Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:44

OzodBlog: Ҳақназаровнинг ҳақиқатлари


Зоҳид Ҳақназоров (1937-2019)
Зоҳид Ҳақназоров (1937-2019)

20 июль куни Ўзбекистон Халқ артисти Зоҳид Ҳақназаров 82 ёшида оламдан ўтди. 21 июль куни Тошкентда дафн қилинди. Мен Зоҳид Ҳақназаровни миллат тараққиëти учун курашган ойдин фикрли жадид сифатида танигандим.

Илк марта Зоҳид Ҳақназаровни 1977 йили Урганчдаги театр саҳнасида кўрган эдим. Симфоник оркестр концертига биз ўқувчи болаларни жамоа тарзида мажбуран олиб келишган эди. Бошиданоқ биз болалар симфоник концертга қарши мухолиф рухда эдик. Аммо концерт бошланишидан олдин Зоҳид ака ярим соат ваъз қилиб¸ оркестр нималиги ва унинг тарихий келиб чиқиши ҳақида биз болаларга ҳижжалаб тушунтирди.

Чайковскийнинг бешинчи симфонияси ва Антонио Вивальдининг “Йил фасллари” мусиқий композициясини ўшанда илк бор жонли ижрода эшитган эдим.

Дирижëр супасида турган Ҳақназаров 100 га яқин чолғучини қўлидаги таëқча билан сеҳргар каби бошқарарди.

Ўта сокин бошланган мусиқа саслари Зоҳид аканинг бир ишораси билан пўртанали ҳайқириққа айланарди. Барабанлар овози саксофонлар ноласига эш бўлиб руҳимни ағдар -тўнтар қилганди.

Айнан шу концерт боис классик мусиқага меҳр уйғонган эди қалбимда.

Концертнинг эртасига шаҳардаги кинотеатрда Станислав Говорухин суратга олган Робинзон Крузо фильмини кўрдим.

Фильм давомида янграган Антонио Вивальди мусиқаси назаримда Зоҳид Ҳақназаров таëқчаси билан бошқарилаëтгандай эди...

Орадан 10 йилча вақт ўтди. Бу орада мен Тошкентдаги консерватория биносида ва Свердлов концерт залида Ҳақназаров дирижëрлик қилган концертларда Антонио Вивальди мусиқасиини қайта-қайта эшитдим.

Назаримда бу мусиқа кимсасиз орол тутқунлигиа тушган бечора матрос Крузонинг эркинлик учун кураши достонига менгзарди.

Ўзбеклардан етишиб чиққан илк дирижëрлардан бири бўлган Зоҳид Ҳақназаров ижоди классик мусиқа дунëси билан чамбарчас боғлиқ.

Шу билан бирга Зоҳид Ҳақназаров бир зиëли сифатида миллат тақдиридаги бурилиш нуқталарида ўз дунëқарашини дадил билдириб келди.

Ҳақназаров 1988 йилда илк қадамларини қўя бошлаган ўзбек мухолифатчиларининг олдинги сафида эди.

1988 йили Тошкентнинг Пушкин кўчаси 1- уйида жойлашган Ëзувчилар уюшмасида Зоҳид Ҳақназаровни сиëсий фаол сифатида танидим.

Шоир Муҳаммад Солиҳ¸ рассом Баҳодир Жалол каби зиëлилар қаторида халқ артисти Зоҳид Ҳақназаров ҳам Ўзбекистон мустақиллиги учун кураш жабҳасига кирган эди.

Зоҳид Ҳақназаров Ўзбекистонда "Бирлик" Халқ ҳаракати асосчиларидан бири ва ҳамраиси бўлган.

Мухолифат етакчилари мамлакатни тарк этганида Зоҳид Ҳақназаров Ўзбекистонда қолиб, демократик бошқарувнинг диктатурадан афзал эканлигини жамиятга уқтиришда давом этди.

Каримовга мактуб ëзган дирижëр

У 2003 йили Ўзбекистонда оғир иқтисодий ва сиёсий вазият юзага келганини айтиб марҳум президент Ислом Каримовга очиқ хат ёзган эди.

Зоҳид Ҳақназаров халқдан тортиб олинган демократияни қайтариш, сўз ва матбуот эркинлигини жорий қилиш, сиёсий партия ва ҳаракатларнинг Ўзбекистонда фаолият юритишига, ҳукуматни танқид қилишга рухсат беришни талаб қилган.

Ўзининг очиқ мактубида Зоҳид Ҳақназаров Каримовдан ўзгача фикрловчи инсонларга босимни тўхтатиш, қўшни мамлакатлар билан чегараларни очишни ҳам талаб қилганди.

"Ҳақназаров"ни ҳимоя қилган Ҳақназаров

Зоҳид Ҳақназаров "Усмон Ҳақнқазаров" тахаллуси остида мақола ëзган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг қамоққа олинишига норозилик билдирган ва Президент Мирзиёевдан журналистни озод қилишни сўраб мурожаат этган эди.

"... 26 йил мобайнида жаллод Ислом Каримов буйруғи билан қотилликларни бошидан кечирган ўзбек халқини, ўзбекларни ҳимоя қилаётган мард йигитимизга минг раҳмат дейишимиз ва бугуннинг ўзидаёқ унга ҳайкал қўйишимиз керак. Қачонгача бир-биримизнинг бошимизни еб, бошқа халқлар олдида шарманда бўлиб юрамиз? Уят!

Мен Ўзбекистон президенти Ш. М.Мирзиёев Конституциямиз гаранти сифатида сўз эркинлигини сақлаб, йигитимиз Абдуллаев-Ҳақназаровни озодликка чиқишига ўзларини инсоний ҳиссаларини қўшишини истардим...", дея мурожаат қилган эди Зоҳид Ҳақназаров.

Зоҳид Ҳақназоров жамиятдаги муаммолар ҳақида танқидий фикрларини Озодлик радиоси орқали очиқ ва дадил билдириб келган эди. Шу билан бирга Ҳақназаров классик мусиқа билан боғлиқ фаолиятини ҳам самарали давом эттирди.

Ҳақназаров Малайзия пойтахти Куала Лумпурдаги симфоник оркестрни ташкил қилган мусиқачи сифатида тарихга кирди.

Зоҳид Ҳақназаров 2012 йилда дирижëрлик санъати ҳақида китоб ëзгани ортидан у билан суҳбатлашган эдим.

"Мамлакат бир киши жиловида бўлмасин"

Ўзбеклар тоталитаризм занжирларидан қутулмоғи учун мамлакат ичкарисида фаол мухолифат лозим¸ деган Ҳақназаров “Оркестрни бир одам бошқаради¸ давлатни эса биргина одам бошқара олмайди” деган фикрни билдирганди.

2012 йили айтилган бу фикр бугун долзарбдай кўринади.

Ҳақназаров билан 2012 йилдаги суҳбатни қуйида тинглаш мумкин:

Зоҳид Ҳақназаров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:24 0:00

Халқ артисти ва халқ дардкаши

Ўзбек Совет энциклопедиясида ëзилишича¸ Зоҳид Ҳақназаров 1937 йил 12 ноябрда Тошкентда туғилган.

1963 йили Москва Консерваториясини дирижёрлик мутахассислиги бўйича тугатган.

Ўзбек Давлат филармонияси симфоник оркестрига раҳбарлик қилган.

1978 йилда Ўзбекистон халқ артисти¸ 1982 йилда эса профессор унвонларини олган. 1984 йилгача Тошкент Давлат консерваториясига раҳбарлик қилган.1969 йили КПССга аъзо бўлган. 1988 йилда КПССни тарк қилиб Ўзбекистон Бирлик халқ ҳаракатига аъзо бўлиб кирган.

Ҳақназаров 1971 йили Римда ўтказилган халқаро дирижёрлар конкурсида диплом билан тақдирланган илк ўзбек санъаткоридир.

Зоҳид Ҳақназаровнинг яқинларига таъзия изҳор этаман.

XS
SM
MD
LG