Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 04:57

Наманган аэропортида имомлар Россияга кетаётган муҳожирларга маъруза ўқимоқда(ВИДЕО)


Наманган аэропортида
Наманган аэропортида

Наманган аэропортида Россияга учиб кетаётган ўзбек меҳнат муҳожирларига маҳаллий имомлар панд-насиҳат қилмоқда.

Фейсбукда эълон қилинган видеода имом йўловчиларга “миссионерлар таъсирига тушиб қолмасликни”, “жуфтига хиёнат қилмасликни” ва “Россияга борганда террористик оқимларга аралашиб қолмасликни” уқтираётгани акс этган.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси таркибига кирувчи Наманган халқаро аэропорти мулозими, Озодлик сўровига жавобан, бу маърузалар “давлат махсус дастури” асосида олиб борилаётганини билдир​ди.

Наманган аэропортининг парвозни кутиш залида суратга олиниб, Фейсбукда эълон қилинган видеотасвирда имомлардай кийинган кишининг ваъз ўқиётгани акс этган. Воиз, жумладан, бундай дейди:

- Ҳозир кўринаяптики, ўзга давлатларга бориб, Интернет таъсирига тушиб қолиб, арзимаган пулларга динларини сотаётганлар учраяпти. Бу мусулмон одам сифатига тўғри келмайди. Мусулмон одам ёшлигидан Оллоҳга имон келтирдими, демак, мана шу имонини умрининг охиригача сақлаб қолади.

Бир нечадан дақиқадан сўнг самолётга чиқиши керак бўлган йўловчиларга воиз "мусулмон одам Ватанига, миллатига хиёнат қилмайди, аёл киши эрига, эркак киши эса аёлига қаерда бўлишидан қатъий назар хиёнат қилмайди", деб ҳам уқтиради.

Воиз, шунингдек, йўловчиларни террористик оқимлар таъсирига тушиб қолишдан огоҳлантиради:

"Энг катта таҳдидлардан биттаси – баъзи ўзга юртларга бориб туриб, динимизни ниқоб қилиб олган ҳар хил террористик оқимларга аралашиб қолиш ишлари бўлаяпти. Хусусан, Россияга борганларда. Бу нарсалардан ҳам ҳушёр бўлишлигимиз, алданиб қолмаслигимиз, мустаҳкам эътиқодимизда туришлигимиз керак бўлади".

Фейсбукда эълон қилинган бу видео остида шарҳ қолдирганларнинг баъзилари аэропорт кутиш залида маъруза қилган воиз Намангандаги “Имом Абу Юсуф” масжиди имоми Абдувосит домла эканлигини ёзди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси таркибига кирувчи Наманган халқаро аэропорти мулозими, Озодлик сўровига жавобан, бу маърузалар “давлат махсус дастури” асосида олиб борилаётганини билдирар экан, бундай деди:

- Бу давлат дастури. Россияга чиқиб кетаётган пассажирларга диний қўмита томонидан тузилган давлат дастури. Бу диний қўмитани дастури – ҳамма ташкилотлар билади, хуллас.

Наманган аэропорти ходимига кўра, бу маърузалар аэропорт раҳбарияти розилиги билан амалга оширилмоқда:

- Аэропорт “режимний объект” – ҳар ким чиқавермайди. Бунга рухсат бериш учун ҳамма ташкилотлар билан келишиб, ҳал бўлаётган нарса бу. Пассажирлар ўтказилгандан кейин кириб, диний қўмитадан ёзиб беришган гапини гапириб кетаяпти. Йўловчиларнинг ҳаммасини ташқарида йиғиб бўлмайдику, шу сабабли қайддан ўтказиб бўлгандан кейин 150 пассажир бўлса, ичкарига накопителга кириб, дастурини гапириб, насиҳатини қилади ва чиқиб кетади. Имомлар ҳар битта рейсда кетаётганлар олдига келиб, насиҳатини қиляпти. Бу бошқа аэропортларда ҳам бўлиши керак.

Аэропорт вакили бу маърузалар давлат идоралари ва Ўзбекистон мусулмонлар идораси Наманган вилоят вакиллиги назорати остида эканини ҳам эслатиб ўтди.

Фейсбукда эълон қилинган видеони шарҳлаганларнинг айримлари имом маърузасини “давлат сиёсатини тарғиб этишга” бағишланганини билдирса, бошқалар бу насиҳатлар “яхшиликка йўналтиришини” таъкидламоқда.

“Наманган аэропортида янги лойиҳа. Аэропортда рўйхаттан ўтиб, кутиш залида имомлар бориб маъруза қиляпти. Ўзи аэропорт қоидаси борми? Нейтрал зона деб номланган жойда шунақа ишлар бўлаверадими?
Ҳамма ўрўсга борганлар экстремист бўлаверадими? Ҳамма четдагилар хоин бўлаверадими "қори"?! Муаммо бунақа даъватлар билан ечилиб қолмайди!”-
деб ёзди юзер Дилшодбек.

Наманган аэропорти 2013 йилда “халқаро аэропорт” мақомини олган. Расмий маълумотларга кўра, ҳозирга келиб соатига 200 кишигача йўловчини жўнатиш ва қабул қилиш имконига эга бу маскандан Тошкентдан ташқари қолган рейсларнинг аксари Россиянинг Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларига амалга оширилади.

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси Россиядаги ўзбек муҳожирлари орасида ҳам диний тарғибот ишларини фаоллаштиргани кузатилмоқда. Ўзбекистонлик бир гуруҳ дин вакиллари Свердловск вилоятида меҳнат қилаётган муҳожирлар ва маҳаллий мусулмонлар олдида 5 кун давомида диний масалаларда маъруза ўқигани тўғрисида Озодлик хабар берган.

Ўзбекистонлик имомлар диний-экстремистик ғояларнинг муҳожир ёшлар орасида тарқалишига қарши профилактика ишлари доирасида ваъзлари билан Екатеринбургдан ташқари Санкт-Петербург, Москва,Нижний Тагил ва бошқа жойларда ҳам чиқиш қилгани маълум.

XS
SM
MD
LG