Линклар

Шошилинч хабар
22 август 2018, Тошкент вақти: 04:20

Домласи устидан доллар сочган талаба Дубайда, ўқитувчини яна ҳайдашди


2018 йилнинг 6 июнь куни Facebook ва Telegramнинг ўзбекистонликлар орасида оммалашган бир қатор саҳифаларида Тошкент давлат иқтисодиëт университетида 2010 йилда бўлиб ўтган воқеа видеоëзуви қайта тарқалди.

Биринчи марта 2010 йил декабрида Youtube порталига юкланган бу видео ўтмишда ҳам жамоатчиликни ҳайратга солган бўлса-да¸ кейинги бир-икки йил ичида бу каби воқеаларга фикр билдиришда фаоллашган ўзбек сегменти¸ бу гал видеоëзувдаги воқеадан жунбушга тушмоқда¸ уни кескин қораламоқда.

Бу воқеанинг бевосита гувоҳларидан айримлари Озодликка мурожаат қилиб¸ видеодаги шахслар ва уларнинг кейинги тақдирига ойдинлик киритиш истагини билдирди.

Домла устидан пул сочган талаба – асосий қаҳрамон ким?

Бу саволга воқеанинг бевосита гувоҳларидан бири¸ шахси очиқланмаслиги шарти билан ойдинлик киритди.

“Бу видео 2010 йилнинг¸ адашмасам¸ 15 майлари атрофида бўлган эди. 3-курс талабалари прикол учун видеога олишганди¸ кейин нимадир бўлиб¸ чиқиб кетди. Домлани масхара қилган бола¸ ўшандаги 3-курс талабаси Азиз Абдурасулов. У бола Салимбой Абдувалиевнинг шахсий ошпази¸ ҳозирда Яккасарой тўйхонаси бошқарувчиси Изатилло Абдурасуловнинг ўғли. Пули жуда кўп оила¸ умуман дарсларга келмасди¸ фақат бу эмас¸ бошқа домлаларга ҳам шунақа муомала қиларди. Сессияни пул билан ëпиб келган. Ундан ҳамма қўрқарди¸ безпредельшик эди. Видеодаги бошқа болаларнинг ҳаммаси Азизнинг шотирлари эди. Ўртоқларини уриб ташларди¸ ҳаммаси ундан қўрқарди¸” - дейди воқеа тафсилотларидан бевосита хабардор Иқтисодиëт университети собиқ талабаси.

Бу суҳбатдошга кўра¸ “пул сочувчи қаҳрамон” воқеадан фақат ҳайфсан билан қутулиб қолган¸ ўқитувчи эса¸ аксинча ишдан ҳайдалиб кетган.

“Бу видео Youtubeда тарқаб кетгандан кейин¸ университетда шов-шув бўп кетди. Аввалига бу болалар ўқишдан ҳайдаладиган бўлди¸ лекин катта одамлар¸ катта пул аралашиб¸ улар интизомий чора¸ ҳайфсан билан қутулиб қолишди. Домлага статья қўллаб¸ болаларга бефарқлик қилдинг¸ деб ҳайдаб юборишди. Ўшандан бери, билишимча у иш тополмай юрипти”¸ - деди 2010 йилнинг май ойидаги воқеа гувоҳларидан бири 11 июнь куни Озодлик билан суҳбатда.

Ҳақоратланган домла ким?

Бу видео 6 июнь куни ижтимоий тармоқларда қайта тарқаганидан сўнг Озодликка келган маълумотга кўра¸ ҳақоратланган Иқтисодиëт университети ўқитувчиси Дилшод Каримовдир.

«Домла математика ўқитувчиси Каримов Дилшод. Жуда юмшоқ бола. Бу видео ютюбга биринчи чикиб кетгандан кегин... домлани ишдан бўшатиб юборишган. Болалардан "жазо сифатида" пул йиғиб олиб¸ номига урушиб қўйишган. Дилшод ТАТУга ишга ўтиб кетди ва ишлаб юрди. Видеодан хабар олган ректорат ўзидан қўрқиб кетиб, ўзини тоза кўрсатиш мақсадида Каримов Дилшодни у ердан ҳам ҳайдашди. Ҳозир уйда ишсиз ўтирибди. Яшасин НарХоз ва ТАТУ "одил" ректорлари»¸ деб шарҳ қолдирди бу видеоëзувдаги воқеага ойдинлик киритган гувоҳлардан яна бири.

Озодлик билан суҳбатда Тошкент давлат иқтисодиëт ва Тошкент ахборот технологиялари университети расмийлари видеодаги талабанинг Азиз Абдурасулов¸ домланинг Дилшод Каримов эканини тасдиқлади. Аммо иккала қаҳрамонга оид бошқа тафсилотлар ҳақида гапиришни исташмади.

"Дилшод Каримов ўтган ëзгача ТАТУда ишлаб юрди. Ëзда бирдан ғойиб бўлди. Билишимча¸ ТАТУ раҳбарияти ундан ўша видео сабаб¸ ими-жимида қутулди. Ҳозир ишсиз¸ деб эшитдим. Аниғини билмайман"¸ деди ТАТУ ўқитувчиларидан бири.

Ҳозирча Озодлик ТАТУдан ишдан бўшатилгандан кейинги тақдири номаълумлигича қолаëтган Дилшод Каримовнинг ўзи билан гаплашиш¸ воқеа тафсилотларини бевосита унинг ўзидан ўрганишга муваффақ бўла олмади. Домланинг бу воқеа учун айбнинг асосан ўзига юклатилгани бўйича ҳуқуқ тизимларига шикоят қилган-қилмагани ҳам Озодликка ҳозирча қоронғу.

«Қаҳрамон талаба» томон шарҳи

Озодлик 2010 йили Иқтисодиëт университети ўқитувчисини очиқчасига ҳақоратлаб¸ унинг устидан доллар сочган талаба йигит Азиз Абдурасуловнинг ўзи билан боғлана олмади. Аммо унинг отаси Изатилло Абдурасулов¸ Озодлик билан суҳбатда бу воқеани орадан 8 йил ўтиб қўзғашнинг ҳожати йўқлиги¸ ундан ҳамма сабоқ чиқарганини билдирди.

«Бу ишни унинг душманлари қилаяпти. Азиз ҳозир Дубайда¸ ўз фирмаси бор. Бошқа бирор ножўя иш қилгани йўқ. Ўшанда қилган айби учун тегишли жазосини олди. Энди ўзимизга келаëтганда¸ бу воқеани яна кимдир қасддан ташлади. Домлаларнинг ўзлари ҳам оппоқ эмас¸ улар ҳам талабалардан пул талаб қилиб¸ жонига теккан. Мен боламнинг қилган ишини оқламоқчи эмасман¸ лекин масаланинг бошқа тарафлари ҳам бўлган бўлса керак»¸ - деган мазмунда гапирди Озодлик билан суҳбатда Иззатилло Абдурасулов.

Асом Алгоритмский?

Бу видеоролик қайтадан жамоатчилик эътиборига тушганидан сўнг Озодликка боғланган тошкентликлардан бири¸ Азиз Абдурасуловнинг ўқишни тугатганидан сўнг пойтахтда танилган «разборшик»ка айланганини иддао қилди.

«Унинг лақаби Асом Алгоритмский¸ ўзини Алгоритм смотряшийсиман¸ дейди. Қарзини ололмай юрганларга¸ фоиз эвазига¸ қарз ундириб беради. Ўзиям¸ шотирлариям профессионал спортчи болалар. Улардан қўрқмайдиган кам. Неча марта йигитларни уриб¸ шикаст етказди. Лекин ички ишлар унга иш очиш ўрнига ҳар гал жабрланувчини қўрқитиб¸ даъво аризаси ëзишдан тўхтатади. Алгоритмский бурнини синдирганидан кейин¸ устимга дарахт йиқилиб¸ бурним синди¸ деб тушунтириш бериб¸ ИИБдан зўрға қутулиб қолганларни биламан. Азизнинг отаси Салимбойга¸ ўзи эса¸ унинг ўғлига жуда яқин. Уларга келганда қонун ишламайди бизда»¸- деб иддао қилди Озодликка воқеа қаҳрамонининг бугунги фаолияти ҳақида маълумот йўллаган тошкентлик тадбиркор.

Озодлик билан суҳбатда Азиз Абдурасуловнинг отаси бундай иддаони ҳам “душманларимиз тарқатаëтган бўҳтон”¸ дея инкор қилди.

Ижтимоий тармоқлардаги норозилик

2010 йилги видео 2018 йили қайта тарқаганидан сўнг¸ у ижтимоий тармоқ юзерлари ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Аксарият¸ олий таълим муассасаси вакилини очиқчасига ҳақорат қилган талабани “маънавият¸ билим ва тарбиясиз” улғайган авлоднинг типик вакили сифатида талқин қилмоқда.

“Ким бу болаларни тарбия қилган? Шунчалик ҳам камситиб хўрлайдими ўқитувчини! Умрида битта китоб ўқимаган, маънавий қашшоқ оила фарзандлари экани кўриниб турибти. Қарангки¸ битта ўқувчи туриб бу ахлоқсизликка қаршилик кўрсатмаган. Ўқитувчининг сабрига балли! Агар чидолмай бир тарсаки уриб, тепиб чиқарганида кейин пули кўпайиб пишқирган савиясиз ота-она югуриб келиб ҳаққини рўкач қиларди. Бу нарса жиноят! Жазо муқаррар бўлиши керак. Таълим вазирлиги болалар формасига эътибор бериш ўрнига қўшимча тарбиявий соат дарсларини қўйиши керак. Билим даражасига эътибор қаратилиши керак! Бу маънавий махлуқларни қилган ишини ҳар бир мактаб¸коллеж¸ қолаверса олийгоҳларда ҳам муҳокама қилиш шарт!”¸ деб ëзди Uzbek Video порталида шарҳ қолдирган Манзура исмли юзер.

“Бу видео Олий таълим тизими чириганининг очиқ исботи!”

Бу гапни Озодлик билан суҳбатда Иқтисодиëт университетининг ҳозирда хорижда ишлаëтган собиқ ўқитувчиси айтди.

“Ҳозир ҳамма¸ табиийки¸ талабанинг ҳаракатидан жунбушга тушаяпти. Тўғри! Лекин шу видео баҳонасида университетлар¸ айниқса Иқтисодиëт университетидаги коррупция ҳақида гапириш керак¸ деб ўйлайман. Домлалар¸ хусусан¸ декан ва бошқа катта бошлиқларнинг қанчалик порахўрлигини кўпчилик билади. Ҳамма нарсага талабадан пул сўралади. Ўқитувчи порахўр¸ гадойга айланган тизимда уни хоҳлаган пайтда хоҳлаган пули¸ айниқса¸ долларга сотиб олиши мумкинлигини билган талабанинг иши бу! Бунақа саводсиз¸ ўқишни хаëлига ҳам келтирмайдиганларни Иқтисидиëт университетига киритиб қўйганлар¸ ДТМ ва унинг қўриқчилари қачон жавоб беради? Бу тизим чириган ва ишни тизимни коррупциядан даволашдан бошлаш керак”¸ - дейди Тошкент давлат иқтисодиëт университетининг собиқ ўқитувчиси.

Озодлик 2010 йилги видео қаҳрамонларининг кейинги тақдири¸ бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун кўрилган ва кўрилаëтган тадбирлар ҳақида маълумот олиш мақсадида 11 июнь куни Тошкент давлат иқтисодиëт университети ректори қабулхонаси¸ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот химати билан бир неча марта боғланди.

Иккала муассаса расмийлари бу саволларга жавобни фақат “раҳбар”лар бериши ва улардан жавоб олишлари билан уни Озодликка билдиришларини айтиш билан жавоб қилишди. Озодлик ҳозирча улардан жавоб ола олмади.

Озодликка юборилган норасмий маълумотга кўра¸ видео 6 июнь куни қайта тарқаб¸ жамоатчилик доллар сочган талаба ҳаракатини кескин қоралаëтгани ортидан¸ Иқтисодиëт университети раҳбарияти 9 июнь куни воқеанинг бевосита иштирокчи ва қатнашчиларини "суҳбатга чақирган". Ҳозирча Озодлик бу суҳбатнинг уюштирилган-уюштирилмагани¸ бўлган бўлса¸ нима мақсадда ўтказилганига оид университет расмийларидан изоҳ ола олмади.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG