозимнинг иддаосига кўра¸ Ойбек Миралиевга тегишли бўлган нархи тахминан 170 минг АҚШ доллари турадиган, 2016 йили ишлаб чиқарилган “Mercedes Maybach” автомобилига жиноят иши доирасида вақтинча банд солинган.

Тергов иши билан танишган республика ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи мулозим иддаосига кўра¸ Ойбек ва Элдор Миралиевлар бошқа бир машхур тадбиркорнинг (малозим бу тадбиркорнинг исм-фамилиясини Озодликка айтди) 7 миллион АҚШ долларини олиб, қайтиб бермаганликда гумон қилинмоқда.

Иддаолар

Интернетдаги “Jahon.uz”нашрининг ëзишича тадбиркорнинг қамоққа олиниши ортида Ўзбекистондаги йирик криминал авторитетининг манфаатлари турибди.

Ўз фаолият доирасига матбуотга гапириш ваколати кирмагани боис, исми айтилмаслигини сўраган мулозимнинг айтишича, жиноят иши папкаси устига “Назоратда” деган мухр босилган.

Мулозимга кўра¸ бу иш “Президент администрацияси бошлиғи ва Бош прокуратура назоратида ушлаб турилибди”.

Мулозим иддаосига кўра¸ тадбиркордан мусодара қилинадиган пуллар Тошкентда қурилиши режаланган "Спорт аренасига" сарфланади.

Аммо бу иддаонинг ҳужжат кўринишидаги тасдиғи Озодликда йўқ.

Иш февралда очилган эди

Ойбек Миралиевнинг адвокати Ёқутхон Худоëрованинг Озодликка айтишича, Тошкент шаҳар ИИБ Ойбек Миралиев ва унинг укаси устидан тергов ишини жорий йилнинг февралида очган. Ака-укалар терговга қатнаб юрган.

- Жиноят аломати топилмагач, дело ёпилган. 21 сентябрда Бош прокуратура унга сиртдан қидирув эълон қилиб, 23 сентябрда ҳибсга олди. Ҳимоямдаги Ойбек Миралиев устидан унинг собиқ тижорий шериги, тадбиркор Ғофир Раҳимовнинг хотини Лола Раҳимова ва унинг синглиси шикоятлари асосида тергов қўзғатилган¸ - деди адвокат Ëқутхон Худоëрова.

7 миллион долларлик даъво

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг Озодликда нусхаси бўлган ажримида Лола Раҳимова ва унинг синглиси Гўзал Камолхўжаеваларнинг исмлари даъвогар сифатида зикр қилинган.

Адвокатнинг айблов ҳужжатларига таяниб¸ Озодликка билдиришича¸ Ойбек Миралиев Лола Раҳимованинг синглисига тегишли кўчмас мулкни 650 минг долларга сотиб, пулини бермаганликда гумон қилинмоқда.

Адвокат танишган даъво аризасида Лола Раҳимова ўзига тегишли Майбах русумли автомобилни “Ойбек Миралиев ўзлаштирди” деб даъво қилгани ёзилган. Бундан ташқари Ғофир Раҳимовнинг вакили ўз даъво аризасида Ойбек Миралиев ва укаси Раҳимовлар оиласига тегишли жами 7 миллион долларга яқин маблағни ўзлаштириб юборганликда айбламоқда.

Аммо, Ойбекнинг адвокати Ёқутхон Худоëрова ака-укага қарши иш тўлалигича "сфабрикованний" (уйдирма) эканини иддао қилди.

Адвокат Худоëровага кўра¸ манфаатдор доиралар “ Ойбекни қаматиш йўли билан унга тегишли кўчмас мулклар, ширкатларни ўзлаштириб олишмоқчи”.

Ички ишлар вазирлиги терговчилари тергов пайтида Ойбек ва унинг укасига қўйилган айбловларни асоссиз деб топган ва бу хулоса тикилган ҳужжатлар тўплами Озодликда мавжуд.

Озодлик гаплашган Ойбекнинг яқинлари бу иш ортида Ғофир Раҳимов билан яқин алоқада бўлган юқори мансабли ҳукумат мулозимлари турганини иддао қилди. Айни пайтда Озодликда бу иддаонинг расмий тасдиғи ëки инкори йўқ.

26 декабрда Озодлик мухбири Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматига телефон қилиб “Миралиев иши” бўйича изоҳ сўради. Прокуратура Озодлик сўровини қаноатлантирмади.

Президент олқишлаган тадбиркор

Тадбиркор гуруҳлар орасида "Ойбек тухум"¸ “Ойбек-фаберже” (Заргар Карл Фаберже (1846-1920) ясаган тухум шаклидаги заргарлик асарлари ишора) ¸"Киндер сюрприз" деган номлар билан танилган Ойбек Миралиев сўнгги 10 йил ичида мамлакатдаги паррандачиликка ихтисослашган бизнеснинг асосий фигураларидан бир ҳисобланади.

Озодлик танишган 2011 йилга оид ҳужжатларда Ойбек Миралиев Навоий вилоят, Кармана туманидаги “Сардоба Парранда” фабрикасининг эгаларидан бири эканлиги қайд этилган.

Шунингдек Озодликда Ойбек Миралиев ўзининг икки укаси Сардор ва Элдор билан биргаликда Латвиядан Ўзбекистонга шрот (қорамоллар учун озуқа, кунжара) импорт қилгани ҳақида маълумот бор. Озодлик мухбири кўрган ҳужжатларда акс этишича, Ойбек Миралиев 2010 йилдан 2012 йилгача БААнинг Дубай шаҳрида бир қанча тижорий тадбиркорлик лойиҳаларида иштирок этган.

2017 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ака-ука тадбиркорлар Ойбек, Элдор, Сардор Миралиевлар томонидан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида барпо этилган паррандачилик мажмуасига бориб тадбиркорларни олқишлаган эди.

XS
SM
MD
LG