Линклар

Шошилинч хабар
14 май 2021, Тошкент вақти: 21:59

"Аҳоли розилигисиз". Қаршида уй-жой мулкдорлари ширкатлари мажбуран тугатилмоқда


Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйлар.

Қашқадарё вилоят, Қарши шаҳридаги 88та хусусий уй -жой мулкдорлик ширкати(УЖМШ) раҳбарлари аҳоли розилигисиз бошқа хусусий компанияларга қўшиб юбораётганидан шикоят қилмоқда.

УЖМШ раҳбарларининг айтишларича, улар иштирок этмаган ва амалда ўтказилмаган мажлис баённомаси тузилиб, сохта имзолар қўйилиб, шаҳар ҳокимига тасдиққа олиб кирилган.

Шаҳар ҳокими ҳам протокол сохталигига эътибор бермай бу баённомани тасдиқлаган.

Қарши шаҳар эксперт криминиластика бўлими имзолар сохта эканлигини тасдиқлади.

Қарши шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошлиғи Исроил Маҳмудов ширкатлар билан "муроса йўлини қидираётгани"ни айтди.

Озодлик суҳбатлашган Қарши шаҳар уй-жой мулкдорлик ширкатларининг раислари уларга нисбатан босим бўлишидан хавотир билдириб, исмларини сир сақлашни сўрашди.

Мулкдорлардан бир оғиз сўралмаган

Арзчиларнинг сўзларига кўра, хусусий ширкатлар амалдаги қонунга зид равишда, уларнинг розилиги олинмай бошқа ширкатларга бирлаштиришга ҳаракат бўлмоқда:

“Вазирлар Маҳкамасининг қарорида оғир ширкатлар ёпилиб, бошқа ширкатларга берилсин, дейилган. Масалан, давлатдан кредит олиб тўлолмаган ширкатлар. Лекин биз сўнгги уч йилда давлатдан бир сўм ҳам кредит олмаганмиз, аҳолидан тушган маблағ асосида иш олиб борганмиз. Қашқадарё вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Анвар Темиров қайси ширкатни тугатиш, қайсинисини қолдиришни бир ўзи ҳал қилиб ташлаяпти. Аҳолидан биз таклиф қилган компанияга қўшиласанми, йўқми, деб бир оғиз сўрамаган. Ўзларича сохта имзолар билан баённома тузиб, шаҳар ҳокимига имзога киритган. Ҳоким ҳам имзолар қалбакилигини қайдан билсин, тасдиқлаган”, дейди учинчи микрорайондаги УЖМШ раисларидан бири.

УЖМШ раислари аҳоли уларнинг хизматидан рози эканлигини айтмоқда.
УЖМШ раислари аҳоли уларнинг хизматидан рози эканлигини айтмоқда.

Исми сир қолишини сўраган бошқа УЖМШ раисининг айтишича, мулкдорларнинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилган:

“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонуннинг 8-бобида “кўп квартирали уйни бошқариш усули кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишида белгиланади", деб ёзилган. Аммо биздан бунга розилик олинмаган, хабаримиз ҳам бўлмаган, ўзлари хоҳлаган бошқа ширкатга бизни қўшиб юборишяпти. Одамлардан сен ўзингнинг ширкатингдан розимисан, деб ҳам сўралмаган".

Сохта баённома ва сохта имзолар

Раиснинг айтишича, мулкдорлар бехабар "гўё улар иштирок этган ва ширкатлар тугатилишига розилик берган мажлис"нинг сохта баённомаси тузилган:

"Қарши шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими собиқ бошлиғи Норча Йўлдошев ҳеч бир йиғилиш ўтказмасдан ва ширкат раислари билан хисоблашмасдан, аксинча йиғилиш ўтказилди, дея сохта ҳужжатлар билан йиғилиш баёнини шакллантириб, шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоевга киритади. Мазкур сохта йиғилиш баёнига асосан Қарши шаҳар ҳокими Нормўмин Холбоев 2020 йилнинг 2 – декабрдаги ХҚ 2231/12 - сонли қарорига асосан Қарши шаҳридаги 88 та уй -жой мулкдорлик ширкатларини тугатиш ҳамда бошқарув компанияларига қўшиб юбориш ҳақидаги қарор чиқаради.”

Шундан уй-жой мулкдорлик ширкатлари раислари тинмай юқори ташкилотларга мурожаат қилади. Жумладан, жорий йилнинг 14 январида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назировнинг қабулига ҳам боришган. Вазир ўринбосарини бу масалани қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги Қашқадарё вилояти уй жой комунал хизмат кўрсатиш бошқармасига йўллаган топшириғи ижроси бажарилмаган ва кўриб ҳам чиқилмаган.

Қарши шаҳар ҳокимининг (ХҚ-2231/12-сонли) қароридан норози бўлган бир неча ширкат раислари Қарши шаҳар туманлараро маъмурий судига мурожаат қилишади. Аммо 19 март куни суд шаҳар ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб кўриш ҳақидаги шикоят аризасини қаноатлантиришни рад этади.

Эксперт хулосасида имзолар сохталиги айтилган.
Эксперт хулосасида имзолар сохталиги айтилган.

Қарши шаҳар ИИО ФМБ(ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси) Эксперт-криминиластика бўлими Қарши шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими "тайёрлаган" мажлис баённомасини экспертизадан ўтказиб, ундаги имзолар сохта эканлигини аниқлаган.

Эксперт Элдорбек Бозоров хулосасида баённомада ўн кишининг имзоси ўзиники эмаслиги тасдиқланган.

Эксперт аниқлаган сохта имзолар.
Эксперт аниқлаган сохта имзолар.

"Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши!"

Қарши шаҳрининг Оқтепа маҳалласида яшайдиган уй бекаси Хайринисо Қувватова ширкатларни тугатиб катта ширкатларга бирлаштириш хизмат кўрсатиш даражасини пасайтиришини айтади:

“Халқимизда бир мақол бор, узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши, дейишади. Ширкатимиздан аҳоли юз фоиз рози. Қачон бир ерда бир муаммо бўлса, кечасими кундузими, дарров келиб ҳал қилишади. Ўзи кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатадиган ширкатлар кичик ва ихчам бўлгани яхши. Катта ширкат бўлса, бирор хизмат сифати ҳам пасаяди, улраг етишиш ҳам қийин бўлади. Агар биздан сўрашганида эди, биз ўзимизники маъқул деган бўлар эдик”.

"Қонуний муроса йўлини излаяпмиз"

Қарши шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошлиғи Исроил Маҳмудов Озодлик билан суҳбатда, бу вазифада январь ойидан бошлаб ишлаётганини айтар экан, юзага келган вазиятдан қонуний муроса йўлини қидираётганини айтди:

“3-микрорайонда ўнта ширкат бор. Ўша ерда янги компания тузилганди. Ўша икки-уч ой ишлаганидан сўнг, ширкатлар биз ўзимиз ишлаймиз, бизлардан сўрамаган деб, норози бўляпти. У янги компания ҳам шундан кейин ҳокимга хат ёзиб, рад қилиб кетди. Кейин уларга айтдим, ўзларинг мажлис ўтказиб ичларингдан битта янги раҳбар сайланглар дедим. Лекин 60 фоизи мен алоҳида бўламан дейди, шунақа ишлар бўляпти. Мен улар билан бу муаммони ҳал қилишнинг қонуний муроса йўлини излаяпман”.

Исроил Маҳмудовнинг айтишича, шаҳардаги 88та УЖМШи 12та хизмат кўрсатувчи сервис компанияларига бирлаштирилган.

Аммо исми сир қолишини сўраган УЖМШ раисларидан бирининг айтишича, бу бирлаштириш ҳам адолатсиз бўлган:

“Қандай бирлаштирилди денг, бир сўм ҳам кредитдан қарзи йўқ, муваффақиятли ишлаётган ширкатлар кредитини ёполмаган, “қизил” деб белгиланган, Вазирлар маҳкамасининг қарорига мувофиқ тугатилиши лозим бўлган ширкатга бирлаштирилди. Яъни содда қилиб айтадиган бўлсак, бешга ўқийдиган аълочиларга иккичилар бош бўлди!”

Қарши шаҳар ҳокимлигидан бу муаммога муносабат олишнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG