Линклар

Шошилинч хабар
13 июн 2021, Тошкент вақти: 14:14

Мирзиёев ўзи тайинлаган вазир ва ҳокимларнинг бошқарув вертикали ишламаётганини тан олди


Президент Мирзиёев 12 майда ўтказилган видеоселектор йиғилишида иқтисодиётдаги оқсоқликни бошқарувнинг вертикал тизими ишламаётгани билан изоҳлади.

Президентнинг бу гапини Озодликка шарҳлаган вилоят ҳокимлиги мулозимининг фикрича, чиндан ҳам бошқарувда муаммолар мавжуд, бироқ бу вертикалнинг ишламаётганидан эмас, балки юқоридан тушириладиган топшириқларнинг кўплиги, баъзида уларнинг бир-бирига зидлиги билан боғлиқ.

Мустақил таҳлилчилар эса, бошқарувдаги оқсоқликларни унинг кейинги йилларда шакллантирилган тузилмасидан излаш керак, деган фикрда.

Президент Мирзиёев 12 май куни макроиқтисодий вазият, ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича биринчи ярим йилликдаги вазифалар муҳокама қилинган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Мирзиёев: Вазият хавотирли

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда жорий йилнинг дастлабки 3 ойида ялпи ички маҳсулот 3, саноат 3,8, қишлоқ хўжалиги 3,1 фоизга ўсгани, давлат бюджети даромадлари прогнозга нисбатан қарийб 2 триллион сўмга кўпайгани, экспорт ҳажми январь-апрель ойларида 3,2 миллиард долларни ташкил этгани қайд этилган.

Айни пайтда “Ўзавтосаноат”да ишлаб чиқариш ҳажми 40 фоиз, “Ўзбекнефтгаз” тизимида 4,7 фоиз, чарм маҳсулотлари тармоғида 10 фоизга пасайган.

“Сўнгги йилда дори-дармон ва тиббиёт буюмларига эҳтиёж кескин ошган бир пайтда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 22 фоизга камайган. Шунингдек, 74 та йирик ҳудудий корхонада ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,1 триллион сўм камайишига йўл қўйилган”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Президентнинг фикрича, иқтисодиётдаги вазият “хавотирли” ва аҳволни ўнглаш учун коррупцияни йўқотиш ва бошқарув вертикалини ишлатиш лозим:

“Агар коррупцияни йўқ қилсак, агар жойларда вазирнинг вертикал тизими ишласа, туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг ўз масъулияти, муовинларининг масъулияти жойига тушса, бугун мажлис ўтказишга ҳожат йўқ эди. Жуда хавотирдаман. Тармоқлар тортмаяпти аравани. Тортмаса кетиши керак”, деди Президент.

Биринчи президент давриданоқ бошқаруви қаттиқ вертикаллашган Ўзбекистонда давлат раҳбарининг “вазирнинг вертикал тизими ишласа, туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг ўз масъулияти, муовинларининг масъулияти жойига тушса” дейиши кутилмаган баёнотдир.

Ҳокимлик мулозими: Топшириқ жуда кўп, бажаришга улгурмаяпмиз

Фарғона водийсидаги вилоятлардан бири ҳокимлиги мулозими (исми ҳам, ҳатто вилояти номи ҳам айтилмаслик шарти билан гапирди) Президентнинг бошқарув вертикали ишламаяпти, деган фикрига қўйшилмаслигини билдирди:

“Президент-ҳукумат-вилоят ҳокими-туман/шаҳар-ҳокими-ҚФЙ/МФЙ вертикали ҳам, вазирлик-вилоят бошқармаси-туман/шаҳар бўлими вертикали ҳам бинойидай ишлаб турибди”.

Мулозимнинг фикрича, оқсоқликнинг сабаби бошқа нарсада:

“Амалда Президент айтганидай эмас, албатта. Ҳамма ишлаяпти. Ихтиёрий ҳам, мажбурий ҳам, онгли ҳам, онгсиз ҳам ишлаяпмиз. Тиним йўқ. Чунки юқоридан талаб жуда катта. Қарор, фармон, меъёрий ҳужжатлар жуда кўп. Бу ҳужжатлар талабларини тўлиқ бажаришнинг умуман имкони йўқ. Улгуриб бўлмаяпти. Деярли ҳар куни янги ҳужжат тушади. Унга биноан иш бошланиши биланоқ янгиси тушади ва аввалигиси унутилади. Лекин унутилган ҳужжат амалда қолаверади. Исталган вақтда тепа сўраши ва бажармаяпсан, ишламаяпсан, деб айблаши мумкин”.

Мулозим мисол тариқасида Тошкентдан вилоятдаги пахта далаларининг учдан бирини томчилатиб суғоришга ўтказиш тўғрисида яқинда келган топшириқни эслади.

“Пахта далаларининг учдан бир қисми бир неча ўн минг гектарини томчилатиб суғоришга ўтказишимиз керак. Бу қабул қилинган қарор. Биласизми, бу нима дегани?! Бунга неча минг километр трубалар керак! Асбоб-анжом керак! Маблағ керак! Мутахассислар керак! Қандай улгурамиз бунга ахир, ўзингиз ўйланг, инсоф билан?!”

Қашқадарёлик журналист: Чўпон кўпайди...

Водийлик давлат мулозими бошқарувдаги оқсоқликни имкониятдан ташқари топшириқларнинг кўплиги билан изоҳлаётган бир пайтда, қашқадарёлик журналист Бердиёр Жумаевнинг фикрича, агар чиндан ҳам бошқарув вертикалига путур етган бўлса, бунинг сабабини ҳокимларга чексиз ваколат бериб қўйган Президентнинг ўзидан сўраш керак:

“Мирзиёев “ҳоким менинг одамим”, деб уларнинг дахлсизлигини таъминлаб қўйганидан кейин уларнинг барча тушовлари ечилиб, нафсию иштаҳаси очилиб кетди. Натижада улар "коррупциябоши"га айланиб қолди. Шу ерда бошқарув вертикалига маълум маънода путур етди, дейиш мумкин. Чунки ҳокимлар тизгинсиз қолган отдай бўлиб қолди. Вақти келса, Президент борлигиниям эсидан чиқариб қўядиган бўлиб қолишди. Фикримга бутун мамлакат бўйлаб ҳокимлар қилган ўзбошимчаликлар далил бўла олади”.

Онахон ҳокимиятнинг буз-бузини тўхтатиш учун дарахтга чиқиб олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:37 0:00

Бердиёр Жумаевга кўра, ҳудудлар бошқарувининг янги архитектураси ҳам тескари натижа бермоқда:

“Бошқарувни яхшилаш мақсадида ҳар туман, ҳар шаҳарни тўртта секторга бўлиб қўйдию лекин бу усул тескари самара беряпти. Ҳокимдан бошқа секторбоши - прокурор, ИИБ бошлиғи, Солиқ инспекцияси раҳбарининг асосий иш жойидаги ишлари қолиб кетяпти. Ҳатто менимча, улар на ўз ишини, на сектор раҳбарлигини қиляпти. Хуллас, бошқарув вертикали ҳақида гап кетганда, хаёлимга шу гаплар келяпти. Назаримда, бошлиқ кўпайиб кетгандай ва бу ҳолат "чўпон кўпайса...", деб бошланадиган матални ёдга солади. Лекин бу иқтисодиёт оқсаётганининг сабабларидан бири холос”, - дейди қашқадарёлик журналист.

Халқаро ташкилот: Ўзбекистон ҳануз авторитар давлат сифатида қолмоқда

Ўзбекистон президенти “бошқарув” ҳақида гапираётиб назарда тутган фикри халқаро ташкилотларнинг бу тушунчага оид аниқламасидан фарқланиши мумкин. АҚШда жойлашган Freedom House инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўзининг бу йилги “Ўтиш давридаги давлатлар” (Nations in Transit 2021) ҳисоботида Ўзбекистонда ҳануз бошқарувнинг авторитар шакли сақланиб қолаётганини айтган.

Ўзбекистон ташкилотнинг сиёсий эркинликлар ва интернет эркинлиги рейтингида 2019 йилга нисбатан бир поғона юксалган, демократия рейтингида эса 2 поғона кўтарилган. Аммо ташкилотга кўра кўра, Ўзбекистон ҳануз авторитар давлат сифатида қолмоқда.

"Ўзбекистондаги ислоҳотлар, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ва суд соҳасидаги ислоҳотлар фуқаролар ҳаётини яхшилади, гарчи улар демократияни ривожлантиришга ёки ҳақиқий сиёсий плюрализм яратишга қаратилмаган бўлса ҳам”, дейилади ҳисоботда.

XS
SM
MD
LG